Кириш Регистрация

"Тулкилар" тамошаси ёки яна ҳаммани лол қолдираётган "Лестер" тўғрисида

Баҳо:
+ | -

Юксак савиядаги муросасиз баҳслари ва шов-шувли натижалари билан бутун футбол жамоатчилиги эътиборини ўзига қаратадиган Англия чемпионати жорий мавсум ҳам ўз анъанасини давом эттирмоқда. Қўшимчасига, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар билан қизиқиш даражасини янада оширмоқда. Қизиғи, аввалги мавсумни камтарона 14-ўринда якунлаган ўртамиёна «Лестер» ҳозирда грандларга-да дарс бермоқда. Келинг, ғаройиб томошаларни намойиш этаётган «тулкилар» жамоаси билан дурустроқ танишиб олайлик.

- АПЛ тарихида илк марта 13та турдан кейин атиги 28 очко жам­ғарган жамоа пешқадам бўлиб олди.

- АПЛ тарихида илк марта бир футболчи қаторасига 11та учрашувда рақиблар дарвозасини иш­ғол этди.

Бир қарашда, «Лестер»нинг эртакнамо натижалари хусусида билишимиз шарт бўлган маълумотлар фақат шулардан иборатдек туюлади. «Тулкилар» шунчалик ғаройибки, кейинги воқеалар ривожини тахмин қилишнинг иложи йўқ. Айнан шу мавҳумлик мусобақага нисбатан қизиқишни янада кучайтиради.

Ажойиб старт! Бироқ ҳеч ким «Лестер»нинг якунда қайси поғонадан жой олишини айтиб беролмайди. Бу борада лоақал қандайдир фойдали маслаҳатлар бериш мумкинми?

Албатта. Иложини топсангиз, «Лес­тер»нинг барча учрашувларини диққат билан таҳлил қилинг. «Тулкилар» иштирокидаги 14та учрашувда 50та (ўртача: 3,57та) гол қайд этилди. Клубнинг айни пайтгача 29та гол уриб, 21та қўйиб юборганини эътиборга олсак, у мавсумни 60:50 кўринишидаги тўплар нисбати билан якунлаши мумкин. Бунақаси камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Мисол келтирсак, сўнгги 20 мавсумда АПЛ вакиллари атиги 4 марта шундай натижа қайд этишган: «Ньюкасл» - 1999|2000 (якуний 11-ўрин), «Ньюкасл» - 2001|2002 (4-ўрин), «Тоттенхэм» - 2007|2008 (11-ўрин) ва «Ливерпуль» - 2013|2014 (2-ўрин).

«Тулкилар» статистикасининг тўлиқ таҳлили бундай очиқ ўйин тасодифий эмаслигидан далолат беради. Раньери шогирдлари ҳар бир ўйинда ўртача 140 марта ҳужумга ўтишади. Бу борада жамоа рақибларидан жуда илгарилаб кетган. Бундан ташқари, клуб тезкор ҳужумларда берилган зарбалар сони бўйича лигада 2-яхши натижага эга. Амалга ошмай қолган зарбалар сони бўйича эса 16-кўрсаткич айнан «Лестер»га тегишли. Кўриниб турибдики, ҳужумкор ўйин намойиш этаётган жамоанинг сермаҳсуллиги эҳтимоли юқори.

1 йил ичида 20-ўриндан 1-поғонага кўтарилиш. Жамоа бундай ўсишни қандай амалга оширди?

Дарҳақиқат, 2014 йилнинг 21 ноябрида «Лестер» турнир жадвалининг сўнгги поғонасида эди. Шу йилнинг 21 ноябрига  келиб, у карвонбошига айланди. Бу албатта, ёқимли сакраш. Аммо аввало, шуни таъкидлаш жоизки, 1 йил аввалги 20-ўрин жамоанинг ўша пайтдаги савиясини ҳаққоний ифодалай олмасди. Шунингдек, жорий мавсумнинг 13-туридан кейинги 1-ўрин ҳам ўйин сифатига мос эмас. Дейлик, «Лестер» ҳаттоки, жадвалнинг сўнгги поғонасида юрган пайти ҳам бирор учрашувда 2тадан кўпроқ гол фарқи билан ютқазмаганди. Яъни жамоа дои­мо ёрқин ўйин кўрсатган, ғалаба ва мағлубиятнинг ораси жуда яқин эди. «Лестер» шу жанговарлик эвазига 2014|2015 йиллар мавсумининг ҳал қилувчи босқичида ажойиб серияни амалга оширди ва 14-ўринга кўтарилиб олди.

