Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Ўзбек футболида ёқимли ва ёқимсиз воқеликлар билан танишинг!

Баҳо:
+ | -

Ўзбек футболида бир муддатлик танаффус бошланди. Энди янги йилга қадар на терма жамоаларимиз иштирокида ва на олий лигада бирор расмий ўйин бўлади. Қисқаси, футболимиз таътилга чиқди ва ҳозирданоқ бемалол йил якунлари бўйича мулоҳазаларни билдиришимиз мумкин. Зеро, бунинг учун сабаблар етарли - йил давомида миллий футболимизда етарлича воқеа ва ҳодисотлар кузатилди. Биз  эса энг муҳим ҳодисаларни икки қисмга ажратган ҳолда, ўрганишга уриндик. Демак, қуйида ўз наздимиздаги энг ёқимли ва ёқимсиз воқеликлар учлигини кўриб чиқамиз.

Аввало, эътиборингизга ўзбек футболидаги энг яхши 3та ижобий ҳодисотни ҳавола қилсак...

3. САРДОР РАШИДОВНИНГ ЎЙИНИ

Ўтган мавсумнинг шубҳасиз, энг ёқимли таассуротларидан бири - «Бунёдкор»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов ўйини. Мухлисларимиз бу қадар тезкор ва техник жиҳатдан кучли футболчини яқин ўртада кўрмагандилар. Сардор биз учун янгича оламни очди, десак ҳам муболаға бўлмас.

Ярим ҳимоячи учун айниқса, йил бошида бўлиб ўтган Осиё кубоги муваффақиятли кечди. Гарчи жамоамиз мусобақада кутилганидек, иштирок этолмаган бўлса-да (гуруҳдан чиққан заҳоти Жанубий Корея термасидан 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради), Сардор ўзини яққол кўрсатди. Аввалига асосий таркибга киритилмаган футболчи 3-турда Саудия Арабистони термасига қарши кечган учрашувда том маънода порлади. Энг қизиғи, биз шу вақтга қадар араб футболчилари техникасига ҳайрат билан боқиб, ҳимоячиларимизнинг улар олдида  қай даражада ожиз қолаётганларини алам аралаш кузатардик. Айни масалада Сардор Рашидов қайсидир маънода ўч олиш уддасидан чиқди. Ҳарқалай, унинг рақиб футболчиларини осонлик билан алдаб ўтишини кузатиш мавсумнинг энг ёқимли хотираларидан бирига айланди.

Шу жойда Сардор Рашидов билан боғлиқ яна бир ҳолатни назардан қочирмаслик лозим. Зийрак мухлис олий лигада мавсум энди бошланган вақтлар «Бунёдкор» иштирокидаги ўйинларга анча кўп мухлис ташриф буюрганини эслаб қолган. Улар асосан айнан Сардорнинг ўйинини томоша қилиш учун стадионга тушишганини англаш қийин эмасди. Бир сўз билан айтсак, Сардор мазмунли ҳаракатлари билан мухлисларни стадионга чорлашнинг ҳам уддасидан чиқди. Тўғри, афсуски, ярим ҳимоячининг «қалдирғочлар» таркибидаги ўйинлари у қадар омадли чиқмади. Аммо Сардор «Ал-Жаиш»­га ўтгач, қайта порлай бошлади ва айни вақт араб жамоасининг асосий футболчиларидан бирига айланиб улгурди. Истардикки, энди унинг порлаш нуқтаси Осиёдан Европа осмонига кўчса...

2. МИРАБРОР УСМОНОВНИНГ НУТҚИ

Олий лига сўнгги йилларда бир қолипга тушиб қолганини ҳамма билади, машҳур қизиқчи Ҳожибой Тожибоев таърифи билан айтганда, таксичилар ҳам ўйин ҳисобини олдиндан айтиб берадиган бўлиб қолишганди. Келишилган ўйинлар иллати футболимизга сингиши сари стадиондаги мухлислар чўғи ҳам шунчалик ўчиб борарди. Шу сабабли, йил бошида ЎФФ томонидан кўрилган чора-тадбирлар кишида анча умид уйғотди.

Ҳаммаси жуда нажотбахш кўринди - «Келишилган ўйин­ларга қарши курашиш» қўмитаси клубларни ҳалол мусобақалашиш борасида огоҳлантирди ва жамоалар ҳам бу иллатдан узоқ юришга ваъда бердилар. Қайсидир нашрда ёзилишича, барча клуб вакиллари йиғилиб, эркакчасига қўл ташлагандилар.

Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмади-ки, бу «эркакча қўл ташлаш»дан маъно у қадар катта эмаслиги ойдинлашди. Чунки мавсум ярмига етмай, олий лигада бирин-кетин шубҳали натижалар бўй кўрсата бошлади. Бу ҳақда газеталарда ёзилди, аммо натижа чиққани йўқ. «Эски ҳаммом эскилигича» қолиб кетаётганини кўришган мухлислар деярли қўлларини ювиб, қўлтиққа артишга яқин келгандилар. Хайриятки, ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг ўша машҳур нутқи пир бўлиш арафасига келиб қолган ҳафсалани қутқарди.

Ёдингиздами, ЎФФ раҳбарининг нутқи «Пахтакор»  ва «Металлург» ўртасида кечган ўйинга қаратилганди. Ўша учрашувда дарҳақиқат, ғалати воқеалар рўй берган ва бекободликлар 2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, якунда ютқазиш «уддасидан» чиққандилар - 2:3. «Металлург» вакили Мурод Тошматовнинг тескари йўналишда югуриб кетаётган Жалолиддин Машариповни йиқитгани ҳеч кимнинг ёдидан чиқмагандир. Айнан шу ўйин Мираброр Усмонов эътирозига сабаб бўлди. Натижада «Металлург» бош мураббийи Рустам Мирсодиқов дис­квалификация қилинди. Энг муҳими, шу воқеалар ўлароқ, бизда ҳам ғирромликка нисбатан жазо борлигини билдик. Ажабмас, шу дисквалификация айримлар учун огоҳлантириш қўрғироқи вазифасини ўтаса...

1. ОСИЁНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЁШ ФУТБОЛЧИСИ

Энг яхши воқеликлар ҳақида гапирар эканмиз, табиийки, Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси биздан чиққанини эътироф этмаслик ва уни биринчи ўринга қўймасликнинг мутлақо иложи йўқ. Яхши хабарнинг энг яхши жиҳати шундаки, жорий йил бу номинацияда ғолиблик учун фақат бизнинг йигитлар даъвогарлик қилишди. Айнан шуниси кишини ўзгача қувонтирди. Якунда бу ном «Бунёдкор» ярим ҳимоячиси Достонбек Ҳамдамовга насиб қилди. Унга қарши рақобатда бўлганлар ҳам бегона эмасдилар: «қалдирғочлар» ҳужумчилари - Забиҳилло Ўринбоев ва Элдор Шомуродов. Энг яхши ёш футболчи мақомини Достонга берилганидан на             Забиҳилло ва на Элдор ранжиган бўлса керак. Зеро, улар ўсиш ва кучайишда давом этсалар, вақти келиб, нафақат ёшлар, балки катталар ўртасида ҳам қитъанинг энг яхшиси сифатида ном қозонишга даъвогарлик қилишлари турган гап...

Сиз билан йилнинг энг яхши 3та воқеаси ҳақида суҳбатлашдик. Гарчи бу мавзу қанчалар ёқимли бўлмасин, минг таассуф билан тан олиш лозим, танганинг орқа томони ҳам бор ва бу ҳақда албатта, сўз юритиш шарт. Хуллас, мавсум бизга фақат ёқимли лаҳзаларни ҳадя этмади. Улар қатори ёқимсизлари ҳам учради-ки, бу ҳақда алоҳида суҳбатлашиш лозим.

3. КЕЛИШИЛГАН ЎЙИНЛАР

Ўтган мавсум «Келишилган ўйинларга қарши курашиш» қўмитаси ва хусусан, унинг раҳбари - Аҳрол Иноятовга катта умидлар боғланди. Айнан шу инсон футболимизни тозалашда байроқдор бўлиши лозим эди. Аммо умидлар юмшоқ айтганда, оқланмади. Қўмита энг муҳим лаҳзаларда қатъият кўрсатмади ва шубҳали ўйинларга бой мавсумда бирорта учрашувни фош этолмади. Ҳатто ЎФФ президенти ушбу иллат ҳақида очиқ гапириб турганида ҳам, қўмита раҳбари Аҳрол аканинг наздида келишилган ўйинлар бўйича ҳеч қандай исбот йўқ. Дейлик, «Металлург»-«Пахтакор» ўйинида «спортга хос бўлмаган элементлар кўзга ташланган» экан. Мутасаддининг таъкидлашича, «Металлург» бош мураббийи Рустам Мирсодиқовнинг четлатилишига фақат ўша «спортга хос бўлмаган элемент»лар сабаб экан. Такрорлаймиз, Аҳрол Иноятов бу ўйинга «келишилган», дея баҳо беришдан қатъиян бош тортди. Табиийки, умумий ҳолат ҳафсалани пир қилади. Модомики, ўйин келишилмаган экан, унда Мирсодиқов нима учун четлатилди? «Спортга хос бўлмаган элементлар»ни содир этган, яъни Машариповни атайлаб йиқитган Тошматов нима учун жазоланмади?

