ЗЛАТАН ИБРАГИМОВИЧ КИМЛАР БИЛАН ВА НЕГА ЖАНЖАЛЛАШГАН? Швециялик новча ва беқиёс голеадорнинг худди шундай қиёси йўқ характерга эгалиги барчага маълум. У самарали фаолияти давомида кўпчилик билан бевосита майдонда рақобатлашишдан ташқари, унинг четида ҳам «жанг»га киришган. Фақат, бундай «олишув»лар оғзаки кўриниш олган.
Ван дер Вилга қарши
Ушбу мақолани битилишига асос берган энг янги воқеа. Шу туфайли голландиялик футболчи стадиондан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Демак, можаро тафсилотлари: «ПСЖ» меҳмонда «Труа» дарвозасини танаффусгача 3 марта ишғол қилиб, хотиржамлик билан Франция чемпионатида навбатдаги «олтин»ни расмийлаштираётганди. Бироқ битта хиралик бор эди - Златан илк 45 дақиқаликда гол урмади. Франция матбуотида ёзилишича, 15 дақиқалик тин олиш чоғи Грегори ван дер Виль юлдуз голеадор ҳақида унча яхши фикр билдирмай, уни ғоят ранжитган. Хуллас, кийиниш хонасидаёқ ўзига хос муҳокама бошланиб кетган. Натижада, жиддий даҳанаки жангдан сўнг Грегори иккинчи бўлимда майдонга тушишдан бош тортди ва ўз қарорини трибунада ўтирган қаллиғига ҳам етказиб, у билан стадион ҳудудини тарк этди. Аниқроғи, тўғри Амстердамга учиб кетди. У шу билан чемпионлик шарафига ёзилган байрам дастурхонидан ҳам четда қолди. Зеро, «ПСЖ» якунда рақибни 9:0 ҳисобида тор-мор қилди, Ибра эса 4та гол урганча голландиялик клубдоши билан юзага келган нохушликни батамом унутди. Ҳарқалай, унинг шу туфайли сиқилганига ишониш қийин. Грегорининг ўзи кейинчалик ҳам можарога қандайдир изоҳ беришни истамади. Факт шуки, у Златаннинг жаҳлини бекор чиқарганини тан олган бўлса, ажабмас...
Мессига қарши
Нафақат Лео, балки бутун «Барселона»га қаршилик. Акс ҳолда, Златан ўзининг термоядровий автобиографиясида қуйидагича ёзмасди: «Клубдаги муҳитни кўриб, ёқа ушладим. Мен юлдузларга тўла буюк жамоа эмас, қандайдир мактабга тушиб қолгандек бўлдим! Боз устига, бошланғич синфга... Ахир ҳеч кимда заррача шахсий фикри ва индивидуаллиги йўқ эди. Месси, Хави, Иньеста ва бошқалар ўзларини гўёки, ҳали ҳеч вақога эришмаган футболчилардек тутишарди. Худдики, улар мутлақо юлдуз эмасдек! Бу қандайдир телбалик?!» Ўша биографик асардан яна бир парча: «Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий биз билан ақлга сиғмас услубда ишларди, бироқ жамоадошларим доимо унинг айтганларини сўзсиз бажаришарди. Ҳеч қандай савол ҳам, норозилик ёки ҳайратланиш ҳам йўқ. У буйруқ берарди: «Қўлларингиз ёрдамида ётиб-туринглар!» ва ҳамма шундай қиларди... Италияда мураббий бу машқни буюрса, унга дарҳол жавоб берардим: «Ҳой, ўзи нега бунча кўп ётиб-туришимиз керак?» Албатта, мени қўллайдиганлар ҳам топиларди. Умуман, Месси ва унинг дўстлари мен кутгандек эмас эканлар. Баҳслашмайман, улар қойилмақом футболчилар, бироқ инсон сифатида шунчаки, латта... Худдики, ақли йўқ бошланғич синф ўқувчиларидек».
