Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Левандовски: «Футболда мукаммаллика эришиб бўлмайди»

Баҳо:
+ | -

Ҳозир бу футболчининг айни гуллаган даври. Аммо у юқори чўққиларни забт этиш учун не-не машаққатларни бошдан ўтказмади дейсиз. Football.ua «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски билан интервью уюштираркан, унинг қадрдон клубидан «қувилгани», гимнастика билан шуғуллангани, муваффақиятга эришиш йўлида Юр-ген Клопп ҳамда бошқаларнинг кўмагига таянгани ва шунга ўхшаш муҳим маълумотлардан воқиф бўлди.

У фақат футболчи сифатида ўсмади. Икки йил аввалги оғир-вазмин, бироз уятчан Робертнинг интервью беришга ҳуши йўқ эди. Энди эса анча очилди, ўзига ишончи ортди: ўйиндан-ўйинга камол топаётгани унинг улғайганидан далолат. Қолаверса, сўнгги икки йил ичида ниҳоят, Левандовски ўз ватанида эътирофга лойиқ кўрилди.

«2014 йилги жаҳон чемпионати саралашида у терма жамоа сафида кўп гол урмади, - деди польшалик журналист Якуб Радомский. - Шу боис ишқибозлар ва матбуот Робертни кўп танқид қилишди. Эндиликда ҳамюртимизнинг ўйини очилди, кўпчиликнинг меҳрини қозонди - миллат қаҳрамонига айланди».

Левандовскилар оиласидаги спортга бўлган муносабат туфайли уни бошқа соҳа кишиси сифатида тасаввур қилиш қийин эди. «Болалигимда ҳар хил спорт турларига ошно тутиндим, - деди Роберт.                   - Дзюдони ўргандим, шунингдек, волейбол, гандбол, гимнастика билан шуғулландим. Камдан-кам ҳоллардагина футбол ўйнардик. Отам миллионлар ўйинига секин-аста киришишим, дастлаб бошқа машғулотларда тобланишимни хоҳларди. Ёш бўлганим учун гимнастиканинг менга қандай фойда келтириши мумкинлигини тасаввур қилолмасдим. Ҳозир эса бунинг нечоғли муҳим эканини тушуняпман: сакраш чоғида тўпни оёқ ёрдамида ўзимга ўнглаб олишда айнан гимнастикада эгаллаган кўникмаларим асқотмоқда».

Робертда футболчи учун ўта муҳим саналувчи бир жиҳат мужассам - у деярли жиддий жароҳат олмайди. Сўнгги тўрт мавсум ичида бундеслигада бор-йўғи саккизта ўйинни ўтказиб юборган бўлса, икки ҳафтадан узоқ муддат мобайнида майдондан четда қолмаган. «Спортчи баъзан тушунарсиз вазиятда жароҳат олади. Ҳаммасини тўғри бажариб, жисмоний ҳолатини аъло даражада ушлаб турганлар ҳам шикастланиши мумкин. Бу ўринда қўпол «подкат»лар ёки ўйин пайтидаги тўқнашувлар эмас, шунчаки оддий жароҳатни назарда тутяпман».

Роберт 16 ёшга тўлганида бошқа спорт турларини ташлаб, бор диққат-эътиборини футболга қаратди. «Алессандро Дель Пьеро ҳамда Тьерри Анри менинг энг севимли футболчиларим бўлишган, - деди Левандовски хотираларига мурожаат этаркан. - 70-йиллардаги Польша термаси билан унчалик таниш эмасдим, Збигнев Бонекнинг қандай ўйнаганини кўрмагандим. Шу боис хорижлик чарм тўп усталарига меҳр қўйдим. Майдонда ҳаракатланиш, дарвоза томон зарба беришда улардан намуна олардим».

