Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Футболдаги фауст фармойиши

Баҳо:
+ | -

Аввалроқ «Арсенал» ҳамда «Челси» клубларининг Англия суперкубогидан кейинги шукуҳ ва толиқиш боис, АПЛ учрашувларида зўриқиш сезишгани, «Барселона»нинг эса, УЕФА суперкубогидан сўнг Испания суперкубоги баҳсларида қийинчиликка дуч келгани хусусида ёзгандик. Ўзбекистон кубоги ярим финали дастлабки баҳсларида ғалаба қозонишган «Бунёдкор» ва «Насаф» клубларида олий лиганинг 19-турида шундай ҳолат кузатилди. Умуман олганда, етакчилар ўртасидаги ўзаро рақобат бўлажак баҳслар натижаларига жиддий таъсир ўтказмоқда. Акс ҳолда, «Арсенал»нинг «Вест Хэм»дан, «Челси»нинг «Манчестер Сити»дан мағлуб бўлиши мухлисларни бу қадар ҳайратга солмасди.

Маълум бўлмоқдаки, ғалаба учун кўп куч сарфланиши ғолиб жамоанинг функционал ва руҳий ҳолатида барибир, салбий изини қолдиради. Айни шу сабабларга кўра, «Насаф» турнир жадвалида «Локомо­тив»ни изчил таъқиб этиш имкониятини қўлдан чиқарди. Қисқаси, «Металлург» ва «Бухоро» клублари Қаршидан 5 очко олиб кетишди. Агар шу 5 очко «Насаф» ҳисобига ёзилганида, турнир пешқадамлиги учун «Пахтакор» ва «Локомотив» ўртасида бораётган рақобат яна-да ўзгачароқ, яна-да кескинроқ кечарди. «Аждарлар» бизни аниқ-тиниқ кўриниб, сезилиб турган «интрига»дан мосуво қилишди. Нима ҳам дердик, бунинг учун уларни айблаш ноўрин. Боз устига, мулоҳазаларимизни бузиб, ўзгача талқин этадиганлар ҳам кўпайиб қолишди. Юқоридаги мулоҳазалар ҳам «Насаф»га тарафкашлик ёки «Металлург» ва «Бухоро»нинг Қаршида қимматли очколарни қўлга киритишига ғайирлик натижаси эмас, албатта. Биз шунчаки, чемпионлик унвони учун жиддий курашувчи, шунинг натижасида «интрига»ни кучайтирувчи жамоалар сони лоақал 3та етишини истаяпмиз, холос. Ўйлаймизки, сал аввалроқ «Бухоро»ни уйғонишга даъват этганимиз бухоролик мухлис ёдида. Ўшанда «Бухоро» учун шундай даъват зарур эди. Қаршида қўлга киритилган бир  очко жамоага куч-ғайрат бахш айлаши аниқ. Буни кўпчилик тушуниб турибди. Аммо «Насаф» ва «Бунёдкор» клубларининг икки пешқадамдан ортда қолишга розидек кўринишаётгани бошқалар қатори бизни ҳам ташвишлантирмоқда.

Йўқ, бундай бўлмаслиги лозим. Ишонамизки, «Насаф» ҳам, «Бунёдкор» ҳам бунга асло рози бўлмайди. Шундоқ ҳам ўрта бўғин жамоаларининг турнир жадвалидаги вазиятни ғоят усталик билан бошқаришаётгани мухлисларни ажаблантирмоқда. «Насаф» ва «Бунёдкор» жамоалари улар томон пастлаб бормасликлари, аксинча, «Пахтакор» ва «Локомотив» сари кўтарилишлари шарт. Наинки, чемпионлик орзуси, балки футболимиз равнақи учун кураш жараёни ҳам уларнинг зиммасига шундай қутлуғ миссия юклайди. Салгина хотиржамлик мазкур эзгу мақсадларнинг рўёбига зимдан зарба беради. Унча-бунча синч­ков мухлис ва мутахассис бу зарбани сезмайди ёки сезса-да ўзини сезмасликка олади. Виждони безовта қилаётган киши эса ичида юзага чиқариб бўлмайдиган гаплар борлигини айтади-ю, аммо уларни барибир, ичида сақлайди. Ўша айтилмай қолаётган, ичда сақланаётган гаплар барчани қизиқтириши табиий. Фикримизча, шу айтилмай қолаётган гаплар айтиб юборилса, футболимизда катта инқилобий ўзгаришлар содир бўлади. Биз ғайришуурий тарзда ўша ичда сақланаётган гаплар аслида футболимизнинг глобал муаммоларига алоқадор эканини ҳис қилмоқдамиз. Нега? Негаки, бутун футбол муҳитини мувозанатдан чиқарадиган, яхлит футбол организмини зирқиратадиган мулоҳазаларнигина айрим мутахассислар айтишдан қочишади. Уларда футболимиз муаммоларига дахлдор маълумотлар, таъкидлар, далиллар етарли. Ҳаттоки, келишилган ўйинлар билан боғлиқ ахборотлар ҳам ўнлаб, юзлаб мураббийлар, мутасаддилар ва футболчиларга маълум. Ахир, «муроса»да энг камида 2 киши ўзаро келишади. Дейлик, бир жамоа сардори рақиб дарвозабонини йўлдан уради. Хўш, шу билан ёпиғлиқ қозон ёпиғлиқми? Йўқ, йўқ! Ўша икки киши барибир, яқинларига ёрилади. Шундай қилиб, сирдан бохабарлар сони кўпаяди.

