Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Кимлар футбол оламидаги «Оскар»ни ютишлари мумкин эди?

Баҳо:
+ | -

Ажойиб актёр Леонардо ди Каприо ниҳоят, кино оламининг энг нуфузли соврини - «Оскар»ни қўлга киритди. Аммо унинг бу йўлда анча сабр қилишига тўғри келди. Леони  энди бемалол омади юришганлар қаторига қўшиш мумкин - ахир у бир неча уринишлардан сўнг асл ниятига етди, барибир. Айтиш жоиз, ди Каприо «Оскар»ни ютиш учун нақ чорак аср ҳаракат қилди (кинода 14 ёшида роль ўйнай бошлаган). Афсуски, футболда «Оскар» саналувчи «Олтин тўп»га эга чиқиш учун бунчалик кўп вақт берилмайди. Миллионлар ўйинида ёрқин из қолдирган, аммо «Олтин тўп»га қўл узатмаган ажойиб футболчилар қанча? Айниқса, ҳозирги давр юлдузларига бир жиҳатдан омад кулиб боқмаган - Лионель Месси ва Криштиану Роналду футболдаги бош индувидуал совринни сира бегона қилишмаяпти. Аслида «Олтин тўп»га муносиб бошқа ижрочилар ҳам бор, фақат улар Месси ва Роналду соясида қолиб кетишяпти. Хуллас, Championat.com сайти  янги асрда футболга ўзгача фусун бағишлаган, аммо соҳа «Оскар»ига етишолмаган шундай «омадсиз» юлдузларга эътибор қаратди.

Тьерри Анри

Тезкор оёқлар эгаси футболда қойилмақом даражада фаолият юритгани билан мақтанишга тўла ҳақли. Зеро, француз  клуб миқёсида имкони бор барча совринларни ютди,  терма жамоаси билан эса  Европа чемпионига айланди. Қисқаси, унинг фаолиятида битта кемтик борки, у ҳам бўлса, асосий индивидуал мукофот «Олтин тўп»га эга чиқолмаганидир.  Анри «канонир»  сифатида барчани «қийнаган» вақтларда сўров натижаларига кўра, бир сафар иккинчи ўринга муносиб кўрилганди. Аниқроқ айтсак, 2003 йилги сўровда Павел Недведдан озроқ овоз тўплаганди. Тьеррини  2006 йили учинчи яхши футболчи бўлганини ҳам қўшимча қилиш ўринли.

Жанлуижи Буффон

«Олтин тўп»нинг 60 йиллик тарихида унга асосан ҳужумкор футболчилар эга чиқишган. Дейлик, дарвозабонлардан атиги бир киши - афсонавий Лев Яшингагина  бу совринни бўйсинтириш насиб этган. У 1964 йили футбол оламининг тенгсиз вакили сифатида эътироф этилганди. 2006 йилга келиб, Яшиннинг бетакрор  натижасини италиялик бетакрор Жижи такрорлаши мумкин эди. Итальянларнинг Германия-2006 мундиалидаги жасоратларидан ҳайратланишган овоз берувчилар асосан жамоанинг икки етакчисига эътибор қаратишди. Яъни Буффон қатори «Мовий гвардия»нинг  «бетон» ҳимоячиси Фабио Каннаваро ҳам совринга бош даъвогар саналди. Сўров якунларига кўра эса, марказий ҳимоячи ўз ватандошидан 50тача кўп овоз жамғариб, шахсий коллекциясини бебаҳо соврин билан бойитди. Жижи бўлса, ҳамон армонда...