17 ёшида Варшаванинг «Легия» клуби ўринбосарлари жамоасида тўп сурган қаҳрамонимизга маҳаллий мутахассислар умид кўзи билан қарай бошлашди. Аммо 2006 йили, 18 ёшга тўлиши арафасида жамоа кутилмаганда Роберт билан ҳамкорликни тўхтатди. Левандовскидаги оёқ мушаклари билан боғлиқ муаммо «Легия»ни хавотирга солди. «Кейинроқ физиотерапевт клуб раҳбариятига аввалги формамни тиклай олмаслигимни айтди, - дея вазиятга изоҳ берди футболчи. - Сўнгги машғулотларнинг бирида мен билан янги шартнома имзоланмаслигини билдиришди. Ўша пайт карахт аҳволга тушдим». Гарчи Левандовски бирор-бир клубнинг ашаддий мухлиси эмаслигини айтган бўлсада, «Легия» унинг учун қадрдон жамоага айланганди. Шу боис ҳамкорликнинг тўхтатилиши Робертга оғир ботди. Боз устига, ушбу воқеадан бир йил аввал отасидан айрилганди. «Эндигина 16га тўлгандим, оилада ягона эркак ҳисобланардим. Тезроқ улғайиш талаб этиларди, осон эмасди, шунча кўргуликларга қарамай, кучли бўлишга интилдим».

«Легия»дан кетгач, Польшанинг учинчи дивизиони вакили - «Знич Прушкув» жамоаси Роберт билан алоқага чиқди. Камтарона шарт-шароитларга эга клуб ёш футболчига кўмаклашишга шай эди. «Менга «Шошилма, аввалги формангга қайт, вақт етарли, кутишга тайёрмиз», дейишди. Тикланиш жараёни 3 ой давом этди. Охир-оқибат рақиблар дарвозасини бирин-кетин ишғол қилиб, жамоам ғалабаларига муносиб улуш қўшдим», - деди Левандовски.

Дастлабки йилдан сўнг янги клуби анча ўсишга эришди. Иккинчи мавсумда жамоа ўз тарихида илк марта олий дивизионга чиқишга яқин келди. Буларнинг барида 21та гол уриб, қуйи лига «олтин бутса»сини қўлга киритган Робертнинг ҳиссаси беқиёс эди.

«Легия»да йўл қўйилган хатони англаб, Левандовскини 350 минг евро эвазига ортга қайтариш имкони туғилди. Аммо нарх қимматлик қилдими ёки клуб аввалроқ текинга қўйиб юборган футболчиси учун пул сарфлашни хоҳламадими, якунда Роберт Познаннинг «Лех» жамоаси сафига қўшилди. «Ушбу клубда илк марта ҳақиқий профессионалга айланганим, футболда муваффақият қозонишим мумкинлигини ҳис қилдим», - деди қаҳрамонимиз. 2008 йилнинг 8 августида у «Белхатува»га қарши ўйинда захирадан майдонга тушиб, олий дивизиондаги дебютини нишонлади. Орадан беш дақиқа ўтиб эса, тўп киритиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Дастлабки йилда «Лех» билан Польша кубогини ютди. Кейинги мавсум унга «Олтин бутса» ҳамда чемпионликни тақдим этди.

«Мукаммал» - айнан шу ибора Левандовски билан боғлиқ суҳбатларда тез-тез учрамоқда. У ҳаводаги курашда хавфли, ҳар икки оёқда аниқ ва кучли зарба бера олади. Улкан жусса ҳамда узун бўйга эга бўлишига қарамай, анча эпчил, чаққон. Дарвозага тескари турган ҳолатда тўпни корпус ёрдамида назорат қилиши орқали Дидье Дрогбанинг гуллаган даврини ёдга солади. Ўз навбатида, самарали тўп узатишлари билан ажралиб туради.

Хўш, Роберт ўзини мукаммал ҳисоблайдими? У чиндан ҳам футбол майдонида камчиликлардан холими? «Ҳаммаси бир маромда кетаётгани ҳақида ўйладингми, тамом, янада яхшироқ бўлиш имкониятини қўлдан чиқарасан. Балки нуқсонсиздирман, лекин ўйиннинг барча жиҳатлари устида тинмай ишлашим шарт. Ҳаракатларингдан қониқиб, машғулотларда тер тўкишни ташладингми - бу ҳақиқий муаммо. Футболда мукаммалликка эришиб бўлмайди. Ҳар доим энг яхшилар қаторига қўшилишга ҳаракат қилиш даркор».

