Ўзбекистон 24-миллий чемпионати якунланишига бир тур қолди. Айнан сўнгги 30-турда чемпион ва вице-чемпион номига расман ойдинлик киритилади. «Олтин» ва «кумуш» медалларга «Пахтакор» ва «Локомотив» клублари даъвогарлик қилишмоқда. Бу пойгада сўнгги турда ўз майдонида «Андижон»ни қабул қиладиган «шерлар»нинг имконияти анча юқори баҳоланмоқда. «Қўқон-1912» билан сафар ўйинида икки очкодан маҳрум бўлган «темирйўлчилар» эса яна «кумуш» билан чекланадиган кўринишади. «Локомотив» 30-турда Наманганда «Навбаҳор» жамоаси меҳмони бўлади. Ушбу баҳсдаги ғалаба ҳам «Локо»га етарли бўлмаслиги мумкин. Зеро, якунда чемпионликни илиб кетиш уларнинг қўлларида эмас. Биз сўнгги тур олдидан «Локомотив» жамоасининг истеъдодли ярим ҳимоячиси, жорий мавсум кашфиётларидан бири Икром Алибоевдан интервью олдик.
- Икром, «Локомотив» чемпионликка эришиш учун жуда яхши имкониятга эга бўлганди. Лекин кутилмаган ҳолатларда очко йўқотдинглар. Тўғри, ҳали назарий жиҳатдан имконият бор. Лекин барчаси «Пахтакор»нинг қандай натижа қайд этишига боғлиқ...
- Фикрингизга қўшиламан. Бизга ўша аввалроқ йўл қўйилган хатолар панд бермоқда. Айниқса, «Қўқон-1912» жамоаси билан сафарда кечган учрашувда қимматли икки очкодан маҳрум бўлдик. 2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, якунда дуранг билан чекландик. Лекин бу футбол. Сўнгги тур ўйинларида ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шундай экан, ҳали умидимиз сўнганича йўқ.
- Сўнгги дақиқаларда ҳисобни ушлаб қола олмадинглар. Аслида ўша Қўқондаги ўйинда нима бўлганди?
- Хотиржамликка берилганимиз эвазига жазоландик. Ваҳоланки, футбол 90 дақиқа ўйналади. Менимча, ғалабани эртароқ нишонлаб юбордик. Бундан эса майдон эгалари унумли фойдаланиб қолишди.
- «Локомотив» «кумуш» медаль билан чекланса, бу яхши натижа сифатида қабул қилинадими?
- Аслини олганда, иккинчи ўрин ҳам ёмон натижа эмас. Лекин айнан бу йилги иштирокимиздан келиб чиқсак, «кумуш» бизни мутлақо қониқтирмайди. Юқорида айтганимдек, кураш сўнгги тургача, охирги дақиқаларга қадар давом этади.
- Умуман, «Локомотив»нинг бу йилги иштироки ҳақида нима дея оласиз?
- Жамоамиз жорий мавсумни юқори кайфиятда ўтказди, дея оламан. Менимча, ўйин бўйича ҳам мавсумнинг энг яхши жамоаси айнан «Локомотив» бўлди. Лекин муҳим паллаларда йўқотилган очколар мавсум охирига келиб ўз сўзини айтмоқда. Бу эса тўғридан-тўғри турнир жадвалидаги ҳолатимизга таъсир кўрсатяпти.
- Ўзбекистон кубоги ярим финалида «Насаф»га ютқазиб қўйдинглар. Ўйин тақдири Қаршидаги биринчи учрашув (0:2)дан кейин ҳал бўлганмиди?
- Йўқ. Мен бундай деб ўйламайман. Кўрган бўлсангиз, биз жавоб учрашувида жуда ҳам мазмунли ўйин намойиш қилдик. Иккинчи бўлим бошида ҳисобни очишга ҳам эришдик. Шундан сўнг кўплаб хавфли ҳужумлар ташкил этдик. Лекин иккинчи тўпни киритиш ўша куни бизга насиб қилмади. Оқибатда, мусобақани финал остонасида тарк этишга мажбур бўлдик.
