Алексей Евстафеев мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида порлаб, ўзбек футболининг келажаги сифатида эътироф этилиб, кейинчалик деярли “йўқ” бўлиб қолган Темур Ҳакимовни мухлислар ҳали унутишмаган бўлса керак?! Бугунги кунда биринчи лига вакили Тошкентнинг “Оқ-тепа” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган иқтидорли ҳужумчи ўйиндан-ўйинга аввалги формасини тиклаб олаётгани кишини хурсанд қилади. Футболчи билан мавсум бошидаёқ суҳбатлашишни режалаштиргандим. Аммо унинг таклифи билан бу бироз чўзилди. Аниқроғи, Темур “Оқ-тепа” сафида бешта гол урсам кейин интервью бераман, деганди. Ўзбекистон Биринчилигининг биринчи босқич, 10-турида “Косонсой” жамоаси меҳмони бўлган “Оқ-тепа” 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади. Ўша беллашувда Ҳакимов дублга эришди ва голлари сонини 6тага етказиб, жамоа тўпурарига айланиб олди. Жамоа Тошкентга қайтгач, футболчига ваъдасини эслатгандим, ҳеч қандай баҳоналарсиз суҳбатлашишга тайёр эканлигини таъкидлади. Анчадан буён матбуотда кўриниш бермаган Ҳакимов билан уюштирган суҳбатимиз сиз азиз муштарийларимизга манзур бўлади, деган умиддамиз.
- Темур, дастввал “Оқ-тепа” жамоасига келишингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Ўтган мавсумнинг биринчи қисмини “Пахтакор”, иккинчи қисмини эса, “Олмалиқ” сафида ўтказгандингиз. Бу йил биринчи лигада ўйнаяпсиз.
- Очиғи, бу йил ҳам олий лига жамоаси сафида ўйнамоқчи эдим, бироқ клублар мени ижарага олишни исташмади. “Пахтакор” билан тузилган шартнома бекор қилиниб, ҳужжатларимни олганимда олий лиганинг трансфер ойнаси ёпилиб бўлганди. Шу боис, фаолиятимни биринчи лига клубида давом эттиришга қарор қилдим. “Оқ-тепа”ни танлаганимнинг сабаби, бу ерда футболчи сифатида янада ўсмоқчиман. Машғулотларда ишлаб, аввалги формамни тиклаб олишни мақсад қилганман.
- Нега айнан “Оқ-тепа”? Биринчи лигада, хусусан, Тошкентда бошқа жамоалар ҳам борку? Ёки бу жамоа билан аввалдан қандайдир алоқа бўлганми?
- Гап алоқада эмас. Шунчаки, менга бу жамоа ёқади. Жамоада кўп тажрибали ўйинчилар бор. Улар билан ўйнасам менда албатта ўсиш бўлади. Чунки жамоадошларимнинг аксари, турли ёшдаги терма жамоаларда, хусусан, миллий, олимпия термаларда тўп суришган.
- Мақсад ўсиш экан, яна ярим йил “Пахтакор”да ўйнаб турсангиз бўлмасмиди? Гарчи асосий таркибга кириш қийин бўлса-да?!
- Албатта бўларди, аммо вақт ўтиб кетяпти. Қайсидир маънода яна ярим йилни йўқотишим мумкин эди. Бу йил 21 ёшни қарши оламан. Агар шу ёшда ҳам “Пахтакор”нинг асосий таркибига кира олмаганимда, бўлди, ҳеч кимга керак бўлмай қолардим. Рости, ўринбосарлар сафида ўйнайвериш жонимга текканди. Сабаби, ўринбосарлар сафида бугунги кунда асосан 1997-1998 йилларда туғилган болалар тўп тепишмоқда. Футболчи ўсиши керак. Мени ўзимга яраша мақсадларим бор. Шу мақсадларимга эришишни ўйлаб “Пахтакор”дан кетишга қарор қилдим.
- “Пахтакор”дан ҳужжатларни олиб, кўп йиллик алоқаларни йўққа чиқариш шунчалик осон ишми?
- Бу шунчаки эмас. Агар “Пахтакор” билан тузилган шартномани бекор қилмаганимда мени бошқа клублар ижарага олишмасди. Хусусан, “Оқ-тепа” ҳам. Ҳозир тўп сураётган жамоам ҳам “Пахтакор”дан шартномани олишимни сўради. Шунинг учун мен “Пахтакор”га бориб, раҳбарларига вазиятимни тўғри тушунтирдим. Уларга ҳам мени тўғри тушунганлари учун раҳмат айтаман. Ҳеч қандай муаммосиз тузилган шартномани бекор қилишди ва ҳужжатларимни қайтариб беришди.
