Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Камолиддин Мурзоев: "Динамо"га ўтиб адашмадим"

Баҳо:
+ | -

Иккинчи даврани Самарқанднинг «Динамо» жамоасида бошлаган ҳужумчи Камолиддин Мурзоев қисқа фурсат ичида кўҳна шаҳар жамоасининг етакчисига айланиб олди. 28 ёшли ҳужумчи ўз голлари билан «Динамо»ни Олий Лигада олиб қолишга интилмоқда. Яқинда футболчи клуб расмий сайтига интервью берди.

- Камолиддин, «Динамо»га ўтишингиздан сўнг фаолиятингизда ўсиш сезилмоқда. Дастлаб самарқандлик мухлислар сизни «тенгсиз» деб топишди, сўнгги ойда эса мамлакатимизда «ойнинг энг яхши футболчиси» деб топилдингиз. Пастки ўриндаги жамоа сафида бундай ютуқларга эришиш осон бўлмаса керак?
- Чиндан ҳам «Динамо» сафидаги фаолиятимдан кўнглим тўлаяпти. Бунда жамоадаги дўстларим, самарқандлик мухлисларнинг ҳиссаси катта. Айнан уларнинг қўллаб-қувватлашлари туфайли бугунги натижаларга эришаяпман. Энг асосийси голларим жамоага фойда келтирса бўлди. Дастлаб самарқандлик мухлислар томонидан «энг яхши футболчи» деб топилганимни хурсандчилик билан қабул қилдим, кўп ўтмай эса ОАВ томонидан «Ой футболчиси» номинациясида ғолиб бўлишимни кутмагандим. Бошқа касбларда бўлгани каби футболчи ҳам меҳнатининг муносиб баҳоланаётганлигини сезиб турса, бу албатта жуда катта куч беради. Айниқса, чемпионлик учун курашаётган эмас, лигада қолиш учун интилаётган жамоа сафида бундай ютуққа эришганим бу фақат менинг эмас, бутун жамоамнинг ютуғи.

- Бундай эътирофга фаолиятингизда олдин ҳам эришганмисиз?
- Йўқ, илк маротаба «Ойнинг энг яхши футболчиси» деб топилдим.

- Шу ўринда «Динамо»га ўтишингиз ҳақида гапирсангиз. Жамоага келишингиз сўнгги паллада амалга ошганди, бу нима билан боғлиқ эди?
- Ўтган мавсум Қозоғистондан қайтгач, «Олмалиқ» жамоаси ўз олдига ОЧЛга чиқишни мақсад қилгани учун ушбу клуб сафига қўшилгандим. Аммо биринчи даврада ўзим кутганимдек ўйин амалиётига эга бўлмадим ва иккинчи даврада жамоани тарк этишга қарор қилгандим. Давралар оралиғида эса «Динамо»дан таклиф тушди. «Олмалиқ» мураббийи Игорь Шквиринга «Динамо»га ўтишим борасида тушунтирдим ва якунда иккинчи давра учун «заявка» муддатининг сўнгги кунида «Динамо»га ўтдим.

- Жамоага келишингизга собиқ жамоадошларингиз Илҳом Юнусов ва Артём Филипосяннинг ҳам «Динамо»да эканлиги сабаб бўлдими?
- Жамоада бир қатор футболчи дўстларим Артём Филипосян, Илҳом Юнусов, Дилшод Шарофутдинов, Акмал Бозоровлар ҳам борлиги ҳам таклифлар орасидан «Динамо»ни танлашимга сабаб бўлди.

- Самарқанддаги фаолиятингиздан дастлабки таассуротлар қандай бўлди…
- Албатта, ижобий. Самарқанд - қадимий ва гўзал шаҳар. «Динамо» стадиони эса мамлакатимизнинг энг кўркам ўйингоҳларидар бири саналади. Майдон сифати борасида эса етакчилардан бири бўлса ажабмас. Жамоа мухлислари эса юртимиздаги энг жонкуяр ишқибозлардан. Самарқанднинг яна бир жиҳати, мағлуб бўлган ўйинлардан кейин кайфиятим тушиб кетса, шаҳар айланишга чиқаман, Регистондек ажойиб масканга, зиёратгоҳларга бориб келганимдан сўнг барча муаммолар унутилиб, яхши кайфиятда қайтаман.

- Cўнгги ўйинларни голсиз тарк этмаяпсиз. Жамоанинг тўпурарига айландингиз. Бу омадми ёки индивидуал маҳорат?
- Биринчи навбатда меҳнат, кейин эса омад керак. Жамоанинг қўллаб-қувватлаши эса жуда муҳим. «Олмалиқ»да ўзимни унчалик кўрсата олмаганим сабабли бу сафар менда иштиёқ ва хоҳиш жуда катта эди. Қолаверса жамоадаги йигитлар билан таниш эканлигим боис, киришиб кетишим осон бўлди.

