Кириш Регистрация
25/06 00:00 Албания 0-1 Испания
25/06 00:00 Хорватия 1-1 Италия
25/06 03:00 Колумбия 2-1 Парагвай
25/06 06:00 Бразилия 0-0 Коста-Рика
25/06 20:00 Олимпик 2-0 Сурхон
25/06 21:00 Франция 1-1 Польша
25/06 21:00 Нидерландия 2-3 Австрия
26/06 00:00 Англия 0-0 Словения
26/06 00:00 Дания 0-0 Сербия
26/06 03:00 Перу 0-1 Канада
26/06 06:00 Чили 0-1 Аргентина
26/06 20:00 Андижон - Навбаҳор
26/06 20:00 Металлург - Насаф
26/06 21:00 Словакия 1-1 Руминия
26/06 21:00 Украина 0-0 Бельгия
27/06 00:00 Чехия - Туркия
27/06 00:00 Грузия - Португалия
27/06 03:00 Эквадор - Ямайка
27/06 06:00 Венесуэла - Мексика
27/06 20:00 Нефтчи - Локомотив
27/06 20:00 Пахтакор - Бунёдкор

Бағрикенг АПЛ ёки Англияда талпинганлар ҳақида

Баҳо:
+ | -

Ҳа, дунё футболидаги энг дурдона лиганинг бағри жуда кенг. Унда ер юзининг турли бурчакларидан ташриф буюрган легионерларни кўриш мумкин. Энди ажойиб фактга эътибор қаратинг: АПЛда шу кунга қадар 101та мустақил давлат (Буюк Британия таркибидаги Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландиядан ташқари) вакилига лоақал битта гол уриш насиб этган экан. Қойилмисиз? Демак, инглиз фанатлари 100тадан ортиқ давлат фуқаролари урган голларга шоҳид бўлишган. Тушунарлики, АПЛда Франция, Испания, Голландия ёки Дания вакиллари етарлича гол завқини туйишган. Лекин ўша 101та мамлакат орасида ўта экзотик ўлка саналувчилари ҳам кўп. Умуман, бундай «нотаниш» давлат вакиллари томонидан урилган ҳар бир гол ўша жойларда катта хурсандчилик билан қарши олинади. Дейлик, Бертран Траоре «Челси»-«Ньюкасл» ўйинининг 60-дақиқасида Диего Коста ўрнига майдонга тушди ва орадан 22-23-дақиқа ўтгач, ўз жамоасининг 5-голига муаллифлик қилди. Табиийки, ёш ҳужумчи|вингер|ҳужумкор ярим ҳимоячи бу голи билан она ватани - Буркино-Фасодаги мухлисларга алоҳида хурсандчилик улашди. Ахир Траоренинг шу аниқ зарбаси ўлароқ, Буркино-Фасо АПЛда ўз вакили гол урган 101-мамлакатга айланди. Демак, энди Англия  премьер-лигасида фуқароси гол қувончини туйган экзотик мамлакатлар билан танишиб чиқамиз.

Бертран Траоре - Буркина-Фасо

Африкалик супериқтидор ҳозир 20 ёшда. У «Челси» тизимига «Осер»дан ўтди ва ярим мавсум ижара асосида «Витесс» (Голландия) шарафини ҳимоя қилди. Аввалги ёзда эса ниҳоят, Буюк Британияда ишлаш учун рухсатнома олиб, «аристократлар»нинг расмий ўйинида дебют қилиш имкониятига эга бўлди. Хуллас, Траоре илк марта сентябрь ойида ЧЛ доирасида «Маккаби» билан ўйинда майдонга тушди. Декабрь ойига келиб эса (Моуриньонинг истеъфога чиқишидан 2 ҳафтача олдин), премьер-лигада ҳам дебютини нишонлади. Шу тариқа у АПЛда ўйинга тушган Буркина-фасолик биринчи футболчига айланди. Мана, яқинда Гус Хиддинк қўл остида ўз давлати учун тарихий голни ҳам урди. Айтганча, Траоре 15 ёшлигидан буён Буркина-Фасо миллий жамоасида ўйнамоқда.

 

Куко Мартина - Кюрасао

Жорий мавсумдаги яна бир дебют. Ёзда «Твенте»дан «Саутгемптон»га ўтган ўнг қанот ҳимоячиси Куко Мартина айни пайт кучли рақобат туфайли майдонга кам тушяпти. Яъни ҳозирча ўз позициясида Седрик Соарешдан устун эканлигини исботлай олгани йўқ. Лекин у Boxing Day вақти «Арсенал»га қарши кечган ўйинда асосий таркибдан жой олиб, гол ҳам урди. Аслида Мартина Роттердамда туғилган, аммо 2011 йилдан буён Кюрасао термаси шарафини ҳимоя қиляпти. Ушбу мамлакатнинг Нидерландия Қироллиги таркибига кириши, лекин мустақил бошқарув тизимига эгалигини таъкидлаш ўринли.

