Кириш Регистрация
20/05 00:00 Лорьян 5-0 Клермон
20/05 00:00 Монако 4-0 Нант
20/05 00:00 Лилль 2-2 Ницца
20/05 00:00 Лион 2-1 Страсбур
20/05 00:00 Реймс 2-1 Ренн
20/05 00:00 Ланс 2-2 Монпелье
20/05 00:00 Тулуза 0-3 Брест
20/05 00:00 Гавр 1-2 Марсель
20/05 00:00 Метц 0-2 ПСЖ
20/05 19:00 Динамо 1-1 Пахтакор
20/05 19:00 Сурхон 0-1 Насаф
20/05 21:30 Салернитана 1-2 Верона
20/05 23:45 Болонья 3-3 Ювентус

Дани Алвеш учун қаерда куй янграса, у ерда яшаш маза экан

Баҳо:
+ | -

«Барселона» клуби ва Бразилия терма жамоаси ҳимоячиси Дани Алвеш ҳаммага  бирдек ёқавермайди. Уни мунтазам орқа чизиқдаги ўйинлари туфайли танқид остига олишлари ҳам бор гап. Футболчи The Guardian нашрига берган интервьюсида айнан ОАВ муносабатини изоҳлади, қолаверса, пулга нисбатан оддий қарашини таъкидлади.

хАРАКТЕРИ ВА ЁНДАШУВИ

- Эҳтимол, «Барселона» сафида совринлар ютиш чиндан ҳам, унча қийин эмасдир, - дея тан олади Дани Алвеш. — Бироқ клубда узоқ вақт қолиш ва мунтазам муваффақиятга эришиш мураккаб эканлиги аниқ. Агар медаллар орасида ўзим учун энг муҳимларини танлашимга тўғри келса, шубҳасиз, ўтган мавсум қўлга киритилганларини тилга оламан. Негаки, барчаси мавҳум эди. Яъни «Барселона»да қолишим аниқ эмасди. Ўзим ҳам қийин ҳолатга тушгандим - клубда қолайми ёки кетай, хизматимга эҳтиёжлари борми ёки мендан қутулишни исташади...? Табиийки, бундай мавҳумлик ғазабимни қўзғатарди, зеро, мудом футболни биринчи ўринга қўйганман ва ўз касбим, клубим ҳамда жамоадошларимга ҳурмат билан ёндашганман. Мабодо, аввало, ўзимни ўйлаганимда, айтарли ҳеч нарсага эришолмасдим.

 

ТАНҚИДЛАРГА МУНОСАБАТ

Дани Алвеш — ҳимояланишни билмайдиган ҳимоячи. Айрим мухлислар уни шундай «таърифлашади». Хўш, футболчининг ўзи бунга қандай қарайди?

- Ўзи «ҳимояланиш» дегани нимани англатади? Ҳеч қачон «финт» ишлатмаслик ва ҳужумга қўшилмасликними? Жин урсин, бунақада футбол зерикарли ўйинга айланиб қолади-ку. Нима, мен ҳақ эмасманми? Ҳа, тўлалигича ҳимояга ёпишиб олиш ҳам мумкин, аммо қайсидир рақиб сени мағлуб этишни уддалайди, барибир — шунда ҳаммаси тугайди-ку. Агар ҳимояланаётган бўлсанг, ҳужумга ўтишинг мумкин эмасми? Аксинча, ҳужумчининг орқага қайтиши тақиқланганми? Ўзи футбол моҳияти нима? Ғалаба қозонишми? Бунинг учун рақибга нисбатан кўпроқ гол уриш талаб этилиши барчага аён-ку. Агар жамоа яхши ҳимоялансаю, гол уролмаса, бундан қандай наф бор?

«Севилья»да ўйнаган пайтим мураббий Хоакин Капаррос менга шундай деганди: «Фулбекнинг майдон марказий чизиғини кесиб ўтишга мутлақо ҳаққи йўқ». Бироқ нега? Ахир футболда ҳужум ва ҳимоя бир-бирига бевосита боғлиқ-ку. Шахсий фикримча, бундай чекловлар футбол гўзаллигига фақат путур етказади. Дейлик, сен худди бошқалар каби ўйнасанг, унда ўзлигинг қаерда қолади? Мен эса кўплардан бири бўлиб қолишни сира истамайман. Ҳа, танқид четдан ўзингга қараш имконини беради, шу билан барчасини таҳлил қиласан. Мен ҳимояланишни билмас эканманми? Нима дердим, ҳар ким шахсий фикрини баён этишга ҳақли. Бас, шундай бўлиб чиқяптики, бу ерда ҳимояда бирор ишни эпламасдан, ҳужумда қатнашмасдан ва яхши узатмаларни амалга оширмасдан ҳам, нақ 9 йил ўйнабман-а... Ҳарқалай, мени нафақат ҳимоя, балки ҳужум ҳаракатидаги иштирокимни ҳам мудом танқид қилишади. Энди бир тасаввур қилинг, агарда бирор жиҳатни қойиллатганимда нима бўларди? Ҳа, шунчаки, авлиёга айланардим!

