Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

"Барса"га энди ким раҳбарлик қилади?

Баҳо:
+ | -

Шундай кун келадики, тахтга янги қирол ўтиришига эҳтиёж сезилади. Бу ҳар қандай қиролликда кузатиладиган оддий ҳолат. Ҳаттоки, «кўк-анорранглилар» ҳукуматида ҳам шундай. Кўпчиликка яхши маълум, яқин орада «Барселона» «тахти» учун аёвсиз кураш бошланади. Амалдаги президент Хосеп Мария Бартомеу буни жуда яхши тушуниб турибди. Қизиғи шундаки, машҳурлик ва ҳашаматлар билан безанган бу «тахт»га бир марта ўтирган ҳар қандай киши унга яна талпинаверади, қайтгиси келаверади. Бартомеу ҳам навбатдаги сайловларда иштирок этишни мақсад қилган ҳолда, эгаллаб турган лавозимини ўз хоҳишига кўра, тарк этди. Сайловлар арифметикаси эса ниҳоятда жўн: номзод 4 июлгача 2534 имзо тўпласа, бас. Бу кўрсаткич 18 июлга белгиланган президентлик пойгасида иштирок этишни таъминлайди. Сайловларда эса «Барселона» футбол клубининг 109 637 мухлиси (сасьос) овоз бериш ҳуқуқига эга. Бартомеу ҳокимликда давом этадими ёхуд унинг ўрнини бошқа бир директорлар кенгаши (хунта) эгаллайди - буни фақат шулар, клубнинг расман рўйхатдан ўтган  ишқибозлари ҳал қилишади.

Номзод: Хосеп Мария Барто­меу-и-Флорета

Ёши: 52  

Шиори: «Биз - тажовузкормиз»

FCB тизимидаги фаолияти: 2003 - 2005 - баскетбол, гандбол ва хоккей секциялари бошлиғи; 2010-2014 - вице-президент, клуб спорт бўлими раҳбари; 2014-2015 - президент

Президент сифатидаги ютуқлари: Испания чемпиони, ЕЧЛ ғолиби, «Копа Дель Рей» кубоги соҳиби

- Хайрият, энди унинг даври тугади, — дейишди кимлардир хурсандчилик билан «Барселона» президентлиги учун сайловлар 2015 йилнинг ёзида ўтишидан хабар топишгач. Лекин шунга қарамай, Хосеп Мария Бартомеу ишончни йўқотмаяпти. Ёқимли табассумга эга одми либосдаги бу инсон ўз лойиҳасини давом эттиришни хоҳлаётганини рўй-рост айтиб ўтди. Ушбу лойиҳа қанчалик мунозара ва жанжаллар билан бошланган бўлса-да, якунда клуб музейига «требл» келиши билан тугаганини яхши биласиз. Улкан механизмнинг кичкина мурвати, доимий котиб, абадий вице ва Сандро Росселнинг энг яқин ҳамкори саналган бу инсон керакли вақт керакли жойда пайдо бўлишни жуда яхши уддалайди. Эътиборлиси, у бўлажак дўсти Сандро Россель билан ESADE (Барселонадаги ўта нуфузли хусусий олий ўқув юрти)даги талабалик йиллари танишган. Кейинчалик эса клубни Россель билан бирга тарк этди. Кўп ўтмай, ҳамкорлар бирга қайтишди. Бу жараённи кузатиб турган Жоан Лапорта эса озгина андишасизлик билан Бартомеуни «Росселнинг сунъий йўлдоши», деб атади.   

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, Бартомеунинг сайловлардаги имкониятларига айнан Сандро давридан қолган можаро - Неймарнинг харидига боғлиқ шов-шувли жанжаллар салбий таъсир ўтказиши мумкин. Унинг фойдасига ишлайдиган омиллар сирасига эса, албатта, биринчи навбатда, охирги мавсум қўлга киритилган 3 йирик совринни кирита оламиз. Зеро, ҳар томонлама мураккаб вазият ичида қолган жамоа нафақат бундан чиқиб кетди, балки яна дунё грандлари орасида пешқадамлик мав-қеини қайтариб олди. Қолаверса, собиқ президент топ-ўйинчиларга қизиқиши кучли эканлигини ҳеч кимдан яширмаяпти. Мана, у «Камп Ноу»­га Луис Суаресни олиб келиб, «тишлоғич безори»дан ҳам биноийдек инсон чиқишини исботлади. Шунингдек, машҳур футбол агенти Мино Райола билан кечки овқатни бирга қилиб, Пог­банинг кейинги тақдирига ойдинлик киритиб олди, ҳисоб. Тахминларга кўра, Райола мижозини келгуси йили январгача бошқа клубга ўтмасликка кўндиради. 1 январда эса, яхши биласиз, УЕФА томонидан «Барса»га қўйилган тақиқлар ўз кучини йўқотади.