- “Пахтакор”дан кетиш сиз учун қанчалик қийин бўлди?
- Албатта қийин бўлди. Чунки мен бу жамоанинг академиясида таҳсил олганман. Миллионлар ўйинига шу ерда кириб келганман. Ўринбосарлар сафида ўйнаганман. Асосий таркибни ҳам кўрганман. Орзуларимдан биттаси “Пахтакор”нинг асосий таркибида ўйнаш эди. Насиб қилмади. Нима ҳам қила олардим? Лекин ҳали вақт бор. Ўзимни кўрсатиб, яна “Пахтакор”га қайтишим мумкин. Фақат бу сафар захирада ўтириш учун эмас, балки асосий ўйинчи сифатида қайтишни мақсад қилганман.
- Яқин тарихга қайтамиз. Бу ҳақида кўп эшитган, ўқиган бўлсак-да, шахсан мен ўзингиздан эшитишни хоҳлайман. 2011 йилги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кейин Темур Ҳакимовга нима бўлди?
- Буни кўпчилик билади. Ўзим ҳам яширмайман. Бунақа ёшда ўсмир болаларда кескин ўзгаришлар юз беради. Бу характерми ёки бошқами билмайман. Мен билан биринчи марта юз берди. Хуллас, юлдузлик касалига чалиндим. Ҳали ҳеч нарса қилмаган бўлсамда, жуда вақтли “юлдуз”ни ушлаб олган эканман! Шундан кейин ҳамма нарса ўзгариб кетди. Лекин ўз вақтида хатоимни тушуниб етдим.
- Одатда инсон юлдузлик касалига чалинганини тан олгиси келмайди. Айниқса, ўша касалликка чалинган вақтда?
- Мен хатоларимни тушуниб етдим. Мексика майдонларидаги, Осиё чемпионатида воқеалар, хурсандчиликлар тарихда қолди. Инсон ўша тарихни эслаб юраверса, ўсмайди. Шуни тушуним етдимки, мен ҳали ҳеч ким эмасман, барчасини бошидан бошлаш керак.
- Юлдузлик касалига чалинган вақтингизда ўзингизда қандай ўзгаришларни ҳис қилдингиз? Ён-атрофдагиларга паст назар билан қарай бошладингизми ёки машғулотларда ишламай қўйдингизми?
- Тўғрисини тўлиқ айта олмайман. Бу ҳолат ҳаммада ҳар хил кечади. Сиз айтганингиздек ҳам бўлди. Ўзимни катта олиш, ён-атрофдагиларга бошқача кўз билан қарашга ҳам йўлиқдим. Қолаверса, машғулотларда ҳам аввалгидек ишламасдан, меҳнат қилмасдан, кун тартибини бузиб юрардим.
- Жуда эрта порлаган футболчиларнинг ўйинида тез пасайиш кузатилса, юлдузлик касалига чалинибди, дейишади. Аммо ўша футболчининг ўзи буни тан олмайди. Сиз аксинча, хатоингизга иқрор бўлдингиз. Сўрамоқчи бўлганим шуки, демак, деярли барча юлдузлар шу касалликка чалинар эканда? Ҳар ҳолда сиз кўплаб юлдузларни танийсиз.
- Бўлиши мумкин. Футболчилик шундай касбки, ҳар доим инсонларнинг кўз ўнгида, эътиборида бўласиз. Нафақат майдонда, балки ҳаётда ҳам эътиборда бўлганингиз сизни чалғитиб қўйиши мумкин. Аслида бунга аҳамият бермаслик керак экан. Аҳамият берсангиз чалғийсиз, асосий ишингиз қолиб кетади. Ундан кўра, ўз касбингизнинг ҳақиқий эгаси бўлиш учун ҳаракат қилиш лозим. Меҳнат қилиб ишлаш, машғулотларда тер тўкиб, янада ўсишга интилиш керак. Шундагина юлдузлик касалига чалинмасдан янада кучли футболчи бўлиб етишасиз.
- Ўсмирлар терма жамоасида катта мураббий бўлган Аҳмаджон Мусаев кейинчалик ёшлар термасининг бош мураббийига айланганди. Мутахассис сизни ўсмирлар термаси орқали яхши билса-да, ёшлар билан жаҳон чемпионатига олиб кетмагани ҳам кўзингизни очмаганмиди? Яъни, ўз устозингиз сизга ишонч билдирмаганидан кейин ҳам юлдузлик касалига чалинганингизни ҳис қилмаганмисиз?