- Жорий мавсум сизда қандай таассурот қолдиряпти?
- Биласизми, бу - катта футболдаги илк мавсумим. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, у мен учун ҳар томонлама ижобий якун топмоқда. Нафақат, олий лига, балки клублар ўртасидаги қитъамизнинг энг нуфузли мусобақаси - ОЧЛда ҳам дебют қилдим. Умуман олганда, мавсум шиддатли ўйинларга бой тарзда кечди. Айниқса, сўнгги тур учрашувлари кутилмаган натижалар билан ёдда қолмоқда. Чемпионат якунланишига бир тур қолган бир пайтда ҳали олий лигани расман тарк этган жамоа номининг аниқланмагани фикримга исбот бўлади. Фақат «бронза» медали соҳиблари маълум. Қолган совринли ўринлар тақдирига охирги турдан сўнг ойдинлик киритилади. Ўйлайманки, кейинги мавсум бу йилгиданда шиддатли курашлар остида ўтади.
- «Локомотив»нинг ОЧЛда қолган клубларимиз сингари омади юришмади. Бунинг сабабларини нимада кўряпсиз?
- Жамоамиз бу йил биринчи марта ОЧЛнинг гуруҳ босқичида иштирок этди. Бундан аввалги мусобақаларда «плей-офф» баҳсларида мағлубият қабул қилиб олинганди. Шахсий фикрим, нуфузли турнирнинг гуруҳ босқичидаги омадсизликка тажрибанинг камлиги сабаб бўлди. Иштирокчи клублар таркибида жуда кучли легионер футболчилар тўп суришади. Айнан шу ҳолат мусобақанинг нуфузини янада оширяпти. Насиб қилса, келаси йили ҳам гуруҳ босқичида иштирок этиб, натижамизнинг ижобий тус олишини таъминлашга уринамиз.
- Жароҳат - футболчининг биринчи рақамли душмани. Сиз айнан шу сабабдан маълум муддат майдондан ташқарида қолдингиз. Шундай паллаларда вақтнинг ўтиши қийин кечгандир?
- Ҳа, нимасини айтасиз. Албатта, жароҳат олинган пайтда вақт ҳам жуда секин ўтётгандек туюлади. Айниқса, клубингиз иштирокидаги ўйинларни четдан, томошабинлар орасида томоша қилиш жуда ҳам оғир. Ўйин пайтида майдонга тушиб, жамоадошларимга ёрдам бергим келади. Лекин бунга имкон топилмайди.
- Келаси мавсум ҳам «Локомотив»да қоласизми?
- Бу масалада ҳали бир тўхтамга келмадим.
- Таклифлар бўляптими?
- Шахсан ўзимга ҳали таклиф тушмади.
- Ўзингизга қолса, «Локомотив»да қолармидингиз?
- Ҳозир Ўзбекистоннинг энг кучли клубида ўйнаяпман. Шундай экан, албатта, қолишни истайман.
- Ўзбекистоннинг энг кучли клуби, деганда қайси жиҳатларни назарда тутдингиз?
- Ҳар тарафлама: «Локомотив» таркиб бўйича ҳам, ўйин борасида ҳам, молиявий жиҳатдан ҳам мамлакатимизнинг энг яхши жамоаси бўлиб турибди.
- Келинг, энди футболдаги илк қадамлар ҳақида суҳбатлашсак. Миллионлар ўйинига қандай қилиб кириб қолдингиз?
- Қизиғи, футболга кириб келишимга дастлаб оила аъзоларим қарши чиқишган. Назаримда, акам ҳам кучли футболчи бўлиб етишиши мумкин эди. У ашаддий ишқибозлардан. Бироқ айрим сабабларга кўра бу йўлдан кетмади. Акам 12 ёшимда мени «Янгиер» футбол мактабига олиб борди. Ўшанда имтиҳонларга бироз кечикиб боргандим. Лекин биринчи мураббийим Музаффар Бекназаровга ҳаракатларим маъқул келгани боис мени мактабга қабул қилган.
