Кириш Регистрация

Қайга кеттинг, барқарорлик?

Баҳо:
+ | -

Миллионлар ўйинида муайян бир клубнинг кетма-кет ғалабалардан сўнг бирданига инқирозга юз тутиши тез-тез кузатилади. Daily Mail шуни инобатга олган ҳолда Англияда бир мавсум чемпионликни нишонлаб, кейинги йили барчани ҳайрон қолдирган ҳолда жадвалнинг қуйи поғоналарини эгаллаган жамоаларни бирма-бир ёдга олди.

«Манчестер Сити» - 1937|1938 йиллар мавсуми

Чемпионатда ғалаба қозониб, келгуси мавсумни бой бериш - «Манчестер Сити» учун одатий ҳолга айланган. «Шаҳарликлар»нинг сўнгги тўрт йилда қайд этган натижалари 1937|1938 йиллар мавсумидаги кўрсаткичларининг олдида ҳолва. «Гримсби»га таслим бўлган клуб кейинги ўйинларни мағлубиятсиз ўтказиб, «Чарльтон»дан уч очкога ўзиб кетган ҳолда чемпионликни тантана қилгандилар. Ўша йиллари «Сити» сафи юлдузларга бой эди: дарвозабон Фрэнк Свифт, чаққон вингер Эрни Тоузлэнд ҳамда қойилмақом учлик - Эрик Брук, Алекс Херд ва Питер Доэрти мухлислар ёқимтойига айлангандилар.

Кейинги йили ҳужумчилар 42та ўйинда 80та гол уришди, бу бошқа жамоалар билан таққослаганда энг яхши кўрсаткич эди. Аммо шу билан бирга, тўп ўтказиб юбориш борасида ҳам асло қолишмадилар - 77та гол.

Умуман олганда, «шаҳарликлар» аввалги чемпионатнинг дастлабки ўнта ўйинида атиги икки марта ғалаба қозонганликларини инобатга олсак, улар янги мавсумни омадлироқ бошлашди. «Вулверхэмптон» билан учрашув бой берилган бўлса-да, кейинчалик «Эвертон» ва «Лес­тер» таслим этилди. Ноябрь ойи охирларида «Сити» учта баҳсда дуранг билан кифояланиб, сафардаги 9та ўйиннинг олтитасида мағлубиятни тан олди. «Мейн Роуд»даги 9та баҳснинг 7тасида муваффақият қозониб, бир марта рақиби билан очколарни бўлишиб олди. 17та ўйиндан сўнг улар мусобақа жадвалининг 10-поғонасини эгаллаб туришган бўлса, кейинчалик қаторасига тўртта ўйинни бой беришди. Навбатдаги учта баҳсда зафар қучиб, бир марта дуранг ўйнашди. Шундан сўнг саккизта баҳснинг олтитасида мағлубиятга учраб, иккитасида муроса кўчасини танлашди.

«Сити» аввалги барқарорликни қайтаришни уддалай олмади. Гарчи «Лидс» 6:2 ҳисобида тор-мор этилган бўлсада, «Хаддерсфилд»дан қабул қилиб олинган кичик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг улар элитани тарк этишди. «Шаҳарликлар» урилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи ижобий бўла туриб, даражаси пасайган ягона чемпионга айланишди.

Бош мураббий Уилф Уайлд 1946 йилгача ўз ўрнида қолиб, ушбу жамоага умумий ҳисобда 14 йил давомида устозлик қилди. Эътиборлиси, ҳозиргача ҳеч бир мутахассис «Манчестер Сити»ни бунча муддат мобайнида бошқармаган.

«Челси» - 1955|1956 йиллар мавсуми

Ушбу маълумот Роман Абрамович ва «Стэмфорд Бридж» стадионига кириш учун абонемент харид қилган мухлисларни овутадими-йўқми билмадик, аммо «Челси» жорий йилда кузатилаётган муваффақиятсизликка аввал ҳам рўбарў келган. Улар илк совринни 1954|1955 йиллар мавсумида қўлга киритишган, ўшанда 52 очко тўплаган ҳолда иккинчи жаҳон урушидан сўнг чемпионликни нишонлаган жамоалар орасида энг паст кўрсаткични қайд этишганди.

