Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Биринчи лига – у қандай бўлиши керак?

Баҳо:
+ | -

Ниҳоят, узоқ кутилган ўзгариш амалга оширилди - жорий йилдан эътиборан биринчи лига ўйинлари бошқачароқ, тўғрироғи, аввалги формат асосида ўтказилади. Яъни қуйи лига энди  икки ҳудудга бўлинмайди ва барча жамоалар ўзаро 2 мартадан ўйнаб чиқишади. Демак, ғолиб ва аутсайдерлар шунга қараб аниқланади. Оддий айтганда, биринчи лига ҳам худди элита каби ўтказилади, фақат битта фарқ бор - жамоалар сони 16та эмас, 18та.

Мусобақанинг олдинги тушунарсиз ва «алламбало» формати билан қиёслаганда, буниси анча яхши қарор эканлиги, шубҳасиз. Чунки ўтган йиллар давомида энг катта эътироз биринчи босқич тугаб, «Шарқ» ва «Ғарб»нинг етакчилари ўзаро бирлаштирилгач, аутсайдерлар билан ўйинлардаги очколар кесиб ташланиши юзасидан янграр эди. Ҳарқалай, айнан шу сабабга кўра, бир неча клублардан шикоят бўлганини эшитганмиз. Ҳа, энди бу каби тушунарсиз «айи­риш ва бўлишлар»га чек қўйилди. Ютган жамоа 3 очко олади, ютқазгани эса ҳеч вақо. Муҳими, тўплаган очколарни ҳеч ким тортиб олмайди. Ҳаммаси худди «икки карра икки»дек содда ва аниқ. Ҳеч қандай арифметиканинг ҳожати йўқ.

Аммо шу билан биринчи лиганинг барча муаммолари бартараф бўлиб кетармикан? Келинг, шу саволга ҳам жавоб қидириб кўрайлик. Қўрқамизки, жавоб топиш анча мушкул. Чунки биргина шу «ислоҳот» билан биринчи лигадаги муаммолар йўқолишига ПФЛнинг ўзи ҳам ишонмаётгандир. Бунинг боисини тушуниб етиш учун етук мутахассис бўлиш шарт эмас. Аслида бундай формат биз учун таниш. ПФЛ ҳеч қандай «велосипед» ихтиро қилгани йўқ ва шунчаки, аввалги форматга қайтди-қўйди. Бу эса илгари олиб борилган ишлар ҳеч қандай самара бермаганини англатади. Энг ёмони ҳам  шу-да.

Бир ўйлаб кўрайлик, аслида биринчи лигани икки ҳудуд ва босқичга бўлиб ўтказиш нима учун йўлга қўйилган эди? Биринчидан, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси клублари узоқ йўл босиб, дейлик, водий сафари учун йўлкирага ортиқча пул сарфламасдан, ўз ҳудудларига яқин жамоалар билан куч синашишлари кўзда тутилган эди. Ўз навбатида, водий клубларига ҳам худди шундай имтиёз бериш мақсад қилинганди. Биринчи босқичда етакчилар ва аутсайдерлар шакллангач, ҳар икки ҳудуднинг кучли клублари жамланиб, ғолиблик учун кураш олиб боришлари талаб қилинарди. Аутсайдерлар эса лигада «жон» сақлаш учун яна ўзаро курашга киришишлари белгиланганди. Бир қарашда, ёмон ғоя эмас. Чунки кучлилар билан кучлилар ўйнаб, савияни оширсалар, кучсизлар ўзаро беллашиб, тажриба орттирардилар. Шунга яраша, ўйинлар шиддатли кечиши кутилганди. Аммо ҳамма гап шундаки, ушбу қарор иш бермади. Нима учун?

Бу саволга дабдурустдан жавоб қайтариш осон эмас. Аслида биринчи лига билан боғлиқ муаммолар шу қадар кўпки, бир қарашда, ҳеч қандай формат унга ёрдам бераолмайдигандек туюлади. Майдонлар сифати, мураббийлар савияси, молиявий муаммолар - буларнинг барчаси бир бўлиб, лигани ичидан емириб бормоқда. Оддий айтганда, биринчи лига яшамаяпти, балки яшашга тиришиб қийналяпти.

Хўш, бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкин? Нима қилсак, биринчи лига гуллаб-яшнайди? ПФЛ директори Фарҳод Магометовнинг айтишича, бундан буён сон эмас, балки сифатга эътибор берилади. Демак, биринчи лига жамоалари сони қисқартирилади. Яъни бу йилдан эътиборан лигада 18та клуб иштирок этади. Келаси йил бу рақам 16тага туширилади. Агар Фарҳод Магометов мантиғи билан фикр юритсак, 2018 йилга бориб, биринчи лигада 14, кейингисида 12та жамоа қолиши керак...

Аслида бу муаммо бизга бегона эмас. Ёдингиздами, олий лига ҳам яқин - яқингача шундай қийналиб яшарди. Гарчи ҳозир ҳам баъзи клублар молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолаётган бўлса-да, ҳукумат қарори билан жамоаларга ҳомийлар бириктирилиши натижасида умумий ҳолат бироз яхшиланди. Ким билади дейсиз, балки биринчи лига борасида ҳам бирор қарор қабул қилиш керакдир?

Ҳозир қуйи лигада иштирок этаётган аксарият клублар ваъдадан ваъдага қадар яшайдилар. Мавсум бошида уларга ҳомийлик қилиши кўзда тутилган ташкилотлар вакиллари қоп-қоп ваъда берадилар. Аммо чемпионат ўртасига бормай, ўша ваъдалар рўёби саҳродаги сароб мисол экани ойдинлашиб қолади. Бунинг ортидан эса сафар учрашувларига боролмаётган ва футболчиларига маош беролмаётган клублар ҳақида хабарлар чиқаверади.

Ҳозирча ПФЛнинг бунга қарши топган ягона чораси - лигадаги жамоалар сонини камайтириб бориш, чоғи. Катта эҳтимол билан ўша «кесиладиган»лар мавсум якунида сўнгги ўринларни оладиган эмас, балки келаси мавсум учун пул тополмайдиган клублар бўлишади. Шу кетишда яқин вақтлар ичида қуйи лигада мусобақа учун етарли даражада жамоа йиғолмай, қийналмасак бўлгани...

Абдуллоҳ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:56, 04.02.2016.
Ўқилди: 3075 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.