 

Руэль Фокс - Монтсеррат

1992 йилнинг 15 август куни янгитдан шакллантирилган премьер-лиганинг илк ўйинлари ўтказилган. Айнан ўша санада Кариб денгизидаги кичик орол-мамлакат - Монтсеррат вакили ҳам турнирда гол урган. Умуман, ушбу орол Буюк Британиянинг денгиз атрофи ҳудуди мақомига эга. Фоксга келсак, у ўша вақт «Норвич» учун ўйнарди, кейинчалик «Ньюкасл» ва «Тоттенхэм» шарафини ҳам ҳимоя қилди. 90-йилларда АПЛни оз-моз кузатган мухлислар паканагина (бўйи атиги 170 сантиметр), лекин тезкор ва жуда чаққон, техникаси юқори бўлган ушбу вингерни яхши эслашса керак. Дарвоқе, Руэл аслида Англияда туғилган ва бутун фаолиятини туманли ўлкада ўтказди. Ҳаттоки, Англия терма жамоаси сафида ҳам 1-2 марта майдонга тушди. 36 ёшида эса кутилмаганда, Монтсеррат миллий жамоасида ўйнашга қарор қилди. Энг эътиборлиси, у бу термада ўйновчи - бош мураббий эди.

 

Бобби Боури - Сент-Китс ва Невис

Деярли бутун фаолияти давомида қуйи лигаларда тўп сурган ва фақат 2 мавсум элитада «Кристал Пэлас» шарафини ҳимоя этган ярим ҳимоячи. Хусусан, 1992|1993 йиллар мавсуми нафақат Боури, балки премьер-лига учун ҳам тарихдаги биринчиси эди. Бобби ўзининг АПЛдаги ягона голини айнан ўша, биринчи чемпионатда расмийлаштирган. Бу эса ҳозиргача Кариб денгизидаги яна бир митти орол-мамлакат - Сент-Китс ва Невис вакиллари учун ягоналигича қоляпти. Умуман, Боури 2000 йили бу мамлакат миллий жамоасида 1-2 марта майдонга тушган, холос.

 

Манушу - Ангола

Бебе эмас, лекин Алекс Фергюсоннинг яна бир экзотик трансфери. Хуллас, кўпни кўрган мураббий 2008 йили анголалик нотаниш ҳужумчини «МЮ»га олиб келганди. Ўшанда кўп шов-шув кўтарилганди, бироқ мўъжиза рўй бермади: Манушу «қизил иблислар» сафида атиги 2 марта майдонга тушгач, унинг учун ижара «саёҳат»лари бошланди. Анголалик шундай келишувлардан бирини АПЛда иштирок этган «Халл Сити»да ўтади. Хуллас, Манушу Англия элит дивизионидаги 2та голини ҳам шу клубда нишонлади, кейин Испанияга йўл олди. У ҳозиргача АПЛда гол урган ягона анголалик бўлиб турибди. Ваҳоланки, Африканинг ушбу мамлакатида футболга жиддий эътибор қаратилмоқда, аммо ҳаракатлар унча самара берганича йўқ.

 

Шон Гоутер - Бермуд ороллари

ХХ ва ХХI асрлар алмашинуви вақти «Манчестер Сити» бунчалик бойиб кетишини ҳали тасаввур ҳам қилолмасди ва 2та дивизион орасида саргардон эди. Клуб ҳаттоки, Бермуд ороллари каби ўлкалардан ташриф буюрган ҳужумчилар хизматидан фойдаланишга ор қилмасди. Гоутер етарлича гол урган, аммо асосан иккинчи дивизионда (ўша пайт биринчи лига деб юритиларди). Лекин элитадаги статистикаси ҳам чакки эмас: 2та мавсумда 13та гол урган. Хуллас, Шон шу натижаси ўлароқ, нафақат ўзи, балки жонажон мамлакати номини ҳам АПЛ тарихига битиб қўйди. Асосийси, Гоутер ушбу мақолада зикр этилган кўплаб қаҳрамонлардан фарқли равишда, айнан Бермудда туғилган, улғайган ва яшаган. Бермуд ороллари - Буюк Британиянинг Атлантика океанидаги денгиз атрофи ҳудуди. Энг диққатга сазовор томони, Шон кейинчалик АҚШ ва Англияда ўқишга уринди, қолаверса, 90-йиллар охирида «МЮ»дек клуб скаутларини ўзига қаратди. Аммо унга «қизил иблислар» сафида лоақал бир марта майдонга тушиш насиб этмади. Нима бўлган тақдирда ҳам, бермудликлар Шон билан фахрланишса, арзийди. Зеро, у «шаҳарликлар» шарафини муносиб ҳимоя қилган.

