Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Самвел Бабаян ўзи кимга ишонмоқда?

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси қайд этаётган натижаларга эътироз бўлиши мумкин эмас. Афтидан, Самвел Бабаян тарихда қоладиган кўринади, чунки ҳали ҳеч қайси мураббий бош жамоа бошқарувидаги дастлабки беш ўйин­да кетма-кет ғалабага эришмаганди. Умуман, термамиз бу мавсумда бошқа мағлубиятга учрамаслиги аниқ. Сабаби, жорий йилга мўлжалланган ўйинлар якунига етди. Демак, биз - ўзбек футболи ихлосмандларига янги йилни хуш кайфиятда кутиб олиш учун асос етарли.

Энг қувонарлиси, терма жамоанинг муваффақияти стадионларда ҳам акс этмоқда - КХДРга қарши кечган ўйинда трибуналар лиқ тўлди, уларни кўриб бизнинг кўнглимиз ҳам кўтарилди. Ахир футбол мухлислар билан тирик-да.

ҒОЛИБЛАР

«Ғолиблар алмаштирилмайди», дейишади. Келинг, ҳозир ўша қаҳрамонлар ҳақида суҳбатлашсак. Самвел Бабаян сўнгги бешта ўйинда деярли бир хил футболчиларга ишонч билдирди. Умуман, таркиб борасида гап кетаркан, КХДР бош мураббийи Ким Чанг Бокнинг бир гапига эътибор қаратиш жоиз. Мураббий айни вақтдаги таркиб билан аввалгисини солиштирар экан, шундай деди: «Аввало, Ўзбекистоннинг ҳозирги термасидаги таркибнинг ўзгарганини алоҳида қайд этиш жоиз. Жамоада бир қатор ёшлар пайдо бўлишган. Энг асосийси, ҳозирги футболчилар тўқсон дақиқа ўйнашни уддаламоқдалар. Бундай ҳолат аввалги учрашувда кўринмаган эди. Тўғри, олдинги баҳсда ҳам Ўзбекистон иккинчи бўлимда яхши ўйнаб, голлар урганди. Аммо ҳозирги жамоа жисмоний жиҳатдан анча кучайган».

Тан олиш лозим, КХДР термаси устози бош жамоамизга ажойиб тавсиф берди. Аммо унинг ҳамма гапи ҳам тўғри эмас. Дарҳақиқат, ҳозирги жамоа жисмонан анча кучли кўриниш олган, тўлиқ тўқсон дақиқа ўйнашга қодир. Илгари термамизнинг биринчи ёки иккинчи бўлимдагина яхши ҳаракатланишига кўникиб қолгандик. Бири бўлмаса бошқасида албатта, панд ердик. Самвел Бабаян терма жамоа бошқарувига келгач, мана шу камчилик бартараф этилди. Бунинг учун мураббийга ҳар қанча ташаккур билдирсак арзийди.

Аммо шу билан бирга, КХДР бош мураббийининг бошқа фикрига эътироз билдириш лозим бўлади.

 

ЁШ ФУТБОЛЧИЛАРМИ ЁКИ...?

Ким Чанг Бок Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида гапираркан, таркиб ўзгаргани ва бир қатор ёш футболчиларнинг сафга қўшилганини таъкидлаб ўтганди. Аммо ҳамма гап шундаки, Самвел Бабаян майдонга туширган ўйинчилар рўйхатига қарасангиз, ёшлардан фақат бир марта асосий таркибда ўйнаган Жавоҳир Соҳибов ҳамда Элдор Шомуродовни кўриш мумкин. Тўғри, Александр Лобанов, Станислав Андреев ва Марат Бикмаев ҳам мунтазам равишда термага чақирилмоқда, аммо уларни «ёш» дейиш учун ўзбек футболидан мутлақо бехабар бўлиш керак. Боз устига, ушбу ўйинчиларнинг аксарияти таркибга кўп бор чақирилган.

Бир сўз билан айтганда, Самвел Бабаян гарчи жамоага ўзгаришлар киритган бўлсада, уни мутлақо янгилаб юбормади. Мураббий етакчига айланиб улгурган футболчиларга ишонишда давом этди ва айнан улар билан мутлақо ўзгача футбол ўйнаш мумкинлигини исботлай олди. Бу эса Ким Чанг Бок эътироф этганидан ҳам яхшироқ ҳолатдир. Янги бош мураббий футболчиларнинг ҳақиқий иқтидорини очиб бера олди. Буни эса ҳамма ҳам уддалайвермайди.

