Кириш Регистрация
09/05 00:00 Реал Мадрид 2-1 Бавария
10/05 23:45 Фрозиноне - Интер
11/05 00:00 Ницца - Гавр
11/05 00:00 Брест - Реймс
11/05 00:00 Алавес - Жирона
11/05 16:30 Фулхэм - Манчестер Сити
11/05 17:00 Мальорка - Лас-Пальмас
11/05 19:00 Вулверхэмптон - Кристал Пэлас
11/05 19:00 Борнмут - Брентфорд
11/05 19:00 Эвертон - Шеффилд Юнайтед
11/05 19:00 Ньюкасл - Брайтон
11/05 19:00 Тоттенхэм - Бёрнли
11/05 19:00 Вест Хэм - Лутон
11/05 19:15 Вильярреал - Севилья
11/05 21:00 Наполи - Болонья
11/05 21:30 Ноттингем Форест - Челси
11/05 21:30 Гранада - Реал Мадрид
11/05 23:45 Милан - Кальяри
12/05 00:00 Атлетик Бильбао - Осасуна

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

Баҳо:
+ | -
Бўлим: ЕВРОПА

Ёз яқинлашиши билан Европа футболида трансфер масаласига боғлиқ юмушлар авж олади. Ҳар доимгидек, 2015 йил ёзида ҳам қитъа топ-клубларининг назарида турган ёш футболчилар етарлича топилади. Нисбатан кучлироқ жамоаларда ўйнашга муносиб ёш иқтидорлар кимлар ўзи? Қуйида шу саволга жавоб қидирамиз.

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

10. Карлос Бакка. 28 ёш
Клуби: «Севилья»
Асосий харидорлар: «Милан», «ПСЖ»
Жорий мавсумдаги натижалари: 25+9

Севильяликларнинг сермаҳсул ҳужумчиси ўз омадини кучлироқ клубда излаб кўришга ҳақли, аслида. Аммо бунга тўсқинлик қилувчи омиллар ҳам йўқ эмас. Биринчидан, Бакка энди ёш футболчи эмас. Иккинчидан, унда жаҳон миқёсидаги ҳужумчига хос фазилатлар унчалик ривожланмаган. Қайси томондан олиб қараманг, гранд клублар барибир, Баккадан кўра номдорроқ форвардларни афзал кўришади. Айтайлик, «Реал» ёки «Барселона»даги баъзи ҳужумчиларнинг натижалари Бакка учун жудаям қониқарсиз туюлиши мумкин. Лекин шунга қарамай, у ҳеч қачон юқоридаги жамоалар эътиборини ўзига торта олмаслиги мумкин. Бироқ, «Ман. Сити» каби клублар Карлоснинг хизматларига эҳтиёж сезиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

9. Александр Лаказетт. 23 ёш
Клуби: «Лион»
Асосий харидорлар: «МЮ», «ПСЖ»
Жорий мавсумдаги натижалари: 31+8

«Лион»нинг ёш тарбияланувчиси ўтган мавсумдаёқ эътиборга молик натижаларни кўрсатишга эришган. Лекин футбол мухлисларининг кенг жамоатчилиги уни айнан бу йилги мавсумда яхшироқ таниб олди десак, янглишмаймиз. Аслида бу ҳайрон бўлишга арзимайди, зеро «Лион»нинг ички чемпионатда етакчилар сафига қўшилишини анчадан бери кўрмагандик. Хуллас, Александр ҳали ёш бўлса-да, клуби шарафини 6 йилдан бери ҳимоя қилиб келмоқда. Тўғри, бу йилларнинг дастлабки 4таси унчалик омадли тус олмаган. Лекин сўнгги икки мавсумда у тинмай ўсиб, ривожланмоқда ва айни сабаб туфайли терма жамоанинг нафақат ўртоқлик, балки расмий ўйинларига ҳам таклиф этиляпти. Бирор-бир ёш футболчининг термага чақирилиши эса маълумки, грандлар назаридан четда қолмайди.

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

8. Мауро Икарди. 22 ёш
Клуби: «Интер»
Асосий харидорлар: «Манчестер Сити», «Челси»
Жорий мавсумдаги натижалари: 23+5

Мундоқ олиб қаралганда, Икарди бундан икки йил аввал шимолга, Миланга йўл олиб, ривожланишга юз бурганди. Лекин ўшанда у ўзининг собиқ жамоаси - «Сампдория» вақтлар келиб, турнир жадвалида янги клубидан юқорида туриши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмагани аниқ. Бугунга келиб бу нарса ҳақақатга айланди. «Интер» ҳозирги аҳволи билан «Сампдория» даражасида деб бўлмайди. Шунинг учун Икарди бу клубда ҳам узоқ қолиб кетмаслиги аниқ.

