Франция терма жамоаси ЖАР мезбонлигида ўтган ЖЧ-2010да катта омадсизликка йўлиқди ва табиий равишда кескин ислоҳотларга юз тутди. Аввалига Лоран Блан жамоадаги носозликларни тузатишга уринди, кейин изчил ўзгаришларни назарат қилиш ваколати Дидье Дешамга ишониб топширилди.Ўзгариш жараёни жамоанинг ҳар бир чизиғини қамраб олгани кўпчиликка маълум. Футболчиларнинг спорт формасини йўқотишлари, эътибор ва иштиёқни пасайтиришлари, жароҳат орттиришлари, халқаро фаолиятга нуқта қўйишлари каби сабаблар ўлароқ, таркибда янги ижрочилар пайдо бўлишди, ўйин услубию, умумий қарашлар ҳам бошқача кўриниш олди. Шундай кенг қамровли ислоҳотлар давомида бир киши ўз ўрнида қолаверди - дарвозабон Уго Льорис. 2010 йилнинг ноябридан буён Les Bleusга сардорлик қилаётган 29 ёшли голкипер янгиланган таркибда ҳам ўз сўзини баралла айтмоқда. Уго Бразилия-2014 мундиалида французлар билан чорак финал маррасигача борди ва энди Евро-2016га янада катта умид боғламоқда. Унинг мақсади - Франция термасидаги фаолиятини турнир мезбони сифатида қўлга киритилган ютуқ билан безаш. Хуллас, «Тоттенхэм» дарвозабони FIFA.com сайти ижодкорлари билан суҳбатлашиш чоғи футболга нисбатан шахсий қараши, ўз мажбуриятлари ва бошқа турли масалалар юзасидан фикр юритди.
- Бошида одатий савол: қизиқ, айнан дарвозабонликни танлашингизда сизга нима туртки берган?
- Буни тушунтириб беролмайман. Болалигимда телевизор орқали илк марта футбол томоша қилганимдаёқ негадир дарвозабон бўлишни хоҳлаганман ва ушбу истак бевосита машғулотларга қатнай бошлаганимда ҳам мени тарк этмади. Аслида аввалига катта теннис билан шуғулланганман, лекин бўш вақт юзага келгани ҳамоно болалар билан майдончага ошиқардик. Кейин 2та стул ёрдамида сунъий дарвоза ўрнатардик ва мен дарҳол қўриқчиликни ўз зиммамга олардим. Чунки тўпни илиб олиш жону дилим эди. Тўғри, гоҳида майдон ўйинчиси сифатида ҳам ўйнардим. Батамом футбол мактабига ўтганимдан кейин эса дарвозабонликка қизиқишим янада ортди. Бунга Питер Шмейхель ва Фабьен Бартез ижросидаги ажойиб ўйинлар сабабдир. Хуллас, қўлимга қўлқоп олишга қатъий қарор қилдим. Чунки бу юмуш ўзимни бошқача ҳис этишимга имкон берарди. Йўқ, майдонда ҳаммадан ажралиб туришни эмас, аксинча, жамоамга қайсидир маънода энг фойдали футболчи бўлишни ўйлаганман.
- Сизнингча, бошқа амплуани танлаганингизда ҳам, шундай машҳурликка эришишингиз мумкинмиди?
- Бир нарса дейишим қийин. Футбол билан шуғуллана бошлаганимда 7 ёки 8 ёшли болакай эдим ва ўшандаёқ ўзгача ролга мойиллигим яққол сезилганди. Биз кичик ўлчамли майдонда 7х7 кўринишида ўйнардик ва дарвозада туриб, барчасини назорат қилишни ёқтирардим. Кейинчалик олдинги чизиқда ҳам ҳаракатланган ва ҳаттоки, ҳужумчиликка қаттиқ меҳр берганман. Аммо «Ницца» мактабига ўтганимдан сўнг Доминик Барателли мени дарвозага қайтишга кўндирди. Ўшанда 10 ёшга тўлгандим ва шу-шу бошқа амплуаларда ўйнашни бирор марта ўйламадим ҳам.
- Хўш, профессионал дарвозабон бўлиб етишишингизни қайси вақт тушундингиз?
