Кириш Регистрация
30/12 00:45 Милан 1-1 Рома
30/12 22:30 Комо 2-0 Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

Давид Писарро: «Муҳими - умид ва ишонч»

Баҳо:
+ | -

Чили терма жамоаси фахрийси Давид Писарро ажойиб фаолияти билан мақтанишга ҳақли. 35 ёшли марказий ярим ҳимоячи ўз мамлакати миллий жамоасида узоқ 1999 йили дебют қилган. У 2000 йили Сидней Олимпиадаси футбол турнирида бронза медалини ютган ўйинчилардан бири. Ўша сов­риндорлар орасида миллий жамоа­да фаолиятини давом эттираётган ягона футболчи ҳам Писарродир. Лекин шуниси борки, Австралияда бронза медалини қўлга киритган кўплаб футболчилар Чили термасида Давидга нисбатан кўпроқ ўйнаганлар. Бунинг сабаби бор, албатта. Гап шундаки, 2005-2013 йиллар оралиғида Писарронинг халқаро фаолияти узилиб қолган.  Яъни у шахсий сабабларми ёки бошқа омилларга кўра, асосий эътиборини Европа клуб футболидаги иштирокига қаратганди. Шунга яраша, мақтаса арзийдиган ютуқларга ҳам эришди. Майдонда дирижёр каби тўп сурган футболчи «Интер», «Рома» ва «Фиорентина» клубларида жами 7та соврин соҳибига айланди. Хусусан, «Манчестер Сити»даги қисқа ижара муддати ҳам зафарлардан холи бўлмади. Еврофутболда етарли тажриба тўплаган ярим ҳимоячининг миллий жамоага қайтиши мураббий Хорхе Сампаоли даврига тўғри келди. У Давидни ЖЧ-2014  саралашининг охирги ўйинларига жалб этди. Аммо Писарронинг Бразилия мундиалига боғлаган умидлари оқланмади. Футболчи бундан тушкунликка берилмади, аксинча, сабр билан яна бир имконият туғилишини кутди. Шу имконият жорий йил юзага келди ва Писарро жамоасининг бир қисми сифатида Чили футболи тарихига кирди: «қизиллар» Америка кубоги тарихида илк марта шоҳсупага кўтарилдилар. Давид эса оламшумул ғалабага Чили майдонларида ўтган турнирда жамоасининг 6та ўйинидан 4тасида иштирок этиш билан ҳисса қўшди. Яқинда фахрий футболчи Европадаги 17 йиллик фаолиятидан сўнг ўз юртига қайтиб, илк клуби - «Сантьяго Уондерерс» сафини тўлдирди. FIFA.соm сайти эса, Давид билан La Roja (Чили термаси)нинг чинакам қаҳрамонлиги хусусида суҳбатлашди.

- Шахсан сиз Чили термасининг Америка кубогида зафар қозонишига ишонганмидингиз?

- Ишонган-ишонмаганлигим мутлақо бошқа масала. Асосий факт шуки, биз ўта муҳим ишни амалга оширдик. Чемпионатдаги ғалаба Чили халқи учун катта аҳамият касб этади. Ахир бизнинг терма жамоа ҳеч қачон бу даражадаги ютуққа эришмаганди. Эшитишимча, мухлислар 4 июл (Америка кубоги-2015 финали бўлган кун)ни Чили спортининг миллий байрами сифатида белгилашни хоҳлашаётган экан. Бу катта гап. Лекин фахрланиш баробарида савол ҳам туғилади: наҳотки, мухлисларимиз бизни яна нимадир ютишимизга шубҳа қилаётган бўлсалар (кулади)...

- Хўш, миллий жамоангизнинг ке­йинги қадами, келажагини қандай кўр-япсиз?

- Асосий вазифа тайин - ҳозирги авлод футболчиларининг маҳоратидан тўлиқ фойдаланиш ва келажакда фақат совринлар учун курашувчи жамоага асос солиш. Шахсан мен Чили футболининг юксалишига Марсело Бьелса беминнат ҳисса қўшди, деб ҳисоблайман. Унинг миллий футболимиз олдидаги хизматини Йохан Кройфф «Барселона»да бажарган ишлар кўламига тенглаштираман. Ҳозирги натижаларни таъминлаган ғояни айнан Бьелса олиб кирганди.