Ҳозирда карвонбошилар қаторига қўшилган «тулкилар» вужудга келтирилган хавфли вазиятлар борасида ўртамиёна жамоалардан анча илгарилаб кетишди. Лекин «Тоттенхэм», «Арсенал» ва «Манчестер Сити» каби грандлардан барибир, орқадалар. Яъни жамоа аввало, тиришқоқлиги ва омаднинг кулиб боқиши эвазига кўпроқ очко жамғарди, рақобатчилар эса юзага келган вазиятдан самарали фойдаланолмаганликлари сабабли, қимматли очколарни йўқотишди. Мазкур манзара «Лестер» ҳақидаги салбий таассуротларга мос тушади. Рақобатчиларнинг юксак савияда ўйнай олишмаётгани ҳақидаги баҳслар тўхтамаётган бўлсада, сешанба-чоршанба оқшомлари бўладиган ЕЧЛ баҳслари уларнинг бежиз эмаслигини исботлаб турибди. Хуллас, омад «Лестер»га ён босмоқда.

Тактикачи, тактика? Тактикадан гапиринг! «Тулкилар» қандай қилиб, дунёнинг энг қудратли лигаси вакилларини дарёдан суғормай қайтариб келишни уддалашяпти?

«Лестер» тактик жиҳатдан  Моуриньо тасаввуридаги ва Харри Реднапп дадиллигидаги футболни намойиш этмоқда. Гарчи бу таъриф қуруқ сафсатадек туюлсада, асоссиз эмас. Агар Златан Ибрагимовичнинг эътирофига ишонсак, Моуриньо жамоанинг тўпни йўқотиш ва қайтариб олиш жараёнига жиддий эътибор беради: «Унинг фикрича, ана шу сониялар ўйинда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Кўзда тутилмаган кичик ҳолат ёки арзимас хато дарвозанинг забт этилишига олиб келиши мумкин. Моуриньо шу жиҳатни бошқа мураббийлардан кўра, кўпроқ таҳлил қилади. У ўз шогирдларидан тез фикрлаш ва тўғри қарор қабул қилишни талаб этади».

«Лестер» бу борада АПЛ қироли. Найжел Пирсондан мерос қолган жамоа аъзолари рақибда юзага келадиган тактик саросимадан унумли фойдаланадилар. Бунда асосий ролни доимо ҳаракатда бўладиган Жейми Варди ўз зиммасига олади. У тезкор, чарчаш нималигини билмайдиган ва олис масофаларга узатилган тўпларга ета оладиган ҳужумчи. Бироқ Пирсон даврида «тулкилар» ҳимояга катта эътибор қаратишарди. Раньери эса ўйин фалсафасини ўзгартирмаган ҳолда, дадилроқ ҳаракатланишни ўргатди. Фаол прессинг - ҳозирги «Лестер»нинг асосий қуроли. Бир қараганда, Клаудио шогирдларини атайлаб бўш ҳудудлар қолдиришга мажбур этаётгандек. У Греция терма жамоасига устозлик қилган пайти тез-тез Рогер Шмитд бошқарган «Байер» машғулотларига бориб турарди.

Варди ва Маҳрездан бошқа яна қайси футболчилар юксак савияда тўп суришяпти?

Олдинги чизиқда мунтазам равишда майдонга тушаётган барча футболчилар мавсумни аъло даражада ўтказишмоқда. Айниқса, Марк Ол­брайтон, Дэнни Дринкуотер ва Н~Голо Конте кабилар ишончли тўп суриш­япти. Улар сермаҳсуллик бобида Варди ва Маҳрезга тенг келолмасаларда, ўйин сифатида ва барқарорлик бўйича кам эмаслар. Дейлик, Шинжи Оказаки ва Жеффри Шлупп­нинг савияси ҳам талаб даражасида.

Жамоа етакчилар қаторида. Демак, ҳаммаси жойида. Хўш, Варди ва Маҳрезни четга суриб турсак, яна кимга алоҳида эътибор қаратиш мумкин?

Н~Голо Контега. Бу футболчи қисқа вақт ичида тезкор услуби билан АПЛга тўла мослашиб олди ва Гекхан Инлерни захирага «михлаб» қўйди. Раньери бежиз уни бир неча марта Клод Макелелега қиёсламади. Лекин Конте ўз услуби ва позицияси билан Морган Шнайдерлинга яқинроқ. Яъни «МЮ» ярим ҳимоячиси каби прессингда ўта ишончли ҳаракат қилади.