- Мудом мактабдаги таҳсил ва футбол машғулотлари ўртасида муайян мувозанатни ушлашга ҳаракат қилганман. Гарчи футбол қалбим қўридан жой олганини билсамда, мактабдаги ўқишни ҳеч қачон иккинчи даражага суриб қўйган эмасман. Ҳозир ҳам очиқ эътироф этаман - ҳаётда ўз ўрнимни топишимда футбол ва мактабда олган билимларимнинг улуши тенг. Мисол учун, «Ницца»да илк марта 18 ёшимда майдонга тушиш имкониятига эга бўлганман - аввалига Лига кубоги доирасида, кейин Франция кубогида ва ниҳоят, чемпионат ўйинида. Демоқчиманки, ҳаммаси мен учун анча эрта бошланган ва бунда ўзимни хотиржам тутишим қўл келган. Чунки мактабда яхши ўқигандим ва бирор қадам босишдан олдин унинг оқибатини обдон ўйлардим.
- Фабьен Бартез бир сафар шундай деганди: «Дарвозабонлар ўз хизматларига яраша эътирофга эришмайдилар». Унинг бу фикрига қўшиласизми?
- Эҳтимол, унинг даврида ҳаммаси бошқачароқ бўлгандир, лекин менимча, дарвозабоннинг иши у қадар қадрсиз эмас. Биламизки, Фабьен голкиперлик йўналишини анча ўзгартириб юборган - у оёқда ўйнашни хуш кўрарди ва бундай ҳаракати билан мухлисларга ўзгача завқ улашгани ҳам рост. Ўзи замонавий футбол дарвозабонлар учун тобора мураккаблашиб боряпти. Дейлик, ҳозирда ҳаттоки, ҳужум бошлаш ҳам уларнинг зиммаларида. Демоқчиманки, тўп ўйинга вақтида ва тўғри киритилса, ҳужум кескин тус олади. Энди масъулият мисли кўрилмаган даражада ошганини айтишим шарт эмасдир. «Тоттенхэм» мисолида гапирсам, клубимиз олий мақсад сари олға боряпти ва ютқазишга асло ҳаққимиз йўқ. Бу нимани англатади? Шуники, мен доимо максимал даражада ҳушёр туришим, муайян вазиятда тезкор қарор қабул қилишдан чўчимаслигим лозим. Лекин тезкор қарорлар ўзига яраша таваккал ҳисобланади ва бу ҳолатда хатога йўл қўйиш хавфи баландроқ. Оддий ифода этганда, дарвозабонлар бугунги кунда қалблари билан ўйнашлари лозим. Мураббийлар бундан камига қаноат қилишмайди. Таркиб 11 кишидан иборат ва дарвозабоннинг роли алоҳида. Шундай экан, унинг хизматлари тан олинмаслиги мумкинми?
- Яна қайси амплуадошларингизга ҳавас қиласиз?
- Жанлуижи Буффон мен учун ҳам тирик афсона ва ибрат намунаси, унинг айниқса, барқарорлигию, узоқ йиллардан буён юқори савияни намойиш этиб келаётгани ҳайратланарли.Буффон анчадан бери ўз ўйин услубига содиқ қоляпти. Ваҳоланки, у 38 ёшигача бир неча авлод футболчиларини ва турли ўйин услубларини кўрди. Шунингдек, «МЮ»да ҳам мукаммаллик сари интилаётган Дэвид де Хеага ҳурматим баланд, Мануэль Нойер ва Тибо Куртуа ҳам эътироф этишга лойиқлар. Умуман, уларга ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Кенг ракурс олсак, футбол оламида келажак авлод учун намуна бўладиган голкиперлар жуда кўп.
- Дидье Дешам вақтида Les Bleusнинг бетакрор етакчиси эди. Унинг сардор сифатида қандай ҳаракатланганини кўз олдингизга келтирсангиз, ўзгача илҳомланарсиз...
- Дешам айни пайт миллий жамоамиз бош мураббийи, шундай экан, бугун футболчиларга бошқача муносабатда бўлиши керак. Тўғри, у табиатан етакчи. Энди саволингизга келсак, бошқалардан илҳомланиш ва ўрнак олиш яхши, аммо шунинг баробарида ўз йўлингни танлашинг зарур. Шундай тақдирдагина қулайликни ҳис қиласан. Ҳа, Дешам худди Мишель Платини ва бошқалар каби фантастик сардор эди. Қайтараман, у туғма етакчи ва ажойиб инсон. Бугун Франция терма жамоаси олдида фақат ғалаба қозониш мажрурияти борлигига ҳам айнан Дешамга ўхшаган юлдузларимиз сабабчидирлар. Оддий айтганда, биз шундай буюклар изидан муносиб қадам босишга мажбур ва қарздормиз.
- Умуман, сиз сардор бўлишга алоҳида интилганмисиз ёки?
