Маълум бўлишича, «Арсенал» (Лондон )Англия чемпионати иштирокчилари орасида «Твиттер»да энг кўп обуначига эга клуб экан. Қуйида сhampionat.com сайти асосида "Интерфутбол" газетаси бу борадаги рейтингнинг кучли бешлигига алоҳида эътибор қаратди.
5-ўрин: «Манчестер Сити»
«Манчестер Сити» - нисбатан «ёш» лойиҳа. Эҳтимол, мақсадлари, иштиёқи ва молиявий қудрати нуқтаи назаридан топ-клубдир, аммо машҳурлик бобида эмас. Жамоага катта сармоя киритиш, бирин-кетин энг сара юлдузларни сотиб олиш - бу тадбирларнинг таъсири бор, албатта. Аммо машҳурликка бирданига эришиб бўлмайди, бошқача айтганда, у бозорда сотилмайди. Хуллас, «Манчестер Сити»нинг айни пайт медиа - машҳурлик масаласида «МЮ», «Ливерпуль» ёки «Челси» каби наҳанглар билан рақобатлашиши жуда қийин. Буни «Твиттер»даги обуначилари сони ҳам кўрсатиб турибди. «Шаҳарликлар» ҳозирда 2,48 млн. «мижоз» билан чекланишмоқда. Ҳечқиси йўқ, зеро, ўсиш бор. «Сити»нинг «твит»лари хилма-хил: чипталар сотуви бўйича турли эълонлар, жамоани қўллаб-қувватлашга қаратилган чақириқлар, ОАВда ёзилган қизиқарли мақолалар мониторинги ва клуб футболчиларининг интервьюлари, ажабтовур ютуқли викториналар ва албатта, фотогалерея. Охирги кунларда айниқса, Серхио Агуэрога эътибор юқори. Зеро, аргентиналик футболчи FIFA16 виртуал ўйинлари муқовасига тушиш учун даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Хуллас, «шаҳарликлар» доимий тарзда мухлислардан айнан Агуэрога овоз беришни сўрашяпти. «Сити»да яна қайғули саналарни ҳам эслаб туришади. Дейлик, 26 июнь куни бундан 12 йил олдин ёруғ олам билан хайрлашган Марк-Вивьен Фоэнинг сурати берилди.
4-ўрин: «Ливерпуль»
Аввалги мавсумда омадсизликка юз тутган жамоа. Чемпионатни камтарин «Сток Сити»дан қабул қилинган 1:6 ҳисобидаги мағлубият билан тугатган жамоа. Охирги йиллар айтарли соврин ютмаган жамоа. Бир йил олдин ўз етакчисидан айрилган жамоа. Кўп йиллик сардори билан хайрлашган жамоа... Буларнинг барчаси «Ливерпуль» ҳақида. Бироқ «қизиллар»нинг ҳозирги муаммолари уларнинг ҳамон машҳурликни сақлаб қолишларига сира халақит бермаяпти. Ахир «Ливерпуль» брендининг бутун дунёга ёйилганига анча бўлди. Хуллас, мерсисайдликлар ўтмишдаги машҳурлик ҳисобига «Твиттер»да ҳаттоки, «Манчестер Сити»дан ҳам етарлича кўп обуначига эгалар - 4,38 миллион. Шунга яраша, жамоанинг саҳифаси анча қизиқарли. Айтайлик, «Ливерпул»нинг мавсумолди турнеси харитаси берилган. Унга қараб, мухлислар жамоани олдинда қандай саёҳатлар кутаётгани ҳақида тўлиқ маълумот олишади. Мерсисайдликлар турли саналарга ҳам ғоят эътиборли. Айтайлик, яқинда Луис Гарсияни 37 ёшга тўлгани билан табриклашди, Симон Миньоланинг жамоадаги 2 йиллик юбилейи ҳақида ёзишди. Шунингдек, FIFA16 ўйинлари муқовасига даъвогар ўйинчи - Жордан Хендерсонга овоз беришни тарғиб қилишмоқда. Ниҳоят, сўнгги пайтлар Роберто Фирмино ҳақидаги «твит»лар кети узилмаяпти. Жумладан, машҳур Рональдиньонинг изоҳига катта урғу қаратилди: «Коутиньо ва Фирминодан ажойиб жуфтлик чиқиши мумкин». Табиийки, бундай ижобий баҳо «қизиллар» фанатларига мойдек ёқиб тушади.
