Олий лигадаги камсонли барқарор жамоалардан бири ҳисобланган «Олмалиқ» ҳам бошқалар қатори янги мавсумга йўналтирилган тадорик ишларига зўр бермоқда. Игорь Шквирин шогирдлари айни пайт ўқув-машғулотлар йиғинини Тошкентда ўтказишмоқда. Унинг доирасида ўртоқлик учрашувлари ҳам ташкил этиляпти. Мураббийлар штаби шу ўйинлар орқали жамоавий ҳаракатларни шакллантириш, янги футболчиларни синаб кўришни мақсад қилган. Хусусан, ўтган мавсум ўринбосарлар сафида ўзини кўрсатган Абдумалик Тошпўлатов, Азизбек Суюнов каби ёшлар асосий таркиб машғулотларига қўшилдилар. Кўрикка чақирилган футболчилардан Сергей Рекунга жавоб берилди. Ярим ҳимоячининг ҳаракатлари бош мураббийга маъқул келмади, чоғи. Умуман, ўтган йили 44 очко билан турнир жадвалида 6-ўринни эгаллаган «Олмалиқ» янги мавсумда ўз натижасини яхшилашни кўзламоқда. Биз «Пахтакор» академиясига қарашли «Чилонзор» сунъий қопламали майдонида олиб борилган навбатдаги машғулотлардан сўнг клуб бош мураббийи - Игорь Шквиринни суҳбатга тортдик. Хўш, Игорь Анатольевич тайёргарлик жараёни хусусида нима дейди?
ҲАР ЙИЛИ ТАКРОРЛАНАДИГАН ЖАРАЁН
- Янги мавсумга тайёргарлик дастури бўйича биринчи йиғинимиз 16 декабрь куни бошланди. Янги йилгача Олмалиқда шуғулландик. Мана, ҳозир Тошкентда иш олиб боряпмиз. Пойтахтдаги бу йиғинимиз 30 январга қадар давом этади. Табиийки, ўртоқлик учрашувларига ҳам эътибор қаратяпмиз. Кўрикда янги футболчилар бор. Бир сўз билан айтганда, одатдагидек тайёргарлик жараёни. Аниқ режа бўйича ишлаяпмиз. Жисмоний тайёргарликка катта урғу бериляпти. Замонавий футбол шуни талаб қилмоқда. Куннинг биринчи ярмида кучайтирилган режимда жисмоний тайёргарликка йўналтирилган машғулотлар ўтказиляпти. Таркибдаги ўзгаришларга келсак, айрим футболчилар ўз хоҳишларига кўра, сафимизни тарк этишди, баъзи йигитлар билан ўзимиз хайрлашдик. Айрим футболчиларимиз бошқа клуб раҳбарлари кўпроқ маош таклиф қилишгани учун кетишди. Менимча, бу ҳар мавсум бошида бўладиган шунчаки, катта ваъдалар, гап-сўзлар. Шунинг баробарида янги футболчиларни ҳам синаб кўряпмиз. 30 январь куни йиғинимиз якунланганидан сўнг кимларни олиб қолиш ва аксинча, қайси ўйинчиларга жавоб бериш борасида якуний хулосага келамиз.
ФАРҲОД ТОЖИЕВ «ОЛМАЛИҚ»ДА, ЛЕКИН...
- Тажрибали ҳужумчи Фарҳод Тожиев янги мавсумга жамоамизда тайёргарлик кўряпти. У жиддий жароҳат сабаб, узоқ муддат майдондан четда қолди. Ваҳоланки, Малайзия клубида сермаҳсул ўйин намойиш этаётганди. Адашмасам, жамоаси таркибида 17та гол урган. Биласиз, Фарҳод вақтида миллий жамоада ҳам тўп сурган. Бой тажрибага эга ҳужумчи, унинг жамоамизга фойдаси тегишига ишонаман. Лекин ҳозирги жисмоний ҳолати ҳали талаб даражасида эмас. Бу тушунарли ҳолат. Жароҳат таъсири бор, барибир. Ҳозирча Фарҳодни назорат ўйинларида майдонга туширяпмиз. Февраль ойи ўрталарига бориб, тўлиқ куч билан ҳаракатланишига умид қиляпмиз. Бир томондан, таваккал ҳам қилолмаймиз. Ахир жароҳати қайтоқланиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, мавсумнинг илк турларида унга катта юклама бермаймиз. Ўйлайманки, давранинг ярмидан сўнг Тожиевнинг хизматидан тўлиқ фойдалана оламиз.
ВАЗИЯТГА РЕАЛ ҚАРАШ КЕРАК
- «Олмалиқ» ҳар бир ўйинда биринчи галда, ўз мухлисларини хушнуд қилиш учун майдонга тушади. Ўтган йилги мавсумни 6-ўринда якунладик. Тўғри, бу юқори натижа ҳисобланмасада, жуда паст ҳам эмас. Аслида кучли тўртликдан жой олиб, ОЧЛга чиқишни мақсад қилгандик. Лекин вазифа бажарилмади. Бунинг учун бизни койишгани йўқ. Мавсум якунлари, йўл қўйилган камчиликларни атрофлича муҳокама қилдик. Жамоалар савиясидан келиб чиқиб қарасак, 6-ўрин ҳам ёмон эмас. Шунчаки, вазиятга реал қараш керак. Олий лиганинг кучли тўртлигидан жой олган жамоалар ҳар томонлама кучли ва бақувват. Масалан, «Локомотив»да иккита деярли тенг кучга эга таркиб бор. Жамоа бош мураббийи исталган вақт хоҳлаган футболчини майдонга тушириш орқали ўйинни кучайтира олади. «Пахтакор», «Насаф» ва «Бунёдкор» ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Нафақат биз, балки олий лиганинг қолган бирор жамоасида бундай имконият йўқ. Янги мавсумга шундан келиб чиқиб, вазифа қўйилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўтган йилги натижани яхшилашга уринамиз. Умуман, аниқ вазифа ҳамда мақсадлар ҳақида ҳозирдан гапириш ноўрин - бунга ҳали эрта.
