Кириш Регистрация
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина 2-2 Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе
19/05 15:30 Сассуоло - Кальяри
19/05 18:00 Монца - Фрозиноне
19/05 18:00 Удинезе - Эмполи
19/05 20:00 Манчестер Сити - Вест Хэм
19/05 20:00 Шеффилд Юнайтед - Тоттенхэм
19/05 20:00 Арсенал - Эвертон
19/05 20:00 Брентфорд - Ньюкасл
19/05 20:00 Брайтон - Ман. Юнайтед
19/05 20:00 Бёрнли - Ноттингем Форест
19/05 20:00 Челси - Борнмут
19/05 20:00 Кристал Пэлас - Астон Вилла
19/05 20:00 Ливерпуль - Вулверхэмптон
19/05 20:00 Лутон - Фулхэм
19/05 21:00 Интер - Лацио
19/05 22:00 Валенсия - Жирона
19/05 22:00 Вильярреал - Реал Мадрид
19/05 22:00 Атлетик Бильбао - Севилья
19/05 22:00 Атлетико - Осасуна
19/05 22:00 Барселона - Райо Вальекано
19/05 22:00 Бетис - Реал Сосьедад
19/05 22:00 Кадис - Лас-Пальмас
19/05 22:00 Мальорка - Альмерия
19/05 22:00 Гранада - Сельта
19/05 23:45 Рома - Женоа
20/05 00:00 Лорьян - Клермон
20/05 00:00 Монако - Нант
20/05 00:00 Лилль - Ницца
20/05 00:00 Лион - Страсбур
20/05 00:00 Реймс - Ренн
20/05 00:00 Ланс - Монпелье
20/05 00:00 Тулуза - Брест
20/05 00:00 Гавр - Марсель
20/05 00:00 Метц - ПСЖ

Кучли тўртликнинг кучсиз томонлари

Баҳо:
+ | -

Ўзбек футболида бўрон олдидан бўладиган сукунат ҳукм сурмоқда. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмайди ва ҳали қиш тугамай туриб, янги мавсум шиддат билан бошланади. «Шиддат билан», деганда, ортиқча муболаға ишлатганимиз йўқ, зеро, мавсумнинг Осиё Чемпионлар Лигаси очиб беради. Бу эса қизиқарли ўйинлар ва муросасиз кураш демакдир. Ҳар ҳолда, биз шунга умид қиламиз. Яна шундан умидвормизки, бу сафар ўтган йилги муваффақиятсизликлар такрорланмайди. Албатта, натижа клубларимизнинг тайёргарлик ишлари ва таркибни қай даражада кучайтира олишларига боғлиқ. Ўтган мавсум ҳеч бир жамоамиз бу ишни яхши уддалай олмаганди. Хўш, навбатдагисида ишлар қандай кечаркин? Шу ўринда эътиборингизни кучли тўртлик клубларининг биттадан муаммоли жиҳатига қаратишни лозим топдик.

«БУНЁДКОР»

«Қалдирғочлар» аслида ўтган мавсумни жуда яхши бошлаган эдилар. Сардор Рашидовнинг юлдузлик даври ибтидосига айланган ўйинда «Ал-Жазира» 2:1 ҳисобида мағлуб этилган ва «Бунёдкор» Сергей Лушан бошқарувида мавсумни ажойиб тарз­да бошлаганди. Бу ўйинда Сато Минори ҳам мутлақ ўзгача ўйин намойиш қилган, Шокир Зуаги эса ажабтовур узатмалари билан ҳайрон қолдирганди. Аммо гуруҳ босқичидаги илк ўйинлардаёқ ушбу сифатларнинг бари йўқолиб қолди ва «Бун­ёдкор» мусобақани шармандали ҳолатда, яъни атиги 1 очко билан якунлади. Хўш, жамоага нима етишмаган эди?

