Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Элита ва биринчи лига ёхуд финалга қиёс ўйин

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсум олий лига форматида бир қатор ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, мусобақа иштирокчилари сони яна 16тага оширилди. Мазкур қарор элита равнақига хизмат қилса-ку, нур устига аъло нур. Акс ҳолда... Ўз навбатида, ўтган мавсум аутсайдерликни қойиллатган «Сўғдиёна» ва «Андижон»нинг элитада олиб қолинганини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Бунга сабаб вазифасини ўтаган янги ислоҳотни қўллаб-қувватловчилардан кўра, унга қарши чиқувчилар кўпчиликни ташкил қилгани ҳам рост. Спорт принципларининг инобатга олинмаслиги кимга ҳам ёқарди?

ЯНГИЧА КУРАШ

Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Олий дивизион билан боғлиқ яна бир янгилик футбол жамоатчилиги эътиборидан четда қолгандек. Ушбу мавзу мавсум якунланиши арафасида тилдан-тилга кўчса, ажабмас. Умуман олганда, мазкур ўзгаришнинг ижобий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, янги форматга кўра, эндиликда жадвалнинг фақат сўнгги поғонасини эгаллаган клуб элита билан тўғридан-тўғри хайрлашади. 15-ўрин эгаси эса қуйи лигада 2-ўриндан жой олган жамоа билан «плей-офф»да куч синашади. Омади чопган келгуси мавсумни олий лигада ўтказади. Ютқазган эса, аксинча... Айтиш жоиз, мазкур янгиликнинг фойдали жиҳатлари ҳам бисёр ва биз уларга бирма-бир тўхталамиз. Лекин бундан аввал бир муддат  тарихга назар ташласак...

 

ТАРИХ

Сўнгги йилларда олий ва биринчи лигадаги жамоаларнинг ўрин алмашишларида қандайдир стандартлик вужудга келгандек, гўё. Шундай вақтлар бўлдики, қуйи дивизионда ғолибликни қўлга киритган жамоа элитада қатнашишни истамади. Хўш, ушбу клубда хоҳиш йўқмиди ёки маблағ? Нима бўлганда ҳам, 2008 йилда «Дўстлик-2008», 2009 йилда эса «Қўқон-1912» олий лигада ўйнашдан воз кечди. Шундай ҳолатда спорт принципи ҳақида гапириш мумкинми? Оқибатда элита рақобат, биринчи лига эса жиддий кураш танқислигига юз тутди. Албатта, бу катта муаммо. Бироқ тадбиркор ПФЛ мазкур муаммони осон ва анъанавий йўл билан ҳал қилди - 2010 йилдан эътиборан олий лига жамоалари сони 16тадан 14тага қисқартирилди.

Ўша даврдан эътиборан ҳар икки лигада жамоа алмашиш борасида ўзига хос анъана пайдо бўлди. Яъни, бир мавсум олий лигада ўйини қовушмай, қуйи дивизионга «сурган қилинган» жамоа келаси йилни биринчи лига пешқадами сифатида якунлашга эришарди. Бу эса ушбу клубнинг элитага қайтишига ишора. Қатор йиллар элита орзусида ёнган бошқа жамоалар эса яна бир мавсум шунчаки иштирок билан кифояланишади. Бу нимадан далолат? Ўзбекистонда олий лига савиясига мос 16та жамоа бор холосми? Мабодо бу фикр тўғри бўлса, элита иштирокчиларининг сони 14талигича қолгани афзал эмасмикан? Ҳар ҳолда мазкур қарор ижроси биринчи лига баҳсларига бироз интрига бағишлармиди?

 

ТАБАҚАЛАНИШ

Охир-оқибат ўзбек клублари орасида табақаланиш вужудга келди. «Андижон», «Сўғдиёна», «Бухоро» ва «Қизилқум» каби клублар элитада жон сақлаш, олий ва биринчи лига ўртасида «сайр қилиш»га одатланишди. «Металлург», «Олмалиқ«, «Нефт­чи» ва «Навбаҳор» эса мунтазам равишда ўртамиёналар сафидан ўрин олдилар. Шунингдек, чемпионлик учун курашувчиларни олдиндан тахмин қилишга кўникдик - «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив» ва «Насаф».  «Хоразм» ва «Гулистон» каби клублар олий лига ҳавосидан бир мавсум баҳра олгач, ортга - қуйи дивизионга равона бўлишди. Элита қўядиган талабларга жавоб бериш биринчи лигадан чиққан ҳар бир клубга ҳам насиб этавермаслиги кундек равшан.

Шундай экан, энг мақбул йўл - олий лига иштирокчилари сонини 14тагача қисқартириш.

 

БУГУНГИ КУН

Буни қарангки, ушбу формат жорий мавсумдан эътиборан барҳам топди. Ҳозирда олий лигада яна 16та жамоа иштирок этяпти. Бу ўзгаришнинг нечоғли фойда келтиришини вақт ўтгач билиб оламиз. Бирор қарорнинг натижасини кўрмай туриб, у ҳақда фикр билдириш қийин, албатта. Ҳозирча фақат бир жиҳатни эътироф этишимиз мумкин: элита аутсайдерларидан бирининг «плей-офф»да қатнашиши диққатга сазовор, мазкур тизимнинг фойдали томонлари бисёр.

Биринчидан, олий лига даражасига мос келмаган клуб элитада тасодифан пайдо бўлиш «хавфи»дан суғурталанади. Иккинчидан эса, футбол мухлислари мавсум охирида қизиқарли ва кескин курашларга бой ўтадиган иккита ўйинни томоша қилиш имкониятини қўлга киритадилар. Зеро, ўртага олий лига йўлланмаси қўйилган баҳснинг интригага бой ўтишига шубҳа йўқ. Финалга қиёс бундай учрашувларни кузатиш ҳар бир ишқибозга мароқ бағишлаши аниқ.

Ишқилиб бу ўйинлар «Спорт» телеканали орқали намойиш этилсинда. Ёки унинг трансляциясини ҳам «Узрепорт-ТВ» сотиб олармикан?

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:25, 19.09.2015.
Ўқилди: 2440 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.