21 ёшли Левандовскининг бундеслигага келгач, кўплаб қулай имкониятларни кўкка совуриши кўпчиликнинг ҳайратини оширди. Эҳтимол барчасига Юрген Клоппнинг 4,5 миллион евро эвазига «Лех»дан сотиб олинган футболчини янги позицияда синаб кўриши сабаб бўлгандир. «Познандаги дастлабки мавсумимни ўтказаётган пайтимдаёқ «Боруссия» менга қизиқиш билдирганди, - дея эслайди Левандовски. - Дортмундда ҳужумчи ортида ўйнашимга тўғри келди. Янада олдинроқда ҳаракатланишга кўникканим учун бу ҳол қонимни қайнатди».

Ўша пайтга келиб Клоппнинг ихтиёрида барқарор марказий форвард - Лукас Барриос бўлгани сабабли Робертдан бироз орқароқда фойдаланишга тўғри келди. Левандовскининг наздида эса мураббийнинг нияти умуман бошқача эди. «Фақатгина кейинги йилга келибгина ушбу позицияда кўп нарса ўрганганимни англадим, - деди у. - Юргеннинг нима сабабдан мени бу чизиқда ўйнатганини тушундим. У шу тариқа мукаммал футболчига айланишимга замин ҳозирлади».

Левандовскининг илк мавсумини издан чиқариши мумкин бўлган яна бир омил бор эди. «Германияга кўчиб ўтиш ҳаётимда катта ўзгариш ясади. Илк марта уйимдан узоқлашгандим. Дастлабки бир неча ой мобайнида қийналдим. Аммо вазиятнинг шундай ривож олишини билардим, бунга тайёр эдим. Қанчалик қийин бўлмасин, оптимистик кайфиятни сақлаб қолишга уриндим».

Жамоада икки нафар ҳамюртининг борлиги Робертнинг омади эди. «Дастлабки икки ой ичида Лукаш Пишек ва Якуб Блашиковскининг менга кўп ёрдамлари тегди, - деди Левандовски жилмайган кўйи. - Аммо немис тилини ўрганиш лозимлигини тушуниб турардим. «Раҳмат» ва яна бир-иккита сўзни ёд олгандим, холос. Атрофингдагиларнинг нима ҳақида гаплашаётганини билсанг, кун кечириш осонлашади. Маҳаллий тилни ўргандим ва ҳаммаси изига тушиб кетди».

Левандовски яқинда ESPNга ин-  тервью бераркан, ҳужумда шерик билан ўйнаш ҳузур бахш этишини айтганди: «Ёнимда Томас Мюллер бор экан, ўзимни енгил ҳис қиламан, гўёки у иккинчи форварддек тасаввур уйғотади».

Ўтган йили «Боруссия» омадсизликка юз тутди, бунда етакчи ўйинчиларнинг жароҳат олиши асосий омил вазифасини ўтади. Аммо аксарият ишқибозларнинг фикрича, Левандовскининг «Бавария»га ўтиши Клопп жамоасининг қўл-оёғини боғлаб қўйганди.

«Боруссия» 2013 йилги Чемпионлар Лигаси финалини бой беришидан аввал Робертнинг «Бавария»га ўтиши билан боғлиқ гап-сўзлар урчиди. Унинг Дортмунд клуби билан амалдаги шартномаси яна бир йил муддатга чўзилишини инобатга олиб, Германия матбуоти «Боруссия»нинг тўпурар футболчини сотиш эвазига 25 миллион фунт ишлаши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни илгари сурди.

