Sports.uz сайти МДҲга аъзо мамлакатлар футболи ривожига улкан ҳисса қўшаётган 5 нафар ҳужумчидан иборат ўзига хос хит-парад тузди. Қуйида ўзининг ёрқин ўйинлари билан терма жамоа мухлисларига қувонч улашаётган форвардлар ҳақида гап боради.
Игорь СЕРГЕЕВ
(«Пахтакор», Ўзбекистон)
«Пахтакор» академияси тарбияланувчисининг келажаги порлоқ экани ўсмирлик чоғларидаёқ аён бўлиб улгурганди. Сергеевнинг «халқ жамоаси»даги дебюти 2011 йилнинг 5 мартига тўғри келди. Орадан икки йил ўтиб, у мунтазам равишда асосий таркибда майдонга туша бошлади, яна икки йилдан кейин эса ҳужумдаги етакчи кучга айланди. Игорнинг бўйи баланд (185 см.), шунга қарамай, пастки қаватда ёмон ўйнамайди. Ушбу ҳужумчидаги яна бир плюс жиҳат - ҳеч қачон таслим бўлмаслик ва доимо охиригача курашиш. Сергеевдаги характер ва жанговарлик қийин вазиятларда «Пахтакор» жонига оро кирган. У ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи рақамли форварди саналади, Самвел Бабаян тузган схемага жуда мос тушади. Игорь январда олимпиячиларимиз сафида Рио Олимпиадаси йўлланмаси учун курашади.
Артём ДЗЮБА
(«Зенит», Россия)
Ушбу ҳужумчининг қадрдон «Спартак» жамоасидаги ишлари қовушмагач, москваликларнинг азалий рақиби - Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби сафига қўшилди. Ишқибозлар ва журналистлар томонидан ёғдирилган танқидлар ёмғири остида қолган Дзюба барчага қасдма-қасдига ҳам клуб, ҳам терма жамоанинг ҳар бир ўйинида гол уряпти. Чемпионлар Лигасида «Гент» дарвозасига киритилган муҳим тўп, Лихтенштейн билан ўйиндаги «покер», - бу унинг жорий мавсумда қўлга киритган ютуқларининг бир қисми, холос. Артём ниҳоят, ўз ўйинини топиб олди. Акс ҳолда, The Telegraph уни Англия клубларига мос тушадиган футболчилар ўнлигига киритмасди.
Александр Кокорин
(«Динамо» Москва, Россия)
Шу йилнинг ёзида Александр «Арсенал»га ўтиши мумкин эди. Бу ҳазил эмас, лондонликлар чиндан ҳам Кокоринга қизиқиш билдириб, аниқ таклиф билан ҳам чиқишга улгурдилар. «Динамо» раҳбариятининг «тўпчилар»га рад жавобини бериши эса бошқа масала. Саша клубда қолгач, бироз ўйини қовушмади. Ҳозирга келибгина яна аввалги барқарорликни намойиш этишни бошлаб юборди. Ким нима деса деяверсин, Кокорин - ажойиб ҳужумчи, унинг иқтидори муҳокамадан холи. Техникаси юқори, иккинчи қаватда ҳам ёмон ўйнамайди. Ҳам ҳужумчи ортида, ҳам марказий форвард амплуасида бир хил савияда ҳаракатлана олади. Бироз барқарорликнинг етишмаслиги - ҳал қилса бўладиган муаммо. Асосийси, малакали мураббий қўлида тўп сурсин.
Юра Мовсисян
(«Спартак» Москва, Арманистон)
Бу форвард қаерда ўйнашидан қатъий назар, сермаҳсуллик намойиш этади. Мовсисян мана бир неча йилдирки, Россия чемпионатида сўп сурмоқда. Дастлаб ўзини «Краснодар»да синаб кўрган бўлса, кейинчалик «Спартак» сафида кўриниш берди. Сергей Галицкий жамоасида ўзининг ижобий хислатларини намойиш эта олган футболчи ўсишга эришди. Янги клубидаги дастлабки икки йилда Юра мамлакатнинг тўққиз карра чемпиони таркибидаги энг яхши ўйинчилардан бирига айланди. Кейинчалик жароҳатлар безовта қилди, мураббий алмашди, оқибатда захирага михланди. Мовсисян кўп қийналди, клуб раҳбариятини кетиши ҳақида огоҳлантирди. Аммо бундан наф чиқмаслигини тушунгач, астойдил меҳнат қилишга тушди. Ўтган йили муваффақиятсизликка юз тутган арманистонлик ҳужумчи Москва жамоаси асосий таркибига қайтишни уддалади. Айтиш жоиз, Юранинг номи Арманистон термасидаги муҳим ўйинчилар қаторида зикр этилади.
Артём КРАВЕЦ
(«Динамо» Киев, Украина)
Узоқ муддат «сирли тулпор» вазифасини ўтаган Артём ниҳоят, ўзини намоён қилди. Бунга икки хил омил сабаб бўлди: мураббий ишончи ҳамда Дьюмерси Мбоканининг қилиғи. Ўтган йили киевликлар устози Артём Ребров адашига асосий таркибдан жой берди. 2014|2015 йиллар мавсумида ушбу ҳужумчи 24та ўйинда 15та гол урди. Кравец-Ярмоленко жуфтлиги кўрсатган барқарорлик «Динамо»га муҳим очколарни тақдим этди. Жорий мавсумда «оқ-мовий ранглилар»нинг ҳужумдаги салоҳияти сўнгандек, гўё. Аммо бу ҳолат жамоанинг Украина чемпионатида пешқадам бўлишига тўсқинлик қилмаяпти.
Бўлимга оид янгиликлар