Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Суперюлдуз бўлса ўзига

Баҳо:
+ | -

Футбол гоҳида шундай бераҳм ва адолатсиздек кўринадики, асти қўяверасиз. Миллионлар ўйини тарихига назар солиб, бундай «бераҳмлик» ва «адолатсизлик»дан жабр чекишган суперюлдузларни етарлича келтириш мумкин. Мисол учун, футбол тараққиётига улкан ҳисса қўшган ва ўзининг бетакрор ҳаракатларию, хулқи билан барчага ўрнак ўлароқ хизмат қилган бечора Райан Гиггзга ҳаттоки, ЖЧ финал босқичида ўйнаш насиб этмаган. Унинг «айби» - Уэльсда туғилгани ва шу юртнинг камтаринроқ терма жамоасида ўйнагани. Умуман, катта турнир мазасини тотиб кўрмаган қанчадан-қанча футболчиларни санаб ўтиш мумкин. Қуйида эса суперюлдуз даражасида ўйнаганларига қарамай, АПЛ бош совринини ютолмаган футболчилар ҳақида сўз боради. Аниқроғи, АПЛ «тан олмаган» 9 нафар юлдузга  эътибор қаратамиз.

Давид Жинола. Шубҳасиз, премьер-лига тарихидаги энг яхши футболчилардан бири. Эҳтимолки, у инглизлар биринчилиги тарихида АПЛда ўйнаган энг яхши француздир, агарда Эрик Кантонани ҳисобга олмасак. Диққатга сазовор томони шуки, Жинола қайси клубда ўйнамасин, барчасида бирдек порлаган, ноодатий ҳаракатлари билан мухлислар қалбидан жой олган. Яъни «Ньюкасл» ва «Тоттенхэм»да ҳам, «Астон Вилла» ва «Эвертон»да ҳам жамоатчилик ёқимтойига айланган. «Жинола - менинг жамоамга қарши ўйнаган 3 нафар энг яхши футболчидан бири». Бу таъриф кимсан Алекс Фергюсонга тегишли. Шунинг ўзи Давиднинг қандай мавқега эга бўлганидан далолат. Ахир «МЮ»га қарши қандай юлдузлар тўп суришганини ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Тўғри, Жинола чемпионатнинг аутсайдер клубларида фаолият юритмаган. Айтайлик, 1995|1996 йиллар мавсумида «қарғалар» билан ҳаттоки, олтин медаль учун даъвогарлик қилган. Бироқ «Ньюкасл» бу кураш якунида «МЮ»дан енгилган ва Жинола сермазмун фаолиятини олтин медалсиз якунлаган.

 

Гарет Бэйл. Эҳтимолки, уэльслик футболчига ҳали АПЛ олий совринини боши узра баланд кўтариш насиб ҳам этар. Бироқ факт шуки, у «Реал»га ўтгунига қадар «Тоттенхэм»да 6 йил тўп сурган бўлсада, бундай имкониятдан анча йироқ юрди. Зеро, унинг клуби энг яхши ҳолатда ЧЛ йўлланмасига эга бўлиш учун кураш олиб борди, холос. Гаретнинг ўзи эса АПЛнинг мутлақ юлдузи мақомига кўтарилди. Ҳар ҳолда, «Тоттенхэм»даги охирги 3 йиллик фаолияти давомида шундай бўлди. Якунда Даниэль Леви («шпорлар» соҳиби) супер-юлдузни деярли 100 млн. еврога баҳолади ва у «Реал» мухлислари қалбини ром этишга чоғланди. Тўғри, ҳозирча бунинг уддасидан чиққани йўқ. Боз устига, бутун ёз бўйи унинг «МЮ»га ўтиши ҳақидаги гап-сўзлар тинмади. Шундай экан, Гарет қачондир Англияга қайтиши ва ниҳоят, АПЛ бош совринини ҳам ютиши эҳтимолдан холи эмас.

 

Брэд Фридель. Балки америкалик дарвозабонни суперюлдузлар қаторига қўшиш ғалатидир. Лекин у АПЛнинг энг тажрибали иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Яна ҳурматли фахрийси ҳам. Эътибор беринг, Фридель инглиз лигасида нақ 18 мавсум ўйнади. Бу 450тадан кўп ўйин деганидир. Бироқ на «Ливерпуль» ва «Астон Вилла», на «Блэкберн» ва «Тоттенхэм» америкаликка чемпионлик медалини бўйнига тақиш имкониятини берди. «Менинг фаолиятим - бу чинакам афсона. Шундай экан, нимадандир афсусланишим аҳмоқлик саналади» - Фриделнинг бу гапидан кўриниб турибдики, у олтин медаль ютмагани учун тақдиридан сира нолимайди.

 

Марсель Десайи. ЖЧ-98 ва Евро-2000 ғолиби «Челси»га нақ 6 йил сидқидилдан хизмат қилди. Французнинг эталон ҳимоячи эканлигини ҳамда энг олий совринларга муносиблигини барча тан оларди. Ҳа, у нафақат терма жамоаси, балки клуби билан ҳам шоҳсупада туришга ҳақли эди. Бироқ Марселга шунчаки, омадсизлик панд берди. Биринчидан, у «Челси»да ўйнаган пайт жамоа чакки эмасди, аммо топ-даражага кирмасди. Иккинчидан, Десайи «кўклар» билан ноўрин вақтда хайрлашди. Зеро, кетишидан кейин клуб Абрамович томонидан сотиб олинди ва совринларга чинакамига кураш бошлади. Қисқаси, Марсель яна бир йил Лондонда қолганида олтин медални ютарди, ўзи муносиб бўлган медални.

