Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Муҳсин Низомиддинов:«Испанларда бир сир бор»

Баҳо:
+1 | -

Хабарингиз бор, олий лигамизнинг сўнгги 2та тури «Қўқон-1912» клуби учун жуда омадли келди. Қўқонликлар аввалига ўз майдонларида «Металлург»ни мағлуб этишди. Кейин эса Фарғонада «Нефтчи»ни «сенсацион» тарзда енгишди. Албатта, мазкур натижалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади ва биз муваффақиятнинг асл сабабларини излаб, клуб ёрдамчи мураббийи - Муҳсин Низомиддиновни суҳбатга тортдик.

- Муҳсин ака, аввало, сизни «Қўқон-1912»нинг сўнгги ўйинлардаги муваффақиятлари билан табриклаймиз. Жамоа аъзоларининг айни кайфиятларини икки оғиз сўз ёрдамида ифодалаб бера оласизми?

- Албатта, кайфият жуда аъло. Зеро, кетма-кет 2та ўта муҳим ўйинда ғалаба қозондик. «Металлург» ҳам, «Нефтчи» ҳам оддий жамоа эмас, ахир. Мана шундай рақиблардан устун келдик. Бизнинг ўрнимизда ҳар қандай жамоа ҳам фахрланган бўларди, албатта.

- «Металлург» билан ўйинда кучлар тенг эди, деб ҳисоблаш мумкин. Лекин «Нефтчи»нинг сафарда мағлуб этилиши шубҳасиз, кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Шахсан сиз, «Қўқон-1912» ёрдамчи мураббийи сифатида, ғалабани қайси омилларга боғлаган бўлардингиз?

- Биласизми, «Металлург»ни енгганимиздан сўнг йигитларда ўзларига ишонч руҳи кескин ортди. Қолаверса, ўйиннинг эртаси куни клубимиз раҳбари Бахтиёр ака Топиловнинг таваллуд айёмини биргаликда нишонлашга келишиб қўйгандик. Футболчилар Бахтиёр акага «сюр­приз» тайёрлашга аҳд қилишди ва Фарғонада бунинг учун астойдил тер тўкишди. Албатта, руҳиятни биргина бунга боғлаб қўймоқчи эмасман. Факт шуки, йигитлардаги иштиёқ ўз сўзини айтди ва улар ўз ниятларига эришишди. Дарвоқе, «Нефтчи»га қарши ўйинга жуда жиддий ёндашганимизнинг яна бир сабаби бор: азал-азалдан битта вилоят вакиллари тўқнаш келишса, барча учун бош жамоа албатта, ғолиб чиқиши шартдек туюлади. Жумладан, кечаги ўйин­дан олдин ҳам шундай фикрларни  эшитдик. Лекин биз тоза ва ҳақиқий, томошабоп футбол тарафдори эканлигимизни кўрсатиб қў­йишни хоҳладик. Натижага ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз...

- «Қўқон-1912» негадир мавсум охирига келиб, кучая­ётгандек... Буни қандай изоҳлайсиз?

- Сабаби оддий: гарчи жамоамиз олий лига учун дебютант ҳисоблансада, мавсум давомида анча шаклланиб улгурди. Футболчилар ҳозирги пайтга келиб, бир-бирларини аъло даражада тушуна бошлашди. Тўғрисини айтсам, мавсум аввалида ва давралар оралиғида таркибга ўзимиз истаган номзодларни киритолмадик. Чунончи, баъзилар билан шартнома борасида келишолмадик, яна кимлардир ниятларимиз жиддий эканига ишонқирамай қарашди. Ваҳоланки, «Қўқон-1912» айни пайт молиявий жиҳатдан анчагина барқарор клублардан биридир. Тўғри, бюджетимиз ўта катта эмас. Лекин футболчиларга «Нефтчи» устидан қозонилган ғалаба учун мукофот пуллари берилмади, холос. Маошлар тўлиқ ва вақтида бериб бориляпти. Ортиқча муаммолардан холи жамоада футболчилар учун ўзларини кўрсатишдан бошқа иш қолмайди, ҳисоб. Қисқаси, ютуқларга жамоанинг тобора шаклланиб бораётганини сабаб сифатида кўрсатаман.

- Маълумки, яқиндагина ёш мураббийлар учун ташкил этилган ўқув-курсларида қатнашиб қайтдингиз. Хўш, бу жараёнда ўзингиз учун нималарни кашф қилдингиз?

- Шахсан менинг билганим шуки, мураббий сифатида футболда ўқиб-ўрганадиганларим ҳали жуда кўп экан. Очиғи, ўқув дастури шунчалик қизиқарли кечишини кутмагандим. Устозлар, хусусан, Ислом ака Аҳмедовдан замонавий футболдаги янгиликлар, махсус дастурлар ҳақида тушунча олгач, менда саволлар ниҳоятда кўпа­йиб кетди. Имкон қадар билмаганларимни сўраб, ўрганишга ҳаракат қилдим. Мендаги қизиқиш уларнинг ҳам эътиборини тортди, шекилли, каминага алоҳида дастур бўйича 3 йил таълим олишни маслаҳат беришди. Имкониятим бўлса, албатта, таклифни ўйлаб кўраман. Энг муҳими, олган билимларим ўзбек футболи ривожига наф келтирса, бас.

