Бу футболчилар бўлмаганида, Англия, Уэльс ҳамда Шимолий Ирландия термалари Европа чемпионати йўлланмасини қўлга киритолмасликлари ҳам ҳеч гап эмасди. Мазкур бешлик Британия империяси орденига чинданда лойиқ эканликларини яна бир карра исботладилар.
Жош Маженнис (Шимолий Ирландия)
Британиялик маҳоратли дарвозабон. Реакцияси ёмон эмас, сакраш борасида яхши кўрсаткичга эга, тўпга чиқишда сифатга эътибор қаратади. Айнан Маженнис 19 ёшида «Ливерпул»га қарши ўйин «заявка»сига киритилган!
Афсуски, Жошнинг киперлик салоҳияти вақтида қадрланмади. «Кардифф Сити»да ўйнаётган кезлари муваффақиятсизлик гирдобида қолиб кетди. «Дастлабки бир неча кун мобайнида ичкиликка ружу қўйдим. Гўёки, мен учун ҳаёт тўхтаб қолгандек эди. Кейинчалик эса майдонда бошқа амплуалар ҳам борлигини англадим», - деганди ўшанда футболчи. Ҳаммаси оддий. Маженнис дастлаб ҳимоя, кейинчалик марказ, сўнгра эса ҳужум чизиғида ўзини синаб кўрди...
Ниҳоят, Жош соф форвард сифатида кўриниш бера бошлади. Ўтган мавсум «Килмарнок»нинг энг яхши тўпурарига айланган футболчи терма жамоасининг Грецияга қарши баҳсида ҳал қилувчи гол муаллифига айланди. Натижада мазкур ғалаба Шимолий Ирландияни расман Европа чемпионатига олиб чиқди.
Гарет Бэйл (Уэльс)
Бэйл чиндан ҳам суперюлдузми? «Реал» уни 100 млн. еврога сотиб олиб тўғри йўл тутдими? Ахир бу пулга ўнлаб ўйинчиларни харид қилиши мумкин эди-ку! Бу борада ҳар қанча тортишса бўлади. Шуниси аёнки, ушбу футболчи Уэльс термаси сафида юқори даражадаги ўйинни намойиш қилмоқда. Бу исбот талаб қилмас ҳақиқат.
Бэйл етакчиликни ўз зиммасига олишга кўниккан. «Тоттенхэм»да ўйнаган кезлари айнан шу ролда АПЛнинг ҳар қандай ҳимоясини ёриб ўтган. «Энг яхшилардан бири» эмас, «яққол етакчи» бўлган кезлари у майдонда мўъжиза ярата олади.
Бу галги саралаш баҳсларида Бэйл 6та гол урди, айнан шу натижа Уэльсни Евро-2016га олиб чиқди. Эътиборлиси, унинг термадаги ҳеч бир жамоадоши иккитадан ортиқ тўп киритмаган. Бэйл бор экан, бошқаларга иш қолармиди?
«Бизнинг термамизда буюк футболчи ўйнайди. Шунчаки ўйнамайди, балки Уэльс учун жонини беришга тайёр. Шундай экан, бизнинг қитъа чемпионати йўлланмасини қўлга киритишимиз ҳеч кимни ажаблантирмаслиги керак. Ҳа, Гарет билан Европа чемпионатида ҳам ғалаба қозониш мумкин», - жамоа бош мураббийи Крис Коулмэннинг оптимистик руҳдаги ушбу фикрларига қўшилмай илож йўқ.
Уэйн Руни (Англия)
Таништириш шарт бўлмаган яна бир футболчи. Рунининг даражаси борасида ҳам турли қарашлар мавжуд. Мазкур масалада футболга алоқадор шахслардан бири - Жон Террининг гапларига қулоқ тутсак:
«Уэйн билан ўйнаш роҳат бағишлайди. Менимча, у Англия терма жамоаси тарихидаги энг яхши футболчи. Руни тўп билан шундай ҳаракатларни амалга оширадики, бунақасини авваллари кўрмаганман. Унда ғолиблик руҳияти ва етакчилик салоҳияти мужассам. Англия термаси - ҳаётининг мазмуни. Миллий жамоага айнан шундай сардорлар керак».
