Кириш Регистрация
28/04 00:00 Астон Вилла 2-2 Челси
28/04 00:00 ПСЖ 3-3 Гавр
28/04 00:00 Атлетико 3-1 Атлетик Бильбао
28/04 13:00 Тожикистон 5-5 Ўзбекистон
28/04 15:30 Интер 2-0 Торино
28/04 16:00 Метц 1-2 Лилль
28/04 16:00 Таиланд 1-4 Эрон
28/04 17:00 Кадис 1-1 Мальорка
28/04 18:00 Тоттенхэм 2-3 Арсенал
28/04 18:00 Борнмут 3-0 Брайтон
28/04 18:00 Лорьян 1-2 Тулуза
28/04 18:00 Клермон 4-1 Реймс
28/04 18:00 Страсбур 1-3 Ницца
28/04 18:00 Болонья 1-1 Удинезе
28/04 19:00 Индонезия 0-0 Ўзбекистон
28/04 19:15 Гранада 3-0 Осасуна
28/04 20:05 Ренн 4-5 Брест
28/04 20:30 Ноттингем Форест 0-2 Манчестер Сити
28/04 21:00 Наполи 2-2 Рома
28/04 21:00 Аталанта 2-0 Эмполи
28/04 21:30 Вильярреал 3-0 Райо Вальекано
28/04 22:00 Лион 3-2 Монако
28/04 22:30 Япония - Ироқ
28/04 23:45 Фиорентина 5-1 Сассуоло
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа - Кальяри
30/04 00:00 Барселона - Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

«Жасур» чиптафурушлар

Баҳо:
+ | -

Тўй қилиб чақирсам ҳам унча-мунчага келавермайдиган синфдош дўстлар ўтган ҳафта Тошкентга йўлга чиқадиган бўлиб қолишди. «Филиппин билан бўладиган ўйинга чипта олиб қўй, жўра, - деди қўнғироқ қилган ошналаримдан бири. - Ёмғир ёғавериб, далада иш тўхтаб қолган. Шу баҳона бир бориб ўйин кўриб келайлик. Лекин-чи, олганда ҳам ўртароқдан, яхши жойдан ол чиптани. Яна Жиззахдай жойдан йўл босиб бориб, дарвозанинг орқасида кўрмайлик ўйинни». Ойда-йилда бир бўладиган илтимосга йўқ деб бўлармиди, мен ҳам ваъда бериб юбордим. Аммо ваъда беришга бердим-у...

Қурғур бу чипта дегани отлиққа йўғу, мен қаердан топаман. Яна марказий сектордан. Начора, таваккал қилиб вазиятни суриштиришга тушдим. Ҳар ҳолда, ҳали ўйин бўлишига тўрт кун бор, топилиб қолар. Аммо ўйлаганимдек «Бунёдкор» кассаларида марказий секторларга чипта йўқ экан. «Фақат ён томондаги ва дарвозанинг орқасидаги секторларга чипта бор. Марказий секторларга сотмаяпмиз», деган жавобни олдим. Мендан кейин навбатда турган мухлислардан бири норози оҳангда тўнғиллади - «Қачон сотгансизлар ўзи...?»

Хуллас, ўша куни чипта олмасликка қарор қилдим. Бизга тушунтиришларича, марказий секторларга чипталар вилоят федерациялари ва бошқа расмий ташкилотларга тарқатилган экан. Бу эса кассада ҳам сотилиб қолишига умид уйғонишига сабаб бўлди. Балки ўйинга яқин қолганда «вилоят федерациялари ва бошқа расмий ташкилотлар»дан орт­ган чипталар кассага ҳам чиқиб қолар, деган ўйда ортга қайтдим. Ўша атрофда ишлайдиган танишлар билан қўнғироқлашиб турадиган бўлдим, мабодо, чипта бўлса, бехабар қолмайлик...

Бироқ бехабар қолмадик. Чунки хабарнинг ўзи бўлмади. Ниҳоят, ўйинолди матбуот анжумани ўтказиладиган кун ҳам келди. Эртага ўйин деган куни Филиппин ва Ўзбекистон терма жамоалари бош мураббийлари билан бўладиган тадбирда иштирок этдик. Йўл-йўлакай касса томонга мўралаб ҳам қўйдик - аҳвол ўша-ўша, марказий секторларга чипта йўқ.

Матбуот анжумани ўтгач, «Бунёдкор» стадиони ходимлари билан олиб борилган «музокара» ҳам иш бермади. Аксинча, улар менга кечикмасдан бориб, дарҳол дарвоза ортига бўлса ҳам чипта сотиб олишни маслаҳат беришди. «Бир-икки соатда у ҳам тугайди, чиптасиз қолиб кетасиз», дейишди жиддий қиёфада. Бу сафар уларнинг маслаҳатига қулоқ солдим. Ахир Жиззахдай жойдан келадиган жўраларим шунчаки, парк­да сайр қилиб кета олмайди-ку, стадионга кирмаса бўлмас...

