Кириш Регистрация
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас 2-2 Бетис
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе

Экзотика керакми?

Баҳо:
+ | -

Испания олий дивизионига хуш келибсан, «Лас-Пальмас»! «Бетис», «Спортинг», «Сарагоса»... Тан олайлик, бу жамоалар номи Ла-лига тарихига ёзилган, уларнинг ўзига яраша нуфузлари бор. Бироқ испаниялик футбол ихлосмандлари маҳаллий чемпионатга экзотика етишмаётганини ҳақли равишда таъкидлашмоқда. Бу йил элитага чиқиш масаласини ижобий ҳал этган «Лас-Пальмас»нинг айнан экзотика етишмовчилигига барҳам бериши кутилмоқда.

«Плей-офф» ўйинлари кутилмаган воқеаларга бой ўтади, оролликлар эса буни ҳаммадан ҳам яхши тушунишади. Зеро, ўтган мавсум «Лас-Пальмас» ишқибозларининг шошқалоқликлари (ўша ўйинда мухлислар ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинмасидан футболчиларни табриклагани майдонга тушиб кетишганди) севимли жамоаларини примеро йўлланмасидан мосуво этганди. Охир-оқибат, мавсум давомида атиги 7-ўринни эгаллаб «Барселона-Б»нинг «плей-офф»­да иштирок этмаслигидан фойдаланган «Кордоба» элитага йўл олганди.

Умуммиллий фожиа сифатида баҳоланган ўша воқеадан сўнг канарликлар қайғусига ишқибозлар ҳам шерик бўлишди. Боз устига, «Кордоба»нинг примерога саёҳати қандай якунланганидан барча хабардор. «Плей-офф» қоидалари жамоаларга нохолис муносабатни тақозо этади, гўё. Буни нафақат «Лас-Пальмас», балки «Жирона» жамоаси ҳам яхши англайди. Каталония клуби мавсум якунида 3-ўринни қўлга киритиб, ярим финалда ўзидан пастда жойлашган «Сарагоса»га тўқнаш келди ва ютқазди. Балки Хавьер Тебас йўлга қўйган тизимнинг бор жозибаси шудир.

Мавсум арафаси мўъжиза ва кутилмаган воқеаларга қанчалик бой ўтмасин, бунинг «Лас-Пальмас»га унчалик аҳамияти йўқ. Сабр-тоқат, ишга тўғри ёндашув ва тинимсиз меҳнат - булар Канар оролларида шакллантирилган аҳил жамоанинг муваффақият калитидир. Бундан 10 йил аввал сегунда-Вда ўйнаган «Лас-Пальмас»га президент сифатида сайланган Мигель Анхель Рамирес клубнинг 72 миллион еврога тенг қарзини узиб, элитага чиқиш учун курашмоқчилиги хусусида бонг урганди. Мана, унинг сўзлари ниҳоят, ўз тасдиғини топди.

муваффаҚият гарови - мураббий

Янги раҳбарнинг қатъиятли таъкиди дастлаб кўпчиликнинг кулгисига сабаб бўлди. Рамирес томонидан Флорентино Перес услуби қўлланилиб, ҳар мавсум мураббийлар алмашиши ҳам заҳархандалик билан қаршиланди. Мазкур саъй-ҳаракатлар қачондир самара бериши аниқ эди. Бу борада нишонга олинган илк шахс «Сельта»нинг собиқ бош мураббийи Пако Эррера бўлди. Умуман, каталониялик мутахассисга мурожаат этишдан аввал «Лас-Пальмас» брендини тарғиб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Испаниянинг учинчи дивизионига тушиб кетишига бир баҳя қолган клуб тез орада яна сегунданинг пешқадамлари қаторига қўшилиб олди. Қисқаси, клуб узоқ муддатли танаффусдан сўнг Серхио Лобера бошчилигида «плей-офф»га чиқди, бироқ ярим финалда «Альмерия»га ютқазилди. Оролликлар бошқа бир устоз - Хосико бошчилигида шов-шувли «Кордоба»га имкониятни бой беришди.

Пако Эрреранинг олдида ечими қийин вазифа турарди: ўзидан аввал ишлаган мутахассислар омадсизлигидан тўғри хулоса ясаб, элитага қайтадиган рақобатбардош жамоа шакллантириш. Янги бош мураббийнинг меҳнатлари самараси қишки танаффусга келиб кўрина бошлади. Зеро, шу пайт «Лас-Пальмас» турнир жадвали пешқадамлигини қўлга олганди. Бундан биринчи навбатда, «Кордоба»нинг муваффақиятсизлиги туфайли ҳафсалалари пир бўлган аксарият испаниялик ишқибозлар қувонишди.