- «Локомотив»га ўтишингиз қандай кечган? Бунга ким ёки нима сабаб бўлган?
- Республика олимпия захиралари коллежида 9-синфни битирганимдан кейин мени асосий ўқишга қабул қилишмади. Маълумки, 9-синфдан сўнг коллежда 3 йил яна асосий ўқиш бўлади. Лекин натижаларимни паст баҳолаб, жавобимни беришди. Ўшанда роса ранжигандим. Тақдирга тан бериб, ўқишни биринчи Тошкент педагогика коллежида давом эттирдим. Ўша йили жамоасиз қолдим. «Пахтакор» бошқа шартнома таклиф қилмади. Шунга қарамай, Республика олимпия захиралари коллежидаги мураббийим Рустам ака Орипов мени ўз ҳолимга ташлаб қўймадилар. Коллежда ўқимасам ҳам мен билан ишлашни давом эттирдилар. Шу ўринда бу инсонга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Кейин ўша йили ўзимиз битта жамоа ташкил қилиб, Тошкент шаҳрининг 2-лига ўйинларида иштирок этдик. Жамоамизнинг номи «Тошкент» эди. Йил якунида «Локомотив» ўринбосарлари билан ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Ўша ўйинда ўринбосарлар жамоаси мураббийи Равшан Бозоров бизга «Локомотив»нинг қишки йиғинида иштирок этишимизни айтдилар. Таклиф олган футболчилар сони 8 нафарни ташкил этарди. Улар орасида Қувондиқ Рўзиев, Дониёр Усмонов, Хуршид Мухторов каби футболчилар бор эди. Айни пайтда Қувондиқ ва Дониёр «Қўқон-1912»да, Хуршид эса «Сўғдиёна» сафида фаолиятини давом эттиряпти. Хуллас, ўша йиғинда ўйинларим мураббийларга маъқул келиб, мени «Локомотив»да олиб қолишди.
- Нима учун Республика олимпия захиралари коллежида олиб қолишмаган? Синовдан ўта олмадинг, де-йишганми ёки бошқа сабабни кўрсатишганми?
- «Футболдаги натижалари паст, бу болалардан футболчи чиқмайди», дейишган. Ушбу сўзларни эшитиш осон бўлмаган. Роса алам қилганди.
- «Локомотив»нинг асосий таркибига қандай кирдингиз?
- Асосий жамоага қўшилишим 2013 йилга тўғри келди. Ўша йиллари клубда бош мураббий сифатида Ҳаким Фузайлов фаолият юритган. Ҳаким ака ўринбосарлар иштирокидаги ўйинларга мунтазам равишда ташриф буюрарди. Ўйинларнинг бирида Дониёр Усмонов, Қувондиқ Рўзиев ва мени асосий таркиб машғулотларига таклиф қилди. Бу чорлов мавсум ўрталарида бўлган эди. «Локомотив» клубидаги дебютим Ўзбекистон кубоги доирасидаги «Қўқон-1912» жамоасига қарши учрашувга тўғри келди. Ўшанда захирадан майдонга тушганман. Чемпионатдаги илк ўйинимни эса «Нефтчи»га қарши кечган учрашувда ўтказганман. Бу сафар ҳам баҳсга захирадан қўшилгандим. Кейин жамоада бош мураббий ўзгарди. «Ло-комотив»ни Абрамов қабул қилиб олди. Вадим Карленович бизни вақтинча яна ўринбосарлар жамоасига жўнатди. Клуб олдига юксак вазифалар қўйилгани туфайли таркибга янги ва шу билан бирга, кучли футболчилар таклиф этилди. Шундай бўлсада, Абрамов бизни маълум вақт ўтгач яна асосий таркиб машғулотларига қайтарди. Шундан кейин то бугунги кунгача асосий таркиб футболчиси сифатида ўйнаяпман. Қувондиқ «Қўқон-1912»га ижарага берилди. Дўстим мавсумни юқори савияда ўтказди, деб бемалол айта оламан. Асосийси, бу йилги мавсумда Вадим Карленович менга тўлиқ ишонч билдирди. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу мутахассисга раҳмат айтаман.