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

7. Доменико Берарди. 20 ёш
Клуби: «Сассуоло»
Асосий харидорлар: «Вольфсбург», «Арсенал»
Жорий мавсумдаги натижалари: 11+9

Доменикога ҳозирданоқ Европанинг бир қатор гранд жамоалари кўз тикиб туришибди. Айниқса, «Вольфсбург», «Арсенал» каби жамоаларнинг ундан умидлари катта. Қолаверса, Берарди шу клубларнинг бирига қўшилса, ўзининг савиясини энг юқори нуқтага етказиб олиши ҳам ҳеч гап эмас. Аммо шу ўринда бир омилни ҳам унутрмаслик зарур: унинг ярим трансфер ҳуқуқи мамлакатнинг амалдаги чемпионига тегишли. Шундай экан, «Ювентус» ўз «жавоҳири»ни таркибга қўшиб олиши ҳам мумкин, мавсум якунида.

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

6. Пауло Дибала. 21 ёш
Клуби: «Палермо»
Асосий харидорлар: «Ювентус», «Милан»
Жорий мавсумдаги натижалари: 13+12

Жаҳон футболида тобора бўй чўзаётган бу ҳужумчи бир оёғи билан ЕЧЛ финалчиси бўлмиш «Ювентус»да турибди. Аммо бу ҳозирча шунчаки, тахмин холос. Шундай экан, у бизнинг рўйхатимиздан жой олишга ҳақли. Дибала жорий мавсумда унча-мунча етакчи ҳужумчиларнинг ҳам ҳавасини келтирадиган натижаларга эришгани рост, аммо унга сарфланадиган 30 миллионни оқлай олармикан? Ҳамма гап шунда.

Биринчидан, Пауло фақат шу мавсумга келибгина юқори маҳсулдорлик кўрсатяпти: бунгача «Палермо»да ўтган икки мавсумда у йилига атиги саккизтадан гол урган. Иккинчидан, у февралнинг охиридан бери ўйиндан гол урмаяпти: сўнггги голлар - стандартлар ва пенальтилар натижаси. Демак, «кекса синьора» уни жамоадан кетиши мумкин бўлган Тевес ўрнига мўллаётган бўлса, бунинг охири чиройли чиқмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Нимаики бўлмасин, «Палермо» хўжайини Маурицио Зампаринининг маҳоратига тан бериш керак: яқиндагина у «ПСЖ»ни «авраб», Хавьер Пасторенинг трансферидан катта фойда олганди. Мана энди бўлса, у Дибалани ҳам грандларга «кўз-кўз» қилмоқда.

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

5. Харри Кейн. 21 ёш
Клуби: «Тоттенхэм»
Асосий харидорлар: «МЮ», «Реал»
Жорий мавсумдаги натижалари: 31+6

Кейнни қайсидир маънода Дибаланинг барқарорроқ ва сермаҳсулроқ нусхаси дейиш мумкин. Лекин уларнинг фақат ёш жиҳатидангина ўхшашликлари бор, холос. Чунончи, Харри Дибаладан фарқли ўлароқ, узоқ вақт захира ўриндиғида ўтирди. Кубок баҳсларида ўзини кўрсатиб, асосий таркибга кирди-ю, шу билан жойни бировга олдириб қўймади. Воқеалар ривожи шундай ривожланаверса, унинг трансфер нархи 40-45 миллион атрофида бўлади. Бош­қа томондан, Англия футболи Энди Кэррол билан боғлиқ шундай шов-шувли, аммо оқибати унчалик хайрли бўлмаган воқеаларни ҳам кузатган.

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

4. Кевин де Брюйне. 23 ёш
Клуби: «Вольфсбург»
Асосий харидорлар: «Бавария», ПСЖ
Жорий мавсумдаги натижалари: 17+25

Бельгиялик бу йигитча анчадан бери иқтидорлилар қаторида тилга олинади. Шунинг учун «Челси» узоқ вақтлардан бери ижарага бериб, ўз тасарруфида ушлаб келаётганди. Аммо жамоа бош­қаруви Моуриньо қўлига ўтгач, Кевин масаласи осонликча ҳал бўлди - «Беназир» унинг хизматларига эҳтиёж сезмади. Ҳа, ҳатто сэр Алекс Фергюсондек буюк мураббий ҳам ўз вақтида Погбадек футболчининг қадрига етмаганди. Кевин эса бундеслигага келиб, тезда ўз номини танитишга улгурди. Бугунги «Вольфсбург»ни усиз тасаввцр қилиб бўлмайди. Зеро, самарали тўп оширишлар бўйича Германияда янги рекордчига айланган футболчини ким ҳам ўз сафида кўришни истамай ди, дейсиз. Тўғри, Кевин агар хоҳласа, мавсум якунида ўзига янги жамоа топиши мумкин. Лекин «Вольфсбург» унинг ёнига янги маҳоратли ижрочиларни қўшишни истаб турган пайтда шошилишнинг нима кераги бор?