 

Тити Камара - Гвинея

«Ливерпул»нинг 25 ёшдан катта мухлислари ушбу ўзига хос ҳужумчини ҳали ҳам эсдан чиқаришмагандир... Ваҳоланки, гвинеялик футболчи «қизиллар» сафида атиги бир мавсум ўйнади, холос. Тўғри, шу биргина мавсум давомида 33та учрашувда қатнашиб, 8та голга муаллифлик қилди. Ке-йинчалик Титини «Вест Хэм»га сотишди, аммо Лондонда унинг ишлари унча юришмади. Тити Гвинеяда туғилган ва бир неча йил давомида шу мамлакат миллий жамоаси либосини шараф билан кийди. Қолаверса, маълум муддат ушбу жамоага устозлик ҳам қилди, шунингдек, ўз мамлакатида ҳаттоки, спорт вазири лавозимида ишлади.

Айтганча, Камара АПЛда гол нашидасини сурган ягона гвинеялик эмас. Зеро, унинг юртдоши - марказий ҳимоячи Комил Зайятте «Хилл Сити»да фаолият юритиб, элита баҳсларида рақиблар дарвозасини 2 марта нишонга олган.

 

Карл Корт - Гайана

90-йиллардаги «Уимблдон»-ни асосан Винни Жонс туфайли эслашади. Лекин ўша жамоада яна бир қатор тўпори йигитлар ўйнашарди. Улардан бири айнан Карл Кортдир. Бўйдор ҳужумчи ёшлигида супериқтидор саналган. Шунга яраша, нафақат «Уимблдон», балки Англия ёшлар терма жамоаси учун ҳам голлар урган. Ке-йинроқ «Ньюкасл» Кортни катта пул эвазига харид қилди. Афсуски, ҳужумчи «қарғалар» сафида турли жароҳатларга йўлиқиб, ўзини кўрсата олмади. Натижада супериқтидорнинг фаолияти супер даражасига чиқмай қолди. Футболчи айнан жароҳатлар сабаб, Англия миллий жамоаси таркибига ҳам киролмади ва 2011 йили аждодлари ватани бўлмиш - Гайананинг миллий жамоасида ўйнашга қарор қилди. Жанубий Американинг шимоли-шарқида жойлашган ушбу кичик мамлакат футбол федерацияси КОНКАКАФ таркибига киради. Шунинг учун ҳам гайаналиклар Бразилия ёки Аргентина эмас, балки асосан Барбадос ва Тринидад каби мамлакатлар жамоалари билан ўйнашади.

 

Бенжани Мварувари - Зимбабве

«Портсмут»да анча кўп гол урган ва бойликни энди-энди ҳис эта бошлаган ўша «Манчестер Сити» эътиборини ўзига қаратган таниқли ҳужумчи. Тўғри, «шаҳарликлар» зимбабвелик йигитга унча ишонч билдиришмади. Аниқроғи, Бенжами «шаҳарликлар» сафида «йўқолиб» қолди. Ке-йин у «Блэкберн»да ижара асосида тўп сурди.

Айтиш жоиз, АПЛда Мваруваридан ташқари, зимбабвелик яна бир футболчи - Питер Ндлову ҳам гол урган. У 90-йиллар «Ковентри» шарафини ҳимоя қилганди.

 

Жейсон Робертс - Гренада

«Нотаниш» ўлкадан чиққан яна бир таниш ҳужумчи. Робертс премь-ер-лигада нақ 4та жамоа учун гол уришни уддалади. Яъни «Блэкберн», «Уиган», «Портсмут» ва «Вест Бромвич» клублари либосида гол қувончини туйди. Робертс ҳам асли лондонлик, лекин унга Англия терма жамоасида ўйнаш насиб этгани йўқ. Футболчи бунга умид ҳам боғлай олмаслигини тушунгач, отаси туғилган юрт - Гренада учун ўйнашга қарор қилди.

Ишонмаслигингиз мумкин, лекин Жейсон АПЛда ўз номини таблога ёздириб қўйган ягона гренадалик эмас. 2000-йиллар «Болтон» шарафини ҳимоя қилган ҳужумчи Делрой Фейси ҳам премьер-лига тарихига гол муаллифи сифатида кирган.