Ёзда Левандовски Мюнхен гранди сафига қўшилиш нияти борлигини очиқ-ойдин ошкор қилди. Аммо «Манчестер Юнайтед»нинг таклифи (16 миллион фунт+Димитар Бербатов)ни рад этишга улгурган дортмундликлар фикрларидан қайтмоқчи эмасдилар. Уларни пулдан кўра, ўйинчи кўпроқ қизиқтирарди. Охир-оқибат Левандовски шартномасини якунлашга мажбур бўлди. Ишқибозлар трансферлар шовқинига қарамай, Робертни қўллаб-қувватлашда давом этдилар, мураббий эса «жамоа яна бир мавсумни етакчи тўпурар билан ўтказиши»ни ваъда қилди. Ўша вазият нафақат Левандовскининг профессионал экани, балки босимдан ҳам бемалол қутула олишини кўрсатди. «Трансфернинг амалга ошмагани мени ранжитди. Аммо биз барчасини бафуржа гаплашиб олдик. Клуб мени нега қўйиб юбормаганини тушунтирди, мен эса мавсум охиригача «Боруссия» учун қўлимдан келган барча ёрдамни беришга тайёр эканимни айтдим».

Роберт 20та гол уриб, бундеслигада «Олтин бутса»ни қўлга киритган илк польшалик футболчига айланди. Чемпионатнинг сўнгги ўйинида ишқибозлар уни тик турган ҳолда олқишлашди. «Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши - мен учун жуда муҳим эди, - деди Роберт бироз ҳаяжонланган кўйи. - Ажойиб, унутилмас онлардан баҳра олаётгандим».

Буни қарангки, Левандовскига нисбатан танқидий муносабат билдириш бўйича Польша матбуоти германиялик ҳамкасбларини ҳам ортда қолдирди. Жумладан, Робертнинг Дортмунддаги фаолияти эндигина бошланган кезлари польшалик журналист Юрген Клоппга «Левандовски чиндан ҳам бундеслигага мосми?» қабилида савол билан мурожаат этганди. «Боруссия»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи эса бунга жавобан елкасини қисганча шундай деганди: «Биласизми, сиз бу йигитнинг нақадар ажойиб футболчи эканини тасаввур ҳам қилолмайсиз!»

Мана, энди бундан ҳамма хабардор. Ўтган йил декабрида Левандовскини миллий терма жамоа сардори этиб тайинлашди (авваллари бу вазифани Якуб Блашиковски бажарарди). Роберт киритган тўплари орқали барчага миннатдорчилик билдирди, Евронинг саралаш баҳсларида 13та гол билан тўпурарга айланиб, сермаҳсуллик бобида Томас Мюллер, Златан Ибрагимович ҳамда Эдин Жекони ортда қолдирди.

«Бу натижа мамлакатимиз учун жуда муҳим, - деди у. - Польшада гап футболга бориб тақаларкан, эҳтирослар шунбушга келади. Терма жамоа кучли босим остида қолгани боис саралаш босқичи осон кечмади. Сўнгги ўйиндан кейин мазкур ҳолатнинг ишқибозлар учун нечоғли аҳамият касб этиши ойдинлашди. Поляклар яхши ўйнаб, муваффақиятга эриша оладиган жамоа шаклланишини анчадан буён кутишаётганди. Шу сабабли уларнинг қувончлари ичларига сиғмасди, ютуқни байрам сифатида нишонлашди. Бу бор-йўғи илк қадам, холос. Кейинги одимни келгуси йили Францияда ташлаймиз».

Роберт «Вольфсбург» дарвозасига бешинчи голни ургач, Гвардиола майдон четида бошини ушлаганча ҳайратланиб турарди. Левандовски эса жилмайганча уни қарсакларга кўмаётган трибуна томон бешта бармоғини кўрсатарди - шу тариқа эҳтиросга берилиб, ҳисобдан адашганларга нечта тўп киритганини эслатиб қўяётгандек эди, гўё. Бошқалар бундай паллаларда ўзини йўқотиб қўйиши тайин, аммо Левандовски анча совуққон. Гарчи у ҳис-ҳаяжон ва босим ҳақида кўп гапирсада, афтидан, ҳар иккисини назар-писанд қилмайди.

Буни қай тахлит уддалаяпти? «Ҳар қандай ҳолатда ҳам диққат-эътиборим ўйинга қаратилади. Фикру хаёлим футбол билан банд бўлади. Бошқаларнинг қандай фикр юритиши, нима ҳақда гапириши эса аҳамиятсиз».

Ўткирбек УМАРОВ тайёрлади, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:01, 04.12.2015.
Ўқилди: 1989 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.