- Аҳмад ака ёшлар термасини бошқараётган вақтда мен хатоларимни тушуниб етгандим. Бироқ ҳали жисмоний тарафдан ўзимга келиб улгурмагандим. Шунинг учун жаҳон чемпионатига бора олмаганман, десам тўғри бўлса керак. Шундай бўлса-да, Аҳмад ака катта раҳмат айтаман! Чунки бу инсон менга кўп ишонч билдирган. Футболчи сифатида ўсишимга катта ёрдам берган.
- Юлдузлик касалидан кейин қанчалик ўзгардингиз?
- Қанчалик ўзгарганимни билмадимку, лекин мен ўз олдимга жиддий мақсадлар қўйдим. Яқин тарихда бўлиб ўтган воқеаларни унутиб, ҳаммасини бошидан бошлашни ният қилдим. Яъни, ишни нолдан бошлашга ҳаракат қиляпман.
- Табиийки, юлдуз бўлганингизда дўстларингиз ҳам шунга мос бўлади. Ҳозир ҳам улар билан муносабатни сақлаб қолганмисиз? Агар сақлаб қолган бўлсангиз улар ўзгаришингизга қандай муносабатда бўлишмоқда? Яъни, машғулотларга боришим керак, десангиз “қўйсангчи” деган фикрлар билдирилмаяптими?
- Юлдузлик касалига чалинишимга дўстларим эмас, ўзим сабабчиман. Илгари ким билан дўст бўлган бўлсам, ҳозир ҳам улар билан яқин муносабатдаман. Боиси, таъкидлаганимдек, бунга улар эмас, ўзим сабабчиман.
- “Пахтакор”да ўйнаб кета олмагинингизни ҳам юлдузлик касали билан боғласак бўлар эканда?!
- Шундай деса ҳам бўлаверади. Айб ўзимда. Чунки қолган тенгдошларим меҳнат қилишди ва ўйнаб кетишди.
- Юлдузлик касалига чалинган вақтингизда сизга энг тўғри маслаҳатни кимлар берди?
- Тўғриси, мен шундай характер эгасиманки, ҳамманинг гапини ҳам эшитавермайман. Юлдузлик касалига чалинганимни бировдан эшитиб эмас, балки ўзимнинг фикрим бўйича тушуниб етдим.
- Ўтган йили “Олмалиқ”да ўйнаб кета олмадингиз. Бунга нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?
- Гапнинг очиғи, аввало ҳеч бир клуб ижарага футболчи олишни истамайди. Шундай бўлса-да, “Олмалиқ” мени ижарага олди. Нега ўйнаб кета олмадим? Аниқ бир нарса дея олмайман. Жамоага тўғри келмадимми? Ёки тактикага тушмадимми? Бунисини мураббийдан сўраш керак. Балки ўзимда айбдир?! Сабаби, 2-3та ўйин имконият беришди, ўзимни кўрсата олмадим. Аммо бор кучим билан ўйнаб кетишга ҳаракат қилдим.
- “Оқ-тепа” Темур Ҳакимовни яна аввалги формага чиқиб олишига ёрдам бера олади, деб ўйлайсизми?
- “Оқ-тепа” ҳозир ҳам ёрдам беряпти, насиб қилса, кейинчалик ҳам қўллаб-қувватлайди. Ҳали олдимизда иккинчи давра ўйинлари бор.
- “Оқ-тепа”ни чемпионатдаги иштироки хусусида ўз фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- “Оқ-тепа” менга жуда тўғри келган жамоадир. Коллектив аҳил, муносабатлар аъло даражада. Раҳбарият ва мураббийлар ҳақида ҳам фақат илиқ фикрларни билдиришим мумкин. Машғулотлари яхши, шунинг учун бу ерда ҳам секин-аста аввалги формамни тиклаб боряпман, деб ўйлайман. Раҳбарларимиз бизга барча шароитларни яратиб бермоқда. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Худо хоҳласа олдимизга қўйилган олий лигага чиқиш вазифасини бажарамиз.
- Олий лигага чиқишни мақсад қилган клуб биринчи босқичнинг 10 учрашувидан кейин уч баҳсда очко йўқотишга улгурди. Иккита ўйинда мағлубият ва бир беллашувда дуранг. Бу кўп эмасми?