- «Нефтчи» билан ўйинда гол урганигизда кетма-кет 5 гол билан Олий Лигада рекорд ўрнатардингиз. Пенальти ноаниқлиги босим билан боғлиқмиди?
- Ўша куни фақат ғалабани кўзлаган эдик. Ўйиндан олдин ўғил фарзандли бўлганим, қолаверса рекорд натижа бўлишини билганим боис пенальтини тепишни мақсад қилдим. Афсуски, зарба бераётганимда дарвозабонни алдаган бўлсамда, тўп ноаниқ кетди. Иккинчи бўлимда хатоимни тўғирлашга интилдим, аммо «Нефтчи» посбони Черемисин бунга йўл қўймади. Черемисин бугунги кунда Олий Лигада энг кучли легионер дарвозабон бўлса керак. Ўйиндан кейин йигитлардан узр сўрадим. Бу босим эмас, омадсизлик эди.

- «Бунёдкор» билан баҳсда сизнинг голингиз туфайли «Динамо» 8 йилда илк бор Самарқандда «Бунёдкор»дан очко олди. Шу куни жамоага ғалаба учун нима етишмади, сизнингча?
- Ўйин бошида гол урганимдан кейин ғалаба қозонишимизга ишонгандим. Аммо, иккинчи бўлимда ҳимояга кўпроқ эътибор бердик. Натижада ғалабани қўлдан бой бердик. «Бунёдкор» ҳам Жиззахдаги финал олдидан очко йўқотмаслик учун яхши ўйнади.

- «Насаф» билан баҳсда ҳам шундай ҳолат такрорланди…
- Чиндан ҳам, «Насаф» дарвозасини ишғол этганимдан сўнг ғалаба қозонишимизга ишонгандим. Аммо бу сафар ҳам сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбордик. «Машъал»га қарши ҳам ҳисобда олдинга чиқиб, сўнг мағлуб бўлдик. «Пахтакор» билан ўйинда эса хатолар учун жазоландик. Жамоамиз таркиб борасида кучли, аммо ўйин шаклланиши учун 1-2 ой жуда кам.

- «Насаф», «Бунёдкор», «Олмалиқ»дан сўнг «Динамо»га ўтишни ортга ташланган қадам деб ҳисобламайсизми?
- Йўқ, асло. Ҳаётда гоҳида икки қадам олдинга юриш учун бир қадам ортга юришингизга тўғри келади. «Динамо»га ўтишим янада ўсиб, икки қадам олдинга юриш учун қўйилган қадам. Бугунги натижаларимдан келиб чиқиб айтсам, «Динамо»га ўтиб адашмадим. Бундан ҳеч қачон афсусланмайман. Самарқандда янада кучли футболчи бўлаётганлигимни сезаяпман.

- «Динамо»да кўрсатаётган натижаларингизни сўнгги беш йилликда бошқа клубларда кўрсата олмагансиз. Айнан ушбу мавсумни сиз учун энг омадли мавсум деса бўладими?
- Фикрингизга қўшиламан. Олдинги жамоаларимда бир давранинг ўзида бундай натижага эриша олмаганман. Тўғри, олдинги жамоаларим билан чемпионликка эришганман, кубок соҳибига айланганмиз, аммо шахсий натижам бундай бўлмаган. Шу боис иккинчи даврани фаолиятимдаги энг омадлиси десам бўлади.

- Биринчи давранинг сўнгги 15-турида «Олмалиқ» сафида «Динамо»га қарши майдонга тушиб гол урган эдингиз. Ўша биринчи даврадаги «Динамо» билан бугунги жамоада қандай фарқларни кўраяпсиз?
- Ёдимда, ўшанда жамоа сафи нисбатан тажрибасиз эди. Бугунга келиб эса жамоада тажрибали футболчилар йиғилган. Айниқса, маҳаллий йигитларга эътибор кучайган.

- Олдинги йиллар совринлар учун курашаётган клубларда тўп сургансиз. Ҳозир эса лигада қолиш учун курашаётган жамоага ёрдам бераяпсиз. Мақсад борасида қандай жамоада тўп суриш қийинроқ экан?
- Осон ишнинг ўзи йўқ. Мисол учун чемпионлик учун курашаётган жамоада барқарорлик жуда муҳим. Ҳамма ҳар ўйинда фақат ғалабани кўзлаб, ундан бошқа натижага рози бўлмайди. Жамоа таркиби ва мақсади ҳам шунга яраша бўлади. Бугун сен гол ура олмасанг, сенинг ўрнингда бошқа етакчи ғалабани таъминлайди. Ҳар ўйинда очко олиб, муваффақиятдан кайфият яхши бўлади. Лигада қолиш учун курашаётган жамоада эса барқарорлик кузатилиши қийин. Бир ўйинда ғалабага эришсак, кейингисида бу натижани такрорлаш қийин бўлади. Мисол учун, сўнгги тўрт ўйинда «Бунёдкор», «Машъал», «Пахтакор» ва «Насаф»га қарши баҳсларда фақат Тошкентда амалдаги чемпионга ўйинни тўла бой бердик. «Бунёдкор», «Насаф», сафарда «Машъал» билан ўйинларда эса ғалаба қозона туриб, очколарни бой бериб, 4 ўйинда бор йўғи 2 очко қўлга киритдик. Меҳнатнинг самарасини кўрмаслик руҳий ҳолатга ёмон таъсир қилади.

