Interfutbol газетасининг жорий йилги сонларида водий жамоалари - «Андижон», «Навбаҳор» ва «Қўқон-1912»нинг мухлислар клублари раисларининг фикрларини эътиборингизга ҳавола этгандик. Ушбу ёқимли анъанамизни яна давом эттиришга аҳд қилдик. Бу сафар сўз навбатини халқ жамоаси - «Пахтакор»нинг мухлислар клуби раисига берамиз.
- 1956 йили Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туғилганман. Болалигимда Тошкент шаҳрига кўчиб келганмиз. Отам раҳматли ашаддий футбол мухлиси бўлганлар ва мени 1961 йили, яъни 5 ёшимда қўлимдан етаклаб, «Пахтакор» стадионига олиб келганлар ва севимли жамоамиз иштирокидаги ўйинни илк марта бевосита ўйингоҳда томоша қилиш бахтига муяссар бўлганман. Ўшандан буён «Пахтакор» ишқибозиман ва севимли клубим иштирокидаги учрашувларни иложи борича қолдирмай томоша қилишга интиламан.
Ўтган давр мобайнида севимли жамоамизнинг фаолиятида кўтарилиш ва пасайиш онлари бўлди, жамоа тарихида ўчмас из қолдирган мудҳиш авиаҳалокат юз берди. 1979 йилнинг 11 августидаги фожиани ҳеч қачон унутолмайман. Ўша пайтда кечқурун институтда таҳсил олиб, кундуз куни Оқтошдаги ёшлар лагерида электрик бўлиб ишлардим. Ишхонамизда Александр Павленко исмли ҳамкасбим бор эди ва у ҳам «Пахтакор»нинг ашаддий ишқибози эди.
Александр 11 август куни эрталаб ранги оқарган, йиғламсираган ҳолда келиб, севимли жамоамизнинг авиаҳалокатга учраганлигини айтди. Шундан кейин иккимиз ҳам ўзимизни тутолмай йиғлаб юбордик. Ахир ўша йигитлар билан анча таниш эдик ва уларнинг ўйинларидан завқ олардик.
Марҳум «пахтакорчилар»нинг хоклари олиб келиниб, Боткин қабристонига кўмилди. Ўша маросимда Александр билан бирга иштирок этдик.
1979 йилнинг 11 августидаги фожиадан сўнг, таркиби янгиланган «Пахтакор» собиқ иттифоқ чемпионати тақвими бўйича ўз майдонида Тбилисининг «Динамо» клубини қабул қилди. Мазкур учрашувнинг эртасига тўйим белгиланган, ўша санада эса ЗАГС (ФҲДЁ)дан ўтишим керак эди. Футболга меҳрим кучлилиги боис, ФҲДЁдан ўтибоқ, оғайниларим билан севимли клубимизнинг ўйинига етиб келганман. Учрашув арафасида стадион сухандони «Пахтакор»нинг авиаҳалокатга учраганлигини таъкидлаб, марҳум «пахтакорчилар»нинг исм-шарифларини ўқиб, ҳар бирининг исмини айтаётганида кўз ёшини тиёлмай йиғлаб юборган, унга эса стадионга тўпланган 55 минг мухлис қўшилиб йиғлаганди. Умуман олганда, ўша кун эсдан чиқмайдиган бўлганди. Таркиби янгиланган «Пахтакор» эса тбилисиликларни мағлубиятга учратганди.
Собиқ иттифоқ даврида «Пахтакор» республикамизнинг бош жамоаси ҳисобланар ва унга республикамиздаги барча мухлислар ишқибозлик қиларди. Ватанимиз мустақилликка эришгач, юртимиздаги ҳар бир вилоят ўз жамоасига эга бўлди. Шундай бўлса-да, ҳозир ҳам мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида «шерлар»нинг ишқибозлари етарлича топилади. Ахир бежизга «Пахтакор»ни халқ жамоаси, дейишмайди.
Юртимиз клублари орасида биринчи бўлиб, «Пахтакор»да 2008 йили мухлислар клуби тузилди. Олдин унга Равшан Тўлаганов исмли йигит бошчилик қилди. Икки йил олдин эса мени раис этиб сайлашди.
Айрим кишилар мухлислар клубининг кераги йўқ, дейишади. Аммо барча ишқибозларнинг бошини қовуштириб, уларни назорат қилиб, тартибсизликларнинг олдини олиш ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларига ҳам анча ёрдам бўлиб, уларнинг ишларини осонлаштиради. Чунки стадионга ҳар хил ишқибоз келади. Уларнинг ичида спиртли ичимлик ичгани, ўз асабини боса олмайдигани, футболчи ва ҳакамларни бўлар-бўлмасга ҳақорат қиладиганлари ҳам бор. Биз шундай мухлисларни битта секторга тўплаб, тартибсизликка йўл қўйишларининг олдини олишга интиламиз. Бундан ташқари, секторларга бириктирилган ёрдамчиларим бор ва улар ҳам тартибсизликка йўл қўймаслик учун менга ҳамда ички ишлар ходимларига ёрдам беришади. Ахир, футбол учрашувларнинг тартибли ўтишига не етсин?
