2015 ЙИЛ ДАВОМИДАГИ ЭНГ ХАРИДОРГИР ФУТБОЛКАЛАР. Футболчиларнинг мухлислар орасидаги машҳурлигини уларнинг формаларига нисбатан талаб даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Хўш, жорий йил қайси юлдузларнинг футболкалари савдоси чаққон бўляпти? Қуйида ўйинчилик формалари энг харидоргир 10 нафар мухлислар ёқимтойи ҳақида сўз боради.
10. Шинжи КАГАВА
Япониялик ярим ҳимоячи 2012 йили Дортмунд «Боруссия»сини «МЮ» билан алмаштирган вақт унинг футболкалари сотуви мисли кўрилмаган даражада чаққонлашди. Кагава «қизил иблислар» сафида 38 марта майдонга тушиб, 6та гол урди. Хусусан, «Норвич» билан баҳсда «хет-трик»ка эришди. Бироқ умумий қараганда, Англияда чинакамига шуҳрат қозонолмади. Натижада 2014 йилнинг ёзида яна Дортмундга қайтди. Шундай бўлсада, унинг футболкаларига ҳамон талаб жуда юқори.
9. Фернардо ТОРРЕС
Испан ҳужумчисининг ҳар бир трансфери космик суммани ўз ичига олган. Дейлик, унинг Мадрид «Атлетико»сидан «Ливерпул»га ўтиши учун тўланган 26,5 млн. фунт мерсисайдликлар тарихидаги энг йирик харажат бўлганди. Роман Абрамович эса, Фернандонинг «Челси» сафида кўриш учун нақ 50 млн. фунт баҳридан кечди. Футболчининг 9-рақамли кўк рангли формаси худди қайноқ пишириқлар каби сотилиб кетган бўлсада, унинг ўзи Лондонда унча яхши таассурот қолдиролмади. Тўғри, испаниялик форвард «Челси» сафида ЧЛ-2012 ғолибига айланди, аммо 110та ўйинда атиги 20та гол уриш билан чекланди. Хуллас, «Атлетико» ва «Ливерпул»даги Торреснинг соясига ўхшаб кўринди. Мана, у яқинда «Милан»даги қисқа муддатли ижара келишувидан сўнг яна жонажон «Атлетико»сига қайтди. Ҳужумчи ҳамон «рохибланкос» фанатлари орасида катта обрў-эътиборга эга. Қисқаси, «матрасчилар»га тарафкашлик қилувчилар унинг футболкасини тўхтамай харид қилаверадилар.
8. Серхио АГУЭРО
«Манчестер Сити»га мухлислик қила туриб, Агуэрога тегишли футболкага эга бўлмаслик мумкин эмас. Аргентиналик голеадор 2006 йили «Атлетико»дан «шаҳарликлар» сафига ўтганидан буён жаҳондаги энг илғор ҳужумчилардан бири эканлигини исботлади ва «Манчестер Сити» музейи бир қатор совринлар билан бойишига етарлича ҳисса қўшди. Айни кунларда тўлиб-тошаётган «Иттиҳод» аренасида ортида «Агуэро» ёзуви бор футболкага бурканган мухлислар ҳаддан зиёд кўп. Қисқаси, клуб фанатлари асосан аргентиналикнинг формасини сотиб олишяпти. Тўғри, улар Давид Сильва ва Венсан Компанининг футболкаларига ҳам бефарқ эмаслар, аммо Агуэроникига барибир, бошқача меҳр билан қарашади.
7. НЕЙМАР
Бразилиялик вундеркинд 2013 йили «Барселона» сафини тўлдириб, дебют мавсумида ишончни тўла оқлолмади. Ҳарқалай, матбуотчилар ва мухлислар уни аёвсиз танқид қилишди. Неймар эса барчасига хотиржам қараб, тезда янги муҳитга мослашиб олди. Хусусан, мавсум-2014|2015ни жуда яхши ўтказиб, футбол оламидаги энг шиддаткор ҳужумчилар учлигига кирди. Яъни Неймар-Месси-Суарес триоси биргаликда 122та гол урди. Шунга яраша, бразилияликнинг машҳурлиги ортди ва футболкалари қўлма-қўл бўла бошлади.