- Бу футбол. Мавсумнинг биринчи ўйинида “Пахтакор-2”нинг кучини тўғри баҳолай олмаганимиз учун мағлубиятга учрадик, деб ўйлайман. “Цементчи”га ютқазганимнинг сабабини шу куни ўз ўйинимизни намойиш қила олмаганимиз билан баҳолаган бўлардим. Аслида ўша куни ёмон ўйнамадик, шунчаки, вазиятлардан фойдалана олмадик. Акс ҳолда ғалаба қозонган бўлардик. Биринчи лигада сафар ўйинлари қийин кечиши аниқ. Боиси, қуйи лигада майдон борасида муаммолар бор. Қолаверса, мезбонларга ишқибозлар ёрдами ҳам далда бўлади. Шунинг учун меҳмондаги ўйинларда осон эмас. “Косонсой” билан бўлган баҳсда очко йўқотдик демаган бўлардим, аксинча, бир очколик бўлдик.
- Сафарда тўп суриш осон эмас деяпсиз. Ҳали иккинчи босқич ўйинлари бор. Республикамизнинг узоқ ҳудудларидаги майдонларда тўп суриш осон эмаслиги аниқ. Бу мақсади бор клуб учун янада қийин бўлишидан дарак беради.
- Иккинчи босқичда вазият бошқача бўлади. Айтмоқчиманки, иккинчи босқичда бизга осон бўлмаслигини ҳозирданоқ биламиз. Табиийки, ўйинларга шунга мос равишда тайёргарлик кўрамиз. Сафардаги баҳсларга бир кун аввал борамиз, учрашувга муносиб тарзда тайёргарлик кўрамиз. Аслида мақсади бор жамоа шундай қийинчиликларга дуч келиши аниқ. Буни билганимиз учун ҳам биз футболчилар шу клубда ўйнаяпмиз. Агар қийинчиликдан қочсак, мақсади бор жамоада ўйнашдан нима наф? Яна бир гап: ҳозир Ўзбекистонда футбол йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Барча жамоаларнинг кучли тенглашиб боряпти. Шунинг учун ғалаба қозониш қийинлигини табиий ҳол сифатида қабул қилиш керак, деб ўйлайман.
- Сиз ўз вақтида ўринбосарлар мусобақасида ҳам ўйнагансиз. Иккала лига орасидаги фарқни қанчалик катта?
- Иккала мусобақани солиштирмаган бўлардим. Чунки ўринбосарлар турнирида ўз номи билан ёшлар ўйнайди. Биринчи лигада эса, тажрибали футболчилар тўп тепади. Бу ерда муҳит ва ўйинлар умуман бошқа. Тез ўйинлар, ярим профессионал мусобақа.
- Ўтган йили Ўзбекистон Кубоги доирасида сиз “Пахтакор” сафида “Оқ-тепа”га қарши ўйнаган эдингиз. Иккала беллашувда ҳам йирик ҳисоб қайд этилган. Бу йил шу мусобақада янги жамоангиз билан олий лига вакили “Нефтчи”ни йирик ҳисобда “таслим” этдинглар. Олий билан биринчи лига орасидаги фарқ хусусида ҳам гапириб ўтсангиз.
- Савия орасидаги фарқ катта, буни тан олиш керак, аммо олий лиганинг уч-тўрт етакчи клубидан бошқа жамоалар билан ўйнаса бўлади. Биз буни “Нефтчи” билан ўйинда амалда исботладик. “Ювентус” кўпчилик кутмаганида “Реал”ни ютди. Бу футбол. Ўзбекистон Кубогида энди “Насаф” ўйнаймиз. Тўғри, бу беллашувда бизга осон бўлмаслиги ҳозирданоқ маълум. Лекин бу баҳсда ҳам “Нефтчи” билан бўлган беллашувда бўлгани каби ҳаракат қиламиз. Охиригача курашамиз. Шу ерда бир гапни айтиб ўтишим керак: ПФЛ бу беллашувни “Оқ-тепа” стадионида бўлиб ўтишига қаршилик қилаётгани ва ўйинни бошқа майдонда ўтказишимизни талаб қилиши бизга салбий таъсир қилади. Чунки биз ўз майдонимизда бошқача кайфиятда тўп сурамиз ва истаган рақибга қарши катта куч билан ўйнаймиз.
- Европада қуйи лига жамоаларининг кубок баҳсларида финалгача етиб боришини оддий ҳол сифатида қабул қилишади. Бизда буни етиб бўлмас орзуга қиёслаш мумкин. Ҳақиқатдан ҳам бу етиб бўлмас орзуми?