Шу маънода айтсак, келишилган баҳснинг фош этиш қийин масала экани ҳақидаги гап-сўзларга бунчалик ёпишиб олиш ярамайди. Анча йиллар аввал холи бир ошхонада икки футболчининг ўзаро суҳбатига беихтиёр гувоҳ бўлгандик. Ўшанда ҳамсуҳбатлар тилга олган маълумотлар онгу шууримизни ағдар-тўнтар қилиб юборганди. Унда ҳали футбол журналистикасига қадам босмагандик. Йиллар ўтиб, ўша суҳбат тез-тез ўзини эслатмоқда. Футболдан олаётган фароғатимизга соя солаётган фитна санъатини қандай таърифлашга ҳам ҳайронсан киши. Фридрих Клингер қаламига мансуб «Фауст­нинг ҳаёти, аъмоли ва жаҳаннамга қулаши» номли асар таассуротлари эса футболдаги Фаустлар хусусида ўйлашга, мулоҳаза юритишга ундайди. Йўқ, биз ҳам бу мулоҳазаларни айтишдан сақланамиз. Чунки улар фактларга эмас, балки мантиққа асосланган, холос. Мантиққа асосланган мулоҳазалар туҳмат сифатида баҳоланадиган муҳитда биз ҳам гоҳо шундай йўл тутишга мажбурмиз. Таъкидлаш жоизки, сўнгги ҳафталарда таҳририятимиз жиддий синовдан ўтди. «Интерфутбол» саҳифаларида эълон қилинган мулоҳазаларга нисбатан турли расмий - норасмий муносабатлар  билдирилди. Очиғи, мазмунидан қатъий назар, ўша муносабатлардан хурсанд­миз. Ёзилган мақолалар таъсирсиз қолаверса, уларга ижобий ёки салбий муносабат сезилмаса, бундан ёмони йўқ. Хайриятки, орамизда мақолаларга раддиянамо бўлса-да, муносабат билдирадиганлар бор. Бунинг учун уларга раҳмат! Фақат, бир эътирозимиз шуки, ўша раддиянамо муносабатларни матбуотда эълон қилишса, яхши бўларди. Баҳс давом этсин. Майли, томонлар ўзларини ҳақ санайверишсин. Муҳими, бундан футболимиз ютади. Ишончимиз комилки, қизғин ва жиддий тус олган мунозарага мутасаддилар албатта, эътибор қаратишади. Эртами-индин  кимдир «Ичингда қанақа гап бор?, «Нега бундай мулоҳаза юритдинг?» деб сўрайди. Ҳозирча эса барча жим. Шундай таассурот туғилмоқдаки, гўё, миллий чемпионатимизда келишилган баҳсларнинг бўлиши ақлга сиғмайди. Ҳамма ҳалол ўйин тарафдори, ҳамма футболимиз равнақи учун бел боғлаган, шахсий манфааатини ўйлайдиган бирор мураббий, ўйинчи ёки мутасаддини  футбол муҳитимиздан топиш мушкул. Оҳ,оҳ, қани энди шундай бўлса?! Футболимиз ютуқлари ҳақида ёзаверсанг, ёзаверсанг, тўймасанг. Кошки эди, шундай бўлса?! Биздаги футбол воқелиги бутунлай бунинг аксини кўрсатмоқда. Аксарият мухлислар миллий терма жамоамизнинг бўлажак учрашувларини хавотир билан кутишмоқда. Зиддиятни қарангки, ўша хавотир туйғуси ўрта бўғин жамоаларидаги хотиржамлик руҳи билан ёнма-ён. Назаримизда, «Олмалиқ», «Металлург», «Навбаҳор», «Қизилқум» клублари 19-турдаги мағлубиятлардан у қадар оғринишмади. Уларнинг турнир жадвалидаги ўринлари мустаҳкам. Мағлубиятдан сўнг ҳам ҳар бир жамоа ўз ўрнини сақлаб қолади. «Шўртан»га эса қойил, албатта. Гарчи «Динамо»га 3 очко сув ва ҳаводек зарур бўлса-да, Мухтор Қурбонов шогирдлари бу тўғрида ўйлаб ўтиришмади, яъни дурангга эришишди. Тўғри, бу ҳисоб «Динамо» учун аламли, аммо кураш шундай кечгани маъқул. «Вест Хэм» - «Борнмут»,  «Вест Бромвич - «Челси» учрашувларидаги ҳаяжон ва «интрига» ҳар лаҳзада Самарқанддаги баҳсни ёдимизга солиб турди. Фақат бизда уларнинг мазмун-мундарижасини қиёслаш имкони бўлмади. Бунинг сабаби, барчага аён: «Спорт» телеканали тур учрашувларидан 1-2тасини намойиш этади, холос.

Хуллас, «Борнмут» футболчиси Уилсон пенальтини аниқ амалга оширгани боис, «хет-трик» қайд этди. «Вест Бромвич» футболчиси Моррисон эса пенальтидан самарали фойдаланолмай, бундай имкониятни кўкка совурди. Олий лиганинг 19-турида ҳам мана шу каби фойдаланилган ва фойдаланилмаган имконлар оғриғи бўй ростлади...     

Муҳаммад Вали, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 21:13, 27.08.2015.
Ўқилди: 3849 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.