- Ўтган мавсум Қозоғистонда легионер сифатида тўп сурдингиз. Қўшни мамлакат чемпионатига ўтишингизни хатолик деб ҳисоблайсизми? Ҳар ҳолда у ерда икки клубда бор йўғи 2 та гол урдингиз…
- Қўшни мамлакат футболида ўзимни кўрсата олмаганлигимнинг асосий сабаби жароҳатлар билан боғлиқ. Дастлаб «Иртиш»да ўзимни кўрсатаётган эдим, Европа Лигаси саралаш босқичида тўп суриб голлар урдим. Аммо кейинчалик жароҳатлар гирдобига тушдим. Қовурғамдан жиддий жароҳат олиб жуда кўп вақтни йўқотдим. Сўнг Виктор Кумиков «Шахтёр»га таклиф этди. Шавкат Саломов билан бирга Туркияда мавсум олди табиий майдонларда яхши тайёргарлик кўрдик. Остонага келгач, «Астана Арена»даги сунъий қопламали майдонда дастлабки машғулотлар пайтида оёғимдан жароҳат олдим. Ўшанда олдимизда Суперкубок баҳслари борлиги боис, мураббийлар укол билан тўп суришимни сўрашди. 3-4 учрашувда укол олиб майдонга тушишим, жароҳатим янада оғирлашишига сабаб бўлди. Натижада кўп вақтни даволаниш билан ўтказиб, асосий таркибдан четда қолдим. У ердаги фаолиятимни хатолик деб ҳисобламайман. Бу менга катта тажриба мактаби бўлди. Ҳар ҳолда Европа футболи турнирларида тўп суришга муяссар бўлдим. Шукрки, бугунга келиб бу қийинчиликларни енгиб ўтдим.

- Ҳозирда энг сермаҳсул ҳужумчиларимиздан бирисиз. Терма жамоадан таклиф кутаётган бўлсангиз керак?
- Ҳар қандай футболчи ватан жамоаси шарафини ҳимоя қилишни истайди. Шулар қатори мен ҳам ҳар доим миллий терма жамоага ёрдам беришга тайёрман. «Динамо»даги голларим билан термадан таклиф олиш ниятидаман. Бугунги кунда терма жамоада ажойиб жамоа йиғилган. Fалабали натижалар ҳам буни кўрсатиб турибди.

- Олий Лигада мавсум тобора якунига яқинлашмоқда. Энг яхши футболчиларни танлаш имконияти бўлганда кимларга овоз берардингиз?
- Жорий мавсумда бундай ўйинчилар жуда кўп. Мисол учун «Локомотив»да Жасур Ҳасанов, «Пахтакор»да Игорь Сергеев, «Насаф»да Артур Геворкян, «Қизилқум»да Баҳриддин Ваҳобовлар ажойиб ўйин намойиш этишди. Уларни лигамиздаги энг кучли футболчилар сифатида айтиш мумкин.

- Мураббийлар борасида-чи?
- Шубҳасиз, Рўзиқул Бердиев катта ютуқларга эришмоқда. Унинг «Насаф»даги иши мақтовга арзигулик. «Йил мураббийи» бўлишга лойиқ мутахассис.

- Жорий мавсумда қайси жамоа сизни ижобий томондан ҳайратлантира олди?
- «Нефтчи» клуби. Фарғона жамоаси яна ўз мавқеини тиклаётганлигидан хурсандман. Улардан кўпчилик бундай яхши натижаларни кутмай қўйганди. Сўнгги ўйинларни айтмаганда, «Нефтчи» мавсум кашфиёти бўлди.

- «Динамо»даги фаолиятингиз омадли кечаётганлигини инобатга олиб жамоада қолиш таклиф этилса қандай қарайсиз?
- Аввало жамоани Олий Лигада олиб қолиш вазифасини бажаришимиз керак. Кейин бу масалаларга тўхталса бўлади. Умуман олганда, иккинчи пойтахт мақомига эга шаҳарнинг Олий Лигада муносиб жамоаси бўлиши керак. Агар Самарқандда ҳам барқарор жамоа ташкил этилса, ҳар қандай кучли футболчи бу ерда тўп суришга рози бўлади. Мисол учун бошқа клублардаги самарқандлик футболчилар «Бунёдкор»дан ҳимоячи Анвар Ғофуров, «Насаф»дан яримҳимоячилар Эркин Бойдуллаев, Фаррух Сайфиев, «Локомотив»дан Салим Мустафоев, «Олмалиқ»дан Зоҳир Пиримов, терма жамоаларда тўп сурган Баҳодир Насимовлар таклиф этилса ва ҳозирги таркиб сақланса «Динамо» жуда кучли жамоага айланади. Кейинги йил клуб олдига муайян вазифа қўйилса, жон деб жамоада қоламан. Чунки, «Динамо»нинг Самарқандга мос жамоа бўлиши вақти етиб келган.

Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди.

Манба: arena.uz
Киритилди: 17:55, 18.11.2015.
Ўқилди: 2600 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.