Ўзбек футболида кузатилган охирги энг шов-шувли ҳолат - бу Сардор Рашидовнинг «Ал-Жаиш»га трансфер қилингани. Ахир хориж клублари ҳар доим ҳам Ўзбекистондан 2 миллион долларга футболчи сотиб олавермайдилар. Шу сабабли, Рашидовнинг трансфери ҳақидаги хабар ўзгача кутиб олинди.
Эсласангиз, 2010 йили Равшан Эрматов ЖАРда кечган жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан бирига айлангач, ҳакамликка қизиқиш кескин ошиб кетганди. «Ўғлим улғайгач, ҳакам бўлади», - деганларни ҳам кўрдик, ҳатто. Албатта, бу бежиз эмас. Ахир ким ҳам фарзанди эл назарига тушишини истамайди? Ўз навбатида, Сардор Рашидовдек ўйинчилар юртимизда футболга эътиборнинг ўсишида катта аҳамият касб этадилар. Бир вақтлар ҳамма Миржалол Қосимовга ҳавас қиларди. Кейин Одил Аҳмедов тилга тушди. Энди Сардор Рашидов миллионлар ўйинига ошуфталар сони яна-да ошишига сабабчи бўлиб турибди. Футболнинг ривожи шунда эмасми?
Аслида юртимиз иқтидорларга бой замин ва биз бу ҳақда гапиришни хуш кўрамиз. Аммо ёмон томони шунда-ки, ўша иқтидорлар юзага чиқмай, тезда сўниб қолмоқдалар. Мана, яқинда ҳам Аббос Махсталиев ва Темур Ҳакимов ҳақида гапирардик. Ҳозир улар қаерда ўйнашяпти? Мана, бир вақтлар «иккинчи Миржалол» бўлиши кутилган Шерзод Каримовнинг Ўзбекистон терма жамоасига қайта чақирилиши учун 8 йил керак бўлди...
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси яқинда жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтди. Бу мундиал ўзбек футболи учун ёмон натижа билан якунланмади. Ҳар ҳолда, чорак финалга чиқиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўзбекистонлик ёшлар бу ишни уддаладилар ва терма жамоа сафида айниқса, Достонбек Ҳамдамов ёрқин ўйин намойиш қилди. Унинг ижроси шу қадар чиройли чиқди-ки, ўзимиз қолиб, хорижлик мутахассислар эътиборини тортди. Буни жаҳон чемпионатини синчиклаб кузатиб борган InStat Football тадқиқот компанияси Достонбек Ҳамдамовга алоҳида тўхталиб ўтганидан ҳам билиш мумкин. Компания томонидан футболчига берилган таърифни қандай бўлса, шундайлигича келтиришни лозим топдик. Зеро, ортиқча изоҳга ҳожат йўқ.
- Достонбек Ҳамдамов - тезкор футболчи ва қанотдан марказга мунтазам ўтиб туради. Бу ҳаракатлар ўз навбатида, жамоасига ҳужумни ривожлантириш имкониятини беради. Ҳужум вақти Ҳамдамов «офсайд» чизиғида очилади ва «яширин куч» ролини бажаради. У шу билан бирга тўпурарлик хислатига ҳам эга.
Достонбек ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 4та ўйинда майдонга тушиб, дарвоза томон 7 марта зарба йўллади ва 3та гол урди. Шу билан бирга комбинацион ўйинда ҳам жамоадошлари билан самарали ҳаракатланди. Тезкор ўйини билан жамоаси ҳужумини ривожлантирди ва тўпни ортиқча ушлаб турмасдан, дарҳол қулай нуқтага узатди. У асосан бир-икки ҳаракат билан тўпни ўзига ўнглаб, кейин дарҳол «пас» беришни маъқул кўрадиган футболчи сифатида таассурот қолдирди. Икки ёки уч жамоадоши билан «девор» услубида комбинация ташкил қилиб, рақиб жарима майдончасига ёриб киришда ҳам жуда эффектли ўйнади».
