Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Жоан Лапорта: «Қатардан воз кечиб, Юнисефга юзланамиз»

Баҳо:
+ | -

18 июль куни «Барселона» клуби президентлиги учун навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади. Айни пайт номзодлар ўртасидаги кураш мисли кўрилмаган даражага чиққан. Табиийки, тоғ-тоғ ваъдалар ичидан ҳақиқат қаердаю, ёлғон нималигини ажратиб олиш ўта мушкул. Жумладан, лавозимга асосий даъвогарлардан бири - Жоан Лапорта ҳам испан ҳамкасбларимиз билан суҳбатларда рақибларини имкон қадар пастга урмоқда. Football.ua порталида эълон қилинган қуйидаги мулоқот бунга яққол мисол.

- Айтингчи, нега айнан сиз «Барселона» президенти бўлишингиз керак?

- Чунки бунинг учун менда, аниқроғи, бизнинг бош-қарув гуруҳимизда тажриба етарли. Зеро, биз аввал ҳам жамоага раҳбарлик қилганмиз ва ҳозирги ютуқларни янада ривожлантириш учун нималар қилиш зарурлигини яхши биламиз. Қолаверса, кейинги 10 йилликда қайси жиҳатларга кўпроқ аҳамият қаратиш лозимлиги борасида аллақачон бир тўхтамга келиб қўйганмиз.

- Лапорта клубга қандай наф келтириши мумкин?

- Агар натижаларни назарда тутаётган бўлсангиз, биз ҳозирги даражамизни сақлаб қолишга уринамиз, албатта. Шу билан бирга аввалгидек наф келтирмай қўйган омиллардан воз кечиб, келажак учун арзирли янги лойиҳаларни ишлаб чиқамиз. Шубҳа қилманг, клуб тараққиётининг биз яратган модели бошқаларникидан кўра, ишончлироқ ва мустаҳкамроқ. Россель ва Бартомеунинг моделлари борасида бундай деёлмайман: уларнинг ғоялари клубнинг иши юришиб турган вақтлардагина қўл келиши мумкин. Қолаверса, улар ўша биз яратиб кетган лойиҳаларга асосланган ҳолда иш тутишмоқчи. Бир омилга эътибор қаратишингизни хоҳлардим: жамоа улар даврида Кройфф фалсафаси доирасидан четга чиқиб кетди. Мен эса бу фалсафани юксак қадрлайман. Хуллас, улар қийинчилик билан шаклланган жамоанинг ўйин, футболга қарашларини бутунлай ўзгартириб юборишди.

- Нега энди «Сайловлардаги рақибларим «Ла Масия»ни вайрон қилишди», - деяпсиз?

- Негаки, улар масаланинг асл моҳия­тини тушунмаяптилар. Бир қарашда, айни кунларда ҳамма бирдек «Ла Масия» учун жон куйдираётгандек тасаввур уйғонади. Лекин бу алдамчи таассурот: академиядаги ишлар билан шуғулланаётган кишилар шундоққина остонада хавф солиб турган инқироздан қандай чиқиб кетиш йўлини билишмайди. Бир сўз билан айтганда, жамоанинг амалдаги раҳбарлари «Барселона» учун кантера нақадар аҳамиятли эканини ҳис қилолмаяптилар. Аслида академия масъуллари ёш футболчилар ўз фаолиятларини йўлга қўйиб олишларини таъминлашлари керак. Лекин ҳозирги мутахассисларда  шу хусусиятни кўрмаяпман. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ўзи ёш футболчиларнинг орзулари нима? Албатта, бош жамоа асосий таркибига кириш. Аммо бу ишни клуб тизимидаги алоҳида бўлимларнинг фаоллигисиз уддалаш қийин. Ҳа, Ориола Торт номидаги ўқув маркази иш бошлаганидан бери ёш кадрлар масаласига эътибор кучайиб, барқарорлик ошди. Ўз ўрнида рақибларимда ҳам кантера ривожи учун ўз ғоялари борлигини инкор қилмайман. Лекин улар ҳозирча наф келтирмаяпти.

- ФИФА томонидан қўйилган санкцияларга муносабатингиз қандай?

- Менимча, бу жамоада ишончли келажак ва намунали иш тизимининг йўқлигидан яққол дарак. Аслида ФИФА санкция қўллашдан олдин клубни бир неча бор огоҳлантирди. Аммо Россель ҳам, Бартомеу ҳам худди буни сезмагандек, нохушлик олдини олишмади. Энг ёмони, уларнинг ҳар иккови вазиятни ўнглаш ҳақида гапира туриб, аксинча иш тутишда давом этди. Натижада узоқ йиллар давомида каттакон клубнинг ривожига хизмат қилиб келган барча кўприклар қулади. Келгуси йилнинг январигача амал қиладиган тақиқ албатта, «Барселона»нинг жаҳондаги нуфузига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади.

- «Барса» охирги ватқлар «каталонча из»дан чиқиб кетмадимикан?

- Очиғини тан олайлик, дунё миқёсида клубга муносабат аввалгидек эмас. Худди, унинг раҳбарларига бўлгани каби. Каминадан кейинги президентлар ҳар бир ишга ҳадик билан ёндашишди. Охир-оқибат, барчаси издан чиқди. Лекин бунда клубнинг ҳеч қандай айби йўқ. Бартомеу, Россель ва уларнинг тарафдорлари Каталония учун ҳеч нарса қилишмади. Уларнинг наздида «Барселона»  шунчаки, оддий бир футбол клуби. «Клубдан кўра, каттароқ» шиори эса тилда, холос. Аслида бу иборада клубнинг тарихий анъаналари мужассам. Мазкур сўзлар жамоа­ни мамлакат билан ҳамнафас эканини ифодалайди. «Барса» ҳеч бир шубҳасиз, Каталония мустақиллиги йўлида алоҳида жонбозлик кўрсатиши керак.