Шу ўринда диққатингизни «Бун­ёдкор»нинг собиқ бош мураббийига қаратсак. Сергей Лушан - ўзгача ғояларга эга инсон, аммо афтидан, унинг катта клублардаги даври ҳали келмаган кўринади. Лушан энг керакли вақтда жамоани яхлит куч сифатида бирлаштиролмади. Балки тажрибаси етишмагандир, эҳтимол, маҳорати, аммо ҳали у, ҳали бу футболчи билан юзага келган келишмовчиликлар туфайли жамоа ўйини беқарор кўриниш олди. Гоҳ ёрқин ўйин эвазига ғалаба қозонилди, гоҳ аутсайдер олдида ҳам ожиз қолинди. Оқибатда мавсум якунига етмай, мураббий истеъфога чиқарилди. Афсус, бошланиши қандай яхши эди-я...

Аммо бу истеъфо билан «Бунёд­кор»нинг муаммолари ортда қолди, дейиш қийин. Аксинча, улар энди бошланаётган бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Лушан истеъфога чиққач, жамоа­ни клуб раҳбари Бахтиёр Бобоевнинг ўзи қабул қилиб олди. Аммо унинг бу юриши муваффақиятли чиқмади. «Қалдирғочлар» «менежер-мураббий» бошчилигида аввалига кубокни «Насаф»га бой бердилар, кейин эса олий лигада «борди-келди»ни давом эттирдилар. Клуб мавсумдаги сўнгги 8та ўйин­да 4 мартагина ғалаба қозонди. Яна бир ўйинда мағлубиятга учради, 3тасида дуранг қайд этди. Бу чемпион­лик даъвосидаги клуб учун яхши эмаслиги аниқ. Умуман, бундай натижани Лушан ҳам қайд эта оларди. Шундай экан, уни истеъфога чиқариш шартмиди?

Аммо майли, саволларни тинч қўяйлик-да, «Бунёдкор» мавзусини давом эттирайлик. Айни вақт вазият шундай кўриниш олган-ки, «қалдирғочлар» имкон қадар тезроқ янги мураббий масаласини ҳал этишлари керак. Акс ҳолда, келаси мавсум «Бунёдкор» учун қандай кўриниш олишини тасаввур қилиш ҳам қийин. Клуб Чемпионлар Лигасини бошқалардан анча эрта бошлайди. ОЧЛда гуруҳ баҳслари 23-24 февралда бошланса, «плей-офф» учрашувлари 9 февралга белгиланган. «Қалдирғочлар» айнан шу куни жуда кучли клуб - «Ал-Шабаб»ни қабул қиладилар. «Бунёдкор» шу ўйинга муносиб тайёргарлик кўриш учун декабрда Тошкентда, январда эса БАА­да йиғин ташкил қилишни режалаштирган.

Хулоса шуки, айни пайт «Бунёдкор»нинг энг муаммоли жиҳати - бу мураббий масаласи. Яъни янги устоз қанча тез тайинланса, шунча яхши.

 

«НАСАФ»

Қарши клуби ҳақида гап кетганида, энг аввало, узоқ йиллардан буён бирга тўп суриб келаётган футболчилар ва анча шаклланган таркибни тилга олиш одат бўлиб қолган. Дарҳақиқат, жамоада деярли ҳамма бир-бирини анчадан буён яхши билади ва ўтган мавсум ОЧЛ гуруҳ босқичида қўлга киритилган 8 очкода бунинг ўрни жуда катта. Аммо гап шундаки, 8 очко ҳам «Насаф»нинг нимчорак финалга чиқиши учун камлик қилди. Хўш, қаршиликларнинг асосий муаммолари нимада эди?

«Насаф»ни бир масалада ҳам омадли, ҳам омадсиз, дейиш мумкин. Гап шундаки, клуб сафида юртимиздаги энг яхши легионерлардан бири тўп суради - Артур Геворкян. Аммо масаланинг муаммоли томони - қаршиликларнинг хориждан футболчи жалб этиш борасида қилаётган бошқа уринишлари мутлақо омадсизлик билан тугамоқда. Ўтган мавсум «Насаф»да Геворкяндан таш­қари, Олександр Коблаш ва Рой Рок тўп сурди. Аммо Коблашнинг қаршиликлар савиясига мутлақо мос келмаслиги тезда ойдинлашди, мавсумни ажабтовур бошлаган Рой Рокнинг соғлигида эса муаммолар юзага келди. Айни вақтда словениялик футболчи «Насаф»дами ёки кетган - бу ҳақда аниқ гапириш қийин. Ҳар ҳолда, унинг ўзи жамоада қолиш ниятида, чоғи...