 

САБР ИЖОБИЙ ХИСЛАТ   

Ҳимоячи нима бўлишидан қатъий назар, ўз фаолиятидан мамнун ва бунда фахрланишга асоси ҳам бор.

- Мана, «Барселона» футболчилари рўйхатини тузишга уриниб кўринг ва улардан неча фоизи клубда узоқ муддат ўйнаганига эътибор қаратинг. Футболчилар келишади-кетишади. Эрта кетганлар савия бобида ёмон бўлишганми? Йўқ, асло. Ахир «Барса» дуч келган ўйинчини таклиф қилавермайди-ку. Гап шундаки, «Барселона»да тўп суриш учун яхши савиянинг ўзи етарли эмас. Мен шунча камчиликларимга қарамай, «Барса» либосида ўтказган ўйинлар сони бўйича иккинчи яхши кўрсаткичга эга хорижий футболчи ҳисобланаман. Мендан биргина Лео олдинда. Шунчалик кўп майдонга тушган эканман, демак, фақат камчиликлар эмас, яна қандайдир устун томонларим ҳам бор. Биламан, одамлар бу борада гапиришмайди, ҳисоб. Чунки кўпчилик мени ёқтирмайди... Энг муҳими эса, ижобий хислатларимни тан оладиган кишилар ҳам борлигидир. Бундайлар кўп эмас, лекин ўзим учун етарли. Қолаверса, салбий муносабатларга одатланиб кетганман ва барчасига тайёрман. Ҳа, ҳамма мақтов эшитишни хуш кўради, бўлмағур гапларга эса ҳар ким ҳам тоқат қилавермайди. Айримларнинг бунга муносабатларини кўриб турибмиз. Сизга айтсам, мени доимий тарзда микроскоп орқали кузатишади. Бироқ бундай ҳолатга чидаш оғирлигини негадир инобатга олишмайди. Хуллас, сабр қилишни биламан ва буни ижобий хислатларим қаторига қўшаман.

 

ЖИННИЛИКДАН ЙИРОҚ

Алвеш ҳар бир гапини ўйлаб айтади ва мақтов эшитмаслиги бир томондан, яхши эканлигини тушунади.

- Одамлар «Алвеш оғзига келган гапни айтадиган, сафсата сотадиган қандайдир жинни», - дейишади. Бироқ бундай эмас: табиатан бирор гап айтишдан олдин обдон ўйлайман. Шунга яраша, ўз сўзларимга жавоб беришга тайёр тураман. Моҳиятан доимо янада яхшироқ ўйнашга уринаман, аммо негадир ҳеч ким менга ишонмайди. Оддий бир ҳақиқат шуки, танқидларга асло бефарқ эмасман ва тан оламан, уларсиз ҳеч нарсага эришолмасдим. Дейлик, мени фақат мақташганида, балки талтайиб кетармидим? Лекин айрим айбловлардан шунчаки, кулгим қистайди, аммо уларни барибир, эътиборга оламан. Танқид баъзан маъносиздек туюлади, аммо гоҳида унда ўйлашга мажбур этувчи томонлари ҳам бўлади.

 

ФАЛСАФАГА СОДИҚЛИК

У асло ўзгармоқчи эмас ва бировларга қараб яшашни ҳам истамайди.

- Билганим шуки, бундан кейин ҳам ҳаёт фалсафамни ўзгартирмайман, акс ҳолда, шахс сифатида ўзлигимни йўқотаман. Ахир бошқалар айтганидек яшайдиган бўлсанг, бу сенинг ҳаётинг эмас. Асосийси, турмуш тарзим ўзимга ёқади ва барчасидан ҳам  ҳеч кимга зарар етказмаслигимни қадрлайман. Тўғри, гоҳида кимдир мендан ранжишини биламан, лекин ҳеч қачон бировга атайин ёмонлик қилмайман. Ҳеч қачон! Умуман, ёвуз одам эмасман. Шунчаки, гоҳида кимдир тўғри хулоса чиқаришини  истаб қоламан ва шунда қизишиб кетишим мумкин. Дейлик, «Матбуот - бу чиқинди», деганимда, фақат унинг гоҳида футболга зарар келтиришини назарда тутганман... Кейинчалик ўз гапимга изоҳ бердим, чунки журналистлар орасида яхши инсонлар ҳам кўплигини биламан ва уларнинг меҳнатини ерга уриш ярамайди. Афсуски,  бошқаларни мени бирор ишга ярамайдиган футболчи сифатида «таърифлаш»ни тўхтатишга мажбур қилолмайман. Бу масалада қўлимдан келадигани - футболга етказилаётган зарарга эътибор қаратиш. Муҳими, мени тушунишса, бас. Хоҳлайманки, ҳаётда ҳамма қувнасин, бахтиёр яшасин.