- Йўқ, ҳарқалай, ёшлигимда бу ҳақда ўйламагандим ҳам. Аслида дарвозабон сардорлик хусусиятига эга бўлиши шарт. Ахир жарима майдони ичида ундан масъулиятни ўз зиммасига олиб, барчасини назорат қилиш талаб этилади. Нафақат майдоннинг биринчи ярми, балки иккинчи қисмидаги ҳаракатларни ҳам айнан кипернинг бошқариши маъқул, чунки у умумий картинани ҳаммадан яхшироқ кўриб туради. Агар менинг фаолиятимга назар ташласак, аввалига ёшлар термасида, кейин «Лион»да сардорлик қилганман. Мана, энди «Тоттенхэм» ва Франция миллий жамоасида ҳам шу боғич билан майдонга тушяпман. Демакки, бу масалада мураббийларга маъқул тушадиган қандайдир хислатларим бор. Табиийки, сардорлик учун ўзига хос бир нечта талаблар йўқ эмас. Ўйлайманки, бунда фахрийлик у қадар катта роль ўйнамайди. Дейлик, мен ҳозир аксар футболчиларга нисбатан фахрий ҳисоблансамда, жуда қари эмасман - энди 29 ёшни қаршиладим.
- Франция термаси таркибида янги қиёфалар кўп, хусусан, ҳужум чизиғида. Бироқ янгиларга иқтидор етишмаётгандек. Жамоанинг энг тажрибали аъзоларидан бири сифатида улардан аввало, нималарни талаб қиласиз?
- Футбол худди жамиятимиз каби ўзгариб боряпти ва айрим масаларда ҳамманинг бир хил ўйлаши жуда қийин. Мен ўйнай бошлаган вақтларда ижтимоий медиа ва унинг ортидан келувчи воқеалар йўқ эди, ҳисоби. Мисол учун, ўзаро муносабатлар оддийлик ва самимийлик касб этарди. Дейлик, ресторанда ҳамма билан юзма-юз ўтириб, қаҳва ичардик. Тан олиш жоиз, бугун медиа кунлик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди, аммо у ўзаро муносабатларимизга бу қадар катта таъсир ўтказмаслиги лозим. Айни шу ҳолатда ўта эҳтиёткор бўлишга мажбурмиз, негаки ОАВнинг ҳар бир тури қандайдир шов-шув кўтаришга мойил.Терма жамоада ўйнар эканмиз, матбуот билан мулоқот қилишдан ташқари, масъулиятни унутмаслигимиз керак. Яъни айтган гапларимиз жамиятга қандай таъсир этишини ўйлашимиз шарт. Шу жиҳатдан олсак, энг қийини Les Bleusдан чорлов олиш эмас, балки унинг таркибидан жой олишдир.
- Франция термаси 1984 ва 1998 йилларда йирик турнирларнинг мезбони сифатида катта ютуқларга эришган. Аслида мезбонларга икки ҳисса қийин бўлишини 2014 йилги мундиалда Бразилия термаси мисолида ҳам кўрдик. Айтингчи, Евро-2016нинг айнан Франция майдонларида ўтиши сизларга қўшимча устунлик берадими ёки ортиқча босим юклайди?
- Албатта, улкан босим бор, аммо жамоамиз уни ижобий томонга айлантириши керак. Йирик турнирда мамлакат термаси либосини ўз мухлисларингиз кўз ўнгида кийиш - битта бахт. Энди шу бахт моҳиятини англаб, масъулиятни 10 чандон оширишимиз лозим. Энг муҳими, Евро-2016 бутун Франция учун байрам эканлигини қалбан ҳис этиб, уни янада ёрқинроқ қилиш ва узайтириш бизга боғлиқлигини тушунсак, бас. Шунингдек, ўзимиз ҳам шу байрамдан роҳатланишимиз зарур. Демак, шахсий фикримча, мезбонлик - бу устунлик. Ҳар ҳолда, мухлислар жамоамизга қўшимча куч бағишлайдилар. Бунгача айрим йирик турнирларда қатнашдим - 2010 йили ЖАР мундиалида, 2012 йили Украинадаги қитъа биринчилигида ва 2014 йили Бразилиядаги ЖЧда. Уларнинг барчасида жамоамизни қўллаб турган мухлисларни кўрсакда, ўзимизни бегоналардек ҳис этганмиз, барибир. Бу сафар мутлақо бошқача бўлади. Франция халқи чемпионатни интиқ ҳолда кутяпти ва бизни талаб даражасида олдинга чорлаши турган гап. Шунга яраша, майдонда ўз кучимизни ижобий томондан кўрсатишимиз шарт.
А. АҲМЕДОВ тайёрлади