InStat Football томонидан Достонбек Ҳамдамов ҳақида билдирилган хулоса шулардан иборат. Аммо сўнгги йилларда юртимиздан чиқаётган иқтидорлар қанчалик тез нур сочишса, шунчалик тез сўниб бормоқларда-ки, дабдурустдан қувонишга ҳам шошилмайди киши. Аксинча, қандайдир хавотир ҳам бор. Хўш, бунинг сабаби нимада?
Эътибор берсангиз, Ўзбекистон миллий жамоаси етакчилари орасида болалар ва ёшлар даражасида катта ютуққа эришганларни кўп кўрмайсиз. Масалан, Сервер Жепаров ёшлар терма жамоасида мутлақо кўзга ташланмаган. Шунингдек, Одил Аҳмедов ҳам жаҳон чемпионатига бориб, қойиллатиб келганини билмаймиз. Сардор Рашидовни-ку, яқинда танидик. Аммо бу футболчилар керак вақт ўзбек футболига суянчиқ бўлмоқдалар. Бундан эса хулоса чиқариш мумкинки, Махсталиеву Ҳакимовларнинг муаммоси - эрта порлаб чиқишлик. Бу футболчилар ёш бошлари билан юлдузликни кўтаролмаган бўлиб чиқмоқдалар.
Истардикки, Достонбек ҳам уларга ўхшаб қолмаса. Бу футболчи Сардор Рашидов билан анча муддат бир жамоада тўп сурди ва унинг кўпгина жиҳатларини ўзлаштирганига умид қиламиз. Яна шундан умидвормизки, Ҳамдамов дунё юлдузларидан ўрнак бўлгулик ҳислатларни топа олади. Мақоламиз якунида Криштиану Роналдунинг ўзи ҳақида айтган қуйидаги гапларини келтириб ўтишни маъқул кўрдик: «Кучли футболчи бўлиш учун астойдил ишлаш керак. Мен жисмоний ҳолатим яхшилиги учунгина кўп йиллардан буён юқори савияда тўп суриб келмоқдаман. Ёшлигимда менга нимжонлигимни кўп пеш қилишар эди. «Криштиану, иқтидорингга гап йўқ, аммо ҳаддан ортиқ нимжонсан», дейишарди. Шу сабабли, жисмоний ҳолатимни кучайтиришга қаттиқ киришдим. Қайсарлик билан бир неча соат вақтимни тренажёр залида ўтказдим ва анча ўсишга эришдим. Жисмоний куч ҳар доим катта устунлик беради. Шу сабабли спорт формамни бутун мавсум давомида яхши ҳолатда ушлаб тура оламан».
Умид қиламизки, Достонбек Ҳамдамов ҳам мана шундай меҳнаткаш футболчи бўла олади. Ким билади дейсиз, Сардор Рашидов Европага Қатар орқали йўл олишни маъқул кўрган бўлса, Достонга бирдан Англияда тўп суриш насиб этиб қолар...
InStat Football статистикаси
Достонбек Ҳамдамов (ярим ҳимоячи)
Ўйин: 4та
Гол: 3та
Голли узатма: 1та
Сариқ карточка: 2та
Қизил карточка: -
Бир ўйинда ўртача кўрсаткич
Зарба: 1,82та
Узатма: 46та
Узатмалар аниқлиги: 72 фоиз
Ҳужумни кескинлаштирувчи узатма: 1,04та
Жарима майдончасига оширма: 8та
Яккакураш: 15та
Яккакурашлардаги ғалаба: 40 фоиз
Ҳаводаги тўп учун кураш: 1,3та
Ҳаводаги тўпга эгалик қилиш: 20 фоиз
Тўпни олиб қўйиш: 5та
Тўпни олиб қўйишда аниқлик: 48 фоиз
Алдаб ўтиш: 2,1та
Алдаб ўтишдаги аниқлик: 62 фоиз