Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мутасадди-мураббий ёхуд янгича тизим

Баҳо:
+ | -

Ўзбек футболида янги давр бошланмоқда, чоғи. Уни «Пахтакор»нинг собиқ, Ўзбекистон миллий термасининг эса амалдаги бош мураббийи Самвел Бабаян бошлаб берди. Муайян шахс жамоага ҳам раҳбарлик, ҳам мураббийлик қила олишини айнан у исботлаб берган эди. Самвел Вячеславович бу ишни анча муваффақиятли тарзда амалга оширди - «Пахтакор»даги ғалабалари уни миллий термамиз бошқарувига олиб келди. Энди эса бу тажриба оммалашиш арафасида турибди.

Ўтган мавсум яна икки клубда шунга ўхшаш ҳолат кузатилди - «Қизил­қум» ва «Бунёдкор»да раҳбарият ва мураббийлик иши омухта қилинди. Навоийликлар учун Юрий Лукин шунчаки мураббий бўлиб, барча масалани клуб раҳбари Ҳамид Актамов ҳал қилди. «Бунёдкор»да эса Сергей Лушан ижобий натижа қайд этолмагач, бор масъулиятни бош директор Бахтиёр Бобоев ўз зиммасига олди. Гарчи ҳар икки клуб ҳам кутилган барқарорликни намойиш этолмаган бўлса-да, мазкур бошқарув услуби янги мавсумда ҳам ўзгармай қоладиган кўринади. Сабаби, «қалдирғочлар» бунга расмий тус беришга ҳам улгурдилар.

Ўтган ҳафта «Бунёдкор» расмий сайтида «тузилмавий ўзгаришлар» амалга оширилгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Узундан-узун хабарни бир ўқиганда тушуниб олиш қийинроқдек, аммо қайд этилган жумлалардан умумий хулосага келсак - «Бунёдкор»да ўтган мавсум охирида ташкил этилган бошқарув тизими ўзгармай қоладигандек тасаввур уйғонмоқда. Ёдингизда бўлса, Бахтиёр Бобоев натижа учун жавобгарликни зиммасига олгач, мавсум якунига етганидан сўнг жамоа бош­қарувига янги бош мураббий жалб этилишини айтганди. Аммо энди бу гапни унутса ҳам бўлаверади. Сабаби, «тузилмавий ўзгаришлар»дан сўнг энди бунга эҳтиёж қолмайди - ҳамма иш бош директор зиммасига юклатилди.

Хўш, бу яхшими ёки ёмон? «Қалдирғочлар» сайтида берилган хабарга кўра, бу ташаббусга «энг сўнгги стандарт­ларга мос келиш ва замон билан ҳамнафас бўлиш» мақсадида қўл урилган. Шунга биноан, жамоа билан боғлиқ барча ишлар Бахтиёр Бобоев зиммасида қолади, машғулотлар эса Сергей Лушан ҳамроҳлигида ўтказилади. Зукко мухлис «замон билан ҳамнафас бўлиш» ибораси остида қандай маъно ётганини тушунди, албатта. Англия футболида айни турдаги бош­қарув тизими йўлга қўйилган. Бир вақт­лари афсонавий сэр Алекс Фергюсон худди шу тахлит ишларди. Ке­йинчалик Арсен Венгер ва Жозе Моуриньо ҳам шунга одатландилар. Энди мазкур услуб «Бун­ёдкор» бош­қарувига жорий қилиниб, унга расмий тус берилди. «Пахтакор» ва «Қизил­қум» эса ҳеч қандай «тузилмавий ўзгаришларсиз», шунчаки раҳбарлик ва мураббийлик ишини қўшиб, шундай услубда ишлашга ўтганди...

Бунинг ўзига хос ижобий жиҳатлари бор, албатта. Айтайлик, Самвел Бабаян мутасадди-мураббийлик қай даражада муваффақият келтиришини аллақачон исботлаб қўйган. Шундай экан, балки инглизлар тажрибасининг бизда ҳам оммалашиши футболимиз ривожига хизмат қилар? Аммо шу билан бирга, Ўзбекистон чемпионати ва премьер-лига менежерлари ўртасидаги бир фарқни келтириб ўтиш ўринли.

Гап шундаки, Алекс Фергюсон ҳам, Арсен Венгер ҳам ўз вақтида жамоага фақат бош мураббий сифатида тайинланган эди. Аммо йил ўтгани сари уларда бошқарувнинг айрим функцияларини ўз зиммасига олиш эҳтиёжи туғилган. Масалан, трансферларни амалга ошириш, футболчилар билан янги шарт­нома юзасидан музокара юритиш ва маош тайинлашда мураббийнинг ўрни катта. Жамоа устози футболчининг кайфияти, унга қай тахлит ёндашиш кераклиги ва қандай ўйинчиларга эҳтиёж борлигини ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Бу эса бошқарув тизимида ўта аҳамиятли. Премьер-лига менежерларининг ваколати фақатгина бевосита жамоага тааллуқли ишларни қамраб олади ва айтиш жоиз, бу етарлича самара келтирмоқда. Ўзбек менежерлари билан боғлиқ вазият эса бироз ўзгачароқдир.

Ҳозиргача олий лигада фаолият юритишга улгурган уч нафар менежер-мураббийнинг номи бизга маълум - Самвел Бабаян, Ҳамид Актамов ва Бахтиёр Бобоев. Тўғри, Бабаяннинг «шерлар» бошқарувидан кетганига анча бўлди. Аммо Самвел Вячеславович учун «Пахтакор» ҳамон аҳамиятини йўқотмаган. Жорий йилги чемпионатнинг сўнгги турларида сафар учрашувларига ҳам клуб билан бирга боргани ва ҳар бир ғалабадан астойдил хурсанд бўлгани фикримизни тасдиқлаб турибди.

Менежерларимизни Англия­даги ҳамкасбларидан ажратиб турадиган жиҳат шундаки, бизнинг мутахассислар аввал раҳбарлик қилиб, сўнгра жамоа мураббийлигини ўз зиммаларига олишган. Бабаян, Бобоев ва Актамовнинг Фергюсон, Венгер ва Моуриньодан фарқи ҳам шунда. Яъни, улар бир жамоага келиб, ҳамманинг ишончини қозонгач, бош мураббийликни қабул қилиб олишган. Бу эса Англия футболидан анча фарқланади. Аммо ўз вақтида Юрий Саркисяннинг «Нефт­чи»да аввал мураббийлик қилиб, кейинчалик бошқарувни ҳам ўз қўлига олгани премьер-лига тажрибаси бизда аввалдан бошланганини кўрсатиши мумкин. Фарғоналиклар у билан қандай натижаларга эришишгани хусусида кўп гапириш шарт эмас.

Хуллас, шундай гаплар. Ким билади дейсиз, балки яқин йиллар ичида футболимизда клублар бошқаруви бошқача кўриниш олар. Унинг қандай натижа келтиришини эса вақт кўрсатади. Биз эса фақат бир нарсани эслатиб қўйишни истаймиз: магарки, кимдир мутасадди-мураббийликни ўз қўлига олишни истар экан, демак натижа учун жавоб беришни ҳам ўрганиши лозим. Буни амалда кўрсатиш учун эса кўп қолмади, яна икки ой ўтар-ўтмас, Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичи стар олади...

АБДУЛЛОҲ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:21, 04.01.2016.
Ўқилди: 4374 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.