 

ТАРКИБ

Қизиқ томони шундаки, Самвел Бабаян сўнгги бешта ўйинда таркибда у қадар катта ўзгаришлар қилмади. Ўтган вақт давомида умумий ҳисобда 29 футболчини термага чақирган бўлса, улардан фақат 18 нафари майдонга тушган, холос. Қолганлар эса вақтларини захира ўриндиғида ўтказишга мажбур бўлишган. Асосий таркибда ўйнаш бахтига мушарраф бўлганлар эса 14 нафарни ташкил этади.

Бу эса шундан далолатки, мураббий деярли барча учрашувларда майдонга бир хил таркибни туширган. Ўз навбатида, Самвел Бабаян даврида кимларнинг захирадан ўйинга қўшилиши мумкинлигини ҳам олдиндан топиш қи­йинчилик туғдирмади. Шу ўринда барча учрашувларда асосий таркибда ўйнаган футболчилар номини эътиборингизга ҳавола қилсак. Саккиз нафар ўйинчи амплуа бўйича ажратиб кўрсатилган:

Дарвозабон: Александр Лобанов

Ҳимоячилар: Ислом Тўхтахўжаев, Егор Кримец, Анзур Исмоилов

Ярим ҳимоячилар: Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Сардор Рашидов

Ҳужумчи: Игорь Сергеев

Аслида бу рўйхатни янада бойитиш ҳам мумкин эди. Аммо ҳимоячи Виталий Денисов жароҳати туфайли Баҳрайн билан ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Шунингдек, Азиз Ҳайдаров ҳам дисквалификация сабаб Тошкент­да ўтказилган Яманга қарши баҳс­да майдонга тушолмаган. Акс ҳолда, бу футболчилар ҳам барча ўйинларни асосий таркибда бошлашларига шубҳа йўқ. Айни вақтда уларга тенг келадиган футболчи юртимизда бўлмаса керак.

Демак, Денисов ва Ҳайдаровни ҳам бемалол «асосийлар» рўйхатига шартли равишда қўшиш мумкин. Бундан келиб чиқадики, Бабаян қўл остида мунтазам тўп сурадиган бутун бошли таркиб деярли шаклланиб бўлди.

ЗАХИРАГА ОЛИНМАГАНЛАР

Юқорида келтирилган рўйхатда Самвел Бабаян ишонадиган футболчилар номи қайд этилганди. Аммо ишонч­лилар орасида энг ишонч­лилари борки, уларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтмасак бўлмайди.

Бабаян бешта ўйинда саккиз футболчини мунтазам равишда асосий таркибда туширгани ҳолда, улардан олти нафарини мутлақо захирага олмади. Бу рўйхатдан Александр Лобановнинг ўрин олиши турган гап, зеро ушбу дарвозабоннинг унча-мунчага алмаштирилмаслигини ҳамма билади. Бундан ташқари, Самвел Бабаяннинг ҳимоя чизиғи вакилларига ўйин охиригача тегмагани эътиборга молик. Яъни, Ислом Тўхтахўжаев, Егор Кримец ва Анзур Исмоилов барча учрашувларни тўлиқ тўқсон дақиқа майдонда ўтказишган. Боя айтганимиздек, агар Виталий Денисов жароҳат олмаганида, у ҳам шу рўйхатдан ўрин эгаллаши аниқ эди. Чунки Бабаяннинг принципи бўйича фикр юритсак, у ҳимоячиларга охиригача ишонч билдиради. Умуман, термамизнинг барча учрашувларда ғалаба қозонгани ва беш ўйинда учтагина гол ўтказиб юборганини инобатга олсак, бу мантиқан тўғри ҳамдир.

Қолган чизиқ вакиллари эса мудом захирага олинган. Бусиз иложи ҳам йўқ. Чунки ярим ҳимоячи ва ҳужумчилар одатда кўп югуриб, шунга яраша куч йўқотадилар. Улар нафақат ҳужум ташкил қилиш, балки зарур паллада ҳимояга ёрдам бериш билан ҳам шуғулланишади. Натижада, захирадан бошқа футболчиларни майдонга тушириш зарурияти келиб чиқади. Шу сабабга кўра, қолган ўйинчиларнинг барчаси захирага олинган. Ҳатто энг ишонган футболчимиз - Одил Аҳмедов ҳам Баҳрайнга қарши кечган учрашувнинг 86-дақиқасида ўз ўрнини ҳужумчи Элдор Шомуродовга бўшатиб берган.