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, клуб олдида айнан легионерлар масаласида катта иш олиб бориш вазифаси турибди. «Насаф» ўтган мавсум бу ишни талаб даражасида уддалай олмади ва панд еди. Ҳозир ҳам клубнинг энг асосий бош оғриғи шу бўлса керак. Боз устига, жамоадан Шоҳруҳ Гадоев кетиши мумкинлигини назарда тутсак, таркибни кучайтириш эҳтиёжи яна-да ортиши аниқ. Кўрамиз, «Насаф» бу ишларни қай даражада ечаркин...?

 

«ЛОКОМОТИВ»

«Локомотив»нинг ўтган йиллар давомида намо­йиш этган ўйинига муносабат билдиришни истасангиз, беихтиёр Криловнинг ўша оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа ҳақидаги машҳур масалини ёдга олишга тўғри келади. Жамоада яхши натижа қайд этиш учун ҳамма нарса бор эди - молиявий барқарорлик, кучли футболчилар ва яхши мураббий. Аммо вазият шу билан якун топдики - «Локомотив» олий лигада яна ғолиб чиқолмади, кубокни бой берди ва Чемпионлар Лигасида ҳам ҳеч нарсани қойиллатгани йўқ.

Аслини олсак, «Локомотив»да ҳеч қандай муаммо кўзга ташланмаслиги керак эди. Чунки бу клуб айни вақт Ўзбекистон чемпионатида энг барқарор таъминотга эга ҳисобланади. Аммо мудом унинг ўйинига нимадир етишмаётгандек туюлаверади. Балки клубда бор масъулиятни ўз зиммасига оладиган ва жамоадошларини ортидан эргаштирадиган етакчи етишмаётгандир? Шу сабабли, баъзи учрашувларда пала-партишлик кузатилаётгандир? Айтиш қийин. Аслида шу муаммони ечиш учун ҳам клуб бошқарувига Вадим Абрамов таклиф этилган эди. Аммо мураббий деярли 2 йиллик фаолияти давомида айтарли натижа кўрсатолмади. Шу сабаблидир, у олий лига якунланишига атиги 5 тур қолганида ҳақли равишда истеъфога чиқарилди. Қайсидир томонлама бу қарор «Локомотив»га фойда берди, дейиш мумкин. Чунки Абрамов кетгач, ке­йинги 5та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонилди. Демак, унинг ўрнини эгаллаган Андрей Микляев - Мирко Йеличич тандеми ишни чакки ташкил қилмаган.

Бироқ бу билан «темирйўлчилар» муаммоси ортда қолди, дейишга шошмаслик керак. Зеро, клуб олдида қилинадиган ишлар ҳали анча. Янги бош мураббий ўзига мос ўйинчи сотиб олиш ва шунга монанд таркиб шакллантиришни исташи турган гап. Бу ўринда масаланинг молиявий томонидан кўра, керакли футболчини топиш қийинроқ ҳисобланади. Масалан, ўтган йили Вадим Абрамов Бразилияга бориб ҳам, бу ишни уддасидан чиқмаганди. Кўрамиз, Йеличич таркиб тузиш ва унга ўз ғояларини сингдириш борасида қандай ишлар экан? Ҳар ҳолда, у «Локомотив»дан худди Вадим Абрамов ёки Ҳаким Фузайлов каби кетишни истамаса, энг аввало, шу масалани ҳал қилиши зарур...