- Болалигингизда қайси чизиқда, қайси жамоа сафида ўйнашни орзу қилгансиз?
- Болалик чоғимда ярим ҳимоячи бўлишни орзу қилардим. Бир жиҳатдан, ниятимга етдим. Клубга келсак, Европанинг кучлироқ жамоаларида ўйнашни хоҳлаганман.
- Тасаввур қилинг, бир вақтнинг ўзида «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Насаф» жамоаларидан таклиф тушди. Улардан қайси бирини танлаган бўлардингиз?
- Энг яхши таклиф билан чиққан жамоа сафига қўшилардим (кулади). Ҳозирча «Локомотив» аъзосиман. Бу клуб менга ҳар томонлама ёқади. Жамоадаги ҳозирги ҳолатимдан асло нолимайман. Фақат жароҳат сабаб асосий ўйинларда жамоадошларимга ёрдам беролмаганимдан афсусдаман.
- Сизнингча, бу йилги мавсумдаги энг яхши уч нафар футболчи ким?
- «Локомотив»дан Санжар Шоаҳмедов, «Бунёдкор»дан Достон Ҳамдамов, «Қўқон-1912»дан Қувондиқ Рўзиев. Мана шу футболчиларни кучли учликка киритган бўлардим.
- Энг яхши уч нафар мураббий-чи?
- Вадим Абрамов, Рўзиқул Бердиев ҳамда Сергей Лушан.
- Қайси хориж жамоасининг мухлисисиз?
- «Барселона» иштирокидаги ўйинларни мириқиб томоша қиламан. Ушбу клубнинг ўйинларини ўтказиб юбормасликка интиламан. 21 ноябрь куни Мадридда ўтказиладиган «Эл-Классико»ни интиқлик билан кутяпман. Афсуски, Месси ўйнай олмас экан.
- Терма жамоалардан-чи?
- Аргентинага мухлислик қиламан. Чунки бу жамоада Лионель Месси тўп суради. Лео футболни санъат даражасигача кўтара олган футболчи ҳисобланади. Мазкур терма ўйинларини Месси учун кўраман. «Барcелона»ни эса жамоавий ўйини учун ёқтираман.
- Машғулотлар ва ижтимоий тармоқларга қанча вақт ажратасиз?
- Вақтимнинг 50 фоизи машғулотларга ажратилади, яна 20 фоизини ижтимоий тармоқларга сарфлайман. Машғулотлар кунига икки маҳал ўтказилади: эрталаб якка тартибда ва куннинг иккинчи қисмида жамоа билан биргаликда шуғулланамиз. Бўш вақтларимда, асосан, интернет сайтларида дўстларим билан мулоқот қиламан, футбол олами янгиликларидан хабардор бўламан. Қолган 30 фоизи дўстлар давраси, дам олиш, ўқиш-ўрганиш билан ўтади.
- Нега айнан 28-рақамли футболкани танлагансиз? Бу билан боғлиқ бирор воқеа борми?
- Аслида менга 10-рақам кўпроқ ёқади. 28-рақамни таклиф қилишганида ўйланмасдан розилик бердим. Сабаби, 2га 8ни қўшсак, 10 бўлади (кулади). Энг ёқтирган футболчим - бразилиялик Диего, ҳозирда «Фенербахче»да ўйнамоқда. У ҳам 28-рақамда тўп суради.
- Аксарият футболчи ва мураббийлар иримга ишонишади. Сиз майдонга тушишдан олдин қандайдир иримга амал қиласизми?
- Йўқ, иримларга ишонмайман. Лекин ҳар бир ўйиндан аввал Яратгандан ёрдам сўраб, дуо қиламан.
- Ҳаётда шиорингиз борми?
- «Ўз олдингга мақсад қўй, шу йўлда тинмай меҳнат қил». Бу - менинг ҳаёт ва фаолиятимдаги шиорим. Зеро, меҳнат қилмай туриб мақсадга эришиб бўлмайди. Бирор мақсадсиз яшашдан эса маъно йўқ.