Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Омадсизлар жамоаси билан танишинг

Баҳо:
+ | -

Терма жамоада тўп сурадиган футболчининг ҳурмати ҳар доим бошқача бўлади. Унинг ўз клубида урган 10та голидан миллий жамоа учун киритган битта тўпи вазминроқ тош босади. Шу сабабли, миллий жамоа аъзолари мудом диққат марказида турадилар. Хуллас, халқаро майдонда юрт шаъни учун ўйновчи футболчининг фаолияти ўзгача кечиши турган гап. Аммо терма жамоадаги ўйини ўхшамаса-чи? Бизда бош жамоамизнинг келажаги сифатида таърифланишган, аммо кейинчалик четда қолиб кетган футболчилар талайгина. Биз шундай ўйинчилардан ўзига хос терма жамоа тузиб кўришга ҳаракат қилдик. Эҳ, бу футболчиларни айни пайт виртуал эмас, реал жамоамизда кўрсак эди...

ДАРВОЗАБОН

Санжар ҚУВВАТОВ

«Машъал» посбони яқин-яқинда ҳам ўзбек футболидаги энг иқтидорли дарвозабонлардан ҳисобланарди. Санжар Ўзбекистон олимпия терма жамоасидаги ёрқин ўйинлари эвазига кўплаб мухлисларга эга бўлди. Унинг машҳурлиги Лондон-2012 саралашида энг юқори чўққисига чиқди. Афсуски, ушбу саралаш мусобақаси билан бирга Санжарнинг юлдузли даври ҳам узилиб қолди. Олимпиада чиптаси учун кечган сўнгги баҳслардан бирини кўпчилик яхши эслайди - БАА термасига қарши ўтказилган ўйинда ҳатто дуранг ҳам Вадим Абрамов шогирдларини Лондондаги турнирга боришларини таъминларди. Боз устига, жамоамиз аввалига 2:0 ҳисобида олдинда бораётган ҳам эди. Афсуски, иккинчи бўлимда қўйиб юборилган кетма-кет 3та гол орзуларни саробга айлантирди ва Қувватовнинг юлдузли даври ҳам узилди. Ҳозир у бошқалар қатори шунчаки, олий лигадаги кўпсонли дарвозабонлардан бири, холос... Лекин умид қиламизки, Санжар ҳали охирги сўзини айтган эмас. Ҳарқалай, унинг ички потенциалидан тўлиқ фойдаланишини чин юракдан хоҳлашимиз аниқ.

ҲИМОЯЧИЛАР

Акмал ШОРАҲМЕДОВ

«Бунёдкор» ҳимоячиси аслида бош терманинг асосий футболчиларидан эди. Аммо Миржалол Қосимов истеъфога чиқарилгач, Шораҳмедовга нисбатан ишончга путур етди ва ҳимоячи ҳозирда ҳаттоки, терма жамоанинг номзод ўйинчилари сафида ҳам кўринмаяпти. Ваҳоланки, Акмалнинг термада ўз ўрнига эга бўлиш онларини узоқ кутишига тўғри келди. Тенгқурлари халқаро ўйинларда дебют қилишганида, у олий лигадагина яшил майдон «таъми»ни татиб юрарди. Ҳаммаси Миржалол Қосимов терма бошқарувига келганидан сўнг ўзгарди. Мураббий уни таркибга жалб эта бошлади. Ўз навбатида, Акмал ҳам барқарор ўйинлари билан ишончга муносиб жавоб қайтарди. Бироқ ЖЧ-2014 саралашида Жанубий Корея термасига қарши кечган муҳим ўйин умумий ҳолатни бирданига ўзгартириб юборди. Ҳа, ўша машъум автогол туфайли футболчи бир кечада омадсизга айланди-қўйди. Эҳтимолки, ўша воқеа юз бермаганида, Акмал ҳозир миллий жамоамизда етакчи ҳимоячилардан бири бўлиб олармиди?

Шоҳруҳ ГАДОЕВ

Қаршилик футболчининг термага чақирилишида ҳам Миржалол Қосимовнинг ўрни катта. Мураббий унинг иқтидорини «Насаф» ёшлари орасида пайқади ва мунтазам равишда халқаро ўйинларга жалб эта бошлади. Ўша вақт Шоҳруҳда етарли тажриба ҳам йўқ эди. Аммо ёш футболчи маҳорат ва иштиёқ эвазига ҳаттоки, Виталий Денисовдек рақобатчини захирада қолдириш уддасидан чиққанди. Аммо Шоҳруҳнинг термадаги фаолияти ҳар қанча ёрқин бўлмасин, жуда қисқа давом этди. Аниқроғи, кутилмаганда орттирилган жароҳат ҳимоячининг оёғидан чалди. Гадоев 2 йил муқаддам «Пахтакор»га қарши кечган баҳсда Даврон Ҳошимов томонидан четга сурилди ва бир йил давомида майдонга тушолмади. Мана, тикланиб, сафга қайтди, аммо ҳозирча термага муносиб кўрилмаяпти.

