Хабарингиз бор, яқинда Жаҳон Чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоамиз 3-4-тур учрашувларини ўтказди.
Дастлаб Яман, сўнгра Филиппин терма жамоалари таслим этилган мазкур ўйинлар бош жамоамиз учун жуда муҳим эди. Зеро мазкур саралаш босқичи биз учун унча муваффақиятли бошланмаганди. КХДРга қарши ўйиндаги мағлубиятдан сўнг (2:4), бизни фақат ва фақат ғалаба қаноатлантирар эди. Қолаверса, миллий терма жамоамизда бош мураббий ўзгарганига унча кўп вақт бўлмаганди. Самвел Бабаяннинг илк расмий ўйини қандай натижада якун топиши барча учун бирдек қизиқ эди.
Шукрки, якунда барчаси биз учун омадли кўриниш олди. Яман ҳам, Филиппин ҳам мағлубиятга учратилди. Демак, Бабаян илк синовдан муваффақиятли ўтди, десак хато бўлмайди. “Пахтакор” марказий стадионида Яманга қарши ўтган учрашувда нафақат Самвел Бабаян “дебют қилди”, балки Александр Лобанов, Жавоҳир Соҳибов ҳамда Элдор Шомуродовлар ҳам бош жамоамиз либосида илк ўйинларини ўтказишди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, мазкур йиғин доирасида ўтган учрашувларга анча вақтдан буён терма жамоага чақирилмаётган Александр Гейнрих ҳам жалб этилгани кўплаб мухлис-у мутахассисларнинг ажабланишига сабаб бўлди. Баъзилар бундан хурсанд бўлган бўлишса, яна бир қанча одамлар “қария” Гейнрих чақирилганини шунчаки “ҳазм қила” билишмади. Хўш, Самвел Бабаян Сашани миллий термага қайтариб, тўғри иш қилдими?! Ёки Гейнрихнинг термамизга ғалаба келтирган голни киритгани оддий бир тасодифми? Қуйида шу саволга жавоб излашга ҳаракат қилсак…
Александр Гейнрих – ўзбек футболи тарихидаги энг маҳоратли ҳужумчилардан саналади. Буни ҳеч ким инкор қила олмаса керак, наздимизда. Зеро Саша майдонга тушган ўйинларда бош жамоамиз доимо жозибакор ўйин кўрсатиб келган. Гейнрих нафақат гол киритишга ҳаракат қилади, балки у мухлислар учун ҳам ўйнашини барчамиз яхши биламиз. Александр доимо ўзининг ноодатий қарорлари ва антиқа тарзда киритилган голлари билан ўзбекистонлик мухлисларни хурсанд этиб келган. Лекин сўнгги йилларда унинг ҳам ёши ўтиб бормоқда ва бу табиий тарзда Сашанинг ўйинида аввалгига қараганда, бироз бўлсада пастлашни юзага келтирди. Шуни инобатга олган Миржалол Қосимов охирги пайтларда Гейнрихни терма йиғинларига чақирмай қўйганди. Лекин Бабаян келгач, у қилган иккита кўзга тезда ташланган янгилик - Александр Лобановнинг ҳамда Александр Гейнрихнинг миллий терма жамоа йиғинига жалб этилгани бўлди.
Маълумот учун Гейнрих Александр РудольфовичТуғилган йили | 1984 йил, 6 октябрь
Туғилган жойи | Ангрен шаҳри
Бўйи | 183 см
Вазни | 79 кг
Амалдаги жамоаси | “Ордабаси”
Эришган натижаси | Ўзбекистон чемпиони (2002, 2005, 2007), Ўзбекситон Кубоги соҳиби (2002, 2005, 2007), Қозоғистон чемпиони (2013), Қозоғистон Суперкубоги соҳиби (2012), Россия чемпиони (2003)
Шахсий ютуқлари | Ўзбекистонда йил футболчиси (2002)
Фаолияти давомида “Дўстлик”, “Пахтакор”, ЦСКА Москва, “Торпедо Москва”, “Сувон Самсунг” (Ж.Корея), “Эмирейтс” (БАА), “Актобе”, “Локомотив” (Тошкент) клубларида тўп сурган.
Гейнрих “камбэк”ни ажойиб гол билан безади. У Яманга қарши ўтган учрашувнинг иккинчи бўлимида майдонга тушиб, қолганлар бутун бошли бир таймда амалга ошира олмаган иш – гол киритишни олти дақиқада эплай олди. Бу эса Гейнрихни термага керак эмас, деб ҳисоблаганларга улкан тажриба эгаси бўлган ҳужумчининг муносиб жавоби бўлди. Нега дейсизми?! Чунки терма жамоа – бу клуб эмас. Клубда бирор ёш ижрочининг иқтидори пайқаб қолиниб, узоқ вақт давомида унинг маҳорати ошиши учун таркибда майдонга тушириб турилади. Бу – табиий хол. Аммо терма жамоа ёш истеъдодлар ўйин амалиётига эга бўлиб, ўз маҳорати-ю тажрибасини оширадиган жой эмас. Шундай эмасми…
Терма жамоага келажаги порлоқ дея эътироф этиладиган ҳар бир футболчи ҳам жалб этилавермайдику, ахир! Терма жамоага чиндан ҳам нафи тегадиган (ёши ўтиб қолган бўлса ҳам) ўйинчилар чақирилиши керак, аслини олганда. Агар мана шу пунктдан келиб чиқадиган бўлсак, Самвел Бабаян Александр Гейнрихни термага қайтариб хато қилмади. Миллий терма устозига гол ура биладиган ҳужумчи зарур бўлади. Демак, Бабаян кимни лозим топса, ўшани майдонга туширишга ҳақли.
