Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Равшан Эрматовдан 20 та иқтибос

Баҳо:
+ | -


Furkat.uz: Яқинда Равшан Эрматов Алмати шаҳрида Қозоғистон ва Буркина-Фасо терма жамоалари ўртасидаги учрашувни бошқарди. Эрматов ўйиндан олдин қозоғстонлик журналистларга интервью бериб ўтди. Қуйида биз унинг энг аҳамиятли 20 та иқтибосини эътиборингизга тақдим этамиз.

- Ҳакамлар ўйинларни тоифага ажратмаслиги керак. Ўртоқлик учрашувими ёки расмий ўйинми, бунинг аҳамияти йўқ. Ҳар бир ўйинга ўз касбига нисбатан талабчан ва профессионал тарзда ёндашиш лозим. Шахсан мен шундай деб ўйлайман ва ҳамиша шу ақидага амал қиламан.

- Ўзи бошқарадиган ўйинга эътиборсизлик билан қараб, бунинг оқибатида муаммоларга дуч келган ҳакамларни кўрганман. Шундан ўзим учун хулоса чиқариб, ҳамкасбларимнинг хатосини такрорламасликка ҳаракат қиламан.

- 2003 йили ФИФА рефериси бўлдим. Ёдингизда бўлса, ЖЧ-2002 финалини Пьерлуижжи Коллина бошқарганди. Ўшанда мен италиялик машҳур ҳакамнинг ўйинни бошқариш услубини зимдан ўргангандим. Майдонда турли характерга эга 22 нафар юлдуз ўйнаётганига қарамай, Коллина ўзини менежердек тутарди. У юлдузларни қандай бошқариш кераклигини жуда яхши биларди. Майдонда шундай муҳитни юзага келтирган эдики, футболчилар уни чинакамига ҳурмат қилишганди.

- Фақат Яратган хатодан холи. Қолган ҳамма каттами ё кичик, барибир хато қилади. Инсоннинг кўзи 50та камера билан рақобатга киришолмайди. Биз эса бир сония ичида рўй берган ҳолатни кўриб, унга баҳо бериб, кейин тўғри қарор чиқаришимиз керак. Бунинг учун эса майдонда учиб юришимиз шарт. Бундай ҳолатларда юрагимизнинг пульси дақиқасига 200 марта уради.

- Футболчилардан фарқли равишда, биз ҳакамларда тўхтаб, нафас ростлаб олиш учун фурсат йўқ. Бизнинг ҳамиша тўп ёнида бўлмоғимиз талаб этилади.

- Хоккейга ўхшаб баҳсли ҳолатларда ўйинни икки дақиқага тўхтатиб, видео-такрорларга вақт сарфлаш футболга хос эмас. Шундай янгилик жорий қилинган тақдирда футбол ўз жозибасини йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас.

- Футбол хатолардан иборат. Мураббийлар ва футболчилар сингари ҳакамлар ҳам хатога йўл қўйишади. Хатодан ҳеч ким кафолатланмаган. Мураббийлар тактика ва таркиб танлашда, ўйинчи алмаштиришда хатоларга йўл қўйишади. Ҳатто Месси ва Роналду ҳам хатодан холи эмас. Биз инсонмиз.

- Битта ўйинда 40та қоида бузилиши қайд этилса, ўшандан 2-3тасида ҳакам ўзи истамаган ҳолда нотўғри қарори билан адашиши тайин. Бу юқори тезликда ўтган футбол учун нормал ҳолат, деб ўйлайман.

- Тўп 50 метр масофага икки сонияда етиб боради. Ҳакам ана шу тезликка монанд тарзда қарор қабул қилиши керак. Юқорида айтганимдек, футбол жуда ҳам тезлашиб кетди. Ўйлашимча, футболга алоқадор ҳар бир инсон бир-бирининг меҳнатини қадрламоғи шарт.

- Бирор футболчи жуда кўп муғомбирлик ишлатади, деб мияга қуйиб олиш керак эмас. Боиси, ҳақиқатан ҳам унга нисбатан қўполлик ишлатилган пайтда ҳакам яна муғомбирлик ишлатаяпти, деб ўйлаб нотўғри қарор қабул қилиб қўйиши мумкин. Афсуски, бундай ҳолатлар бўлган.

- Ҳакамлар ҳам футболчилар каби қўллаб-қувватлашга муҳтож. Шундай бўлган тақдирда ўзимизга нисбатан ишонч янада ошади.

- Футбол бу байрам ва у мухлисларга тегишли. Ҳакам шундай ўйинни бошқариши керакки, ундан мухлислар роҳат олишсин. Ўйинни бўлар-бўлмасга ҳуштак чалиб тўхтавериш ҳам яхши эмас.

- Англия футболи менга ёқади. Бу чемпионатда футболчилар бир-бирларига жуда яхши муносабатда бўлишади. Ҳар қандай ҳолатдаги қоида бузилишидан кейин албатта қўл бериб, узрларини айтишади.

- Футболни душманлар ўйнашмайди. Пеле айтганидек, футбол чиройли ўйин. Бу гўзалликни агрессивлик ва можарога айлантирмаслик керак.

- Биринчи галда ўзим ўз ишимга нисбатан танқидий руҳда ёндашаман. Ҳакамлигимдан 100 фоиз қониқиш ҳосил қилган ўйинларим жуда кам бўлган. Ҳамиша ўзимдан қониқмайман. Танқидни ҳамиша тўғри қабул қиламан. Бунинг учун ўша инсонларга миннатдорчилигимни билдираман.

- Ўзимни юлдуз деб ҳисобламайман. Шунчаки, ўз ишимни бажаряпман. Қолаверса, ўз устимда жуда кўп ишлайман. Балки, шунинг учун натижалар ижобий бўлса керак.

- Дастхат сўрайдиганларга ҳеч қачон рад жавобини бермаганман. Улар ҳамиша менга мухлислик қилишган. Лекин ўзини баландпарвоз тутадиганлар ҳам учраб туради. Шундай бўлса ҳам мен ҳамма билан бирдек тил топишиб кетаверман. Менда юлдузлик касали йўқ.

- Бутун дунёда ҳам мени таниб қолиб, дастхат сўрашяпти. Яқинда Японияда бўлганимда ҳам шундан ҳолат рўй берди. Ер ости йўлидан ўтаётганимда бир киши анча жойгача кетимдан кузатиб борди. Кейин яқин келиб мен билан суҳбат қурди. Ўзбекистон ҳақида сўради ва якунда эсдалик учун суратга тушди. Лондон метросида ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлганди. Оддий фуқаролик кийимида бўлсам ҳам таниб қолиб, дастхат сўраган эди.

- Иш графигим тиғизлигидан бўш вақтим деярли йўқ. Бўш вақтимни оила аъзоларим даврасида ўтказаман. Биз шарқликлар табиийки, фарзандлар тарбиясида отанинг роли катта бўлади.

- ЖЧ-2018да ҳакамлик қилишни истайман. Бунинг учун бор имкониятимни ишга соламан. Табиийки, бу мундиалга Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам боришини хоҳлайман.

Манба: www.Furkat.uz
Киритилди: 23:02, 24.05.2015.
Ўқилди: 5066 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.