Раньери-чи? У ҳам ниманидир ўзгартирдими ёки шунчаки, шаклланиб улгурган жамоанинг ютуқларига шерик бўлиб юрибди?

Раньери - «Лестер» муваффақиятининг эътироф этилмаган қаҳрамони. Унинг ишида 4та хислатни алоҳида таъкидлаш лозим:

1. Ижобий жонкуярлик

Раньери жонкуярликни намойиш этиш учун қайсидир журналистни ҳақоратлаш ёки жамоа мухлисларига ўлим тилаш шарт эмаслигини амалда исботлади. Албатта, 2000 йили «Челси» фанатлари томонидан масхаромуз «Клоунио» лақабига лойиқ кўрилган ва «Хайбери» ҳамда «Олд Траффорд»да гулдурос қарсакларга сазовор бўлган мутахассис учун бир неча журналистни ҳайратга солиш мушкул вазифа эмас. Айниқса, инглиз тилини ўзлаштириб олган ҳозирги вақтида. Лекин матбуот анжуманларида айтадиган «теша тегмаган» ибораларини эътироф этмасликнинг иложи йўқ: «Ихтиёримиздаги барча ярим ҳимоячилар аъло даражадаги спорт формасидалар. Иш шундай давом этадиган бўлса, бошланғич таркибни аниқлаш учун қуръадан фойдаланишимга тўғри келади».

2. Жамоадаги муҳит

«Уотфорд»га қарши баҳсда Риёд Маҳрез муҳим пенальтини амалга ошириш ҳуқуқини Вардига инъом этиб, жамоадошининг голлар сериясини давом эттиришига имкон берди. Матбуот вакиллари бу жентльменча қўллаб-қувватлашга муносиб баҳо беришди. Мураббий эса мағрурлик билан шундай деди: «Лестер»даги барча ўйин­чилар - чинакам дўстлар!»

3. Кадрлар масаласи

Дэнни Дринкуотер ва Риёд Маҳрез жамоанинг тўлақонли аъзоларига айланмай туриб, Раньери ишончига киришди. Бу мақтовга лойиқ ҳолат. Зеро, бу футболчиларнинг юксак иқтидор соҳиби эканликлари аниқ бўлсада, Пирсон улардан фойдаланишга шошилмади. Раньери келганидан кейин эса вазият тамоман ўзгарди. Ҳозир «Лестер» мунтазам равишда барқарор таркиб билан тўп сурмоқда. Мураббий жарангдор номлар ёки трансфер баҳосига эмас, жисмоний ҳолат ва маҳоратга қараб, таркиб белгиламоқда.

4. Тактика

Клаудио бу жиҳатга кўпроқ эътибор бермоқда. «Жорий мавсумдан эътиборан, мураббийнинг ўзи рақиб жамоа ўйини видеотасмасини таҳлил қиладиган, кейин бизга керакли кўрсатмалар берадиган бўлди. Баъзан у қанот ва марказий ҳимоячилар ўйинлари таҳлилини сўрайди. Табиийки, ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилар фаолияти билан ҳам қизиқади», - дейди жамоа таҳлил бўлимининг раҳбари Пит Кларк. «Гвардиоланинг жамоаси ўйинларини кузатар экансиз, унинг 3 ёки 4 нафар ҳимоячи билан ўйнаётганини бирданига аниқлай олмайсиз. Бундай жамоаларга қарши тўп суриш қийин. Рақибнинг қандай тактик схемадан фойдаланаётгани маълум бўлса, унга қарши чоралар кўриш осон кечади. Ўз навбатида, қандайдир ўзгаришни амалга ошириш билан рақибни танг аҳволга солиб қўйиш мумкин. Ҳозир тактик ўзгаришлардан фойдаланиш АПЛда ҳам урфга айланди. Мана шу ҳаракатни бошлаб берганим ва The tinkerman тахаллусига лойиқ кўрилганим билан фахрланаман. Футбол ватанида байроқдор бўлиш - фахрли», - дейди Раньери.

Хуллас, «Лестер» дастлабки турдан бошлаб, ўз мухлисларини хурсанд қилиб келмоқда. Умид қиламизки, «тулкилар» томошаси ҳали узоқ давом этади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:33, 03.12.2015.
Ўқилди: 4143 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.