Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Олий лигани томоша қилиш учун 5та сабаб

Баҳо:
+ | -

Афсуски, ўзбек футболи мухлислари орасида миллий чемпионатимизга қизиқиш у қадар юқори эмас. Сабабини ўзингиз яхши биласиз. Аммо футболга умумий қизиқишни шу тенденцияга асосан ўлчамасдик асло. Чунки олий лига ишқибози қай даражада кам бўлмасин, Англия, Испания, Италия ва Европадаги бошқа кучли чемпионатлар ихлосмандларини истаганча топиш мумкин. Бу ҳолат юртимизда мухлислик қай даражада ривожланганини кўрсатиб берса керак. Боз устига, бизда мухлислар футболимизга росмана эътибор қаратадиган вақт ҳам бор - Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинлари. Термамиз майдонга тушадиган кунлар бутун бошли кўчалар ёпилганини кўп кўрганмиз.

Албатта, олий лиганинг бу даражага чиқиши жуда қийин. Шу сабабли ҳам, бугунги суҳбатимизни айнан Ўзбекистон чемпионатига қаратишни маъқул кўрдик. Зеро, мухлисларга айтадиган гапларимиз бор. Хуллас, барчани янги мавсумда олий лига ўйинларини кузатиб боришга чақирмоқчимиз. Бунга сабаб бўла оладиган 5та асосий омил билан эса қуйида танишиб олишингиз мумкин.

1. СЕРВЕРНИНГ ҚАЙТИШИ

Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси жорий йилдан эътиборан яна ўз уйида тўп суради. Бу яхши янгилик, албатта. Сервер Жепаров - олий лига даражасидан анча юқори бўлган ўйин-чи. Ахир ҳаммага ҳам Ж.Корея ва Саудия Арабистонида 6та ноли бор рақамда маош тўлайвермайдилар. Шу сабабли ҳам, Сервернинг «Локомо- тив»га ўтгани ҳақидаги хабар нафақат «темирйўлчилар»нинг камсонли мухлислари, балки ўзбек футболига қизиқадиган ҳар қандай инсонни хурсанд қилди.

Сервер Жепаров узоқ йиллар Ўзбекистон миллий жамоасида сардорлик қилди. Қўйиб берсангиз, ҳозир ҳам бу ишни ажойиб тарзда уддалайди. Ярим ҳимоячи дарҳақиқат, профессионал футболнинг ёрқин тимсоли бўлиб қолмоқда. У юртимиздаги ҳар бир футболчига ўрнак ўлароқ хизмат қилиши мумкин. Мана, 34 ёшида ҳам ажойиб спорт формаси ва «Локомотив»га Осиё Чемпионлар Лигаси, олий лига ва миллий кубок баҳсларида ёрдам бериши турган гап. Яна шунга ҳам ишонамизки, Сервер айнан «темирйўлчилар» таркибидаги ишончли ҳаракатлари эвазига хориж клубларига қайтиши ҳеч гап эмас. Боз устига, Сервер Жепаровнинг айнан «Локомотив»да ўйнашининг яна бир ижобий жиҳати бор. Ўтган мавсумдан эътиборан бу клуб таркибида унинг узоқ йиллик ҳамкори ва яқин дўсти - Темур Кападзе тўп сурмоқда. Бу жуфтлик ўз ортидан бутун жамоани эргаштирганини кўп кўрганмиз. Шундай экан, «Локо»нинг олий лига доирасида «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Насаф»га қарши кечадиган принципиал баҳслари янада шиддатли кўриниш олиши турган гап. Бу ўйинларни томоша қилиш албатта, шарт...

