Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Sports.ru: Ўзбекистоннинг 1993 йилдан кейин туғилган 10 иқтидорли футболчиси

Баҳо:
+ | -

Яқинда Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блогида юртимизнинг 1993 йилдан кейин туғилган 10 нафар иқтидорли футболчилари ҳақида сўз борди. Албатта, камолот сари дадил илдамлаётган йигитларни эътироф этиш уларнинг келгусида улкан ютуқларни қўлга киритишларига замин яратиши тайин. Айтиш жоизки, ушбу рўйхатдан жой олган ёшларнинг чиндан ҳам келажаги порлоқ. Қувонарлиси, мазкур кетма-кетликни бошқа кўплаб иқтидорлар номи билан истаганча бойитиш мумкин. Айнан шу омил келажаги порлоқ ўзбек футболчиларидан иборат яна бир рейтинг тузишимизга туртки вазифасини ўтади.

10. Дилшод ҲАМРОЕВ

Прототипи: Игнатий Нестеров

Амплуаси: дарвозабон

Клуби: «Қизилқум»

Туғилган санаси: 1995 йил 11 июль

Ёшлар термаси сафида мундиал ҳавосидан баҳра олган дарвозабонлардан фақат Игнатий Нестеров миллий терма жамоа даражасигача кўтарила олди. Қолганлар эса... Ҳамроевдан айнан шу масалага жиддийроқ ёндошиш талаб этилади. Виктор Жалилов эълон қилган олимпиячилар термаси таркибида унинг номи кўринмадими? Ҳеч қиси йўқ, вазиятни ўнглаш учун Дилшодда ҳали вақт бор. Асосийси, вақт ва имкониятдан унумли фойдаланиб, отни тезроқ қамчилаш даркор. Акс ҳолда, умидли дарвозабонлар ўртасидаги рақобатни бой бериши муқаррар.

9. Суҳроб НУРУЛЛОЕВ

Прототипи: Санжар Турсунов

Амплуаси: қанот ярим ҳимоячиси

Клуби: «Пахтакор»

Туғилган санаси: 1998 йил 4 январь

Афсуски, бу галги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўзбек ўғлонларининг иштирокисиз ўтди. Акс ҳолда, вакилларимиз орасида кўплаб кашфиётлар кўриниш бериши муқаррар эди. Бу номга даъвогарлар орасида Суҳроб Нуруллоев ҳам бор. Чаққон ярим ҳимоячи рақиб ҳимоячиларини доғда қолдира олишини қитъа чемпионатида исботлаганди. Умид қиламизки, ушбу футболчи каттароқ ёшдаги термаларимиз сафида ҳам ўзини ижобий томондан кўрсата олади.

8. Рустам АШУРМАТОВ

Прототипи: Бахтиёр Ашурматов

Амплуаси: марказий|қанот ҳимоячиси

Клуби: «Бунёдкор»

Туғилган санаси: 1996 йил 7 июль

Сўнгги пайтларда «қалдирғочлар» марказий ҳимоясида Хайрулла Каримовга шериклик қилаётган ёш иқтидор эгасининг ўнг қанотда ҳам ишонч­ли ўйнашидан яхши хабардормиз. Айниқса, унинг ҳужумларга фаол қўшила олиши таҳсинга сазовор. Рустам Ашурматов универсаллик борасидаги кўникмаларини ривожлантиришни давом эттираверсин, унинг интилишлари термамиз мураббийлари томонидан беэътибор қолдирилмаслиги аниқ.

7. Жавоҳир СИДДИҚОВ

Прототипи: Сервер Жепаров

Амплуаси: ҳужумкор ярим ҳимоя­чи

Клуби: «Пахтакор»

Туғилган санаси: 1996 йил 8 декабрь

Бу футболчининг асосан, захирадан майдонга тушишига кўникканмиз. Шуни мамнуният билан эътироф этиш жоизки, Жавоҳир Сиддиқов баҳсга қўшилиши ҳамоноқ, ўзининг тезкор хатти-ҳаракатлари билан ўйинда кескин бурилиш ясаш хусусиятига эга. Буни бир неча бор исботлаган ярим ҳимоячидан мураббийлар асосан «сеҳрли таёқча» сифатида фойдаланишади.

6. Отабек ШУКУРОВ

Прототипи: Темур Кападзе

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Клуби: «Бухоро»

Туғилган санаси: 1996 йил 22 июнь

Ўсмирлик чоғида Осиё чемпионлигини қўлга киритган футболчи ҳозирда «Бухоро» сафида тажрибасини оширяпти. Ўзбекистон олимпия терма жамоасига номзодлар қаторидан жой эгаллаган Отабек Шукуров майдон марказида масъулиятни ўз зиммасига олишдан асло чўчимайди. Сир эмаски, барча ёшдаги термаларимизда марказий ярим ҳимояда рақобат кучли. Шукуров ўз устида ишлашда давом этса, ҳар қандай рақобатни енгиб, етакчилар қаторидаги ўрнини сақлаб қолишига шубҳа йўқ. Бунинг учун унда салоҳият ҳам, имконият ҳам етарли.