2015 йилнинг 8 сентябрь куни «Уэмбли» стадиони сухандонининг хабаридан сўнг мухлислар олқиши янада кучайди: «Ҳозиргина тарихга гувоҳ бўлдингиз...» Чиндан ҳам, Швейцарияга қарши баҳсда пенальтидан тўп киритган Руни терма жамоа сафидаги 50-голини нишонлаб, бу борада Бобби Чарлтон (49та гол)ни ортда қолдирди.
Уэйн саралаш босқичининг 8та ўйинидаги голҚпас кўрсаткичлари бўйича 8 очко тўплади. У рақиб дарвозасини 7 марта ишғол қилган бўлса, шулардан тўрттаси пенальтидан амалга оширилган. Гап статистика ёки рекордларда эмас - эътиборлиси, Руни бунга қадар Англия термасида етакчи саналмасди. Авлодлар алмашинуви жараёни қийин кечмоқда, аммо вазиятни ўнглашда ҳар қайси карвон тажрибали сарбонга эҳтиёж сезади.
Айнан бу галги саралаш баҳсларида Уэйн Руни ёш жамоадошларини ўз ортидан эргаштиришни уддалади. Англия термасининг ушбу ҳужумчи билан 9та баҳсда 100 фоизлик натижа қайд этиши кўп нарсадан далолат.
Стивен Дэвис
(Шимолий Ирландия)
Айрим футболчилар кўпинча эътибордан четда қолишади. Ҳар ҳолда, мода журналлари муқовасида уларнинг суратларига жой ажратилмайди, интернет сайтларида улар иштирокидаги видеороликлар тарқалмайди, журналистлар эса узоқ муддат давомида улар билан суҳбат уюштирмайдилар. Бундай ўйинчилар шунчаки шартнома шартларини бажаришади, холос. Жимгина, ҳеч кимга сездирмай, аммо фойдали тарзда.
Стивен Дэвис айнан шу тоифа футболчилардан. Ҳозиргача унинг маҳоратига етарлича баҳо берилмаган, фаолияти давомида гранд клубда ўйнамаган, юқори натижаларни қўлга киритмаган. Аммо Дэвис ҳар қайси жамоанинг марказдаги ўйинини кучайтира олади. Стивен рақиб ҳужумини бузади, майдонда астойдил тер тўкади, заргарона тўп узатмаларини бажаради, ҳар қандай нуқтадан гол уришга тайёр туради. Дэвис мунтазам равишда Рональд Куман бош мураббийлигидаги ёрқин футболчиларга бой «Саутгемптон»нинг асосий таркибида майдонга тушади.
Шимолий Ирландияда ҳам шундай ҳолат. Стивен бир гал шундай деганди: «Россия билан таққослаганда, биз майда балиқчамиз». Бу - Дэвис, бу - Шимолий Ирландия. Минимум такаббурлик, максимум меҳнаткашлик.
Ҳа, Кайл Лаферти мазкур саралаш босқичида 7та голдан иборат коллекция тўплади. Дэвис атиги иккита тўп билан чекланди, аммо айнан Стивен -Британия жамоасининг юрагига айланган. Усиз Шимолий Ирландия бошқача кўриниш олиши муқаррар.
Уэйн Хеннесси (Уэльс)
«Устимдан кулишларига кўникиб ҳам қолдим. Мактаб чоғида синфдошларим ҳам мени тинч қўймасдилар: «Ҳой, коньяквой, юр биз билан, сени ичмоқчимиз!» Бу «даҳочалар»дан хафа бўлмасдим. Фамилиям билан фахрланардим, қолгани билан ишим йўқ», - дея оғир кечган болалик дамларини ёдга олади Уэйн. Ёши улғайгач, унинг фамилияси билан боғлиқ ҳазиллар якун топди.
Коулмэн жамоасининг ҳимоя чизиғидаги ишлари ҳам чаккимас. Бунда Хеннессининг ҳам ҳиссаси беқиёс. Уэйн саралаш ўйинларида шунчалик ажойиб ўйин кўрсатдики, якунда «Кристал Пэлас» асосий таркибидан Алекс Маккартини сиқиб чиқарди ва АПЛнинг кейинги икки баҳсида муносиб қатнашди.
Бельгияликларга қарши кечган ҳар икки ўйинда ҳам Уэйн ёмон кўринмади. 20 ёшида «Вулверхэмптон» сафида тинмай гол ўтказиб юборган кипер ҳозирда катта тажриба тўплади. Демак, Европа чемпионатида терма жамоа дарвозасини қўриқлаш вазифасини унга бемалол топшириш мумкин.