Шу ўринда яна бир саволга жавоб излаб кўрсак. Хўш, Гейнрих чақирилгани нотўғри бўлган бўлса, унинг ўрнида ким ўйнаши лозим эди?! Шу саволга ким айтарли жавоб қайтара олади?!
Сўнгги пайтларда Игор Сергеев бош жамоамизнинг алмаштириб бўлмас ҳужумчисига айланиб улгурди. У чиндан ҳам ёмон ўйнаётгани йўқ. Кўп бўлмасада, керакли пайтда доим гол киритмоқда. Қолаверса, Игор тўпсиз ҳам жуда яхши ҳаракатланади. Бу эса унинг энг катта ютуғидир.
Қолганларчи? Масалан, Темурхўжа Абдухолиқов бу сафар терма жамоа йиғинига жалб этилди. Абдухолиқов – ёмон ҳужумчи эмас. У миллий чемпионатимизда ҳам ёмон кўринмаяпти. Темурхўжа бош жамоага чақирилиши мумкин ҳужумчилар орасида энг асосий номзодлардан бири. Лекин тан олиб айтайлик, Темурхўжа Абдухолиқов кетма-кет голлар киритиб ташлаганини ким эслай олади?! Масалан, мен қанча ҳаракат қилмай, бундай ҳолатни ёдимга тушира олмадим…
Кейинги номзод – Элдор Шомуродов. Ёш Шомуродов бугунги кундаги энг умидли футболчиларимиздан бири. У олдинги чизиқда жуда яхши ҳаракатланмоқда. Охирги пайтларда Элдор Шомуродов “Бунёдкор” таркибида катта ўсишга эриша олди. Шу сабабли ҳам у энди терма жамоа аъзоси. Лекин Элдор терма жамоадан муқим ўрин олиши учун ҳали бироз ўз устида ишлаши лозим бўлади. Унда иштиёқ, истеъдод ва ҳаракат бор. Фақат ундан ТАЖРИБА тўплаш талаб этилади. Бу эса секин-аста вақт ўтгани сайин амалга ошадиган жараёндир.
Бундан ташқари Баҳриддин Ваҳобов ҳақида ҳам гапириб ўтмасак бўлмас. Ушбу тажрибали футболчи жорий мавсумда Олий Лигада қандай ишлар амалга ошираётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ваҳобов ҳозирда ўзининг “ёшлик пайти”ни қайтадан ўтказмоқда, десак хато бўлмас. Аммо тан олиб айтайлик, Баҳриддин Ваҳобовга халқаро майдондаги тажриба етишмайди. У Олий Лигада исталган клуб (хатто гранд жамоалар) мудофаа чизиғига ташвиш туғдира олади. Лекин бизнинг Олий Лига жамоалари ҳимоячиларига қарши ўйнаш билан, халқаро майдонда кучли терма жамоалар футболчиларига қарши тўп суришнинг анчагина фарқи бор.
Яна кимни санаб ўта оламиз?! Бир чақирилиб, сўнг эътибордан четда қолдирилган Зоҳир Қўзибоевними? Ёки Малайзияда нуфуз жиҳатдан иккинчи лигада тўпурарлик қобилиятини намойиш этган Фарҳод Тожиевними? Ўзбекистондек мамлакатнинг бош жамоаси сафига Малайзия қуйи дивизионидан ўйинчи таклиф этса қандай бўларкин… Қолаверса, Тожиев сўнгги икки ойни жароҳатини даволаш билан ўтказмоқда ва унда ҳозирча ўйин амалиёти йўқ.
Булардан бошқа бирор номзодни мен кўраётганим йўқ. Шу сабабдан ҳам (бу менинг шахсий фикрим) Бабаян Саша Гейнрихни яна термага қайтариб, хато иш қилмади. Миллий терма жамоага нафи тегиши мумкин бўлган ҳар қандай футболчи учрашувларга жалб этилиши табиий ҳол . Қария Гейнрих 31 ёшни қаршилаб қўйган бўлса ҳам тўп тепишни унутиб қўймабдику! Бунга бутун мамлакатимиз Яманга қарши ўйинда гувоҳ бўлдик. Агар Александр жароҳати туфайли Филиппинга қарши ўйинни ўтказиб юбормаганида ундан яна бирор чиройли гол кўришимиз ҳам мумкин эди.
Шу ўринда бир гап, азизлар: Агар Самвел Бабаян терма жамоага ортиқ керак бўлмай қолган ўйинчиларни қайтриб, ёш футболчиларга ҳам имкон бериб, сиз-у бизга ёқмайдиган қарор қабул қилиб бўлса ҳам бош жамоамизни мундиал йўлланмасига эга чиқара олса, майли биз розимиз, у истаганича ўзгариш-у янгиликлар қилаверсин! Нима дедингиз, азиз ўқувчи… Зоҳирбек Акрамхонов тайёрлади