- Чили термаси Америка кубогидаги ғалабаси билан Конфедерациялар кубоги-2017 турнирига йўлланма олди. ФИФА турнирида иштирок этиш аҳамиятини қандай баҳолайсиз?

- Табиийки, бундан ғоят хурсандмиз. Бўлажак турнирда барча қитъаларнинг энг кучли терма жамоалари билан рақобатлашиш имкониятини қўлга киритдик. Насиб этса, кейинги ЖЧ финал раундига ҳам чиқамиз. Шундай тақдирда Конфедерациялар кубоги ўйинлари Россия мундиали олдидан жиддий синов вазифасини ўтайди. Умуман, ФИФА турнирининг футболимизга фойдаси катта: жамоа ва футболчиларда кучли характер шаклланади.

- Муваффақиятли одимни давом эттиришда энг мураккаб иш нима, сизнингча?

- Камтарликни сақлаб қолиш. Ҳарқалай, ютуқдан ҳаволаниб кетиш катта муаммоларни келтириб чиқаради. Шу маънода айтсам, ижтимоий медиа ҳам чегарани билиши керак. Чунончи, мақтов меъёридан ошиб кетса, бу фақат жамоа зарарига ишлайди.

- Юқорида навбатдаги ЖЧ ҳақида гапирдингиз. 35 ёшли Писарро шахсан ўзининг Россия-2018 мундиалига боришини нечоғли реал вазифа, деб билади?

- Айни пайтдаги орзум ҳам шу - ЖЧга бориш. Муайян сабабларга кўра, аввалги жаҳон кубоги турнирларини ўтказиб юборишимга тўғри келди. Лекин шу кемтикни тўлдириш имконияти йўқ эмас. Бинобарин, футболда ЖЧдан устун турувчи турнирнинг ўзи йўқ. Шундай экан, мундиалда ўйнашдан охиригача умид узмайман ва бунинг учун боримни беришга тайёрман. Яна келажакка ишонч билан қарайман.

- Маълумки, Ж. Америка ҳудудидаги саралаш босқичи ақл бовар қилмас рақобат остида ўтади - 10та жамоанинг деярли барчаси йўлланмага даъвогар ҳисобланади...

- Қайтараман, футболчи учун жаҳон чемпионатида ўйнаш ўзига хос чўққи ҳисобланади. Биз энди Жанубий Америка чемпиони мақоми билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Ҳа, олдинда жамоамизни ўта қийин ўйинлар кутиб турибди. Аммо ҳозирги авлод футболчилари - Видаль, Алексис Санчес, Медель, Клаудио Браво кабилар кўп нарсага қодирлар. Хуллас, агарда ўз ўйинимизни кўрсатишда давом этсак, катта муаммога йўлиқмаймиз. Шахсан мен жамоамиз салоҳиятига шубҳа қилмайман.

- Сиз санаб ўтган футболчиларга эга жамоа ЖЧда ҳам фаворитлар қаторига кира олармикин?

- Бунчалик олдинлаб кетиш ярамайди. Яхшиси, ҳозирги кун, остонадаги вазифалар ҳақида ўйлаган маъқул. Яна бир томони, Жанубий Америкада саралаш босқичи узоқ давом этади. Одатий грандлар қатори Перу ва Парагвай миллий жамоаларининг ҳам йўлланмага даъво қилишлари тайин. Боз устига, ер сатҳидан анча баланддаги Эквадор ва Боливияда ўйнаш ҳамиша оғир. Демоқчиманки, биз аввало, саралашдан муваффақиятли ўтишимиз лозим. Шундан кейингина ЖЧ финал босқичи ҳақида гаплашсак арзийди.

- Жамоа фахрийси сифатида La Roja кийиниш хонасида қандай ролга эгасиз?

- Асосий қоидам - йигитлар билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлишга интилиш. Албатта, вазият тақозосига кўра, қандайдир маслаҳатлар беришим мумкин. Ахир футбол жамоавий спорт тури ва унда бирдамлик муваффақият гаровидир.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:38, 11.09.2015.
Ўқилди: 1572 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.