3-ўрин: «МЮ»
«Юнайтед»ни бутун дунёда севишади ва муҳокама қилишади. Бироқ сэр Алекс Фергюсон бошқаруви даври тугагач, клуб машҳурлик бобида рақиблари каби катта ўсишга эришмади. АПЛ бўйича «Твиттер» рейтингида «Челси» ва «Арсенал»дан сўнг 3-ўринда бораётгани боиси шу. Ҳозирги кунда «қизил иблислар» 5,18 миллион обуначи билан фахрланишлари мумкин. Биласиз, «МЮ» янги жамоа қиёфасини олмоқда. Дейлик, Андер Эррера каби йигитлар муҳим роль ўйнашмоқда. «Твиттер»да испанияликни роса мақташади. Ҳарқалай, унинг «Юнайтед»даги дебют мавсуми эътибордан четда қолмади - турли видеолар, фотогалерея, изоҳлар, жамоадошлари ва мухлислардан мақтовлар ва табиийки, ярим ҳимоячининг шахсий гаплари... Оддий айтганда, тўла жентльменча тўплам. Манкунианликларнинг «Твиттер»даги саҳифаларида яна ўтмишнинг ёқимли нафаси уфуриб туради. Рунининг 2014 йили Роналду билан бирга тушган сурати, «Фергюсон болалари» (1992 йилги синф) ҳақида навбатдаги ҳикоя, клуб тарихидаги энг қимматбаҳо 10та трансфер тафсилотлари... Дастурнинг асосий хит-сурати - бу Хуан Мата ва махсус шляпа тасвири. Айтиш жоиз, бу шляпанинг ўлчами испаниялик футболчининг бошидан камида 10 барабар катта.
2-ўрин: «Челси»
Роман Абрамовичнинг жамоаси яна Англия чемпиони бўлди. Ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ: россиялик олигарх ўртамиёна «Челси»ни топ-даражага кўтарди. Бу лойиҳа энди узоқ йил муваффақият келтирса, ажабмас. Чунончи, лондонликлар ҳар бир йўналишда сифатли иш олиб боришяпти. Жумладан, медиа оламида ҳам. «Челси»га тегишли «Твиттер» саҳифаси Англияда энг машҳурларидан биридир. Тўғри, у жамоадан фарқли ўлароқ, рейтингда 1-ўринда эмас. Лекин мутлоқ етакчи - «Арсенал» саҳифаси билан ўртадаги фарқ жуда кам. Рақамларда айтсак, «кўклар» 5,66 миллион фолловерга эгалар. «Челси»да Фрэнк Лэмпардга ҳамон ҳурмат билан ёндашадилар. Унинг жамоа учун урган голлари ёзувини ҳали ҳам кўриш мумкин, гарчи аллақачон бошқа клубга ўтиб кетган бўлсада. Саҳифада шунингдек, клуб ходимларининг турли сафарларига жиддий эътибор қаратилади - Жон Терри яқинда Хитойдаги мактабга борди, академия мураббийи Туре-Андре Флу эса Индонезия ва Сингапурда ёш футболчилар билан учрашди. «Твиттер»да видеомақолалар ҳам етарли. Мисол учун, яқинда Гарри Кэйхилл-нинг интервьюси берилди. Энг асосийси, ҳар куни эрталаб мунтазам тарзда информацион «твит» (Good Morning) пайдо бўлади.
1-ўрин: «Арсенал»
«Арсенал» ҳар доим ўз фалсафаси, ғоясига содиқ бўлиб келган. Бундай клуб учун мухлислар ва оддий кишилар билан мулоқот қилиш мажбурий шарт ҳисобланади. Жамоа шунинг учун ҳам «Твиттер»га катта эътибор қаратади. Бунинг исботи 5,86 миллион фолловер! Оливье Жиру қарама-қарши таассурот қолдирадиган ҳужумчи, аммо «Арсенал»да уни севишади, ёқтиришади. 26 июнь куни «канонирлар»га тегишли «Твиттер»да франциялик футболчининг клуб сафига қўшилганига 3 йил бўлгани эслатилди. Шу муносабат билан Жирунинг эски суратлари жойлаштирилди, голлари тақдим этилди ва улар орасидан «Арсенал»да урилган энг чиройлисини танлаш сўралди. Ҳаммасига Арсен Венгернинг ҳужумчи ҳақида айтган қисқача ва ажойиб таърифи илова қилинган. Лондонликлар ҳам турли сўров ва танловларни хуш кўришади. Бир қарасангиз, фанатлардан «Арсенал» тарихида бош билан урилган энг чиройли голни танлашни илтимос қилишади, бошқа сафар уларни жамоанинг барча замонлардаги энг кучли ассистентини аниқлашга чақиришади. Яна бир қизиқарли юмуш - фанатлардан клубнинг янги формасида суратга тушиб, жўнатишни «талаб» этиш. Ўз навбатида, мухлислар бундан «талаб»ни ҳеч муаммосиз бажаришади. Ахир клуб саҳифасида ўз суратини кўриш кимга ҳам ёқмайди? Хулоса шуки, «Арсенал»нинг «Твиттер»даги саҳифаси асло зерикарли эмас.