 

ЭНГ КЎП ЗАХИРАГА ОЛИНГАН

Бош жамоамиз сардори бир мартагина алмаштирилган бўлса, Сервер Жепаров терма таркибида энг кўп захирага олинган футболчи саналади. «Ульсан» ярим ҳимоячиси Бабаян бошчилигида ўтказилган бешта учрашувнинг барчасини асосий таркибда бошлаган ва бирор марта охирига қадар ўйнай олмаган. Қизиқ томони, унинг ўрнига ким майдонга туширилиши ҳам деярли аниқ - ўтказилган сўнгги баҳсларнинг иккитасида собиқ сардорнинг жойини Жасур Ҳасанов, яна иккитасида эса Александр Гейнрих эгаллашган. Битта ўйин­да эса бу ишни Жавоҳир Соҳибов бажарган.

Ёдингизда бўлса, Яманга қарши Тошкентда кечган ўйин­да Жепаровнинг ўрнига майдонга тушган Александр Гейнрих гол уриб, қўлга киритилган муҳим ғалабанинг бош сабабчисига айланганди. Афтидан, Сервер ёши ўтгани сари жисмоний тайёргарлик борасидаги муаммоларга дуч келяпти, шекилли...

 

ЭНГ КАМ  ЎЙНАГАН ФУТБОЛЧИ

Ҳозирча терма жамоа таркибида майдонга тушган футболчилар ичида энг кам ўйнагани Фозил Мусаев бўлиб турибди. У Самвел Бабаян бош мураббийлиги остида фақат бир марта захирадан майдонга тушди. Яманга қарши Доҳада ўтказилган учрашувда (3:1) Фозил Мусаев 77-дақиқада Сардор Рашидовнинг ўрнини эгаллади ва умумий ҳисобда 16 дақиқа ўйнади. Бу вақт ичида бирорта самарали ҳаракати билан ёдда қолгани йўқ.

Энг кам ўйнаш борасида иккинчи ўрин Украинанинг «Ворскла» клуби ярим ҳимоячиси Санжар Турсуновга тегишли. Аввалги мураббийлар даврида асосий таркибнинг муқим аъзосига айланган Турсунов терма бошқарувига Самвел Бабаян келгач захира ўриндиғига «михланди». Ярим ҳимоячи янги бош мураббий даврида фақат икки марта захирадан майдонга тушди. Шунда ҳам Бабаян бошқарувида ўтказилган дастлабки икки ўйин - Яман (1:0) ва Филиппин(5:1)га қарши баҳсларда ўйнай олди. Санжар бу учрашувларнинг 87 ҳамда 81-дақиқаларида захирадан майдонга туширилган. Гарчи ярим ҳимоячи Украина чемпионатида ажойиб ўйин намойиш этаётган бўлсада, Самвел Бабаян Турсуновдан кўра Сардор Рашидов ва Станислав Андреевга ишонишни маъқул кўрмоқда.

 

КИМЛАР ЎЙНАМАГАН?

Шу ўринда Санжар Турсунов ва Фозил Мусаевнинг аҳволи бошқа «захирачилар»никига қараганда анча яхшироқ эканини таъкидлаш жоиз. Улар қисқа вақт бўлсада майдонда тўп суришга эришдилар. Бошқалар эса...

Самвел Бабаян даврида терма жамоага чақирилган футболчилардан 11 нафари мутлақо ўйнамади. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин:

Дарвозабонлар: Элдор Суюнов, Мурод Зуҳуров, Игнатий Нестеров.

Ҳимоячилар: Шавкат Муллажонов, Даврон Ҳошимов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Камолиддин Тожиев.

Ярим ҳимоячилар: Владимир Козак, Санжар Шоаҳмедов.

Ҳужумчилар: Темурхўжа Абдухолиқов, Воҳид Шодиев.

Афтидан, бу футболчиларнинг ҳали вақти етиб келмаган кўринади. Аммо бир жиҳат кишини хурсанд қилади - терма таркибида майдонга тушмаётган футболчилар кўпчиликни ташкил қилишига қарамай, бош жамоадаги ички муҳит аъло даражада. Демак, мураббийлар штаби бу борада ҳам етарлича иш олиб бор­япти. Истардикки, ЖЧ-2018 йўлланмаси қўлга киритилгунга қадар мазкур масалага жиддий ёндашишда давом этилади. Шу тариқа биз узоқ кутилган мақсадга эриша оламиз...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:43, 26.11.2015.
Ўқилди: 8497 марта.
Фикрлар: 14 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.