Замонавий стадион ва сифатли майдонга эгамиз. Бу ерда миллий жамоамиз иштирокидаги ўйинлар ташкил этилди. Ўзбекистон кубоги финал учрашуви бўлиб ўтди. Олий лигага ўтиш ўйинига ҳам «Олмалиқ» стадиони мезбонлик қилди. Эски аренамизга нисбатан олсак, янгисига кўпроқ томошабин тушди. Статистикага эътибор қаратсангиз, ўз майдонимиздаги ўйинларнинг аксариятида ғалаба қозонганимиз кўринади. Ўйин суръати ошса, натижа яхши бўлса, мухлислар ташрифи ўз-ўзидан ошиб бораверади. Сифатли майдонга сифатли футбол ярашади. Омад кучлиларга кулиб боқади. Шундай экан, омадни кутиб яшаш тўғри эмас. Меҳнат ва ҳаракат зарур. Ҳеч бир соҳада меҳнатсиз юқори натижаларга эришиб бўлмайди. Кўпчилик ирим-сиримларга ёпишиб олган. Дейлик, гўёки, жамоа вакиллари ўнг оёқ билан майдонга тушишса, ғалаба қозонишади... Айримлар қора мушукни майдонга қўйиб юборишади. Бизда бундай иримлар йўқ. Ҳаммасига ўз меҳнатимиз орқали эришишга интиламиз. Янги режалар кўп жиҳатдан молиявий ҳолатимизга ҳам боғлиқ. Шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, «Олмалиқ» бу масалада Ўзбекистондаги энг барқарор клублардан биридир. Мисол учун, ўтган мавсум якунлари бўйича ҳеч кимдан қарзимиз йўқ. Барча футболчилар, мураббийлар, ишчилар билан ҳисоб-китоб тўлиқ амалга оширилган. Кўп жамоаларга бу борада ўрнак бўла оламиз. Энг кучли томонимиз ҳам айнан шу - барқарорлик. Биргина мисол, Санжар Шоаҳмедов бир неча йил «Олмалиқ» сафида тўп сурди. Вақти келди, уни яхшигина маблағ эвазига «Локомотив»га қўйиб юбордик. Мана, у ўтган йили Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаларидан бири сафида ҳам йўқолиб қолгани йўқ. Аксинча, ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, тўпурарлик маҳоратини намойиш этган ҳолда, «Локо»нинг бош голеадорига айланди. Агар уни 2-3 йил олдин қўйиб юборганимизда, билмадим, ҳозирги даражасига чиқа олармиди? Демоқчиманки, футболчи барқарор ўйин орқали камолотга эришиши мумкин. Яна бир мисол - Одил Аҳмедов. Унинг ютуқлари замирида катта меҳнат ётибди. Мен футболчиларга бу мавзуда жуда кўп гапираман.
ОЧЛда ИШТИРОК ЭТИШ хоҳиши
- Орзуларимдан биттаси мураббий сифатида қитъамизнинг клублар миқёсидаги асосий мусобақаси - ОЧЛда иштирок этиш. «Олмалиқ» жамоаси билан бунга босқичма-босқич боряпмиз. Ўйлайманки, вақти келиб, албатта, бу орзум рўёбга чиқади. Табиатан барқарор шароитларга эга клубда ишлашни маъқул кўраман. Қайтараман, футболчиларимизга биздан оладиган маошларидан кўра, бироз кўпроқ таклиф қилишяпти. Лекин бундай ҳолатлар аввал ҳам кузатилган. Катта ваъдаларга учиб кетган ва омадсизликка учраган футболчиларни кўрганмиз, кўриб келяпмиз. Аввало, барқарор ўйин намойиш эт, кейин пулнинг ўзи ортингдан қувиб юради.
САЛОМОВ КЕТМОҚЧИ
- Ўтган мавсум таркибимизда бир маромда ўйин намойиш этган футболчилардан бири Шавкат Саломов бошқа клубга ўтиш пайида. Унга таклифлар тушаётган экан. Шу боис, катта эҳтимолки, Шавкат мавсумни «Олмалиқ»да бошламайди. Спорт формасини ушлаб туриш учун машғулотларимизда қатнашишга рухсат сўраганди, қаршилик қилмадик. Зеро, Саломов ўтган йили жамоамиз учун катта ҳажмда иш бажарди. Майдондаги асосий «фигура»лардан бири бўлди. Лекин юқорида айтганимдек, унинг масаласи ҳали ноаниқ. Бу борада ўзи тезроқ бир тўхтамга келиши керак.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри