“Насаф” жамоаси ўз тарихида илк марта Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди. “Насаф”да ишлаган ҳеч бир мураббий буни уддалай олмаган эди. Қашқадарёлик мухлисларнинг катта эътирофига сазовор бўлган жонкуяр мураббий буни уддалади. Хўш Бердиев ютуғининг сири нимада?
Рўзиқул Бердиев илк марта “Насаф”га бош мураббий этиб тайинланганида буни клубнинг ноиложлиги деб, ҳисоблаганлар кўп бўлди. “Насаф” энди яна пастга шунғийди дея, фикр билдирганлар ҳам бўлди. Чунки Рўзиқул Бердиев бунгача биронта жамоани бошқармаган эди. Бугун эса у воҳалик футбол мухлисларининг азалий орзусини рўёбга чиқарди.
Аммо бир нарсани тан олиш керак, ўз ишининг фидойиси, ўз элига садоқат ҳар бир инсонни эътирофга сазовор қилар экан. Бу яна Рўзиқул Бердиев тимсолида исбот бўлди.
Рўзиқул Бердиевни нега воҳаликлар мухлислар яхши кўришади? У бундай ҳурматга футболчилик давридаёқ қисман эришиб бўлганди. У жамоа таркибида майдонга тушдими, мухлисларда хотиржамлик, майдонга тушмай қолса ҳаммада хавотир пайдо бўлар эди. Шундай пайтлар бўлдики, “Насаф”ни мағлубиятга учратиш учун Рўзиқул Бердиевни майдондан четлатиш керак бўлди. Унга бошқа жамоалардан яхшигина таклиф бўлганда ҳам ўз жамоасига содиқ қолди, борига қаноат қилди. Унинг “Насаф”га ва мухлисларига бўлган садоқати воҳа халқининг эътирофига, ҳурматига сазовор қилди. Шунданда у “Насаф” клуби тарихида энг кўп майдонга тушган ўйинчи сифатида рекорд ўрнатди. Бу рекорд ҳанузгача такрорланган эмас.
Футболчилик фаолиятини тугатгач аввало ёрдамчи мураббий, кейин жамоага бош мураббий, сўнг ўринбосарлар жамоаси мураббийи ва жамоага бош мураббий бўлди. У қаерда бўлмасин ўз вазифасини сдқидилдан бажаришга ҳаракат қилди. Унинг кечаю-кундуз ўйлаган фикри “Насаф” жамоасини қандай қилиб юқори поғонага олиб чиқиш ҳақида бўлса ҳам ажаб эмас.
Украиналик мутахасис Анотолий Демьяненко ўз юртига кета туриб, “сизларга четдан мураббий таклиф этишга ҳожат йўқ, мураббий ўзларингда бор”,- деган фикрни билдирганлигини ҳам эшитганмиз, аммо буни қанчалик тўғри эканлигини билмаймиз.
Вақти келиб, у “Насаф”га бош мураббий бўлди. ОЧЛда керакли натижани қўлга кирита олмаган ёш мураббий, мамлакат чемпионатида жамоанинг мағлубиятсиз юришларини таъминлади. Аммо баъзи бир ғаразгўй ва ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган инсонларнинг аралашуви билан у бош мураббийликдан олиниб, ўринбосарлар жамоаси мураббийига айлантирилди. У бундан асло руҳан синмади, болалиги қишлоқда ўтган ва меҳнатда суяги қотган Рўзиқул Бердиев учун энди яна бошидан бошлашга тўғри келди, эсимизда бор кетма-кет мағлубиятга учраб, руҳий тушкунликка тушиб қолган ўринбосарлар жамоасининг у мураббий бўлгач ўйинларида кескин ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошланди. Мавсум сўнгида жамоа турнир жадвалида юқори ўринлардан бирини эгаллади. Ҳар бир нарсанинг ёмон ва яхши томони бўлганидек, у учун ўринбосарлар жамоасидаги фаолияти ҳам фойдадан холи бўлмади, бўлажак асосий таркиб ўйинчилари бўлмиш ёш футболчиларни ўзича кашф қилди, улардан келгусида қандай футболчилар етишиб чиқишини кўра олди.
“Насаф” жамоасининг янги мураббийи қандай ишлаганидан хабарингиз бор, қисқа қилиб айтганда, жамоа абгор ҳолатга тушиб қолди. Бу ҳолат асло клуб раҳбариятини ҳам, мухлисларни ҳам қониқтирмасди. Мавсум охирлаб бораётган даврда Бердиев яна жамоага бош мураббий этиб тайинланди. Мавсум сўнгида жамоа Ўзбекистон Кубоги финалига чиқди ва натижа бўлмади. Бу финал унинг мураббийлик давридаги биринчиси эди.
Рўзиқул Бердиев навбатдаги мавсумни жамоани ўзидек ташлаб кетмаган ўйинчилар ва ёшлар билан бошлади. Рўзиқул Бердиев бош мураббийлиги даврига келиб, клуб бюджети ҳам қисқариб кетди, энди аввалгидек юқори савияга эга футболчини харид қилишга клубнинг молиявий аҳволи йўл бермасди. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби олдида битта йўл, у ҳам бўлса ўз имкониятидан келиб чиқиб жамоа тузиши ва шу билан натижага эришиш турар эди. Мураббий клуб қошидаги футбол мактаби тарбияланувчиларидан ўз жамоасига бир неча ёш футболчиларни жалб қилди, у бунга мажбур эди.
Бунинг эвазига у жамоада келажаги бор, янги номларни кашф қилди. Ана шундай жамоанинг кўрсатган ўйинлари мухлисларда катта умидлар пайдо қила бошлади. Хуллас, бориб-бориб Рўзиқул Бердиев жамоасининг ўйинлари мамлакатимиздаги жуда кўп футбол мухлисларида қизиқиш ўйғотди. Бердиев бошчилигидаги аҳил ва жанговор жамоа вужудга келди.
Вақт ўтган сайин катта ҳажмдаги қилинган меҳнатлар ва ўз ишига бўлган меҳр ҳамда ўз клубига бўлган садоқат эвазига у эл назарига тушди. Эътирофга сазовор бўлди. Юртимизда энг яхши мураббий сифатида тан олинди.
“Насаф” жамоасининг ОЧЛдаги рақиблари бўлган жамоалар бош мураббийларининг Рўзиқул Бердиев ҳақидаги кўп илиқ фикрларини ҳам шоҳиди бўлдик. Тўғриси, бу фикрларни эшитиш биз учун ҳам ёқимли эди. Чунки ўзбекнинг оддий бир меҳнаткаш оиласида вояга етган фарзандини, ўтмишда номдор клубларда фаолият юритган хорижий мутахасислар томонидан эътироф этилиши кимни тўлқинтирмайди дейсиз.
Бизнингча Рўзиқул Бердиев бугун нимага эришган бўлса, бу унинг меҳнатлари эвазига бўлди. Унинг меҳнатсеварлиги, ўз ишига катта маъсулият билан ёндашиши, “Насаф” клубига ва мухлисларига бўлган садоқат уни бугун шу даржага олиб чиқди. Унинг бугун эл олдида юзи ёруғ. Яна шуни биламизки, у бугунги эришилган ютуқлари билан асло чегараланиб қолмайди.
Кўриб турибсики, Рўзиқул Бердиевнинг эришган ютуғида ҳеч қандай сир йўқ. Бир сўз билан айтганда, у ҳақиқий ИНСОН.
“Насаф”нинг мухлиси