Хайрулла КАРИМОВ

Бу футболчи вақтида юртимиздаги энг кучли ҳимоячилардан ҳисобланган. Ҳар ҳолда, «Бунёдкор»ни бошқарган машҳур Луиз Фелипе Сколари шундай фикрда эди. Яна Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Рауф Инилеев ҳам у билан ҳамфикр бўлган ва Хайруллага тўлиқ ишонч билдирганди. Аммо клуб футболида анча самарали фаолият юритган ҳимоячи миллий жамоада тузукроқ ўйнамади. Бунга унинг қўполроқ ҳаракатланишга мойиллиги сабаб бўлса, ажабмас. Ҳарқалай, Хайрулланинг рақибларни қоидага зид равишда пешвоз олганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Балки шу факт ўлароқ, миллий жамоани бошқарган мураббийлар унга ишонч билдиришдан тийилишгандир кўп ҳолларда.

Артём ФИЛИПОСЯН

Қаршининг «Насаф» клубида танилган Филипосян кейинчалик «Бун­ёдкор» ва «Локомотив» орасида «борди-келди» бўлиб қолгунга қадар Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ҳимоячиларидан эди. Аммо айнан клуб борасидаги беқарорлик унинг термадаги фаолиятига салбий таъсир ўтказди, чоғи. Хуллас, Артёмнинг миллий жамоа ракурсидан четга чиққанига анча бўлди. Боз устига, у бу йил «Динамо»да тўп сурди ва клуби олий лигадан тушиб кетди. Бундай ҳолатда табиийки, мураббийлар Артёмга алоҳида эътибор қаратишмайди. 

 

ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР

Вагиз  ГАЛИУЛИН

Агар бугунги «омадсизлар» рўйхатидаги энг омадсиз футболчини келтириш сўралса, шубҳасиз, Вагиз Галиулинни тилга олардик. Ахир Россия премьер-лигасидек кучли чемпионатда ўйнаб туриб ҳам, терма жамоага чақирилмаслик мумкинми? Вагиз бу борада ягона футболчи бўлса керак... Яхши биламиз, бизда легионерларни ғоят қадрлашади. Агар у Россияда тўп сурса, бу қадр бир неча баробар ошиб кетиши турган гап. Афсуски, вақт ўтиб боряптики, айни пайт «Уфа» шарафини ҳимоя қилаётган Вагиз миллий жамоамизда муқим жойга эга бўлолмаяпти. Балки бунга ярим ҳимоячининг жароҳатларга ўта мойил эканлиги сабабдир? Дейлик, Галиулин энди яхши спорт формасига кириб бораётган пайт яна жароҳатга йўлиққанини кўп эшитамиз. Хуллас, Вагиз миллий жамоа либосини яна киядими ёки йўқ - буниси номаълум.

Фозил Мусаев

Турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизда том маънода етакчилик қилган футболчи. Дейлик, у Аҳмад Убайдуллаев бошқарувидаги ёшлар термасида муҳим роль ўйнаганди. Кейинчалик олимпия термасида ҳам ўз ўрнига эга бўлди. Аммо миллий жамоага келганида, ўрта чизиқдаги кучли рақобат сабабми, назардан четда қоляпти. Ваҳоланки, Фозил ўтган мавсум «Сепаҳон» сафида Эрон чемпиони бўлди. Тўғри, унинг ҳали миллий жамоа либосини кийишдан умид узмагани аниқ. Аммо вақт ўтиб боряпти. Факт шуки, Мусаев ҳозирча мамлакатимиз бош жамоасида айтарли сўз айтгани йўқ. 