6. Златан ИБРАГИМОВИЧ
Швед ҳужумчиси - ҳаракатдаги бренд. Унинг фамилияси «ПСЖ»нинг деярли барча мухлислари футболкаларида порлаб турибди. Шунингдек, Ибра тўп сурган бошқа клублар - «Аякс», «Ювентус», «Интер», «Барселона» ва «Милан» фанатлари ҳам унинг футболкасини сотиб олишга хайрихоҳлар. Сочи узун шведнинг ўзи эса ҳамон мухлислар кўнглини ром этиш билан овора. Мисол учун, у яқинда «ПСЖ» тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди.
5. Уэйн РУНИ
«Шрек» 10 йилдан ошдики, «Олд Траффорд»да тўп суряпти ва эндиликда «Манчестер Юнайтед»нинг энг машҳур футболчиси ҳисобланмоқда. Шундай бўлгач, Уэйннинг футболкаларига бефарқ қарайдиган «МЮ» фанатларини топиш мумкинми? Умуман, ортига «Руни» ёзуви туширилган футболкаларга хорижда ҳам талаб жуда катта.
4. Робин ван Перси
Голландиялик ҳужумчи вақт ўтгани сайин «Манчестер Юнайтед»да ўйин бобида сустлашди, аммо трибуналарда унинг 20-рақамли либоси камайгани йўқ. Англияда 105та учрашувда 58та гол урган Робин ёзда Туркияга йўл олди ва дарҳол маҳаллий фанатлар ёқимтойига айланди. Ҳозирда унга тегишли 11-рақамли футболка «Фенербахче» фанатлари учун олий матоҳдир.
3. Месут ОЗИЛ
Германиялик турк - Шимолий Лондоннинг қизил» ярим учун энг ёқимтой футболчи. Клуб дўконларида унинг футболкалари сотуви сира тўхтамайди. Ҳа, Озил «Реал»дан шов-шувли тарзда «Арсенал» сафига қўшилган илк мавсумда роса қийналди. Лекин кўп ўтмай, клубдошлари ва мураббийлари меҳрини, ҳурматини қозонди. Унинг ижросидаги нозик ҳаракатлар ва тўп узатиш маданияти Арсен Венгер фалсафасидаги ўйиннинг муҳим қисмига айланди. Шундай экан, «канонирлар» фанатлари нега айнан Озилнинг футболкасига талпинишларини тушуниш қийин эмас.
2. Лионель МЕССИ
Месси футболкалари сотуви бўйича мутлақ чемпион эмас. Зеро, унинг рақиби бу масалада ҳам ўта кучли. Тўғри, «Барселона»нинг аргентиналик рамзи шу шароитда ҳам яққол етакчилик қилиши мумкин эди, агарда Неймар маълум даражада харидорларни ўзига жалб этмаганида. Шунга қарамай, Лионелнинг фамилияси ёзилган футболкалар жаҳоннинг турли бурчакларига тарқалган ва унинг машҳурлигига ҳаттоки, Голливуд юлдузлари ҳам ҳавас билан боқишади. Оддий айтганда, Европадаги «бой» мамлакатларда ҳам, урушдан қийналаётган ночор юртларда ҳам болалар айнан «Месси» ёзуви бор футболкаларни кийиб тўп тепишади.
1. Криштиану РОНАЛДУ
Португалиялик «МЮ»да ўйнаган пайти ажойиб футболчи эди. Мадриднинг «Реал» жамоасига ўтиб эса, шубҳасиз, суперюлдуз даражасига кўтарилди. Роналду футбол оламида кўплаб масалаларда биринчи: маош ва даромад, ижтимоий тармоқлардаги мухлислар сони ва ҳоказо... CR7 бренди остида спорт экипировкаларидан тортиб, парфюмерия маҳсулотларигача чиқади. Шундай бўлгач, «Энг харидоргир футболка кимники?» қабилида савол қўйишга ҳожат борми? Хуллас, Роналдунинг формалари - бутун ер юзида энг севимлиси! Ҳарқалай, энг чекка ҳудудларда ҳам мухлислар «Роналду» ёзувли футболка қидиришади.
Абдураҳмон Аҳмедов тайёрлади