 

Мэтт Ле Тиссье. Клубга содиқлик нималарга олиб келади-ей... Бир томондан, футболчи фанатлар ёқимтойига айланади, жамоадошлари ҳурматини қозонади ва мағрурлик ҳиссини туяди. Иккинчи томондан, жиддий ғалабаларсиз ўтади. Ле Тиссье бунга ёрқин мисол. «Саутгемптон» етакчиси фаолияти энг чўққига чиққан пайт «МЮ», «Арсенал» ва «Блэкберн» каби чемпионлик учун курашувчи клублардан дамба-дам таклифлар олган. Бироқ ҳар сафар уларни рад этган. Эвазига «авлиёлар» сафида 443та ўйинда майдонга тушиб, 161та гол урган! Бироқ Англия чемпиони мақомидан бенасиб қолган. «Хотиним билан ажрашишим мумкинми? Албатта! «Саутгемптон»дан кетишим мумкинми? Жин урсин, албатта, йўқ!» Ле Тиссьенинг шу биргина гапи унинг «авлиёлар»га нақадар содиқ бўлганидан нишона.

 

Жейми Каррагер. Яна бир ўхшаш тақдир. Фақат фарқли томони шуки, англиялик футболчи «Ливерпуль» билан етарлича совринлар ютди. Биргина ЧЛ кубоги кўп нарсани англатади. Бироқ Жейми «қизиллар» сафидаги 17 йиллик фаолияти давомида турли даражадаги футболчилар билан ҳамкорлик қилганига қарамай, чемпионат финишига 1-ўринда келишдан бебаҳра қолди. Айтганча, Каррагер битта жиҳатда Десайининг тақдирини ҳам деярли такрорлади. У клубдан кетиши билан «Ливерпуль» чемпионликка деярли эришди, фарқи шуки, Десайи бошқа жамоага ўтиш билан олтин медалсиз қолган бўлса, бетакрор Карра фаолиятига шунчаки, нуқта қўйганди. Луис Суарес бошқарувидаги «қизиллар» мавсум-2013|2014да қандай ўйнашганию, фақат охирида «олтин»ни «Манчестер Сити»га ўз қўллари билан топшириб қўйишгани ҳали хотирангиздан ўчмаган бўлса керак.

 

Хаби Алонсо. «Ливерпул»нинг яна бир шавкатли вакили. Бироқ испаниялик ярим ҳимоячи Каррагердан фарқли ўлароқ, бутун фаолиятини чемпионликсиз ўтказишни хоҳламади. Тўғрироғи, 5 йил «қизиллар»га аъло даражада ёрдам бериш баробарида ЧЛда ғолиб чиқди ва шундан сўнг Мадридга йўл олди. Натижада «Реал» билан миллий чемпионатда ҳам ғалаба таъмини тотиб кўрди. Энди эса «Бавария»да бу масалада катта муаммоларни сезмаяпти.

Жанфранко Зола. АПЛд куч-қудратини тўла намойиш этган яна бир буюк футболчи. У Англия чемпионатида нақ 7 йил тўп сурди ва бу вақтни борича «Челси»га бағишлади. Итальян «кўклар» сафида чинакамига порлагани, ҳужумкорликда барча-барчанинг кўнглига катта ғулғула солганига қарамай, шахсий коллекцияси, яъни совринлар қўйилган музейида битта бўш жой қолди. Ҳа, АПЛ чемпионига бериладиган кубок шундай ўжар ва тутқич бермас. У Золадек буюкларни ҳам армонда қолдирган.

 

Стивен Жеррард. АПЛ тарихида чемпионлик медалига энг муносиб бўлган, аммо ундан бенасиб қолган футболчи ким? Кўпчилик бу саволга шубҳасиз, бир хил жавоб беради: «Стивен Жеррард». Дарҳақиқат, «Ливерпул»нинг чинакам етакчиси бир эмас, бир неча марта чемпионлик шаробини ичишга лойиқ ўйин кўрсатди. Сир эмас, Жозе Моу-риньо уни фаоллик билан «Челси» сафига чорлади. Бироқ Стив буюк мураббийга қиё ҳам боқмади. Чунки ўз ҳаётини «Ливерпул»сиз тасаввур қилолмасди. Унинг жонажон клуби билан чемпионатда ғалаба қозонмаганлиги ғоят ачинарли. Ачинарли ва афсусланарли томони шундаки, «Ливерпуль» асосан айнан Стив Жининг беўхшов хатоси туфайли мавсум-2013|2014ни биринчи ўринда якунлаш имкониятини йўққа чиқарди. Ҳа, «Челси»га қарши ўша аламли ўйинда «қизиллар» сардори сирғаниб кетмаганида нима бўларди...? Эҳ, шунчалик шафқатсизмисан, футбол...?

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 22:04, 07.09.2015.
Ўқилди: 4651 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.