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

3. Матс Хуммельс. 26 ёш
Клуби: «Боруссия» Дортмунд
Асосий харидорлар: «МЮ», «Барселона»
Жорий мавсумдаги натижалари: 2+0

«Боруссия» гарчи бу йил мақтанарли натижаларга эриша олмаган бўлса-да, бу жамоа сафидаги футболчиларга қизиқиш жуда юқори. Масалан, Матс Хуммельс даражасидаги юқори савияли ҳимоячига Европадаги клубларнинг деярли ярми эҳтиёж сезмоқда. Жумладан, «Реал» марказий ҳимоясини ҳатто примеродаги камтар жамоалар ҳам осонликча ёриб ўта олишларини кўп бор кузатдик. «Манчестер Юнайтед» эса ўтган ёзда ярим ҳимоя ва ҳужумни кучайтирди-ю, аммо ҳимоя маркази «тешик тоғора»га ўхшаб қолганини кеч пайқади. Матсда эса туғма иқтидордан ташқари, етакчилик қобилияти ҳам бор. Шунинг учун ёзда унга харидорлар сони кўпчиликни ташкил қилса, ажабланманг.

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

2. Антуан Гризманн. 24 ёш
Клуби: «Атлетико»
Асосий харидорлар: «Бавария», «Челси»
Жорий мавсумдаги натижалари: 25+3

Мадриднинг «Атлетико» клуби «грандлар кушандаси» номини олганига ҳали кўп бўлмади. Лекин шуниси ажабланарлики, бу клуб таркибида иқтидорли ҳужумчилар ҳар доим топилган: Фернандо Торрес, Серхио Агуэро, Диего Форлан, Радамель Фалькао, Диего Коста, - тан олайлик, рўйхат жуда ажойиб. Унинг сўнгггида эса Марио Манжукич бўлиши керак эди. Аммо кутилмаганда пайдо бўлган қаҳрамон бунга имкон бермади. Гап франциялик Антуан Гризманн ҳақида кетаётганини тушуниб олгандирсиз. Аслида унинг харид қилиниши туфайли «Атлетико» мураббийи ва раҳбарлари танқидлар остида қолишганди. Бироқ Антуан янги жамоага тезда мослашиб, ҳужумда нисбатан кўпроқ эркинликка эга бўлгач, жуда сермаҳсул футболчига айланди ва барча танқидларни чиппакка чиқарди. Бугунга келиб, унинг ҳаракатларини кўҳна қитъанинг аксарият топ-жамоалари диққат билан кузатиб боришмоқда.

Ёзда кутилаётган трансферлар ТОП-10

1. Марко Ройс. 25 ёш
Клуби: «Боруссия» Дортмунд
Асосий харидорлар: «Арсенал», «Барселона»
Жорий мавсумдаги натижалари: 12+6

Сўнгги йилларда Германия бундеслигасида бир қатор янги «юлдузчалар» етишиб чиқишди ва айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бундестим афсонавий «Маракана»да жаҳон футбол тожини ўзларига бўйсундирди. Минг афсуски, улар орасида бир супериқтидорнинг исми-шарифи йўқ эди: Марко Ройс мундиал арафасида ташкил этилган ўртоқлик ўйинида жароҳат олиб, ЖЧдан четда қолиб кетди. Боз устига, шундан кейин «Боруссия»да ҳам оламшумул инқироз даври бошланди. Албатта, бу ҳолатда Марко Дормундни ташлаб, Пиреней ярим ороли ёки туманли альбионга йўл олишини кутиш ўринли эди. Бироқ у кутилган ишнинг аксини қилиб, жамоа билан тузилган шартномани узайтирди. Камдан-кам футболчиларда учрайдиган бундай содиқлик грандларнинг эътиборини ўзига қаратди. Қолаверса, ҳужумнинг исталган нуқтасида ҳам ўзини «сувдаги балиқдек» сезадиган ўйинчи кимга ҳам маъқул тушмайди, дейсиз. Натижани қаранг: Ройс сўнгги уч мавсумда бундеслиганинг гол+пас тизимида 74 очко тўплади. Шундай ижрочи диққатдан четда қолиши мумкинми, ахир?!

И.РАҲИМОВ тайёрлади.
"ИНТЕРСПОРТ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 20:41, 23.05.2015.
Ўқилди: 11876 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.