 

МУСИҚА, БАХТ ВА ПУЛ

Алвеш мусиқа шайдоси ва куй-қўшиқни бахтнинг бир қисми сифатида таърифлайди.

- Аслида куйлашни билмайман, лекин куйлайвераман, барибир. Қаерда куй янграса, у ерда яшаш мазза. Шундай экан, куйлашдан қайтмайман - бу ўзимга ёқади. Аксинча, ғамгинликка сира хушим йўқ. Ахир ҳаммани шўх-шодон кўришга нима етсин? Мабодо кимдир хурсандчиликка халақит беришга уринса, шунчаки, қуюшқондан чиқиб кетаман. Баъзилар ўйлашлари мумкин: «Яхшигина маош олганингдан кейин қувноқ бўласан-да». Йўқ-йўқ, кичик шаҳарчада отам билан камтарона яшаганимизда ҳам шундай эдим. Ҳаттоки, ҳозиргидан-да бахтиёрроқ бўлганман. Ҳали ҳам ўша жойга бориб тураман. Нега? Чунки у ерда яшаганимда, дунё аслида шунчалик ёлғончи эканлигини билмасдим. Қаранг, ҳамма ниманидир хоҳлайди ва ҳеч тўймайди... Қачонки, хоҳишлари амалга ошгач, нима қилишни билмайдилар. Пул - бу зарур нарса, лекин у ёвуз. Мана, пул менга олдинлари орзу қилишим ҳам кулгули бўлган нарсаларга эришиш имконини берди. Бироқ бахтни сотиб ололмайсиз-ку. Ҳақиқат шуки, пул ва шуҳрат бахтни таъминлолмайди. Ҳаттоки, бахтни тўлиқ ҳис этишингизга акс таъсири бор.

 

МАШҲУРЛИК ва бойлик

Кўринишидан, «Барса» ҳимоячиси на пул ва на машҳурликни тан олади.

- Кўпинча бир гапни эшитамиз: «Машҳур бўлиш бошқа, яхши инсон бўлиш бошқа». Яхши инсон? Нима, барчамиз шундай бўлолмаймизми? Мана, мен футбол ўйнайман, сиз — журналист, анави йигит — суратчи. Лекин барчамиз аввало, инсонмиз-ку. Атрофда эса турли-туман мақомлар: бой, яхши, ёмон, машҳур, камбағал... Шахсан мен учун пулдор бўлиш бойликни англатмайди. Ким бой? Кимки, ақли жойида бўлса!

 

АНГЛИЯ ФУТБОЛИГА МЕҲР

Тан олишича, Алвешга «Арсенал»га қарши кечган ЧЛ ўйинлари манзур тушган. Умуман, у Англияда ўйнашни ёқтиради.

-  У ерда ҳаммаси бошқача. Ҳар бир бурчак тўпи худди гол каби. Яширмайман, Англияда тўп суришга қарши эмасман. Лекин асосан телевизор орқали кузатаётган муҳитга қачон тушишим ва барчасини ўзимда синаб кўришимни билмайман. Фақат шуни айта оламанки, инглизларнинг футбол билан яшаётганлари — ажойиб. Улар севимли жамоаларини ғалабали ва мақлубиятли онларда бирдек қўллаб-қувватлашади. Мухлис шундай бўлиши керак. Жамоа ютқазса, «Ҳечқиси йўқ, кейинги сафар ютамиз», дейиш тўғрими ёки «Бу қийшиқ оёқлар ўйнашни билишмайди», дея бақириш? Диванда ястаниб ётиб, футболчиларни сўкиш осон. Бундайларга гап шу: «Марҳамат, ўзинг майдонга тушиб, барчасини яхшироқ бажаришга уриниб кўрчи!»

 

ҚЎНҒИРОҚ КУТИШГА АСОС ЙЎҚ

Англия футболи Алвешга ёқади — бу тушунарли. Қизиқ, Хосеп Гвардиола уни ўзининг янги жамоаси («Манчестер Сити»)га таклиф қилса, қандай жавоб беради?

- Ха-ха-ха! Пеп менга қўнғироқ қилади, деб ўйламайман.

 

МУРАББИЙЛИК ТЎҒРИ КЕЛМАЙДИ

Дани бутсаларини михга илганидан сўнг мураббийлик билан шуғулланишни истайдими? 

- Асло. Бошқа бирор юмушга қўл уришни истардим. Мен учун асосийси — фарзандларимга нимадир қолдириш, аммо айнан нималигини ҳали билмайман. Муҳими, уларга ниманидир хоҳласанг, унинг учун курашиш лозимлигини кўрсата оламан. Бунинг учун ҳаттоки, картада кўринмайдиган кичик шаҳарчадаги камбағаллик ўтмишини ортда қолдириб, якунда барча замонлар ва халқларнинг энг яхши клубида тўп сурган болакай тарихини сўзлаб беришим кифоя қилса керак...

Манба: Football.ua,

А. АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 15:51, 02.04.2016.
Ўқилди: 2941 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.