Хабарингиз бор эртага Қаршининг “Севинч” клуби Ўзбекистон кубогининг финал учрашувида Тошкент вилоятининг “Металлург-W” клубига қарши майдонга тушади. Ушбу ўйин қаршилик қизлар учун мавсумдаги 4-соврин бўлади. Яъни бунгача “Севинч” жамоаси қизлари футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати олтин медаллари, Ўзбекистон Суперкубоги, футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубогида зафар қучишди. Энди навбат Ўзбекистон Кубоги ғолиблигига келди. Бу йўлда воҳамиз қизлари эртанги ўйинда ғалаба қозонишлари керак бўлади.
Бу ўйин нафақат футбол ихлосмандлари ва балки футболчилар ҳам “Севинч” қизларига омад тилашмоқда.
“Насаф” жамоаси хужумчиси Илҳом Шомуродов ҳам ўзи ва жамоадошлари номидан “Севинч” қизларига омад тилаб ўтди:
–“Севинч” жамоасининг Ўзбекистонда аёллар футболи ривожида ўзининг улкан ҳиссаси борлиги ҳеч кимга сир эмас. Жамоа анча вақтдан буён анча шаклланган. Бунга исбот сифатида жамоанинг 10 йилдан буён Чемпионликни ҳеч кимга бермай келаётганини кўрсатишимиз мумкин. Жамоа қизларининг ўйинларини кузатиб тураман. Ҳақиқатдан ҳам кучли жамоа. Бунга бош мураббийнинг ҳам улкан меҳнатлари борлигини таъкидлаш жоиз. Эртага Ўзбекистон кубогининг финали. Бу финалда эса бизнинг қизлар майдонга чиқишади. Уларга ушбу муҳим ўйин олдидан зафарлар ёр бўлишини ва Қаршига худди биз каби бош соврин билан қайтишларини тилаб қоламан. Ғалаба ёр бўлсин!
Эслатиб ўтамиз, аёллар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги финал учрашуви эртага 15 ноябр санасида Олмалиқ шаҳридаги стадионда 14:00 да бошланади.
Азамат Умаров суҳбатлашди.