 

Кристофер Самба - Конго

Ушбу ҳимоячи анча таниқли. У узоқ вақт «Блэкберн»да ҳавас уйғотадиган даражада фаолият юритиб, топ-клублардан ҳам таклифлар олди. Аммо пул ортидан қувиб, «Анжи» сафига қўшилди. Кейинчалик «Динамо» (Москва)да тўп сурди. Аслида Самба Париж атрофидаги шаҳарчада туғилган. Лекин терма жамоалар даражасида Конгони танлади ва айни пайт ҳам шу юрт шарафини ҳимоя қилади.

 

Даниэль Кузен - Габон

Кузен Габонда туғилган, лекин болалигидаёқ оиласи билан Францияга кўчиб ўтган. Футболчилик фаолиятини ҳам французлар диёрида бошлади. Кейинроқ Шотландияда, «Рейнжерс» сафида тўп суриб, «Халл Сити»дан таклиф олди. АПЛда айнан шу клуб учун 4та гол уришга эришди. Даниэль Кузен шунингдек, Грецияда ўйнади, бутсалари эса киндик қони тўкилган - Габонда михга илди.

 

Майкел Лейжертвуд - Антигуа ва Барбуда

Яна Кариб денгизи, яна Лондонда туғилган футболчи. Хуллас, Майкел ҳам тарихий ватани жамоаси учун ўйнашни лозим топган йигитлардан бири. Ушбу ярим ҳимоячи фаолиятининг катта қисмини қуйи дивизионларда ўтказди, лекин бир марта премь-ер-лига ҳавосидан баҳра олди. Яъни «Рединг»да ўйнаган чоғи гол уриб, Антигуа ва Барбудани АПЛ тарихига киритди.

У бу борада ёлғиз эмас. «Саутгемптон»да рақиб дарвозасига йўл топган ҳужумчи Декстер Блэксток ҳам айнан Антигуа фуқароси саналади.

 

Эммерсон Бойс - Барбадос

«Уиган»нинг чинакам афсонаси. У клубнинг премьер-лигада ўтказган барча мавсумларида сафда бўлган. Бойс Англияда туғилган, аммо ўз юрти миллий жамоасида ўйнашга кўзи етмай, ота-онаси ватани - Барбадосга юзланди. Тўғри, фақат миллий жамоа ўйинларида майдонга тушиш учун, холос.

Умуман, АПЛда барбадослик яна бир футболчига гол уриш бахти насиб этган. Лекин Грегори Гурижни ҳаттоки, «КПР» фанатлари ҳам эслай олмасалар керак. Чунончи, у клуб сафида саноқли ўйинларда майдонга тушган.

 

Стефан Сессеньон - Бенин

Бенинлик икки футбол-чи ҳозир ҳам АПЛда жавлон урмоқда. Бу-лар - «Вест Бромвич»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Стефан Сессеньон ва «Астон Вилла» ҳужумчиси Руди Жестед. Эътиборлиси, ҳар иккиси гол уриш бахтига муяссар бўлиб улгурди. Демак, бенинлик мухлислар ўз вакиллари билан фахрланишга ҳақлилар.

 

Кей Камара - Сьерра-Леоне

Ушбу футболчи мухлисларга мутлақо нотаниш. Бинобарин, унинг «Норвич»да ижара шарти бўйича ўйнаганига анча бўлди. Боз устига, Кей клубда қандайдир каромат кўрсатган эмас. Лекин факт шундан иборатки, 1та гол уриб, ўз ватанини АПЛ тўпурарлари харитасига киритиб қўйган.

 

Гаэль Бигиримана - Бурунди

Таянч ярим ҳимоячиси. Гаэлга вақтида буюк иқтидор сифатида қарашган ва ҳозир ҳам гоҳида мухлислар унга катта умид билан боқишади. Бигиримана «Ньюкасл» таркибидан жой олишга роса уринди, аммо яқинда ижара «саёҳати»ни бошлади. Унинг онаси Руандадан, отаси эса Бурундидан. Гаэлнинг ўзи Англия ўсмирлар терма жамоасида ўйнашга улгурди, кейин эса руандаликлар фойдасига қарор қабул қилди. Якунда, яъни бир йилча олдин беқарор йигит Бурунди миллий жамоасида ўз дебютини нишонлади.

 

Виктор Ваньяма - Кения

Номдор спортчилари билан танилган мамлакатнинг  энг таниқли футболчиси. Улкан гавдали ва ўта қўполдек туюладиган марказий ярим ҳимоячи вақти-вақти билан қандайдир «жинни»ликларга қўл уриб туради. Шунинг баробарида гол уришни ҳам билади. Тўғри, Ваньяма жорий мавсум ҳали ўзини кўрсата олгани йўқ.

Манба: Sports.ru, А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:08, 04.03.2016.
Ўқилди: 2274 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.