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, сўнгги 3-4 мавсумдан буён «Пахтакор»нинг сафар ўйинларини ҳам қолдирмай, севимли клубимизни ўзга майдонларда ҳам қўллаб-қувватлаб турибмиз. Бунда бизга клуб раҳбарияти яқиндан ёрдам беряпти. Фурсатдан фойдаланиб, уларга миннатдорчилигимни билдираман. Айниқса, молиявий тарафдан ишқибозларга жамоа бош директори Рустам Кўпайсинов, бош директор ўринбосари Равшан Салимов ва бош мураббий Самвел Бабаян катта ёрдам беришмоқда. Улар мухлислар учун транспорт воситалари ажратиш ва бошқа масалаларда ўз ёрдамларини аяшмаяпти. Ишқибозлар билан ишлашга Равшан Салимов бириктирилган. У билан бамаслаҳат иш олиб бориб, муаммоларни бартараф этишга интиляпмиз. Фурсати келганида таъкидлаш жоизки, «Пахтакор»дан бошқа ҳеч қайси жамоада мухлислар учун бундай ажойиб шароитлар яратилмаган. Масалан, клуб раҳбарияти ёрдами билан 20-30 нафар ишқибоз бошқа вилоятларга, мабодо чартер рейс бўлса, Осиё Чемпионлар Лигаси доирасидаги сафар ўйинларига ҳам бориб, жамоамизни қўллаб-қувватлаб келяпти. Бундан ташқари, ўз маблағи ҳисобидан «Пахтакор»нинг сафар учрашувларига борадиган ишқибозларимиз ҳам бор.
Ҳар мавсум арафасида ташаббусимиз билан ишқибозларга махсус футболкалар, байроқлар тиктирилади, баннерлар тайёрланади. Бу борада ҳам жамоа раҳбарлари жорий мавсумда анча ёрдам беришди.
XXIV миллий чемпионатимиз баҳслари анча мазмунли ва шиддатли ўтяпти ҳамда аввалги мавсумлардан фарқли ўлароқ, ўйинларнинг натижаларини олдиндан башорат қилиш қийин бўляпти. Балки бунга олий лигамиз мураббийларининг ҳалол ўйинга амал қилишга имзо чекканликлари, келишилган учрашувларга қарши қаттиқ кураш олиб борилаётганлиги сабаб бўлаётгандир? Аммо айрим ўйинларда ҳакамларнинг хатоларига дуч келяпмиз. Шу нарса ҳам барҳам топса, элитамиз учрашувлари янада шиддатли тарзда кечарди.
Таъкидлаш жоизки, жорий мавсумда кутилмаган натижалар кўп юз бермоқда. Айни пайтдаги энг катта муаммо эса ишқибозларни ўйингоҳларга қайтариш. Тўғри, вилоятлардаги стадионларда томошабинлар ташрифи яхши. Аммо пойтахтимизда кўнгилочар жойлар кўп бўлганлиги сабаблими, Тошкент жамоаларининг ўйинларига мухлислар ташрифи кам. «Пахтакор» клуби раҳбарияти ишқибозларни стадионга қайтариш учун катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, чипталарга ютуқлар қўйилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, ишқибозлар сонини кўпайтиришдир.
Жамоанинг ОЧЛдаги омадсизлиги мухлисларга қаттиқ таъсир ўтказди. Шунинг учун «Пахтакор» кучли ўйини билан ишқибозларни яна стадионларга қайтаришга интилиши керак.
ОЧЛнинг «плей-офф» босқичига чиқиши учун «шерлар» сўнгги - «Ал-Шабаб» (Саудия Арабистони)га қарши кечган баҳсда ғалаба қозонишса кифоя эди. Аммо гарчи меҳмонлар турнир жадвалининг сўнгги поғонасидан ўрин эгаллашган ва кейинги босқичдан умид узишган бўлса-да, «Пахтакор»га муносиб қаршилик кўрсатиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Йигитларнинг ўша баҳсда негадир ўйинлари унчалик қовушмади ва тайёр имкониятни қўлдан бой беришди. На илож, футболда баъзан ғалабалар билан бирга мағлубиятлар ҳам учраб туради. Шунинг учун энди бор умидимиз келаси мавсумдан.
«Пахтакор» таркибида жорий мавсумда айтарли катта ўзгариш юз бермади. Аммо бошқа етакчи клублар, жумладан, «Локомотив» ва «Бунёдкор» ўз таркибларини анча кучайтиришди. Бундан ташқари, айрим маҳоратли футболчилар жароҳат олишди. Ушбу омиллар «Пахтакор»нинг ўйинларига ўз таъсирини ўтказяпти.
Чемпион бўлишдан кўра, уни сақлаб қолиш қийин. Бундан ташқари, «Пахтакор» ўз номи ва обрўсига эга жамоа. Шу боис, ҳар бир клуб «шерлар»га қарши ўзгача руҳда майдонга тушиб, муносиб қаршилик кўрсатишга интилади.
Жароҳатланган футболчилар сафга қайтишса, иккинчи даврада бошқа янада кучли «Пахтакор»ни кўрамиз ва жамоа чемпионлик унвонини сақлаб қолиш билан бирга Ўзбекистон кубоги соҳибига ҳам айланади, деган умиддаман.
Ўзим ҳақимда батафсил тўхталсам, болалигимда яхши футбол ўйнаганман. Аммо собиқ иттифоқ даврида футболчи бўлиш учун шароит бўлмаганлиги боис, орзуйимга етолмаганман. Касбим муҳандис - электрик. Айни пайтда механика заводи (олдинги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси)да цех бошлиғи бўлиб фаолият юритяпман. 38 йилдан буён ушбу корхонада ишлаяпман.
Уч қиз ва бир ўғилнинг отасиман. Ўғлимдан футболчи чиқмади ва у бошқа соҳада фаолият юритади.
Невараларим ҳам футболга қизиқишади ва 2000 йилда таваллуд топган набирам айни пайтда «Пахтакор» футбол академиясида таҳсил олмоқда. Худо хоҳласа, унинг ёнига бу йил иккинчиси қўшилади. Қисқаси, бутун умидим невараларимдан ва мен етолмаган орзуларга уларнинг етишишлари тарафдориман.
Саидмурод Саидкаримов, «Пахтакор» мухлислар клуби раиси