Олий лигада янги мавсум старт олди. Ҳар йили чемпионат бошланар экан, янги умидлар ҳам куртак очади. Бу сафаргиси ҳам истисно эмас. Мухлис халқи шиддатли ва муросасиз кураш кўришни истайди. Энди йўлга чиққан мавсумда бу умидлар қай даражада оқланишини ҳозирдан айтиш қийин. Аммо илк тур биз кутганчалик бўлди, дейишга асос йўқ. Ҳарқалай,мавсум бошиданоқ «сенсация» кўтаришга ҳеч бир клуб иштиёқманд эмас, шекилли, барча учрашувларда кутилган натижалар қайд этилди. Асосан мезбонлар ғалаба қозонишди, меҳмонлар эса мағлубликни тан олишди. Фақат, бир учрашувда майдон эгалари имкониятни бой беришди. У ҳам бўлса, чемпионликка даъвогар - «Локомотив»га қарши кечган ўйинда...
БЕКОБОД ВА Қўқон
1-тур ўйинлари бошланганини билдирувчи ҳуштак даставвал Бекобод ва Қўқонда чалинди. Айнан шу шаҳарлардаги ўйинларга эртароқ старт берилди. Тўп ўйинга киритилган вақт соат миллари 16:00ни кўрсатиб турарди.
Балки шу сабабга кўрадир, Бекободда кечган «Металлург» - «Сўғдиёна» ўйинини у қадар кўп мухлис томоша қилгани йўқ. Чунки учрашув иш вақтига тўғри келди. Расмий маълумотларга қараганда, ўша куни стадионда 1718 томошабин йиғилган, холос. Аммо ишқибозларнинг камлиги «Металлург»нинг ўйинига салбий таъсир кўрсатди, дейиш қийин. Чунки бекободликлар айтарли муаммога дуч келмадилар ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозондилар. Умуман, бу ҳисобни олдиндан тахмин қилиш қийин эмасди ва балки айнан шу сабабга кўра ҳам, томошабинлар стадионга унча ошиқишмагандир...
Айнан шундай ҳисоб "Пахтакор" стадионида ҳам қайд этилди. Бироқ, бу ерда тамошабинбоп ўйин бўлди, дейиш мумкин. Зеро, мезбонлар юзага келган ва бир қатор вазиятларни кўкка совуришмаганида якуний ҳисоб йирикроқ бўлиши аниқ эди...
Бироқ «Қўқон -1912» - «Обод» баҳси иш вақтига тўғри келганига қарамай, водийда мухлислар масаласида муаммо сезилгани йўқ. Бу учрашувни 6553 ишқибоз кузатиб борди ва «Қўқон-1912» ягона гол эвазига чемпионат карвонига 3 очко билан йўл очди. Демак, мухлис дарҳақиқат, ўйин кўришни истаса, стадионга боришнинг йўлини топар экан. Хўш, ундай десак, Бекободдаги ўйинда нега ишқибозлар сафи қисқа бўлди? Бунга сабаб нима экан-а?
ИККИЮ НОЛ ...ЛАР
Олий лига доирасидаги 2та учрашув 2:0 ҳисобида мезбонлар ғалабаси билан якунига етди. «Бухоро» ўз майдонида «Олмалиқ»ни шундай кўринишда енгган бўлса, «Бунёдкор» - «Нефтчи» баҳси тақдирига ҳам бир томоннинг 2та голи ойдинлик киритди.
Аммо бу учрашувларнинг ўхшаш жиҳатлари фақат ҳисоб, холос. Ўйин томонлама қарасак, улар мутлақо бир-биридан ўзгача кечди. Агар «Бухоро» футболчилари Азиз Асимов ҳакамлик қилган ўйинда 2 марта пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритган ва 66-дақиқада Руслан Мелзитдинов, 90+3-дақиқада эса Суҳроб Неъматов йўллаган аниқ зарбалар эвазига ғалабани қўлга киритган бўлсалар, «Бунёдкор»нинг «Нефтчи»га қарши баҳсда анча тер тўкишига тўғри келди. Умуман, фарғоналиклар охирги йилларда «қалдирғочлар» учун анча ноқулай рақибга айланишмоқда. Сергей Лушан мураббийлик ишини бошлабдики, шу вақтга қадар «Нефтчи»ни мағлуб этиш уддасидан чиқолмаган эди. Агар 2014 йилги мавсумда фарғоналиклар билан 2 марта дуранг қайд этилган бўлса (уйда - 1:1, сафарда - 0:0), ўтган йили ўтказилган ҳар икки учрашув ҳам бой берилди (уйда - 0:1, сафарда - 0:2). Шундай экан, бу сафарги қарама-қаршилик «Бунёдкор» учун катта аҳамият касб этарди. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Биринчидан, «Нефтчи»га қарши кечадиган ўйинларга боғлиқ қора анъанани тўхтатиш керак бўлса, иккинчидан, мавсумнинг илк баҳси ҳар доим муҳим ҳисобланади. Сергей Лушан шогирдлари ниҳоят, бу вазифани бажариш уддасидан чиқдилар: Баҳодир Насимов ҳамда Элдор Шомуродовнинг голлари эвазига ғалабани тантана қилдилар.