Ҳа, бундай гапларни айтишга фақат Ибрагимович журъат этиши мумкин. Тўғрироғи, бунда Златандан қандайдир жасорат талаб қилинмаган - у шунчаки, ўйлаганини тилига чиқарган. Худди доимгидек. Эътиборлиси, Месси ва «барсачилар» Златаннинг гапларидан ранжишмади. Дейлик, Лионель доимо битта гапни такрорлайди: «Ибра - ажойиб футболчи ва шундай инсон». Шведнинг ўзи эса кейинчалик хижолат тортдими, ҳарқалай, фикрини сал «силлиқ»лашга уринди: «Мен ҳеч қандай ёмон нарсани назарда тутмагандим».
Гвардиолага қарши
Энг машҳур сюжетлардан бири. Златан ва Хосеп - бир-бирига мутлақо зид шахслар. Уларни севиш ёки ёқтирмаслик мумкин, аммо ўрталаридаги муносабатга эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ. Аслида етакчилик хусусиятига эга кишилар кўпинча ўзаро тил топишишга қийналишади ва ҳаттоки, баъзида бир-бирларини шунчаки, тан олишмайди. Афсуски, Ибрагимович ва Гвардиола тарихи ҳам худди шундай. «Барса»га ҳаммадан кўп гол уриш учун ўтгандим. Бироқ ногаҳон Месси ўртага суқилди ва Гвардиола ёнига бориб, деди: «Мен қанотда эмас, ҳужум марказида ўйнашни истайман». Шунда ўйлаб қолдим: «Бу қандай жиннилик?!» Ахир ёмшоқ қилиб айтганда, мен учун катта пул сарфлашган ва тўхтамай гол уришимни кўзда тутишганди-да. Энди эса шу паканани қанотдан марказга суришса-я! Хуллас, қоғозда олдинги зонага қўйилган форвард бўлиб қолавердим. Бироқ Гвардиола 4-5-1 схемасини 4-3-3га айлантириб, шунчаки, қўл-оёқларимни боғлаб қўйди! Месси менинг ортимда ўйнай бошлади ва барчаси у орқали амалга ошарди! Бироқ бундай тактикада ўйиним бевосита кимларгадир боғлиқ бўлиб қолди. Оддий айтганда, Гвардиола суюкли Мессиси учун мени қурбон қилди. Йўқ, яхши тушунаман, Лионель - суперюлдуз. Бироқ Гвардиола шундай йўл тутар экан, нега мени катта сумма эвазига сотиб олди? «Барса»нинг ҳар бир ўйинида футбол иқтидоримни ўлдириш мақсадидами? Янги схема татбиқ этилганидан бир ой ўтиб, барчасидан кўнглим қолди. Дарвоқе, Гвардиолани илк марта кўрганимда, у бинойидек туюлганди. Эй Худо, шунчалик ҳам адашаманми...? Тезда Гвардиола мен ўйлаган инсон эмаслигини тушундим. Қаранг, у бир сафар шундай деди: «Биз машғулотларга «Порше», «Феррари» ёки «Ламборгини»да қатнамаймиз». Албатта, бунга жавобан бошимни қимирлатиб, гапини қабул қилгандай бўлдим, бироқ ичимда ўйладим: «Жин урсин, машиналаримни муҳокама этишга қандай ҳуқуқинг бор? Нимада қатнашни хоҳласам, шунда келаман» — бу Ибрагимовичнинг Гвардиола билан ўзаро муносабатлари ҳақида айтган энг ошкора баёнларидан бири.
«ПСЖ» ва «Бавария» клубларининг ЧЛда курашни давом эттиришаётганини ҳисобга олсак, Златан ва Пеп жорий мавсумда ҳали бир-бирларига дуч келишлари ҳам мумкин. Ўйлаймизки, воқеаларнинг бундай ривожига ҳеч ким қарши чиқмаса керак.
