Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Таянчимиз-суянчимиз!

Баҳо:
+ | -

Миллионлар ўйинига бефарқ бўлмаганлардан «Қайси чизиқ вакиллари майдонда энг кўп тер тўкишади?» деб сўралса, уларнинг аксарияти ҳеч иккиланмай «Таянч ярим ҳимоячилари», - дея жавоб қайтариши муқаррар. Дарҳақиқат, «қора ишлар»ни бажариш, ҳам ҳимоя, ҳам ҳужумдаги шерикларига кўмаклашишнинг ўзи бўладими...? Демак, InterFutbol мамлакатимизнинг ёш футболчиларини эътироф этишда давом этади. Навбатдаги рейтингдан бугунги кунда таянч ярим ҳимоясидаги барқарор ўйинлари орқали мухлислар олқишига сазовор бўлаётган ўйинчилар жой олишган.

5. Сардор СОБИРХЎЖАЕВ

Туғилган санаси: 1994 йил 6 ноябрь

Жамоаси: «Бунёдкор»

Хабарингиз бор, «қалдирғочлар» якунланган мавсумнинг сўнгги учрашувида «Қўқон-1912» клубини йирик ҳисобда мағлуб этишди. «Бун­ёдкор» ғалабасига муносиб улуш қўшган футболчилар орасида Собирхўжаевнинг ҳам номи қайд этилди. У Мексикада порлаган футболчилардан бири, аммо Алексей Евстафеевнинг бошқа шогирдлари сингари сўнгги 4 йил ичида мухлислар эътиборидан четда қолди. Ваҳоланки, Сардорнинг юксак даражага кўтарилиши тахмин қилинганди. Афсуски, ёш ярим ҳимоячи ўз ўйинлари билан миллий термамиз мураббийлари эътиборини жалб эта билмаяпти. Майли, ҳали Собирхўжаевда ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиш учун вақт етарли. Асосийси, изланишдан тўхтамаса, бас.

4. Азим АҲМЕДОВ

Туғилган санаси: 1992 йил 4 январь

Жамоаси: «Навбаҳор»

Наманган жамоасида бу футболчи учун ҳамиша жой топилиши мантиқан тўғри. Зеро, меҳнаткашлик бобида акасидан асло қолишмайдиган ўйинчининг хизматлари мавсум-2015­даги аксарият баҳсларда «Навбаҳор»­га қўл келди. Бир қарасангиз, олдинги чизиқдаги шерикларини тўп билан таъминлаётган, бошқа вазиятда рақиб жамоа дарвозасини кучли зарбаси билан ўққа тутаётган бўлади. Ўз навбатида, тўпни олиб қўйиш, рақибнинг тезкор ҳужумларини қайтаришда ҳам фаоллик кўрсатади. Айниқса, бу йилги чемпионатнинг сўнгги туридан ўрин олган «Локомотив»га қарши баҳс­да унинг марказий ҳимоядан ўрин олгани кўпчиликни ажаблантирди. Эътиборлиси, кичик Аҳмедов ушбу чизиқда ҳам чакки кўринмади. Бу нимадан дарак? Албатта, Азим Аҳмедов универсаллик бобида ўсишга эришмоқда.

3. Владимир КОЗАК

Туғилган санаси: 1993 йил 12 июнь

Жамоаси: «Пахтакор»

Кимгадир бу футболчининг 3-ўриндан жой олгани эриш туюлар. Аммо тан олайлик, сўнгги пайтларда Владимирнинг фаолиятида бироз пасайиш кузатилди. Шунга қарамай, унинг маҳоратини шубҳа остига олишга асос йўқ. «Пахтакор»нинг жорий йилги чемпионатда олтин медални сақлаб қолишида Козакнинг ҳиссаси бор, албатта. «Шерлар» сафида эришиш мумкин бўлган деярли барча ютуқлар қўлга киритилди. Галдаги вазифа - янада кўпроқ меҳнат қилиб, миллий терма жамоа таянч чизиғидаги кучли рақобатни енгиш ва бу амплуанинг тенгсиз вакилларидан бири эканини исботлаш. Ўзбек футболининг энг самимий ва камтар вакилларидан бири ҳисобланган Владимир ҳар доим етакчилар қаторида юришга ҳақли. Буни амалга ошириш учун унда маҳорат ҳам, имконият ҳам етарли.

2. Одил ҲАМРОБЕКОВ

Туғилган санаси: 1996 йил 13 февраль

Жамоаси: «Насаф»

Умуман, Қарши клубининг ёш аъзоси сўнгги пайтларда турли рейтингларда тез-тез кўриниш бермоқда. Унинг иқтидорига шубҳа билан қараётганлар эса  футболчининг «Насаф» ва ёшлар терма жамоасида кўрсатаётган ўйинини кузатгач, бу эътирофларнинг тўғри эканига ишонч ҳосил қилмоқдалар. Жорий йилда ўз жамоаси билан мамлакат кубогини қўлга киритиш Одил учун улкан муваффақиятлар дебочасига айланган бўлса, не ажаб. «Аждарлар» келаси мавсум яна ОЧЛда ўйнашади, умид қиламизки, бу галги баҳс­лар «Насаф» учун омадли кечади. Энг асосийси, улғайган ва анча шакл­ланган Ҳамробековнинг ўйинларига гувоҳ бўламиз. Агар келгуси мавсумни бошқа, янада кучлироқ клуб сафида бошламаса, албатта. Ишқибозлар ҳар икки ҳолатда ҳам қувонишлари табиий.

 

1. Жавоҳир СОҲИБОВ

Туғилган санаси: 1995 йил 1 март

Жамоаси: «Пахтакор»

Соҳибовнинг мазкур рейтингда 1-ўринни қўлга киритишига асослар етарли. Миллий терма жамоадаги дебют, сўнгги турдаги чиройли гол ва Ўзбекистон чемпионлиги... Жавоҳир бу амплуада мамлакатимизнинг умидли ёшларидан бири эканини ниҳоят, исботлади. Ҳам марказ, ҳам ҳимоя, ҳам ҳужумда барқарорлик кўрсатди. Самарали тўп узатишлар билан чекланмай, ўзи ҳам рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Омадли мавсум Жавоҳирни руҳлантириб, янада юксак марралар сари ундаса, ажабмас. Олдинда уни ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати, ОЧЛ ва миллий термамиз ўйинлари кутиб турибди. Умид қиламизки, Соҳибов ҳар бир баҳсга жиддий тайёргарлик билан тушиб, мухлису мутахассислар уни бежиз эътироф этмаганликларини тўлиқ исботлайди.

Ўткир Умаров

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:52, 01.12.2015.
Ўқилди: 4090 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.