НАВОИЙДА ДРАМА
1-турнинг энг қизиқарли ва шу билан бирга энг ғалати ўйинларидан бири Навоий шаҳрида бўлиб ўтди. «Қизилқум» старт чизиғида «Машъал»ни қабул қилди ва «мега иродали» ғалабани қўлга киритди. Аммо таъкидлаш жоиз, бу иродада Равшан Эрматов томонидан белгиланган 2та пенальтининг ҳам ҳиссаси анча катта. Аввалига муборакликлар Шаҳбоз Эркиновнинг 2та голи эвазига яхшигина устунликни таъминлашди. Аммо Акмал Рустамов 67-дақиқада ҳисобни қисқартирган бўлса, кейин Илҳом Юнусов 70 ва 88-дақиқаларда пенальтилардан унумли фойдаланиб, «улоқ» «Қизилқум»да қолишига замин яратди.
Қаршидаги Қаршилик ёхуд «Локо»нинг юриши
Қаршида «Насаф» ва «Шўртан» ўртасида кечган «Воҳа дербиси»да голлар фақат мезбонлар томонидан урилди, аммо ҳисоб 2:1 кўринишини олди. Гап шундаки, биринчи бўлимда «Насаф» дарвозаси томон берилган зарбадан сўнг тўп Шерзод Аъзамовга тегиб, дарвоза тўридан жой олди ва унинг ҳисобига автогол ёзилди. Аммо «Шўртан» бу ўйинда барибир, ҳеч нарсага эришолмади. Чунончи, 54-дақиқада ғузорликлар дарвозаси томон пенальти белгиланди. Асосий вақтнинг сўнгги қисми ўтиб бораётган паллада эса Илҳом Шомуродов «Насаф»га ғалаба келтирган гол муаллифига айланди.
«Локомотив» Намангандаги голлар шоусида «Навбаҳор»ни иродали тарзда таслим этди. Гарчи биринчи бўлимда наманганликлар Олександр Пишурнинг пенальтидан урган гол эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлсаларда, иккинчисида «темирйўлчилар» кетма-кет 3 марта аниқ зарба қувончини туйишди. «Навбаҳор» сафида захирадан майдонга тушган Мўйдин Мамазулунов киритган тўп эса наманганликлар учун шунчаки, ожиз тасалли бўлди, холос. Якуний ҳисоб - 2:3.
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Ҳакамлик ҳақида сўраманг. Барибир, бу саволга жавоб бермайман... Александр ХОМЯКОВ («Машъал» бош мураббийи).
- Машғулотларда пенальти тепиш устида ҳам шуғулланамиз. Штатли пенальтичиларимиз бор, албатта. Ҳамиджон АКТАМОВ («Қизилқум» бош менежери).
- Ҳакамлар бироз эътиборлироқ ишлаганларида, майдонда бир киши кам бўлиб қолмасдик. Даврон ФАЙЗИЕВ («Сўғдиёна» бош мураббийи).
- Ўтган йилги ҳисоб-китоб ишлари вақтида бажарилди, ҳеч кимдан қарзимиз йўқ. Шавкат САИДОВ («Металлург» жамоаси бошлиғи).
- Ҳатто суперюлдузлар ҳам хато қилишади. Павел Соломиннинг яхши вазиятдан гол уролмагани чакки бўлди-да. Шавкат АБДУХЎЖАЕВ («Обод» бош мураббийи).
- «Бунёдкор» Ўзбекистон термаларига футболчилар етиштириб беради. Россия-2018ни билмадим-ку, аммо Қатардаги мундиал учун футболчи тайёрлашимиз лозим. Сергей ЛУШАН («Бунёдкор» бош мураббийи).
- Пенальти бормиди ёки йўқ, билмадим, буни ҳакамлар ҳал қилишади. Менимча, иккиси ҳам тўғри белгиланди. Жамшид САИДОВ («Бухоро» бош мураббийи).
- Биринчи пенальтини билмадим-ку, аммо иккинчиси аниқ бор эди. Игорь ШКВИРИН («Олмалиқ» бош мураббийи).
- Ҳакамларга эътироз билдирмадим, уларга ўйин учун миннатдорчилик билдирдим. Йованович йиқилган вазиятга ойдинлик киритдим холос . Бахтиёр Ашурматов ("Андижон" ФК бош мураббийи)
Тур Статистикаси
Ўйин: 8
Гол: 24 (ўртача: 3)
Томошабин: 72132 (ўртача: 9016...)
Мезбонлар ғалабаси: 7
Меҳмонлар ғалабаси: 1
Дуранг: -
Йирик ҳисобли ғалаба: -
Энг сермаҳсул ўйинлар: «Қизилқум»-«Машъал»; «Навбаҳор»-«Локомотив» (5тадан гол)
Огоҳлантириш: 30 (ўртача: 4,28...)
Четлатиш: 2 (ўртача: 0,28...)
Энг «қўпол» ўйинлар: «Металлург»-«Сўғдиёна» (6та «сариқ»Қ1та «қизил»); «Қўқон-1912»-«Обод» (5та «сариқ»+1та «қизил»)
Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Бухоро»-«Олмалиқ» (18352)
Пенальти: 6 (барчаси самарали)
«Дубль»: 4 (И.Юнусов, «Қизилқум»; Ш.Эркинов, «Машъал»; З. Абдуллаев, «Металлург»; С.Мирзаев «Локомотив»).
«Хет-трик»: -
Автогол: 1 (Ш.Аъзамов, «Насаф»)
кейинги ўйинлар
11 март (жума)
Пахтакор - ҚўҚон-1912
Андижон - Локомотив
ОлмалиҚ - Насаф
Машъал - Металлург
СўҒдиёна - Бунёдкор
12 март (шанба)
Обод - Бухоро
Шўртан - Қизилқум