Уч кунлик сарсон-саргардонликка сабаб бўлган асл воқеликни ниҳоят, кассага яқинлашгач аниқ кўрдим. Чиптахона томон жадал қадамлар билан кетарканман, жуда ҳам хушмуомала йигит олдимдан чиқди: «Ака, чипта керак эмасми?»  Йўқ, дедим-у, ўтиб кетдим. Бунақаларни кўп кўрганман, «олиб-сотар», дейсизми, «чиптафуруш» ёки «чайқовчи», ихтиёр ўзингизда. Уларда чиптанинг ҳар туридан бўлади, аммо мен улардан чипта тугул гугурт чўпи олишни ҳам истамайман. Чунки мухлисларга зулм қилиб, уларнинг ҳисобига пул ишлайдиганларнинг тегирмонига сув қўйиш ниятим йўқ. Ҳатто, ўз нархидан арзонига берса ҳам олмайман. Чунки унақалар фақат «моли» ўтмай қолганда кетганига беради-ю, кейинги сафар аншлаг бўладиган ўйин­дан чиқариб олади. Хуллас, «пишириб» есин чиптасини...

Кассага борганимда фақат 8-Д секторида жой қолганини айтишди. Қолганда ҳам фақат энг юқори қатордан. Начора, сотиб олдим. Қизиқ томони, мен чипта оляпман-у, ёнимда уч-тўрт нафар олиб-сотар, балки марказий секторга чипта керак, деб қолар, дегандек мўлтираб турибди. Фақат чиптани олиб, пулини санаб бериб бўлганимдан ке­йин бечораларнинг умиди узилди. Маълумот ўрнида айтиб қўяй, дарвоза ортидаги секторларга чипта кассада 15 минг сўмдан сотилди. Айтишларича, ўртадаги секторларнинг нархи 20 минг сўм экан. Аммо бу гапни шахсан ўзим тасдиқлай олмайман, чунки ўша чипталар кассада сотилганини кўрмадим.

Энг қизиқ воқеа ўйин куни содир бўлди. Гапнинг индаллоси шуки, эрта тонгда дўстлардан қўнғироқ бўлди - чипта зормандадан яна битта керак экан. Жўралардан бири сафга қўшилибди. «Майли, дарвозанинг орқасидан бўлса ҳам. Фақат ўша сектордан яна битта чипта топ, бирга ўтириб кўрайлик ўйинни...» Аммо энди бу илтимосга «ҳа», дея олмас эдим. Чунки кассаларнинг барчаси ўйиндан бир кун олдин ёпилиб бўлган. Энг охиргилардан бўлиб ўзим чипта олгач, ёпилмасинми? Хуллас, иш чала қолди.

Бу муаммони жўраларнинг ўзлари ҳал қилишди. Ўша битта чипта тезда топила қолди. Ўйин бўладиган куни олиб-сотар «шоввозлар» тезда 8-Д секторга жой топиб беришди. Нархи - 25 минг сўм. Ортиғи кўтармас эмиш, ўзлари 20 мингдан олишибди. Аммо қаердан, кимдан олишганини аниқ айтишмади, чамамда, «корпоратив сир» бўлса керак. Бу ҳали ҳеч нарса эмас, ўша мен кассада кўрмаган марказий сектор чипталари уларнинг қўлида даста-даста бор эди, фақат нархи - 50 минг сўм.

Хуллас, шундай гаплар. Уч кунлик чипта машмашаси шу билан якунига етди. Дўстларнинг Жиззах-Тошкент сафари эса 24 март билан кифояланадиган бўлди. Аслида, улар 29 мартда Баҳрайнга қарши кечадиган ўйинга ҳам келишмоқчи эди. Аммо бунча оворагарчиликдан ке­йин ҳафсала пир бўлди шекилли, ўша учрашувга чипта қидириш вазифасидан мени озод қилишди. Бу «истеъфо»дан жуда ҳам хафа бўлдим, дея олмайман. Боиси, ўз ишим қолиб, уч кун чипта дардида яшаш осон бўлмади. Бу вақт ичида энг ҳайрон қолдиргани, олиб-сотарлар ҳеч қаерга шошилмасдан, бамайлихотир ўз ишларини бажарганлари бўлди. Улар ҳеч нарсадан ҳайиқишмасдан, хотиржам чайқовчилик қилмоқдалар. Ҳуқуқ-тартибот ходими келиб қолар ёки ноқонуний фаолият юритаётганим учун солиқчилар қўлига тушиб қолмай, деган ҳадик йўқ. Қойил қоласиз, юрак ҳам отнинг калласидек экан-да... Қаердан шунча жасорат, очиғи била олмадим...

Зафар ҚОСИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:13, 03.04.2016.
Ўқилди: 4943 марта.
Фикрлар: 18 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.