 

«ПАХТАКОР»

Ўтган ҳафтанинг энг кутилмаган хабари - «Пахтакор» сардори Кахи Махарадзенинг жамоадан кетиши мумкинлиги ҳақидагиси бўлди. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда клубнинг алмаштирилмас етакчисига айланган футболчининг дабдурустдан кетишни истаб қолиши - анча ғалати. Ҳозир бу хабар қай даражада ҳақиқатга мос келиши ноаниқ. Ҳар ҳолда, «Пахтакор» буни расман тасдиқлагани йўқ. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, «теракнинг учи» ҳақидаги мақолни ёдга олиб айтсак, клубда барча ишлар кўпчилик ўйлаганчалик силлиқ кечмаётгандир, эҳтимол. Бу «Пахтакор»га қўшимча муаммолар келтириб чиқариши турган гап. Чунки клубга тажрибали футболчилар етишмовчилиги мудом панд бериб келган. Ёдингиздами, 2 йилча олдин «Пахтакор» ҳатто ОЧЛдан  четда қолиб кетганди. Аммо вақт ўтгани сари бу муаммо бартараф этилди ва «шерлар» ниҳоят, узоқ кутилган барқарорликка эришдилар. Албатта, бир футболчининг кетиши бу барқарорликни бузиб юбормаслиги мумкин, аммо анча путур етказишини инкор этиб бўлмайди. Боз устига, гап жамоа сардори ҳақида кетмоқда. Буни ҳам инобатга олиб қўясиз...

Аммо бу ҳали «Пахтакор» учун юзага келмаган муаммо. Энди айни вақтдагиси ҳақида гаплашсак. «Пахтакор» мухлисларига жамоанинг энг ожиз нуқтаси борасида савол берсангиз, катта эҳтимол билан дарвозабон масаласи кўтарилиши тайин. Чунки Александр Лобанов борасидаги баҳс-мунозаралар сира тўхтамайди ва биз бунга кўникиб ҳам улгурганмиз. Гарчи «Пахтакор» дарвозасини Ўзбекистон терма жамоасининг асосий посбони қўриқласа-да, ушбу чизиқ клубнинг энг кучли нуқтаси эмаслиги яхши маълум. Лобанов ҳақида ҳамма турлича фикр билдиради, аммо «Пахтакор» Игнатий Нестеров билан хайрлашганидан буён клубда дарвозабон масаласи муаммолигича қолиб кетаётганини ҳеч ким инкор этолмаса керак. Авваллари Темур Жўраев ҳақида гаплашар эдик, энди эса Лобанов. Тўғри, Саша ўша Жўраевдан кўра, анча ишонч­ли посбон, аммо Игнатий Нестеровнинг энг кучли даврларига яқин келолмаслиги ҳам турган гап. «Пахтакор»га эса ОЧЛда муваффақият қозониш учун айнан шундай дарвозабон керак.

Жамоада айни вақт Александр Лобанов, Никита Рибкин ва Акмал Турсунбоев каби дарвозабонлар бор. Мавсум давомида асосий таркибда Лобанов майдонга тушди ва у қайсидир маънода ишончни оқлади. Ҳар ҳолда, Александр 13та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди ва бу борада «Бунёдкор» посбони Мурод Зуҳуров билан бирга энг яхши натижани қайд этди. Шу билан бирга 2та пенальтини тўсганини ҳам инобатга олиш лозим.

Бироқ шунга қарамай, «Пахтакор» лоақал Лобановга рақобат кўрсатадиган кучли дарвозабонни таркибга жалб қилмаса, барқарорликка эришиши анча қийин кечади. Ҳар ҳолда, у кучли тўртлик ичида энг кўп гол қўйиб юборган жамоа бўлди - 24та («Локомотив» - 22та, «Насаф» - 20та ва «Бунёдкор» - 19та). Демак, «шерлар»га яна бир кучли дарвозабон ортиқчалик қилмасди. Аммо масаланинг нозик жиҳати шундаки, айнан «Пахтакор»нинг собиқ ва Ўзбекистон терма жамоасининг айни вақтдаги бош мураббийи Самвел Бабаян талабига кўра, янги мавсумдан олий лига клублари легионер дарвозабонларни рўйхатдан ўтказиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Юртимизда малакали посбонлар камлигини инобатга олсак, клуб бу муаммони қай таҳлит ҳал этиши ёки ҳал қилмаган тақдирда, вазият қандай кўриниш олишини кузатиш анча қизиқарли...

Абдулазиз МУРОД, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:08, 16.12.2015.
Ўқилди: 6257 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.