Кириш Регистрация
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас 2-2 Бетис
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе

Интернет қидирув тизими ёрдамида топилган футболчи

Баҳо:
+ | -

Сир эмаски, футбол жамоалари ҳар йили селекция хизматига йирик маблағ сарфлашади. Ёш ўйинчилар ҳаракатини кузатиш, скаутлар сафари, болалар учун турнирлар ташкил этиш - буларнинг бари кўп вақт ва куч талаб қилсада, клуб атрибутларининг бир бўлагига айланган. Ҳозирда Голландия­нинг «Осс» клуби шарафини ҳимоя қилаётган футболчи Истван Бакснинг тарихи эса ушбу йўналишда ўзига хос кашфиётга айланди. Маълум бўлишича, жамоага бир дақиқа ичида янги ўйинчи жалб этиш мумкин экан - шунчаки интернет қидирув тизимига сўров берилса, кифоя...

Бу воқеа тўққиз йил муқаддам содир бўлган. Ўшанда ёш ва жиззаки мураббий Хейн Ванхазебрук (у ҳозирда «Гент»ни бошқармоқда) Бельгия иккинчи дивизиони вакили «Кортрейк» билан шартнома имзолади. «Кортрейк»ни Англиянинг «Саутгемптон»и ёки Испаниянинг «Реал Сосьедад»ига қиёслаш мумкин. Жамоа тайёр юлдузларга иштиёқ сезмас, совринларга даъвогарлик қилмас ва асосан ёшларни тарбиялаб, уларни мамлакатнинг нисбатан кучлироқ клубларга сотиш билан шуғулланади. Ванхазебрукнинг «Кортрейк»даги биринчи галдаги вазифаси айнан ўша ёш иқтидорларни излаб топишдан иборат бўлган. Қуйида эътиборингизга ҳавола этиладиган воқеа эса ушбу мутахассиснинг топқир эканлигига ишора.

2007 йилнинг ёзида етукликка эришган навбатдаги футболчи «Кортрейк»ни тарк этгач, мураббийнинг олдида чап қанот ҳужумчиси топиш вазифаси пайдо бўлди. Клуб бюджети катта эмаслиги туфайли скаутлик хизмати бор эътиборини эркин агент қидирувига қаратди. Мамлакат бўйлаб шартномага эга бўлмаган ўйинчиларни излаб топиш «миссияси» бир ой давомида наф келтирмагач, Ванхазебрук таваккал қилишни маъқул кўрди. Оқшом пайти идорасидаги компьютер рўпарасида ўтираркан, қизиқиш учун интернетдаги қидирув тизимига шундай сўров киритди: «Футбол, эркин агентлар, Бельгия». Натижаларнинг дастлабкиларини ўрганиш чоғида Хейннинг нигоҳлари лойиқ номзодни топа билди.

21 ёшли Истван Бакс муҳандислик университетнинг учинчи босқичида таҳсил олар, ҳафтанинг шанба кунлари эса олий ўқув юрти жамоаси сафида институтлар ўртасидаги мусобақада қатнашарди. Ўзининг чап қанотида ҳар қайси рақибни доғда қолдирувчи йигитнинг салоҳияти Ванхазебрукни бефарқ қолдирмади. Роттердам «Спарта»сининг ёшлар жамоаси ҳамда Голландия ўсмирлар термасида ўйнаш тажрибаси мураббийнинг янги топилмага вақт ажратишига туртки вазифасини ўтади.

Бакснинг тезлиги ва техникаси кўплаб талабалар форумларида муҳокамаларга сабаб бўлганди. Шу боис, Хейн қаҳрамон-талаба билан учрашишни мақсад қилди. Эътиборлиси, кузатув пайтида Истван ўзини ҳар томонлама ижобий томондан кўрсата билди, натижада эса тез орада у билан профессионал шартнома имзоланди. Мазкур воқеа Бельгия ОАВларида шов-шув кўтарди. Ишқибозлар эса «Кортрейк»нинг янги вакилига «Google-ҳужумчи» деб тахаллус қўйишди.

Албатта, бу билан миллионлар ўйинига янги Месси кириб келмади. Талабалар лигаси билан таққослаганда, профессионал футболда тезлик ва рақиблар даражаси борасида катта тафовут борлиги яққол сезилади. Шунга қарамай, Бакс асосий таркибдан жой олишни уддалади ва орадан бир йил ўтиб, жамоаси билан Бельгия биринчи лигасига чиқиш имкониятини қўлга киритди. «Кортрейк» суперқаҳрамонига айланиши эса бироз аввалроқ, яъни 2008 йилнинг 30 январида содир бўлди: Истван мамлакат кубогининг чорак финалида номдор «Гент» дарвозасига учта тўп киритиб, «хет-трик» муаллифига айланди. Мазкур баҳс эса 5:1 ҳисобида якунланди. Гарчи жавоб ўйинида «буқалар» рақиб дарвозасига тўртта жавобсиз тўп йўллаб, кейинги босқич масаласини ижобий ҳал этган бўлсаларда, «Кортрейк» форварди бунга қадар мамлакатнинг кўплаб клублари диққатини ўзига қаратишга улгурганди.

Бакснинг фаолияти муваффақиятли кечди, дейиш қийин. «Виллем II», «Ден Босх» ва кейинчалик Истванни ўз сафига қўшиб олган «Осс»ни машҳур клублар қаторига киритиб бўлмайди. Шунга қарамай, талабалар жамоасидан профессионал даражагача кўтарилган йигитча ҳамда уни интернет қидирув тизими орқали излаб топган қатъиятли мураббий ҳақидаги ҳикоя қоидалари аввалдан ёзиб қўйилган, катта миқдордаги пул айланмасига эга трансфер бизнесида ҳам баъзан кичик мўъжизалар учраб туришига ишора.

Манба: Championat.com, И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:18, 07.02.2016.
Ўқилди: 3791 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.