- Ҳар қандай рақиб билан ўйнаса бўлади. Дунёда ҳамма футбол ўйнашни билади, жумладан Ўзбекистонда ҳам. Фақат рақибдан ҳайиқмаслик керак. Акс ҳолда ютқазишингиз аниқ. Тўғри, олий лига клублари биринчи лига жамоаларидан кучли, таркибида маҳоратли футболчилар кўп, лекин майдонга тушганида ҳамма футболчи. Шунчаки, тўғри футбол ўйнаш керак. Оддий мисол, ўтган йил Москванинг “Спартак” клуби Кубок ўйинида биринчи лига жамоасига ютқазиб қўйди.
- Тўғри, аммо сиз Россия чемпионати билан Ўзбекистон футболини солиштиряпсиз!?
- Иккала давлат футболи орасида катта фарқ бор, деб ўйлайман. Асосий фарқ шуки, Россияда клублар молиявий томондан бақувват бўлгани учун савияли легионерлар таклиф қилиш имкониятига эга. Футбол услуби борасида жуда катта фарқ йўқ.
- “Оқ-тепа” ушбу мавсум кўзлаган мақсадига ета олса, келаси мавсум олий лигада иштирок этади. Табиийки, клуб биринчи мавсумда ўз олдига юқори мақсадларни қўймайди. Шундай вақтда етакчи клублардан таклиф бўлса, қандай қарорга келасиз?
- Аввало, “Оқ-тепа” жамоаси раҳбари Ғанишер ака Шоғуломовга ўз миннатдорчилигимни билдираман! Чунки жамоага келиб, ўзимни кўрсатишимга имконият яратиб берган инсонларнинг бири айна шу киши бўлади. Саволингизга келсам, агар етакчи жамоалардан таклиф бўлса ва Ғанишер ака “футболчи сифатида орзуларингга эриш”, дея кетишимга рухсат берса, албатта кетаман. Аксинча, “сен бизга кераксан”, деса фаолиятимни “Оқ-тепа” давом эттираман.
- Катта танаффусдан кейин яна терма жамоадан таклиф олдингиз. Бу сафар олимпия термасига чақирилдингиз. Узоқ айрилиқдан сўнг тенгдошларингиз билан яна терма жамоа тўп суриш вақтида ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?
- Очиғи, биринчи эшитганимда роса хурсанд бўлдим. Бу чақирув ўзимга бўлган ишончни ортишига хизмат қилди. Руҳиятимга ижобий таъсир қилди. Сабаби, энди ўсмирлар ёки ёшлар термасига эмас, балки олимпия терма жамоасига чақирилгандим. Бу катта масъулият деганидир. Бунинг учун Бахтиёр ака Ашурматовга раҳмат дейман! Қолаверса, клубда ўзимни кўрсатишимга имконият яратиб берган инсонларга, хусусан мураббийларимизга ҳам раҳмат айтаман! Агар “Оқ-тепа”да ўзимни кўрсатмаганимда терма жамоадан таклиф олмасдим. Худога шукр, олимпия терма жамоамиз келаси йил Осиё чемпионатига иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. Энди қитъа биринчилигида ўзимизни кўрсатиб, Бразилияда бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинларига бериладиган йўлланмаларнинг бирини қўлга киритишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
- Ўзбек футболида порлаган вақтида Темур Ҳакимовнинг орзуси қандай эди-ю, ҳозир қандай?
- Аввал ҳам, ҳозир ҳам битта нарсани орзу қиламан: Европа Чемпионлар Лигасида тўп суриш.
- “Оқ-тепа” сафида кетма-кет голлар уришингиз орқали яна мухлислар эътиборига тушяпсиз. Бундай хурсанд бўлаётган ишқибозлар етарлича. Сиз вазиятдан фойдаланиб, мухлисларга нима деган бўлардингиз?
- Даставвал, менга ишонган мухлисларга раҳмат айтаман! Футболга ихтисослашган сайтларда мен ҳақимда қолдирилган фикрларни ўқиб тураман. Фикрлар орасида мен тарафга мақтов ва ишончдан ташқари, салбийлари ҳам учраб туради. Ҳақиқатни билмасдан менга нисбатан ёмон фикр билдирганларга насиб қилса, нималарга қодирлигимни исботлашга ҳаракат қиламан. Қийин вазиятга тушиб қолган бўлсам-да, қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик билдираман. Ҳали ҳаммаси олдинда. Мухлисларга тилакларим шуки, футболга янада кўпроқ ишқибозлик қилишсин. Биз улар учун ўйнаймиз. “Оқ-тепа” жамоасининг ўйинларига келиб туришсин. Агар ҳамма ишқибозлар худди водийдаги мухлислар каби бўлишганида футболимиз нисбатан тезроқ ривожланган бўларди.
Фурқатбек НИШОНОВ суҳбатлашди.