Мансур САИДОВ

Мансур Саидовнинг фаолияти Александр Гейнрих ва Игнатий Нес­теров каби номдор тенгдошлари билан бир вақтда нурли бошланган. Улар биргаликда ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида муваффақиятли ўйнаб, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишган ва Аргентина ҳамда Испания термалари каби кучли рақибларга қарши муносиб ўйин намойиш этишганди. Аммо кейинчалик Мансурнинг фаолияти фақат «Нефт­чи» атрофида кечди. Афсуски, бу вақтга келиб, жамоанинг аввалги шонли юришлари тарихга айланиб улгурган ва ўртамиёналар сафида юришга мажбур эди. Ўз навбатида, яхшигина иқтидорига қарамай, Мансурнинг фаолияти ҳам клубига мос тарзда ўртамиёна даражада давом этди. Аслида бу ўйинчи халқаро майдонда бемалол жавлон уришга қодир эди...

Шерзод КАРИМОВ

Шерзоднинг 2009 йили Миср майдонларида кечган жаҳон чемпионатида порлаши ва Европанинг бирор кучлироқ клубига кетиши тахмин қилинганди. Шу билан бирга уни «Иккинчи Қосимов» сифатида ҳам кўрганмиз ва терма жамоанинг келажак умиди санаганмиз. Аммо Шерзод на униси ва на бунисини уддалади. Ҳалигача у ўйнаган энг кучли клуб «Пахтакор» бўлиб қоляпти ва терма жамоадаги келажаги ҳам мутлақо бошқа ўзанда ривожланди. Ярим ҳимоячининг ўйи-ни маълум муддат шу қадар ортга кетдики, ҳаттоки, ўз клубида ҳам захирада қолди. Йўқ, барибир, Шерзодни ҳисобдан чиқаришга шошилмаймиз. Зеро, у охирги мавсумда нисбатан ўзига келгандек бўлди. Қолаверса, миллий жамоа ўз устози - Самвел Бабаян қўл остига ўтганини ҳисобга олсак, Шерзодда ҳали миконият бор. Фақат бунинг учун фаолликни кескин ошириши керак.

ҲУЖУМЧИЛАР

Баҳодир НАСИМОВ

Бу ҳужумчи «Динамо»да бош кўтарди ва ўзи учун мутлақо бегона ҳисобланган «Бунёдкор» сафида МДҲ кубогидаги ёрқин ўйинлари эвазига кенг доирага танилди. Шундан сўнг Россиянинг кучли клублари ҳужумчимизга қизиқиш билан қарашди. Якунда Қозоннинг «Рубин» жамоаси яхшигина маблағ эвазига футболчимиз билан шартнома ҳам имзолади. Ўшанда Баҳодирнинг терма жамоа савиясидаги ҳужумчи эканига заррача шубҳа қилмагандик. Чунончи, Баҳодир гарчи «Рубин»да ўйнаб кетолмаган бўлсада, Озарбайжоннинг «Нефтчи»сида тинмай гол урди. Шунинг натижасида яна бир қатор клублар эътиборига тушди. Кўрсаткичларига яраша, футболчини терма жамоада етарлича синаб кўрдилар. Аммо унинг биз кутган «портлатувчи» ҳужумчи эмаслиги сезилиб қолди. Ҳа, Насимов термада ҳам голлар урди, аммо унинг камида Олег ёки Максим Шацких даражасидаги тўпурарга айланишини кутгандик.

Баҳриддин ВАҲОБОВ

Баҳриддин Ваҳобовнинг юқорида номи келтирилган футболчилардан фарқ қиладиган бир жиҳати бор - у жуда кеч порлади. Ҳаддан ташқари, кеч. Мана, бу йил «Қизилқум» сафида ажойиб ўйин намойиш этиб, 21та гол билан сўнгги турга қадар олий лига тўпурари бўлишга даъвогарлик қилди. Тўғри, аслида Баҳриддин ҳам эл оғзига анча олдин тушганди. Дейлик, «Пахтакор»нинг ундан мега - ҳужумчи чиқаришга урингани бесамар кетди. Шунга мувофиқ, ҳужумчи терма жамоага яқин ҳам келмади, ҳисоб. Ҳа, 32 ёшида йиғинга чақирилди, аммо таклиф расмий ўйинлар даражасига кўтарилмади. Шу тарзда Ваҳобов терма жамоа хусусидаги орзулари рўёбини кўролмайдиган бўлиб турибди...

-------------------------------------------

P.S.: аслида катта умид уйғотган, бироқ кейинчалик бу умидларни оқламаган футболчиларимиз жуда кўп. Дейлик, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги ЖЧларда иштирок этишган аксар йигитларимизни бу рўйхатга киритиш мумкин. Умидимиз шуки, биз ҳозирда келажак умиди сифатида қараётган футболчиларимиз бундай омадсизликка учрашмасин зинҳор...

АБДУЛЛОҲ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:23, 04.01.2016.
Ўқилди: 4448 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.