Шунга қарамай, «Челси» энг яқин таъқибчиси - «Вулверхэмптон»ни тўрт очкога ортда қолдириб (ўша пайтлари ғалаба учун икки очко бериларди), ҳақли равишда чемпионга айланганди. «Бўрилар» эса бир-бирини икки очко ажратиб турган олтита жамоадан бирига айланишганди: ўша йилги чемпионат лига тарихида бир хил савия намойиш этилгани билан ёдда қолди. Бироқ келгуси йили лондонликлар ўйинида пасайиш сезилди, натижада иккинчи ўрин билан 11 очколик фарқни сақлаб қолган «Манчестер Юнайтед» чемпионликни нишонлади.

«Челси» дастлабки тўққизта ўйин­нинг фақат биттасида зафар қучди. Октябрь ойида қозонилган ғалабалар эвазига улар элитада жон сақлаб қолишди, «кўклар» мавсумни 13-поғонада якунлашди. Лигага асос солинган дастлабки асрда аксарият клубларда учрагани каби, «Челси»да ҳам соврин қўлга киритилгач, ғалабага бўлган иштиёқ сўнганди. Тед Дрейк жамоаси шоҳсупани эгаллаганидан кейин навбатдаги мавсумда омадсизликка юз тутган 19та жамоанинг 14-си саналади. Сўнгги марта бундай натижани «Астон Вилла» (1981|1982) ҳамда «Лидс (1992|1993) қайд этишган.

«Ипсвич Таун» - 1962|1963 йиллар мавсуми

Айрим жамоалар кутилмаганда чемпионга айланишгани боис, уларда кузатилган пасайиш шов-шув сифатида қабул қилинмайди. «Ипсвич»нинг Альфа Рэмси бошчилигидаги парвози кўпчиликни ҳайратга солди. Ушбу мутахассис 1955 йили жамоага келган пайтда «Ипсвич» учинчи дивизионда қатнашарди. Кейинчалик ҳам вазият ижобий тус олмади... то Рэмси келгуси йилнинг декабрида Жимми Лидбеттердан чап қанотда фойдаланишни бошламагунга қадар. Футболчи янги позицияда ўзига тезлик етишмаслиги мумкинлигини англаб, ҳаяжонланган бўлса-да, бу ҳолат Рэмсининг концепцияси учун унчалик аҳамиятли эмасди. «Ортга қайтиб, ҳимоячилардан тўпни олардим, - дея тушунтирди Лидбеттер. - Рақиб жамоа фулбеклари ортимдан таъқиб этмасликлари учун олдимда кўпинча бўш жой пайдо бўларди. Олдинга ўтганимда эса ўша фулбек ўз позициясини ташлашга мажбур қоларди. У ортимдан югуриш кераклигини тушуниб турарди. Натижада, рақибнинг қанот ҳимоя­сида бўшлиқ пайдо бўлар, ушбу чизиқда ҳаракатланадиган жамоадошим Тед Филлипс учун бу айни муддао эди: у бундай вазиятларда деярли адашмайди, дарвозани ишғол қилади». Шу тариқа 4-2-4дан 4-3-3 тактик схемасига ўтилди, кейинчалик у 4-4-2га ўзгарди ва англияликлар кўп ўтмай шунинг эвазига жаҳон чемпионлигини қўлга киритишди.

«Ипсвич» даражасининг ошиши 1957 йилга тўғри келди, 1961 йилда эса (кўп сонли ишқибозларнинг ҳайратини ошириб) чемпионликни нишонлади. Тўғри, рақиблар ушбу жамоанинг маккорлигига қарши курашадиган бўлиб қолишди. Кейинги мавсум суперкубок баҳсида «Тоттенхэм» «Ипсвич»ни 5:1 ҳисобида енгди. Октябрь ойи якунига келиб Рэмси Англия терма жамоасига бош мураббий этиб та­йинлангач, «Ипсвич» 15та ўйинда атиги иккита ғалабага эришди. Клуб мавсумни 17-ўринда якунлаб, олий дивизионни тарк этди.

«Лидс Юнайтед» - 1974|1975 йиллар мавсуми

Брайан Клаф ҳамда «Лидс Юнайтед» бир-бирларига мутлақо мос эмасдилар. Чемпионлик унвонини сақлаб қолган Дон Риви Англия термасида Альфа Рэмсининг ўрнини эгаллагач, унинг «Лидс»даги жойи бўш қолди. «Брайтон»да нохуш дамларни бошдан кечирган Клаф эса чемпионларга устозлик қилишга қарши эмасди. Гарчи у аввалги тўрт йилни Риви, «Лидс» ҳамда ушбу клубга боғлиқ барчани танқид қилиш билан ўтказган бўлса-да, еврокубокда қатнашиш иштиёқи унга тинчлик бермасди.