2. «БУНЁДКОР»НИНГ ЁШЛАРИ

Ҳозирги «Бунёдкор» бир жиҳати билан 4-5 йил олдинги «Пахтакор»ни эслатиб юборади. Агар илгари «Пахтакор» раҳбарияти ёш футболчиларга эътибор қаратаётганини кўп бора таъкидлаган бўлса, энди бундай нутқ сўзлаш навбати «Бунёдкор» вакилларига келган. Тан олиш лозим, «қалдирғочлар» бу ишни анча яхши уддаламоқдалар. Ўтган йил якунларига кўра, клубнинг бир йўла 3 нафар футболчиси Осиё-нинг энг яхши ёш ўйинчиси номига даъво қилгани ҳам бу фикримизга тасдиқдир. Достонбек Ҳамдамов, Элдор Шомуродов ва Забиҳилло Ўринбоев дарҳақиқат, ўз ўйинлари билан бундай эътирофга муносиб эканликларини кўрсатдилар. Боз устига, «қалдирғочлар» айнан шу ёшларнинг фаолликлари эвазига Осиё Чемпионлар Лигасида «Ал-Шабаб»дек рақибни мағлуб этиш уддасидан чиқдилар.

Шундай экан, «қалдирғочлар»нинг янги мавсумдаги ўйинларини кузатиш анча мароқли. Ҳозир вазият шундайки, «Бунёдкор»даги ёшларнинг ҳар бири асосий таркибга кириши ҳам, кирмай қолиши ҳам мумкин. Клуб мавсум олдидан ўтказган тақдимот маросимида асосий таркибга кириш учун кескин рақобат кечишини таъкидлади. Дарҳақиқат, шундай. Масалан, Отабек Шукуров нима сабабдан Александр Алимпиевичдан устун эканини исботлаши керак, Забиҳилло Ўринбоев ҳужумда худди шу ишни Баҳодир Насимовга қарши кечадиган рақобатда уддалаши лозим. Шунингдек, Достонбек Ҳамдамовнинг жойига кўз олайтирадиганлар ҳам топилиши муқаррар. Биргина Сатонинг ўзи қанча футболчига арзийди. Бу эса «Бунёдкор»нинг ўтган йилгидек 4-ўрин эмас, балки яхшироқ натижа учун курашишига умид қилиш имконини беради. Ўз навбатида, принципиал рақибларга қарши кечадиган ўйинлар ҳам шиддатлироқ тус олиши тайин. Бундай ўйинларни томоша қилиш эса мухлислар учун ҳам қизиқарли, албатта...

3. «ПАХТАКОР»ДАГИ МУАММОЛАР

«Пахтакор» сўнгги 2 йилда Ўзбекистон чемпионатининг сўзсиз, етакчиси бўлиб келди. «Шерлар» бошқа-рувида узоқ давом этган «ёшлар» сиёсати ниҳоят, муваффақиятли якунланди ва клуб қаторасига икки марта чемпионликни нишонлади. Аммо тошкентликларнинг навбатлари мавсум ҳам бу ишни уддалашлари анча шубҳа остида турибди. Бунга бир қатор сабаблар бор. Аввало жамоа етакчиси Кахи Махарадзе кетганини айтиш жоиз. Албатта, биргина футболчининг кетиши жамоага нисбатан ишончни пасайтириб юбормаслиги керак. Аммо Махарадзенинг «Пахтакор» ўйинида тутган ўрнини инобатга олсак, бунга асло ҳайрон қолиш шарт эмас. Боз устига, бу футболчи «Пахтакор»нинг ашаддий рақиби - «Локомотив» таркибига ўтиб кетгани ҳам вазиятни анча чигаллаштиради.

«Пахтакор»да шунингдек, бошқа муаммолар ҳам бордек. Масалан, молия масаласида. Демак, бошланажак мавсум «Пахтакор» аввалгидек «гегемон»лик қилолмаслиги мумкин. Шу ҳолат ҳам олий лигага қизиқишни анча ошириши кутилмоқда. Нима ҳам дердик, мавсум стартга чиқсин, ҳаммасини билиб оламиз. Фақат, бунинг учун стадионларга тушиш керак-да. А, лаббай? Нима дедингиз?