«Лас-Пальмас» ҳар бир баҳсни ўзгача иштиёқда ўтказиб, ярим мавсум мобайнида етакчига хос ўйин намойиш этди. Бироқ январь ойи ўрталарига келиб жамоа ўйинида сусайиш кузатилди. Навбатдаги 10та ўйиндан атиги 2тасини ўз фойдаларига ҳал этишган Пако Эррера шогирдлари табиийки, 1-поғонани бўшатишга мажбур бўлишди. Лекин бу ҳам ҳали ҳаммаси эмасди. Оролликлар тез орада 5-ўрин учун «Вальядолид» билан рақобатлашадиган ҳолатга тушиб қолишди. Фақат, мавсум якунига келибгина 4-ўринни эгаллаш уддасидан чиқишди.

«плей-офф» воҚеликлари

«Лас-Пальмас» «плей-офф» босқичига яхши кайфиятда киришди, дейиш қийин. Футболчиларда 46та баҳсдан кейинги жисмоний ҳорғинлик, ўтган йилги воқеалардан қолган руҳий тушкунлик бор эди... Умуман, мазкур босқичга ҳар бир иштирокчи жамоа шундай ҳолатда етиб келиши аниқ. Ўртага элита йўлланмаси қў-йилган бир паллада шахсий муаммолар ҳеч кимни қизиқтирмайди  ахир. Хуллас, икки баҳс натижасига кўра, «Вальядолид»ни маҳв этган «Лас-Пальмас»ни олдинда кучли «аутсайдер» - «Жирона»га қарши баҳс кутиб турарди. Дастлабки ўйин арагонликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабалари билан якунлангач, Канар оролларидаги ишқибозлар ўтган йилги воқеаларни беихтиёр эсга олишди. Шунга қарамай, таслим бўлишга ҳали эрта эди. Мавсумнинг ҳал қилувчи қарама-қаршилигига зўрға етиб келинган бир паллада ҳаммасига шунчаки қўл силташ адолатдан эмас-да.

Ўзига хос ҳисобот ўйини («Сарагоса»га қарши) кимгадир йил учрашуви ҳисобланса, Мигель Анхель Рамирес ва тарихий гол муаллифи Серхио Араужо сингари йигитлар учун ҳаёт-мамот жанги саналарди. «Барса-2»нинг собиқ ҳужумчиси ҳал қилувчи голни урганда, айрим ишқибозлар мияларида дарҳол майдонга югуриб тушиш фикри чарх урган бўлса, ажабмас. Аммо ўтган йилги хатодан тўғри хулоса ясаган мухлислар жамоани трибунада қўллаб-қувватлашни маъқул кўришди. Айниқса, «Лас-Пальмас» фан-клубининг ўйиндан ке­йинги хатти-ҳаракатлари кўпчиликни ажаблантирди: канарликлар меҳмон ишқибозлари ўтирган секторга яқинлашиб, уларни юпатишди.

- Энди хотиржам ўлсам ҳам бўлади, - деди ўша пайт дунёнинг энг бахтли кишисига айланган Мигель Анхель Рамирес. Тўғри-да, 10 йиллик меҳнатларинг ниҳоят, самара беради-ю, жим турасанми? Клуб раҳбарининг Пако Эррера билан самимий қучоқлашиши эса улар ўртасидаги илиқ муносабатдан далолат. Айтиш жоизки, «Лас-Пальмас» сўнгги марта примерода қатнашган кезлари Лео Мессини ҳеч ким танимасди, Криштиану Роналду ҳозиргидек келишган ва бадавлат эмасди, Дэвид Бекхэм «Реал»га ўтиш ҳақида келишувга эришиб, Зайниддин Зидан Чемпионлар Лигаси тарихидаги энг чиройли гол муаллифига айланганди. «Ҳаммаси ўз вақтида бўлгани яхши». Ҳа, бу сўзлар замирида қандай маъно мужассамлигини «Гран-Карини» майдонига муддатидан аввал югуриб тушишган ишқибозлар ҳаммадан ҳам яхши тушунишади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:16, 18.07.2015.
Ўқилди: 3257 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.