«Лидс» раҳбарияти мураббийликка обрўли шахсни олиб келишни хоҳлашарди. Охир-оқибат Клаф танланди. Ушбу мутахассис қисқа муддат ичида сезиларли ўзгаришларни амалга оширди, унинг футболчиларга нисбатан қаттиққўллик қилиши эса вазиятни чигаллаштирди (мисол учун, Брайан ўйинчилардан «ғирромлик» орқали қўлга киритилган медалларини ахлатга ташлашни талаб қилган).

«Лидс» мавсум бошидаги суперкубок баҳсини «Ливерпул»га бой берди. Бу Билл Шенклининг хайрлашув ўйини эди, аммо учрашув Билли Бремнер ва Кевин Киганнинг муштлашуви билан ёдда қолди - ҳар икки футболчи майдондан четлатилди (афтидан, Киган мушт егани учун қизил карточка олганди). Жамоа лигадаги дастлабки олтита ўйиннинг учтасида мағлубиятга учраб, иккитасида дуранг қайд этди. Шундан сўнг Клафнинг клубда кўп ушланиб қолмаслиги тобора ойдинлашиб борди. 44 кун ишлагач, Брайан кетди. Ундан сўнг вазиятни Жимми Армфилд ўнглади: «Лидс» янги йилда атиги учта ўйинда таслим бўлиб, мавсумни тўққизинчи ўринда якунлади. Ўз навбатида, Европа Чемпионлари Кубоги финалига қадар етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда «Бавария»га муносиб қаршилик кўрсатишларига қарамай, бош совринни қўлга киритиш уларга насиб этмади.

«Лидс Юнайтед» - 1992|1993 йиллар мавсуми

Жамоанинг бу галги омадсизлиги Эрик Кантонанинг «МЮ»га сотиб юборилиши билан изоҳланди. Агар клуб раиси Билл Фозерби Манчестер жамоасидаги ҳамкасби билан боғланиб, Дэннис Ирвин билан қизиқиб кўрмаганида бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Кантона жамоасини алмаштирмаганида «Лидс» бунчалик қийналмасмиди. Аммо муаммолар франциялик футболчи кетмасидан аввал бошланганди.

«Лидс» биринчи ўйинда «Уимбл­дон»ни таслим этди (ўйин масаласи дарвозабонга тўпни узатиш билан боғлиқ янги тақиқ эвазига ҳал бўлди). Рожер Жозеф тўпни Ханс Сегерсга қайтариш борасида иккиланиши якунда Ли Чепменнинг голи билан ниҳоя топди. Орадан бироз вақт ўтгач, Жон Лукич жамоадоши Крис Уайт узатган тўпни қўлига олгани боис ҳакам эркин тўп тепиш лозимлигини кўрсатди. Оқибатда, яна битта гол.

«Лидс» «Вилла» билан дуранг ўйнаб, «Миддлсбро»га 1:4 ҳисобида ютқазди. «Тоттенхэм» дарвозасига жавобсиз бешта тўп киритилиши гўёки вазият ижобий тус олаётганидан далолатдек эди. Аммо ҳимоядаги муаммолар бартараф этилмаган, жамоа кейинги 11та баҳс­нинг бор-йўғи биттасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиб, умумий ҳисобда 19та тўп ўтказиб юборганди. «Лидс» чиндан ҳам Кантонани сотиб катта хатога йўл қўйганди.

«Манчестер Сити»нинг қуйи лигага равона бўлганини инобатга олмасак, «Лидс»нинг 17-ўрин билан кифояланишини чемпионлар орасидаги энг салбий кўрсаткич сифатида баҳолаш мумкин. Премь­ер-лига даври бошлангач, бундай жиддий инқирозлар кузатилмади - «Блэкберн»нинг 1995|1996 йиллар мавсумида 7-ўринни қўлга киритиши ҳозирча «собиқ ғолиблар» орасидаги энг ёмон кўрсаткич бўлиб турибди. Мана, «Челси» жорий йилда мазкур антирекордни янгилаш имкониятига эга.

Манба: Football.ua,

Ў.УМАРОВ тайёрлади

Киритилди: 15:52, 06.12.2015.
Ўқилди: 3038 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.