4. «ОБОД»НИНГ ДЕБЮТИ

Олий лигада анчадан буён янги, мутлақ дебютант жамоани кўрмагандик. Умид қиламизки, «Обод» элитага бежиз қўшилмаганини исботлайди. Очиғини айтганда, Ўзбекистон чемпионатида фақат бир хил номлар кўраверишдан мухлислар анча зерикишган. Табиийки, бундай вақтда янги жамоа иштирокини кузатиш қизиқарли бўларди. Муҳими, «Обод» ҳозирча ўз зиммасига юклатилган вазифани яхши бажармоқда. Аслида ПФЛга қолса, бу жамоа ўрнига «Динамо»ни элитага қайтариш маъқул келгандек туюлганди. Бунинг учун ҳатто самарқандликларга тегишли лицензия тантанали тарзда топширилгани хусусида хабарлар чиқди. «Обод» ҳайтовур нияти жиддий эканини кўрсатди ва олий лигада ўйнаш учун рўйхатдан ўтди.

Энди биз дебютантдан яна-да кўпроғини кутишга ҳақлимиз. Умид қиламизки, бу жамоа бир вақтлар «Дўстлик-2008» ва «Гулистон» билан бўлганидек, йўқлик сари юз тутмайди ва камида «Қўқон-1912» йўлидан кетади. Агар «ободчилар» худди «Лестер» сингари элитада шов-шув кўтариб, ўйинлар шиддатини ошириб берсалар, бош устига. Зеро, «Обод» бу иши билан олий лигани ҳам обод қилган бўларди...

5. КЕЛИШИЛГАН ЎЙИНЛАР

Янги мавсум Ўзбекистон чемпионати ўйинларини кузатишга яна бир сабаб - шубҳасиз, келишилган ўйинларга қарши кураш қандай кўриниш олиши. Умуман, бу ҳақда мана, 3 йилдирки, тинимсиз гапирилмоқда. Аммо ҳозирча катта ўзгариш сезилмади. Тўғри, ўтган йили «Келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси» нимадир қилишга уриниб кўрди. «Нимадир» остида «Пахтакор» ва «Металлург» ўртасида кечган учрашувдан кейин гап-сўзлар ётганини яхши тушуниб турибсиз. Ўшанда ўйин атрофида катта шов-шув кўтарилган ва ҳаттоки, «Металлург» бош мураббийи Рустам Мирсодиқов мавсум охирига қадар футболдан четлатилганди. Яна бошқа иштирокчиларга қандайдир жазолар берилиши ҳақида ҳам эшитганмиз.

Аммо шундан сўнг бундай гап-сўзлар ўз-ўзидан унутилиб кетди. Албатта, бундай жимжитлик мухлислар кайфиятини тушириши турган гап. Ахир улар катта-катта ўзгаришлар бўлишини кутгандилар. Аммо қўрқмасдан айтамиз - бу ҳолат ҳам олий лигани кузатиш учун яна бир сабабдир. Қани, кўрайликчи, бу йил «Келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси» қандай иш тутаркин?

ЯКУНДА

Хуллас, шундай гаплар. Албатта, Ўзбекистон чемпионати Ла-лига ёки АПЛ эмас. Бу ерда Англия чемпионатидагидек шиддат, Испания биринчилигида кузатилганидек жозиба йўқ. Аммо олий лиганинг бир устун жиҳати бор, у ўзимизники! Унинг доирасидаги ўйинларни бевосита стадионда томоша қила оламиз, футболчи ва мураббийлар билан мулоқотда бўлишимиз мумкин. Халқимизда «Узоқдаги қуйруқдан, яқиндаги ўпка яхши», деган нақл бор. Шундай экан, узоқдаги испанларни олқишлайвермасдан, ўз футболчиларимизни ҳам озгина қўллаб қўяйлик, зора, шунда олий лигамиз ҳам сал жонланиб қолса...

НУРУЛЛОҲ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:15, 25.02.2016.
Ўқилди: 3791 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.