Балотеллига қарши
Бир қарашда, уларнинг гаплари бир жойдан чиқиши лозим эди. Ахир кўзни қамаштирувчи иқтидор билан сийланган ва мудом майдон ташқарисида болаларча қилиқларга бериладиган икки «телба» футболчи ҳақида гап боряпти. Марио билан можаро ҳолатида Златан томонидан айтилган ўткир сўз тўғри маънода янграганди. Балотеллининг бир сафар ваннахонада фейерверк портлатиб, шахсий уйида ёнғин келтириб чиқаргани барчага маълум. У яна «Интер»да Ибрагимович билан бирга ўйнаган. Хуллас, швед ҳужумчиси Мариони анча совуқлик билан эсга олганди: «Балотелли Мадриднинг «Реал» клубига ўтиши мумкинми? Шуни сўраяпсизларми? Ўйлайманки, йўқ. Унга «Барселона» кўпроқ мос тушади. Ўртача футболчи ва ўртача жамоа».
- Бир гал Марио ёнимга яқинлашиб, шивирлади: «Мен сендан зўрман!» Шунда бу гапини ҳазилга йўйдим. Йўқ, у чиндан ҳам, шундай ўйлаган экан... Айтганча, мен ҳам худди Балотелли каби фейерверклар портлатишни хуш кўраман. Тўғри, битта фарқли жиҳати бор, ҳеч қачон ўз уйимга бундай тарзда ўт қўйган эмасман — бу Ибранинг Балотеллига берган яна бир «заҳар» баҳоси.
Орьега қарши
Тўғрироғи, бунинг акси. Чунончи, ўртада келишмовчилик юзага келишининг бош сабабчиси Златан эмас, балки Серждир. У Рeriscope ижтимоий тармоғи орқали мухлислар саволларига жавоб берар экан, негадир ҳам Лоран Блан, ҳам Златан, Кавани, Жаллени бирданига ҳақоратлади. Умуман, Орье «тил теккизмаган» киши қолмади, ҳисоб. Оқибатда футболчини мавсум охирига қадар «ПСЖ» ёшлар жамоасига бадарға қилишди ва 180 минг евролик жарима билан «мукофотлашди». Қолаверса, у трансферга қўйилди. Серж шунингдек, Ибрагимович олдида бор ҳурматини йўқотди. Бу эса футбол оламидаги энг даҳшатли «гуноҳ»лардан бири саналади. Хуллас, Златан «ПСЖ» футболчилари томонидан айтилган гапларни Сержга оқизмай-томизмай таржима қилиб беришларини қаттиқ сўради. Тўғри, Ибра бу борада расмий баёнот бергани йўқ, бироқ шу нарса тайинки, агарда Орье швед ҳужумчисига яна бир марта қарши чиққанида, уни дарҳол жамоадан ҳайдаб юборишарди. Умуман, мағрур Златан ўта сурбет ва дангалчи Сержни ўша гаплари учун кечиришни асло истамади.
«Челси»га қарши
«ПСЖ» Лондон клубини Чемпионлар Лигасидан чиқариб юборди. Бу ҳол кетма-кет иккинчи марта такрорланди. Бироқ ўтган мавсум парижликлар «плей-офф»да «аристократлар»ни енгиш йўлида жуда қийналишганди. Зеро, жавоб ўйинининг биринчи бўлимидаёқ Златан Ибрагимович майдондан четлаштирилди. Ўша қизил карточка анча баҳсли кўринганди. Ҳа, швед рақиб аъзоси Оскарга нисбатан анча кескин ҳаракатланган, аммо қўполлиги «қизил»га муносиб эмасди. Бироқ голландиялик рефери Куйперс «ПСЖ» етакчисини аямади. Табиийки, Златан доимгидек юз берган воқеага шахсий муносабатини билдиришни пайсалга солмади. «Агар «Челси» футболчилари ўзларини мардлардек тутишганида, ҳакам мени майдондан чиқариб юбормасди - асло. Бироқ улар ёш болакайлардек кўринишди! Ҳакамдан қизил карточка беришини ёлвориб сўрашди, йиғлашди... Уларнинг бундай хатти-ҳаракатлари мени ғоят ранжитди», — деди Златан. Унутмаслик керакки, Ибранинг сўзлари - айни ҳақиқат.
Championat.com - Ў.УМАРОВ тайёрлади