Яқинда «Нью-Йорк Сити» клубига бош мураббий этиб тайинланган франциялик афсонавий футболчи Патрик Виейра The Guardian нашрига интервью берди. Ундан биргаликда ишлаган мутахассислардан қай бирига тақлид қилиши сўралганида, Жозе Моуриньо, Арсен Венгер, Роберто Манчини ҳамда Мануэль Пеллегринининг ўзига хос жиҳатларини санаб ўтиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам кимгадир ўхшашга интилмаслиги, ўзлигини сақлаб қолишини билдирди.
Француз ўзига ортиқча таъриф бермади. Аслида, бунга ҳожат ҳам йўқ. Матбуот анжуманларида уни доимий рақиби Рой Кин билан ҳар қанча солиштиришмасин, Патрикнинг мураббийлик йўли ўзгача кечганини ҳам тан олиш лозим. Шу боис, «Виейрадан қандай мураббий чиқади?» деб савол берилса, тўғрироқ бўларди. Бу ҳақда сўралганида, у жилмайганча жамоб қайтарди: «Ишимни севаман. Мақсад сари интилувчиман. Ниятимга эришгунимча тинчимайман».
Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлаверади. Аммо «Манчестер Сити»даги ижрочи директорлик вазифаси ҳамда ёшлар клубидаги фаолияти Патрикнинг мураббийликка ҳаддан зиёд ортиқча иштиёқ сезмаётганидан далолатдек, гўё. Киннинг номини тилга олиб, Виейрадан ирландиялик ҳамкасбининг йўлини танлаш-танламаслиги ҳақида сўралди.
- Мураббийликка тайёр эмасдим. Футболчилик фаолиятини якунлаб, дарҳол бирор жамоани шуғуллантиришга киришганларнинг ҳаммаси ҳам довруқ қозонавермайди. Бошқа йўлдан бориш ҳам мумкин. Мен учун биринчи навбатда, ўзимнинг нимани хоҳлаётганим муҳимроқ эди, - деди Виейра. - Бутсаларимни михга илгач, икки йил футболни ривожлантириш бўйича ижрочи директор лавозимида ишладим ва шу тариқа турли даражадаги клубларнинг ҳаёт тарзини ўрганиш имкониятга эга бўлдим. Сўнгра маълум муддат ёшлар жамоасида фаолият юритдим. Шу тариқа, шогирдларимдан қандай ўйин талаб қилишимни аниқлаб олдим. Ҳозир эса ишонч билан айтаманки, бош мураббий сифатида ишлашнинг вақти келди.
Чиндан ҳам шундай. Ваҳоланки, «Манчестер Сити»га Пеп Гвардиоланинг таклиф этилиши «шаҳарликлар» билан ишлаш имкониятини пасайтиради.
Шу боис, Жейсон Крайснинг муваффақиятсиз мавсумидан сўнг Виейра «Нью-Йорк Сити»га ўз хизматларини таклиф этди. Ахир Давид Вилья, Фрэнк Лэмпард ҳамда Андреа Пирло каби футболчиларни шуғуллантириш ҳар ҳолда ёмон эмасда.
- Клубнинг собиқ устози билан гаплашиб, ўтган мавсумдаги омадсизлик сабабларини ўрганишга қарор қилдим. Суҳбатдошимни тинглашни биламан, қолаверса, кўзларим ва тажрибамга ишонаман. Футболчилар ёмон ўйнашяптими? Демак, бунинг ўзига яраша сабаби бор... Янги жамоамда вазиятни ўнглаш мақсадида иш бошладим.
MLSдаги тузилмавий мураккабликни инобатга олсак, иш юритиш осон бўлмайди. «Мана кўрасиз, ҳар куни ниманидир ўрганишга уринаман», - деди Виейра.
АҚШ чемпионати кўҳна қитъадагидан фарқ қилади. Аммо Европада асқотиши мумкин бўлган қандайдир тафовут ҳам бормикан?
- Эҳтимол, маошлардаги чекловни эътироф этиш керакдир. Клаудио Рейна, спорт директори Дэвид Ли ҳамда бош скаут билан бу борада гаплашдим. Ихтиёрингда нималар борлигини билгачгина шунинг асосида кучли футбол клубини шакллантириш имконияти туғилади. Муайян бюджетга эга жамоада 11 эмас, балки 26-28 нафар футболчи ўйнайди. Ҳамма маблағни бир ўйинчига сарфлашнинг иложи йўқ. Менимча, жамоа манфаати ҳар қайси футболчидан устун туради. Мазкур ҳолатда барчаси стратегияга боғлиқ, бу эса айнан мен хоҳлаган нарса. Қолаверса, ушбу жиҳат клуб барқарорлигини таъминлайди. Ўйлашимча, Платини молиявий «фэйр-плей» ёрдамида шунга ўхшаш ислоҳот юритишни мақсад қилганди.
Кимдир европалик собиқ футболчиларнинг МЛСдаги мураббийлик фаолияти омадсиз кечганини рўкач қилса (бунга биринчи навбатда, Рууд Гуллитнинг «ЛА Гэлэкси»даги фаолиятини мисол сифатида кўрсатиш мумкин), шуни ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Виейра Америка лигасини диққат билан кузатган ва ушбу минтақадаги вазифаси ҳамда бу ишнинг паст-баландини аниқ тасаввур қила олади: «Айрим мураббийлар ҳамма пулни ҳужум чизиғи вакилларига сарфлаб, ҳимоячиларни эътибордан четда қолдиришади. Ёки аксинча ҳолат кузатилади. Аммо MLS тарихига назар солсак, сўнгги уч-тўрт йил ичида бундай жамоаларнинг муваффақият қозонмаганига гувоҳ бўламиз. Шу боис, мураббий ва унинг атрофидагилар бир фалсафа атрофида бирлашишлари лозим... лекин майдонда ҳамма позициялар муҳим. Баъзан мураббийларнинг «Шунчаки сафимизни тўлдириш учун чап ёки ўнг қанот ҳимоячисини арзонга харид қиламиз», деганларини эшитиб қоламан. Бироқ бундай услубни ҳеч тушунмайман. Шахсан мен учун жамоанинг барча чизиғи бир хил аҳамиятга эга. Демак, ютуқлар сари етаклай оладиган тўғри йўл ва ўйинчиларни танлай билиш лозим».
Виейра «Манчестер Сити» ёшлар жамоасидагидан фарқли ўлароқ, бош мураббийликда унинг иши кўпроқ муҳокама қилинишини яхши билади.
- Бу умуман бошқа даража. МLSда ғалабаларни қўлга киритмоқчиман. Нима ҳақида гапираётганимни англагандирсиз? Ёшлар билан ишлаганда, уларнинг ўсишини таъминлаш лозим, мазкур ҳолатда ғалаба иккинчи даражага тушади. Ҳозирги иш жойим, умуман, катталар футболида муваффақият қозониш муҳимроқ. Менинг вазифам айнан шу муаффақиятни таъминлашдан иборат. Ниятимга етиш учун бор кучимни сафарбар этишга тайёрман.
Манба: Football.ua,
Ў.УМАРОВ тайёрлади