- Шу ўринда ҳақли савол туғилади: сир эмаски, сизга тенгдош мураббийлар ҳамон асосан Лобановскийнинг машҳур қўлланмасидан фойдаланиб келишмоқда. Футбол эса ўзингиз айтганингиздек, тинмай янгиланиб, ўзгариб бормоқда. Лобановский шубҳасиз, ўз даврининг футбол даҳоси эди. Лекин унинг қўлланмаси ҳозирга келиб сал эскириб қолмадимикан?!

- Тўғри таъкидладингиз, ҳозирги даврда машғулотлар қизиқарли бўлишини таъминламай туриб, ижобий натижаларга эришиш мушкул. Эҳтимол, менинг гапларим камтарликка намуна бўлолмас, аммо очиғини айт­сам, ўзим ҳам ҳар соҳада янгиликлар тарафдориман. Ўзи «Қўқон-1912» клубида асосан ўринбосарлар билан шуғулланаман. Фаолиятим давомида ҳам бошқаларникига ўхшамаган йўллардан боришни истайман. Мисол учун, шогирдларим билан ишлаш жараёнида узоқ масофага умумий югуриш (кросс) машғулотини ўтказмайман. Албатта, бу бироз ғайритабиийдек туюлиши мумкин. Лекин истагим шуки - футболчи учун тезлик, чидам қанчалик зарур эканини йигитларнинг ўзлари тушуниб етишсин ва бу борада камчиликларни мустақил тузатишсин. Мен эса кросс учун кетадиган вақтни тўп билан ишлашга сарфлайман. Бунинг натижасида йигитларда техник салоҳият кучаймоқда. Бу услуб шогирдларимга ҳам маъқул келмоқда. Улар билишадики, агар жисмоний тайёргарликни ўзлари бир меъёрда ушлаб туришмаса, таркибдан четда қолиб кетишади. Шу қўлланилаётган усулни ҳамкасбларимга гапириб берсам, баъзилар истеҳзо билан кулишди. Лекин улар Лобановский қўлланмаси ёрдамида айтарли натижа кўрсатишолмаётган бир пайт бизнинг жамоамиз ўринбосарлари мағлубиятсиз ўйинлар сериясини 12тага етказишди. Хуллас, ахборот технология­лари ривожланган ҳозирги даврда таниқли мураббийлар ва клубларнинг иш усуллари билан танишиш унчалик қийин эмас. Биздан талаб қилинадигани - шу усулларни ўзимизда синаб кўриш.

- Аммо халқимизда «Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал», деган гап ҳам бор...

- Сизни тушундим. Ўйлашимча, бирор-бир хориж клубига бориб, тажриба оширишни назарда тутяпсиз. Албатта, имкон туғилса, ўсишни хоҳловчи ҳар бир ёш мутахассис шундай қилиши шарт. Лекин бу осон масала эмас. Биринчидан, сиз билан ҳамкорлик қилувчи клуб ёки мутахассисни топиш керак. Иккинчидан, улар текинга хизмат кўрсатишмайди. Учинчидан, ўзларининг асосий сирларини ҳеч қачон тўла ошкор қилишмайди.

- Аммо уларнинг машғулотларини кузата туриб, сўз билан айтилмаган фикрларни тушуниб олиш мумкиндир...

- Шубҳасиз. Ўзим ҳам шуни айтмоқчи бўлиб тургандим. Омадим бор экан, ҳозир испан клубларидан бирида тажриба ошириш имкони туғилмоқда. Агар бу амалга ошса, жараён албатта, фаолиятимга катта ижобий таъсир ўтказиши мумкин.

- Энди бу режа ҳақида батафсил гапиришингизга тўғри келади...

- (Кулиб) Ҳа, бунга мажбурман... Гап шундаки, фарғоналик бир тадбиркор укамиз узоқ йиллар Анг­лиядаги олий ўқув юртида таълим олиб, айни пайт Испанияда яшаяпти. Ўзи футболни жуда яхши кўрадиган хушчақчақ йигит. Шу укамиз тез-тез мен билан алоқага чиқиб, футбол янгиликларидан бохабар қилиб туради. У кўпинча сўз орасида ўзи вақтинча истиқомат қилаётган Мальорка шаҳрига таклиф қилади. Айтишича,  ўша ерда ҳам футболга вақт ажратиб, маҳаллий мураббийлар билан танишиб олибди. Энди улар билан мени ҳам таништириш ниятида. Буёғини вақт кўрсатади. Агар қурбим етса, албатта, Испанияга бориб, у ердаги ҳамкасбларим тажрибасини ўзлаштириб келмоқчиман.

- Ниятингиз амалга ошиб, сафарга имкон туғилса, биринчи навбатда, нималарга эътибор қаратардингиз?

- Анчадан бери миямда чарх ураётган саволларга жавоб ахтаришга уринаман. Ҳозирги испан футболида ўйин­чилар тўпни шу қадар нозиклик билан ҳис қилишадики, асти қўяверинг. Агар ТВдан кузатсангиз, тўп худди уларнинг оёқларига «ёпишиб» қолаётгандек. Демоқчиманки, аниқлик даражаси юқори, шунингдек, биртепар усулни маромига етказиб бажаришгани боис, ҳимоячиларни шошириб қўйишади. Тушунарлики, бу қобилият туғма эмас. Агар шунинг сирини билсам, келажакда ўзим тарбиялайдиган болаларни маҳорат бобига испанлар даражасига олиб чиқишга ҳаракат қилардим...

Исроил Раҳимов суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:06, 05.11.2015.
Ўқилди: 3046 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.