Хуллас, гарчи Барто худди Жоан Лапорта каби фан-базасига эга бўлмаса-да, ўз ишини бажармоқда. Ҳатто айтиш мумкинки, буни қойилмақом тарзда уддалаяпти. Масалан, у сайловлар вақти яқинлашган пайт жамоага примеродаги энг кучли ва машҳур футболчилардан бирини олиб келиш мақсади борлигини айтдию, аммо номзоднинг номини сир тутди. Лекин тез орада, аниқроғи, сайловларга 2-3 кун қолганида, ўша футболчи кимлигини билиб олсак, ажабмас.

Майли, Барто «жангчи»га ўхшамаса, ўхшамай қўя қолсин. Аммо у «тахт» учун курашга тайёр. Хосеп яна қанчадир муддат мавҳумлик аро юришни ортиқ истамайди. Зотан мавҳумлик - даҳшат демакдир.

 

Номзод: Антони Фрейша-и-Марти     

Ёши: 46  

Шиори: «Оила, бурч ва номус»

FCB тизимидаги фаолияти: 2003 - 2005 - ҳуқуқ масалалари бўйича маслаҳатчи; 2010-2014 - директорлар кенгаши котиби

Президент сифатидаги ютуқлари: ҳали клуб президенти лавозимини эгалламаган

Тони Фрейша - Росселнинг яна бир «одами». Ҳозирданоқ аниқ айтиш мумкинки, унинг президентлик сайловларидаги имкониятлари жуда паст. Дейлик, Фрейшада жиддийроқ бирор нарсани ваъда қилмайдиган одатий сайлов­олди кампанияси бор, холос (FCBга Кройфф ва Абидални қайтариш, Ла Масияга эътиборни кучайтириш ва ашаддий мухлислар учун чипталар сонини ошириш). Боз устига, Тони Фрейша яқинда катта хатога йўл қўйди. Яъни у «Янги харидлар учун 100 млн. евро сарфлашни истамайман», дея баёнот берди. Ваҳоланки, унинг аксарият рақиблари худди Қорбобо каби фанатларга қимматбаҳо келишувлар ва янада номдорроқ футболчиларни ваъда қилишмоқда. Хуллас, ҳаммаси Фрейша учун Коке ҳақида берилган саволдек мураккаб ва ўта чигал:

- Сиз Кокени жамоага олиб кела оласизми?

- Агар буни футболчининг ўзи ҳам хоҳласа, уни албатта, «Камп Ноу»да кўрамиз.

Энг қизиғи, бу савол-жавоб унинг қимматли харидлар ҳақидаги баёнотидан атиги 5 дақиқа ўтгач, кузатилди.

 

Номзод: Агусти Бенедито      

Ёши: 48  

Шиори:  «Ўсганимиз сари кучаямиз

FCB тизимидаги фаолия­ти: 2003-2009 - ижтимоий қўмита раҳбари

Президент сифатидаги ютуқлари: ҳали клуб президенти лавозимини эгалламаган

Жоан Лапортанинг ҳамкори бўлган бу инсон собиқ президентдан ҳаттоки, энг оғир дамларда ҳам юз ўгирмади. У 2010 йилги сайловлар вақти финишга 14,09 фоизлик кўрсаткич билан 2-бўлиб етиб келди (ғолиб - Сандро Россель эса 61,35 фоиз овоз тўплаганди). Муҳими, Агусти мақсадига етолмаганидан кейин ҳам бутунлай йўқолиб кетмади. Айтайлик, Каталониядаги нуфузли Benedito номли авточилангарлик корхоналари тизими раҳбари вақти-вақти билан Сан­дронинг ишларини танқид қилиб турди.

Бенедитонинг сайловолди дастуридаги энг ўткир қирра - Qatar Foundation билан ҳамкорликдан воз кечиш ғояси. Боз устига, бу фикрга изоҳ ҳам ўта дадиллик билан билдирилди: «Биз террорчиликни молиялаштирувчилар билан шериклик қилолмаймиз». Бенедито шунингдек, фанатлар секторидаги чипта нархини «музлатиб», 7 ёшгача бўлган болалар учун «Камп Ноу»га киришни текин қилиб қўйиш ниятида. Дарвоқе, алоҳида таъкидлаш лозимки, у Лапортани сира танқид қилмайди. Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, вақти келганда, ўз номзодидан воз кечиб, тарафдорларини айнан Лапорта томонга ўтишга даъват қилиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Зотан агар президентлик курсиси Лапортага насиб қилса, Бенедито ҳам қайсидир масъул лавозимни эгаллаши тайин.    