- Бундан чиқди, 27 сентябрь куни бўладиган Каталониянинг парламент сайловларида «Барселона» атамаси баралла янграши мумкин, шундайми?

«Барселона» ҳамиша мамлакат ихтиёрида бўлиб келган ва лозим топилган барча ишларни амалга оширган. Масалан, бизнинг либосимизда саньера (Каталония байроғи) доимо акс эттириб келинади. Клуб шу ва бошқа йўллар орқали Каталония маҳсулотларини тар­ғиб қилишда, каталон тили ва мадания­тини дунёга танитишда давом этиши лозим.

- Президентлик сайловларида Бартомеуга асосий фаворит сифатида қаралмоқда. Бу факт сизга қўшимча иштиёқ берадими?

- Ҳа, албатта. Бу - менинг мухлисларга янада яқинлашиб, уларга нима учун айнан биз жамоани бошқаришимиз маъқул эканлигини тушунтириб беришим лозимлигини англатади. Тўғрисини айтсам, каминага шундай шов-шувли тадбирларда қатнашиш ёқади. Ўйлашимча, Каталония «Барса» сингари катта оилага мудом эҳтиёж сезади. Чунки бу оилада каталонча қарашларга эга инсонлар бор. Қолаверса, биз яқиндагина бир йил мобайнида 6та совринга эга чиқиб, ажойиб натижа қайд этгандик. Бундай йирик муваффақиятлар барчани ҳамфикрликка ундаши аниқ.

- Маълумки, бош мақсадингиз - Абидални клуб тизимига қайтариш. Лекин бошқа номзодлар ҳам франциялик собиқ футболчини клубнинг янги авлоди давомчиси сифатида таърифлашмоқда...

- Реаллик шундайки, агар сосьос (мухлислар гуруҳи) бизга тўла ишонч билдирса, Абидаль албатта, сафимизга қўшилади. Эҳтимол, у техник директор лавозимини эгаллар... Шуниси аниқки, менинг бошқарувимдаги «Барселона» таркибга янги футболчи қўшиб олмаслиги мумкин, лекин Абидаль яқин келажакда клуб билан бирга бўлади. Зеро, Эрик футболчилик пайти барча совринларни қўлга киритиб, улкан тажриба орттирди. Боз устига, у жаҳон футболида кенг алоқаларга эга. Асосийси, ақлли футболчидан ақлли мутахассисга айланиб бормоқда.

- Сизнингча, Погба «Барселона» учун ажойиб номзодми?

- Ҳа, албатта. Унинг жамоага қўшилиши зўр янгилик бўларди. Аммо ҳозирча Поль «Ювентус» футболчиси ва биз бунга ҳурмат билан қарашимиз керак. Лекин шу билан бирга «плюс»ларимиз ҳам йўқ эмас - Абидаль ва Погба ўртасида дўстона алоқалар мавжуд.

- Агар президентликка сайлансангиз, UNICEFга эътибор ҳам қайтса кучайса керак...

- Шубҳасиз. Агар рақибларим Қатарни қўллаб-қувватлашса, мен UNICEF билан ишлашда давом этавераман. Бу орқали клубга дунё нигоҳини қайтариб, эҳтиёжмандлар, айниқса, болаларга ёрдам қўлини чўзамиз.

- Бартомеу гап орасида айтиб ўтдики, 2010 йили «Барселона»ни тарк этганингизда, клуб ғазнаси қуп-қуруқ бўлиб қолган экан...

- Қип-қизил туҳмат. Фақат уятсиз одамгина шундай дейиши мумкин. Ваҳоланки, мен 440 миллион евролик тушумга эга бақувват клуб қолдирганман. Ўтган йили жамоа совринларсиз қолиб кетганида, улар айбларини хаспўшлаш учун шу гапни ўйлаб топишди. Хосеп бунинг ўрнига, Неймарнинг трансферига боғлиқ шубҳали ишлар ва бунинг оқибатида жарима учун сарфланган 13 миллион евро ҳақида гапирса, яхши бўларди.

- Сайловолди дастурлари давомида сизни кўпчилик ёқламоқда. Жумладан, куни кеча Гвардиола ҳам сизга хайрихоҳ эканлигини маълум қилди. Буни кутмагандирсиз?

- Биласизми, ўзимни ҳиссиётларга тез берилувчи одамлар сирасига қўшмайман. Аммо Пепнинг қўнғироғи менга кучли руҳий далда берганини тан оламан. Фурсатдан фойдаланиб, номзодимни қўллаб-қувватлаётган барча-барчага мурожаат қилмоқчиман: «Каттакон раҳмат!»

- Нима деб ўйлайсиз, Кройфф жамоага қайтармикан?

- Менимча, ҳа. Мен унинг маслаҳатларига доимо эҳтиёж сезганман. Шунингдек, Йоханни ҳурматга муносиб энг яқин дўстларимдан бири, деб биламан. У мудом «Барселона» учун жон куйдириб келган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади. Зеро «Барса» - Кройфф ҳаётининг ажралмас бир қисми.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:01, 11.07.2015.
Ўқилди: 6165 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.