 

2. ОЧЛ

Ўтган мавсумнинг энг дилхира вазиятлари халқаро майдонга ҳам дахлдор. Аслида бу йил биз учун анча яхши кечиши кутилган эди - тарихда илк марта Осиё Чемпионлар Лигасида бир йўла 4та жамоамиз иштирок этди. Аммо айнан шу нарса бизга аламли бўлиб қолишини ким ўйлабди, дейсиз?

Бу йил ОЧЛда «Пахтакор», «Локомотив», «Насаф» ва «Бунёдкор» клублари курашга киришдилар. Аввалига мавсум жуда яхши бошланди - «Бунёдкор» «плей-офф» баҳсида «Ал-Жазира»дек клубни доғда қолдириб, гуруҳ босқичига йўл олди. Аммо шу билан бизнинг яхши кунларимиз якунига етди. Гарчи «Насаф» ва «Пахтакор» жамоалари гуруҳ баҳсларини анча барқарор ўтказган бўлсалар-да, барибир, кейинги раундга чиқиш уддасидан чиқа олмадилар. «Локомотив» эса гоҳ рақибидан 5та гол қабул қилиб мағлубиятга учраса, гоҳ унинг дарвозасига 6та гол урди, аммо барқарорлик масаласида жуда оқсади. Айни гапни «Бунёдкор» ҳақида ҳам айтиш мумкин. Алам қиладигани, айнан шу йил «Бунёдкор» тарихда илк марта ОЧЛда гуруҳдан чиқолмай қолганидир. Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаганди, рости...

 

1. ТАҚДИРЛАШ МАРОСИМИ

Ўтган мавсумнинг энг ёқимсиз ҳодисотлари рейтингида 1-ўрин шубҳасиз, олий лига ғолибини тақдирлаш маросимига берилиши турган гап. Ҳаммаси шу қадар достон бўлдики, алоҳида ашъор битса арзийди...

Умуман, «Пахтакор» ўз майдонида «Андижон»ни енгиб, чемпионликни қўлга киритгач, ПФЛ раҳбари Фарҳод Магометов шунчаки, ўртага чиқиб, кубокни Кахи Махарадзе қўлига тутқазиб қўя қолганини тақдирлаш дейиш ҳам нотўғридир. Бу тақдирлаш эмас, таҳқирлашга ўхшаб кўринди. Ахир жамоа бутун мавсум меҳнат қилсаю, чемпионликни қўлга киритгач, унга ҳаттоки, битта саҳна ҳам раво кўрилмаса... Бунақаси фақат ПФЛда учраса керак. Ўзи бу ҳақда кўп гапиришни истамаймиз. Фақат шунчаки, Мальдив чемпионатини эслаб ўтмоқчимиз. Ҳа, адашмадингиз, ўша кучсизгина Мальдив чемпионатини. Гап шундаки, биз назарга ҳам илмайдиган шу чемпионатда ўзбекистонлик Алишер Аҳмедов фаолият юритади ва у шарафини ҳимоя қиладиган «Нью Радиант» клуби чемпионликни қўлга киритди. Алишернинг ўзи мавсумнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилди. Эътиборимизни тортгани, ўша маросимдан олинган суратлар. Маросимни тўлиқ томоша қилишнинг иложи йўқ, аммо суратларнинг ўзиёқ у қай даражада дабдабали ўтганини кўрсатиб турибди - саҳналар, гуллар, шарлар, мушакбозлик.... Шунингдек, энг яхши дарвозабонга аталган соврин ҳам кўзга ташланарли. Бунақасини уйнинг бирор бурчагига қўйиб, меҳмонларга кўз-кўз қилишга ҳам уялмайсан. Эътибор беринг, буларнинг барчаси ўша биз менсимайдиган кучсизгина Мальдив чемпионатида бўлмоқда. ПФЛда эса ҳаммаси тинч. Одатдагидек...

АБДУЛЛОҲ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:58, 18.12.2015.
Ўқилди: 3987 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.