 

Номзод: Жорди Фарре      

Ёши: 39   

Шиори: «Ғурур каби юксак»

ҒСВ тизимидаги фаолияти: -

Президент сифатидаги ютуқлари: ҳали клуб президенти лавозимини эгалламаган

Жорди Фарре номзодлар орасида энг ғайритабиий йўналишни танлаган - у жамоанинг чинакам мухлиси эканини кўз-кўз қилиб, шу орқали мақсадига етмоқчи. Зеро, Жорди ишқибозлар билан учрашув вақти Ханс Кранкль автоҳалокатга учраганида, отаси жабрдийдага қон берганини, ўзи эса «Барса» иштирок этган еврокубоклар финалларини ҳеч қачон ўтказиб юбормаганини таъкидлади. Хуллас, Фарре мухлисларнинг имкон қадар жамоа бошқарувига яқинроқ келишларини истайди. У ҳам кўпчилик номзодлар сингари ашаддий ишқибозлар учун қулайликларни кенгайтириб, ҳатто «Барса» бошқаруви билан ҳамкорлик қилувчи алоҳида, Grada Joven номли фан-клуб ташкил қилмоқчи. Айтганча, Фарре рекламалар билан тўлиб-тошган «номатлуб футболкалар»га қарши эмас. Аммо у мазкур масалада ўзини чинакам ватанпарвар Каталония фарзандидек тутиб, «Барселона» аъзолари либосларини фақат шу республика фирмалари номи билан безаш лозимлигини уқтирмоқда.    

 

Номзод: Жорди Махо       

Ёши: 65

Шиори: «Биз чекинмаймиз»

ҒСВ тизимидаги фаолияти: -

Президент сифатидаги ютуқлари: ҳали клуб президенти лавозимини эгалламаган

Махо бундан 12 йил аввал ҳам сайловларда иштирок этган, аммо жуда камтар натижа билан (4,82 фоиз) Жоан Лапорта (52,57 фоиз) ва Луис Бассата (31,8 фоиз)дан ортда қолганди. Айтганча, Мессининг ишқибозлари Махони унчалик ёқтиришмайди. Зеро, у миллионлар кумирига доим танқид кўзи билан қараб келган: «Барса» - Мессидан кўра каттароқ тушунча. Шунинг учун Лионель клубдаги ҳамма ишга бурнини суқавермаслиги керак».

Қора ташвиқот ҳам барибир, ташвиқот. Чунончи, «тахт»нинг навбатдаги даъвогари жамоага Серхио Рамосни олиб келиш мақсади борлигини айтиб,  испан ОАВни «портлатиб» юборди. Бу 15 йил илгари Луиш Фигу билан бўлган воқеа Флорентино Пересга ёрдам берганидек, Махога ҳам наф келтириши мумкин, Тўғри, ушбу хабар ҳозирча миш-миш, холос. Махонинг сайловолди дастурлари сирасига яна араб компаниялари ҳомийлигидан воз кечиш ва спорт директори лавозимига Микаэль Лаудрупни олиб келиш ҳам киради.

 

Номзод: Жоан Лапорта-и-Эструч     

Ёши: 52  

Шиори:  «Олов ва қон»

ҒСВ тизимидаги фаолияти: 2003 - 2010 - президент

Президент сифатидаги ютуқлари: Испания чемпиони (4 марта); ЕЧЛ ғолиби (2 марта); «Копа дель Рей» кубоги соҳиби; Испания суперкубоги эгаси, УЕФА суперкубоги соҳиби; Клублар ўртасидаги ЖЧ ғолиби

Лапорта ҳатто лавозимидан айрилиб, жамоадан кетганидан кейин ҳам аксарият мухлислар учун клуб тарихидаги энг кучли президент бўлиб қолаверди. Зеро, айнан у «Барса»ни инқироздан олиб чиқиб, «совринларни бирин-кетин ямламай ютадиган маҳлуқ»қа айлантирди. Умуман, Лапортанинг клубга сингган меҳнатлари бисёр. Лекин шу билан бирга, қандайдир шубҳали ишлари ҳам йўқ эмас. Демак, у доимо нималардир қилган, нималар биландир шуғулланган. Бу эса, бекор ўтиргандан кўра, яхши, ҳар ҳолда.

Ҳавас қилса арзийдиган жонкуярлик, сермаҳсуллик (футболда12та, баскетболда 7та, қўл тўпида 11та, хоккейда 24та - 7 йил ичида жами 54 соврин) ва ғоят қудратли El Jabali фан-клуби Лапортага улкан ишонч бағишлаб турибди. Жоан Лапорта доимо ўзига хос қарашларга эга. Унинг президентлик лойиҳаси ҳам қолганларникидан кескин фарқланади: тоза футболкалар-соф виждон (ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик давом эттирилади, бироқ хайрия даражасида). У шунингдек, Ла Масияга қўшимча сармоя ажратиш, Йохан Кройффга фахрий президент мақомини бериш, Эрик Абидални спорт директори лавозимига таклиф этиш, Карлес Пуйолни академия мураббийи сифатида қайтаришни режалаштирган. Энг муҳими, Лапорта «Сизлар кимни хоҳласанглар, ўшани сотиб оламан» қабилида иш тутади. Унинг бошқа номзодлар (Бартомеудан ташқари)дан устун томони шуки, El Jabali фанатлар ҳаракати ҳар нарсага қодир ва Лапортани етарлича қўллай олади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:35, 14.07.2015.
Ўқилди: 6032 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.