Златан Ибрагимович

Андрей Шевченко ёки Жорж Веа мисолида айтсак, «Олтин тўп»га даъво қилиш учун совриндор ва буюк терма жамоада ўйнаш шарт эмас. Зеро, алоҳида ҳолатларда совринни қўлга олиш учун клуб футболидаги қаҳрамонликларнинг ўзи кифоя қилади. Хусусан, украиналик ҳужумчи илдамроқ ҳаракат қилиб, ёш Месси ва Роналду бош ролларни қўлга олгунга қадар «олтин»га бурканиш иложини топди. Швециялик новча ва мағрур Ибра эса шундай қилишга улгурмади. Тўғрироқ ифода этсак, унинг энг яхши дамлари  жаҳон футболининг асосий юлдузлари айни кучга тўлган вақтларга мувофиқ келиб қолди. Энг ажабланарли ҳолат шуки, медаллар ва турли кубоклардан кўзни қамаштирувчи ноёб коллекция  тузган голеадор ҳужумчи лоақал «Олтин тўп»га даъвогарларнинг кучли учлигига ҳам  бирор марта  киргани йўқ. Шу ҳам адолатданми?

Андрес Иньеста

Иньеста фахрли совринга икки марта жуда яқинлашди, аммо ҳар иккисида клубдоши  - Мессини юксак ғалабаси билан табриклашга мажбур бўлди. Айниқса, 2010 йилги сўров натижалари кўпчилик ҳафсаласини пир қилди. Инчунин, ҳамма «Олтин тўп» ЖЧда шоҳсупага кўтарилган испанлардан бирига топширилишини кутганди. Бироқ танлов ҳайъати  яна аргентиналикни устун кўрди. ЖАР мундиалида олий сифатни намойиш этган одобли Андрес эса «кумуш» билан чекланиб қолди.

Мануэль Нойер

Бошқалар хусусида гапириш қийиндир-ку, аммо ди  Каприонинг ютуғи Нойерни ўзгача илҳомлантириши керак. Ҳарқалай, мақолага танланган «қойилмақом еттилик» ичида  қимматбаҳо  тўпга эга чиқиш учун энг яхши имконият айнан Мануэлдадир. Немис кипери шу ой  30 ёшга тўлади - бу биринчи рақам эгаси учун ваҳимали чегара эмас. Муҳими, унинг жамоалари - «Бавария» клуби  ва Германия термаси футболчига ўз совринлари рўйхатини ҳали анча тўлдиришга умид боғлаш имкониятини беради. Умуман, яқин ўртада  ФИФА сўровининг дарвозабонларга боғлиқ «ёвқариши»га чек қўядиган бирор кипер бўлса - у айнан Нойер.

Рауль Гонсалес

Ўтган асрнинг охири ва янгисининг аввалида «Реал»да тўп сурган энг сара юлдузлар навбати билан Европада тенгсиз мақомини олишган. Фақат, маҳаллий «афсунгар» ва «Сантьяго Бернабеу»нинг чинакам ёқимтойи Рауль эмас. Бунда қандайдир адолатсизлик бордек... Ахир Фигу, Роналдо ва Зидан «Олтин тўп» ютишган пайт «Реал»нинг содиқ ўғлони ҳар сафар совриндан бенасиб қолаверди. Ушбу кемтик Раулнинг буюклигига асло соя солмайдики, шуниси муҳимроқ. Ҳарқалай, у  «Қироллик клуби» мухлислари  учун афсона эди ва шундайлигича қолади - ҳаттоки, «Олтин тўп»сиз ҳам.

Хави

Хави ва  Иньеста яқин-яқингача футбол учун гўёки, қулф ва калитдек ажралмас механизм эдилар. Улар яратган тенги йўқ боғлам учун ҳаттоки, алоҳида термин ўйлаб топишган: Хавиньеста. Чунончи, икки ўта ақлли хавбек  майдонда доимо бир-бирини таърифланмас тарзда тўлдириб ҳаракатланарди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам, Хави ёки Иньестани  бирор марта алоҳида ва муносиб тарзда олий даражада эътироф этишмагандир. Тўғри,  Хави кетма-кет 3 марта, яъни 2009-2011  йиларда ФИФА лауреатларининг кучли учлигидан жой олди, аммо ҳар сафар учинчи рақам остида...

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:45, 09.03.2016.
Ўқилди: 4567 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.