Олий лиганинг 23-турида "Пахтакор" иродали ғалабани қўлга киритди. Нўъмон Ҳасанов шогирдлари "Металлург"га қарши кечган Тошкентдаги ўйинда 2та тўп фарқи билан ортда бораётиб, сўнгги 10 дақиқада ғалабани ўз томонларига оғдира олдилар.
Бекободликлар ўйин бошидан мезбонларга жиддий қаршилик кўрсата бошлашди. Баҳснинг 7-дақиқасида Даврон Ҳошимов ўз жарима майдончаси ичида дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқаётган Абдужабборовни чалиб йиқитди — пенальти. Аюбхон Нўъмонов томонидан йўлланган зарбани Лобанов қайтаришга муваффақ бўлди. Орадан 6 дақиқа ўтиб Аюбхон ўз хатосини тўғирлади ва қанотдан етказилган узатмани "Пахтакор" дарвозасига жойлаб қўйди.
Тошкентликлар биринчи бўлим давомида "Металлург" мудофаасини ёриб ўта олишмади. Иккинчи бўлимда улар ўйинни кучайтиришди ва рақибни ўз жарима майдончасига қамашди. Бироқ учрашувнинг 76-дақиқасида Мирсодиқов шогирдлари қарши ҳужумда "шерлар"ни жазолашди. Аввалига қарши ҳужум бартараф этилгандек кўринганди. Аммо тўпни меҳмонлар эгаллашди ва аниқ пас билан Норбековни яккама-якка вазиятга чиқаришди. Шоҳназар имкониятдан унумли фойдаланди ва ҳисобни 0:2га етказди.
Ўйин тугашига 15 дақиқа қолганидан иккита тўп билан ортда бораётган "Пахтакор"нинг аҳволи оғирлашгандек эди, аммо улар таслим бўлишмади. Ҳужум қилишда давом этишди. Ҳошимовнинг ўнг қанотдан етказган узатмасини Баҳодир Пардаев бош билан дарвозага жойлади (82-дақиқада). Қолган дақиқаларда, жумладан, иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтда "Металлург" ҳимоячилари иккита қўпол хатога йўл қўйишди. Дастлаб Жавоҳир Соҳибов жарима майдончасида йиқитилган бўлса, кейинги вазиятда дарвозага эмас, жарима майдончаси ташқарисига қараб ҳаракат қилаётган Машариповга нисбатан ўйин қоидаси бузилди. Игорь Сергеев ҳар иккала пенальтини голга айлантириб, жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди.
Бугун "Локомотив" Андижондан ғалаба билан қайтди. Натижада пешқадамлар орасидаги 5 очколик фарқ сақланиб қолди.
ПАХТАКОР - МЕТАЛЛУРГ - 3:2 (0:1)
Голлар: Баҳодир Пардаев (82), Игорь Сергеев (89-пенальти, 90+3-пенальти) — Аюбхон Нўъмонов (23), Шоҳназар Норбеков (75)
Ноаниқ пенальти: Аюбхон Нўъмонов (13, дарвозабон)
"Пахтакор": Лобанов, Андреев, Кримец, Ораховац, Ҳошимов, Тожиев, Исматуллаев, Махарадзе (с), Козак, Каримов, Сергеев
Захира: Рибкин, Холмуҳаммедов, Машарипов, Соҳибов, Пардаев, Сидиқов, Мирзаев
"Металлург": Сафоев, Мирабдуллаев, Ҳошимов (с), Каримқулов, Зиёвиддинов, Одилов, Нўъмонов, Вагапов, Сулаймонов, Абдужабборов, Норбеков,
Захира: Султонов, Каримов, Ковалёв, Эсонов, Тошматов, Акбаров, Абдуллаев
Ҳакамлар: О.Толибжонов, Р.Серазетдинов, С.Шоюсупов, Н.Қосимов.
Назоратчи: Ш.Жумаев.