5. Иброҳим АБДУЛЛАЕВ

Прототипи: Ислом Тўхтахўжаев

Амплуаси: марказий ҳимоячи

Клуби: «Пахтакор»

Туғилган санаси: 1996 йил 5 декабрь

Дастлаб ўсмирлар, сўнгра ёшлар терма жамоаси сафида муносиб иштирок этган ушбу футболчи мураббийлар ишончини қозониб улгурган. Иброҳим Абдуллаев ўйинни уқий олиш қобилиятига эга, энг муҳим паллаларда рақиб ҳужумчиларининг ниятларини чиппакка чиқарганига кўп гувоҳ бўлганмиз. «Пахтакор» вакили ўз устида ишлашда давом этса, яқин келажакда миллий термамиз марказий ҳимоя чизиғи яна бир иқтидор эвазига кучайтирилишига шубҳа йўқ.

4. Миржамол ҚОСИМОВ

Прототипи: Миржалол Қосимов

Амплуаси: ҳужумкор ярим ҳимоя­чи

Клуби: «Бунёдкор»

Туғилган санаси: 1995 йил 24 сентябрь

Жорий йил Янги Зеландияда ўтказилган кичик мундиалда Ўзбекистон термасининг 4-рақамли футболчиси ўз ўйини билан Миржалол Қосимовни эслатгани шубҳасиз. Марказдаги фаоллик, тўп билан енгил ҳаракатланиш, чиройли «пас»лар... Биргина фарқ - Миржамол асосий зарбаларни ўнг оёғида йўллайди. Насиб қилса, кичик Қосимов улкан натижаларни қўлга киритиш борасида отасини ҳам ортда қолдиради. Ҳар ҳолда, футболимиз афсонаси бунга қарши чиқмаслиги аниқ.

3. Одил ҲАМРОБЕКОВ

Прототипи: Одил Аҳмедов

Амплуаси: таянч|марказий ярим ҳимоячи

Клуби: «Насаф»

Туғилган санаси: 1996 йил 13 февраль

«Насаф»даги муҳим фигуралардан бирига айланган ёш футболчи ўзининг меҳнаткашлиги билан ном қозонди. Майдоннинг ҳар бир қаричи учун астойдил курашадиган Ҳамробековнинг ўйини кўп жиҳатдан «Краснодар» вакили Одил Аҳмедовни эслатиб юборади. Кичик Одил ўз адашининг фаолият йўлидан дастуриламал сифатида фойдаланса, Ўзбекистон чемпионатида узоқ ушланиб қолмаслиги аниқ. Айниқса, РФПЛда тажовузкор таянч ярим ҳимоячиларга эҳтиёж юқори. Нимага шаъма қилаётганимизни жуда яхши англадингиз.

2. Достон ҲАМДАМОВ

Прототипи: Сардор Рашидов

Амплуаси: қанот ярим ҳимоячиси

Клуби: «Бунёдкор»

Туғилган санаси: 1996 йил 24 июль

Бу футболчи ҳам Янги Зеландия майдонларида нималарга қодирлигини кўрсата олганлардан бири. Фақат айрим жиҳатларда унга барқарорлик етишмайди. Демак, Достон Ҳамдамовнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш йўлида қиладиган ишлари бисёр. Унинг «Бунёдкор» сафида тўп суришини инобатга олсак, бу вазифани уддалашда тажрибали жамоадошларининг маслаҳатлари асқотиши та­йин. Асосийси, ўзбекнинг ёш «юлдузчалари»га хос касаллик - «йўқолиб қолиш синдроми»га йўлиқмаса бўлгани. Бунинг учун табиийки, ундан астойдил меҳнат қилиш талаб этилади.

1. Элдор ШОМУРОДОВ

Прототипи: Игорь Шквирин

Амплуаси: қанот|марказий ҳужумчи

Клуби: «Бунёдкор»

Туғилган санаси: 1995 йил 29 июнь

Албатта, мазкур рейтингга ушбу футболчининг номини киритмаслик адолатдан эмас. Агар кучли хориж клубларига йўл олиши тахмин қилинаётган ёш футболчилар рўйхати тузиб чиқилса, Элдор Шомуродовнинг номи бошқаларга нисбатан юқорироқда қайд этилиши муқаррар. Манамадаги ўйинда Ўзбекистон миллий термаси сафидаги дебют голини нишонлаган ёш иқтидор эгаси шу йўсин ўсишда давом этса, бош жамоамиз етакчиларидан бирига айланиши мумкин. Умид қиламизки, улкан марралар сари олиб борувчи машаққатли йўлни босиб ўтишда Элдорга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди.

Дарҳақиқат, камолот сари дадил илдамлаётган ёшларимиз бисёр. Умуман, юқорида эътиборингизга ҳавола этилган рўйхатга Хуршид      ғиёсов, Жамшид Болтабоев, Жавлон Мирабдуллаев сингари бошқа кўплаб келажаги порлоқ ўйинчиларни ҳам қўшиш мумкин. Ниятимиз - истиқболли футболчиларимиз фаолиятида асло пасайиш кузатилмасин. Уларнинг Миржалол Қосимов, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов сингари етакчиларга муносиб издош бўлиб етишишларига тилакдошмиз!

Манба: interfutbol.uz

Ўткир УМАРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:51, 17.10.2015.
Ўқилди: 7809 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.