ПФЛ шарофати билан юзага келган тасодифни қарангки, 6 июль санасида ўзининг 10 ёшлик таваллуд айёмини нишонлаган Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби худди шу куни ўз майдонида «Шўртан» билан куч синашди. «ПФЛ шарофати билан» деган иборани тушунгандирсиз - бу ўйин аслида 3-тур доирасида ўтиши керак эди. Буни қарангки, мазкур тасодиф барқарорлик сари интилаётган «қалдирғочлар» учун айни муддао бўлиб чиқди. Чунки, шу куни қандайдир бошқача, байрамона кайфият билан тўп сурган майдон эгалари рақибга ҳеч бир имконият қолдирмай, юбилейни йирик ҳисобли ғалаба билан нишонлашди. Ўйин ва унинг атрофидаги бир-иккита жиҳатлар эса алоҳида диққатга арзирди.
Гарчи учрашув чемпионат учун антирекорд бўлган натижа - томошабинларнинг стадионга ташрифи борасида оқсаган бўлса-да, телетрансляция борасида бундай деб бўлмасди. Чунки, мазкур ўйин арафасида ўзбек футболига бефарқ бўлмаган ҳар бир мухлисни бир савол ўйлантириб қўйди: «Бунёдкор» аъзоси Сардор Рашидов майдонга тушадими-йўқми? Чунки, бу вақтда Сардорнинг қатарга, «Ал-Жаиш» клубига трансфер қилингани ҳақидаги хабарлар яшин тезлигида тарқаб улгурганди. Шунинг учун ўйин бошланган вақтда кўпчилик мухлислар тезда таркиблар билан танишиб олишди. Кутилганидек, Сардорнинг номи учрашув қайдномасидан ўрин олмаганди. Орадан бир-икки кун ўтгач эса, «InterFutbol»нинг тезкор саъй-ҳаракатлари туфайли футболимиз тарихида камдан-кам учрайдиган ҳодиса рўй бериб, ушбу трансфер нархи кенг жамоатчиликка маълум бўлди.
Албатта, «Бунёдкор» иштирокидаги бу олди-сотди шартномаси эътиборга арзийдиган алоҳида масала ва биз унга яна қайтамиз. Ўша куни эса бизни майдондаги воқеалар кўпроқ қизиқтириб қолди. Биринчидан, юқорида таъкидланганидек, майдон эгалари дастлабки дақиқаларданоқ футболимизга хос бўлмаган равишда, ўта енгиллик ва ҳеч қандай босимларсиз ҳаракат қилиб, кўзни қувонтиришди. Биз кўпроқ Европа футболида кўришга одатланиб қолган мазкур ноёб воқелик эса натижа келтирмай қолмасди - «қалдирғочлар» биринчи бўлимнинг ўзидаёқ «Шўртан» дарвозасини тўрт бор аниқ нишонга олиб, танаффусга 2:0 ҳисоби билан чиқиб кетишди. «Ўйиндан ташқари ҳолат» деб баҳоланиб, ҳисобга олинмаган яна икки голнинг бири, аслида, «тоза» эди.
Энг муҳими, «қалдирғочлар»нинг ҳужум чизиғи шу куни ноанъанавий йўллардан фойдаланиб олдинга ташлангани сабабли, «Шўртан» ҳимоячилари Шомуродор-Ўринбоев-Ҳамдамов триосини тўхтатиб қолишга жуда қийналишди. Ёшлик шижоати билан тўлиб-тошган бу йигитчалар Янги Зеландия мундиалидан етарлича тажриба тўплашгани шу ўйинда яққол сезилди. Айниқса, Элдор ва Достонларнинг қанотлардаги фаолликларини назардан қочириш мумкин эмасди. Сардорнинг жамоадан кетиши афтидан, Ҳамдамовнинг янги савиясини белгилаб беради, чоғи. Зеро, Достон шу куни ярим ҳимоячи чизиғи эмас, 4-3-3 схемасига асосланган тактикада яйраб-яшнаб ҳаракат қилди. Элдор эса...
Кўз тегмасин-у, Элдор шу куни футболимиз осмонида ярқ этиб порлаган янги юлдуздек кўзга ташланди. Очиғини айтсак, Янги Зеландия мундиалидан кейин аксарият футбол ишқибозлари спортга ихтисослашган ОАВ ходимларидан ҳам хафа бўлишди. Зеро, уларнинг наздида биз футболимиздаги ёш иқтидорларни ҳаддан ортиқ мақтаб юборяпмиз экан. Албатта, бу танқидлар ҳам ўринли ва буни инобатга олмай иложимиз йўқ. Лекин Элдорнинг вазиятларнинг бирида қаршисидан чиққан ҳимоячини Зиданга хос маълуму-машҳур финт билан алдаб ўтганини, бақувват ва эндигина захирадан ўйинга қўшилган, ҳали кучи тўла бўлган ҳимоячи Отақуловдан гавда ҳаракатлари эвазига осонликча ўтиб, чап томондан жарима майдончасига кириб борганини кўргач, завқланмай бўлармиди?! Сўнгги йилларда жамоаларимиз ҳужумчи танқислигидан қийналаётгани учун бу вазиятларни эътиборга олмасак, айб бўлади, бизнингча. Лекин ишқибозларни ҳам хафа қилмаслик мақсадида Шомуродовни гол учун мақтамаймиз. Зотан гол уриш - унинг майдондаги доимий вазифаси. Бизга унинг дадиллиги, алдаб ўтишдан чўчимаслиги ва вазиятларни тўғри баҳолай олиши чандон ёқиб тушди.
«Бўларкан-ку», дедик, ичимизда. Агар «Бунёдкор» академияси масъуллари шу йўлдан оғишмаса, Сардор Рашидов «қалдирғочлар»нинг илк «учирмаси» бўлиб қолмайди.
Аминмизки, эрта-индин Шомуродов ва Ҳамдамовларга ҳам «совчилар» кела бошлайди. Фақат бунинг учун улар ҳаволаниб кетишмаса, бўлгани. Ҳаммамиз кўрдик, Австралияда ўтган қитъа чемпионатидан кейин Сардорнинг нафақат ўйинида, балки руҳиятида ҳам қандайдир ўзгариш пайдо бўлиб қолди. Эҳтимол, у ўша пайтдаёқ «Ал-Жаиш» билан келишиб қўйгани боис, ўзини ортиқча уринтиришни истамагандир? Ёки яна бошқа сабаби бордир? Бунисини билмадиг-у, аммо бу ўзгариш туфайли унга бўлган хориждан қизиқиш кескин пасайиб кетишидан хавотирга тушганимиз рост. Мана, куни кеча МТЖнинг янги бош мураббийи Самвел Бабаян ҳам Элдорнинг номини кенгайтирилган рўйхатга тиркаб, навбатдаги йиғинга таклиф қилди. Албатта, биз биргина ўйинда илғаган хусусиятларни мутахассис кўздан қочириши мумкин эмасди. Буёғи энди фақат ёш ҳужумчининг ўзигагина боғлиқ. Шундай экан, сўзимиз охирида Шомуродовга қуйидаги сўзларни айтамиз: бўш келма, Элдор! Куни кеча сен билан ёнма-ён юрган Сардор орзусидаги маош ва янги дунёга юзланди. Буни сен ҳам уддалай оласан! Фақат, орзуларга ҳаддан ортиқ ишониб қолмасанг, ўзингдан доим камчилик топишга одатлансанг, бас...
Аббосбек, "ИнтерСПОРТ" газетаси