Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Кореялик Месси»ми ёки биринчи Ли Син Ю ?

Баҳо:
+ | -

2013 йилнинг 8 майи. «Барселона»нинг 15 ёшгача бўлган болалардан иборат ўсмирлар жамоасини чемпионликдан атиги биттагина ғалаба ажратиб турибди.  «Гави»га қарши ўйин тугашига 18 дақиқа қолганида, Карлес Аленья пенальтидан унумли фойдаланади ва «кўк-анорранглилар»га узоқ кутилган совринни тақдим этади. Голдан сўнг жингалаксоч ўсмир зафарни нишонлаш учун ҳамма кутганидек, ота-онаси ёнига эмас, жамоадоши - Ли Син Ю томон югуради. Эътиборлиси, ФИФА бундан бир неча ой олдин Жанубий кореялик болакайни Каталония клуби ўйинларида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилганди. Бироқ қатъий санкцияга қарамай, корейс вундеркинди шу куни Барселонага етиб бориб, ғалабани жамоадошлари билан бирга нишонлайди. Ҳа, бу ростдан ҳам, унинг муваффақияти эди.

Келинг, ҳикояни қаҳрамонимизнинг тарихидан бошласак. 2010 йилгача кореялик моҳир ёш ҳужумчи ҳақида айтарли ҳеч ким билмасди. Худди шу йили ЖАРда Danone Nations Cup, деб номланган халқаро турнир ташкил этилади ва унда Жанубий Корея ўсмирлар терма жамоаси (U-12) ҳам иштирок этади. Тўғри, турнирда корейслар жуда шов-шувли натижага эришмайдилар, лекин мусобақани кузатган деярли барча скаутлар Ли Син Юга алоҳида қизиқиб қолишади. Зеро, ўсмир йигит 4тагина ўйинда 12та гол (!) уриб, энг яхши тўпурар совринини ўзиники қилганди. Ажойиб техника, ҳавасга арзийдиган дриблинг, позицияни тўғри танлаш қобилияти ва гол «ҳиди»ни сезиш - скаутлар Ли ҳақида ён дафтарчаларига айнан шуларни ёзиб қўйишади.

Умуман олганда, 2010 йил ёш футболчи учун жуда омадли келганди. У терма жамоаси билан ЖАРга боришдан аввалроқ ўсмирлар ўртасидаги Жанубий Корея чемпионатида тўпурарга айланиб, Бум Кун Ча совринини қўлга киритганди. Таъкидлаш лозим, вақтида Германиянинг «Байер» клубида тўп сурган ушбу афсонавий футболчи Осиёнинг ХХ асрдаги энг яхши ўйинчиси, деб топилган. Энг муҳими, 12 ёшли иқтидор мукофотни афсонанинг шахсан ўзидан қабул қилиб олади. Илгарироқ бу соврин билан машҳур Парк Жи Сун ва моҳир ярим ҳимоячи Бэк ҳам тақдирланишганини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Айтганча, Бэк мукофотга Лидан бир йил аввал муносиб кўрилган ва айни пайт ҳар икки лауреат «Барселона»нинг ўсмирлар жамоаларида тўп сурмоқда. Аммо бизнинг қаҳрамонимизнинг «Ла Масия»гача киришдан аввал тақдирнинг бир қанча синовларига дош беришига тўғри келди.

ЖАРда унинг иқтидорини биринчилардан бўлиб, «Барселона» мутахассиси Альберто Пуч пайқайди. Турнир якунланганидан кейин эса, Пучнинг шахсан ўзи Сувонга бориб, ёш футболчининг ота-онаси билан учрашади. Ли Син Юга маҳоратини ошириш учун албатта, кучлироқ клубга эҳтиёж сезарди ва шу тариқа болакайнинг яқинлари «Барселона» таклифига иккиланмай розилик беришади. Корейс йигитини қабул қилган «Ла Масия»дан қандай ижрочилар етишиб чиқишганини яхши биласиз: Гвардиола, Пуйоль, Иньеста, Пике, Месси, Бускетс ва бошқалар.

Кейинчалик Лининг кўк-анорранг тусли либосдаги ҳар бир ўйини барчани ҳайратга солаверди. Юксак техниканинг чаққонлик ва эпчиллик билан уйғунлиги! Йигитча шундай қилиб, ҳар бир ўйинда рақиб ҳимоясини буткул парчалаб ташлайверди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, «Барселона» U-13 таркибидаги 29та ўйинда 39та гол уриш кимнинг қўлидан келади?! Ҳаттоки, Месси ҳам бундай юксак натижага эришолмаган. «Бу футболчи бошқаларга умуман ўхшамайди», дейишди «Барселона» мураббийлари Мессига тегишли рекорд Ли томонидан янгилангач. Айнан шу кўрсаткичдан сўнг кўпчилик Корейс йигитини Месси билан қиёслай бошлади. Аммо болакайнинг ўзи бундай қиёслашни унча ёқтирмайди. Чунки «Кореялик Месси» лақаби уни бир лаҳзада юлдузга айлантириб қўймаслигини яхши тушунади. «Ҳа, аргентиналик суперфутболчининг болаликдаги рекордини янгиладим. Лекин бу  бошланиши, холос. «Кореялик Месси», деб аташлари мен учун катта шараф, - деганди ёш футболчи интервьюларининг бирида. - Лекин мен биринчи Ли Син У бўлишни маъқул кўраман».

Ҳар икки футболчининг таржимаи ҳолида ўхшашликлар топилади. Лекин шуниси ҳам борки, Месси «Барса»даги дебютини нишонлаганда 17 ёшу 3 ойу 22 кунлик эди. Ли эса ҳозирда 18 ёшга тўлдию, «Камп Ноу»да фақат томошабин сифатида кўриниш беряпти, холос. «Осиёлик аждар»нинг ўсмай қолишига нима сабаб бўлганини ўйлаётгандирсиз? Гап шундаки, 2013 йили ФИФА томонидан «Барселона»га қўлланган санкциялар туфайли Ли ҳали-ҳамон орзусига етолмай юрибди. Ёдингизда бўлса керак, ўшанда ФИФА клуб вояга етмаган футболчиларни нотўғри йўл билан ўз академиясига жалб қилгани учун чора қўллаб, Лидан ташқари, яна 8 нафар (Бэк ҳам шулар жумласидан, албатта) легионерни «Барса» сафидан четлатганди. Бутунлай эмас, футболчилар 18 ёшга тўлгунларига қадар. Дарвоқе, ФИФА раҳбарлари ўшанда каталонияликларга 2 йил трансферларда иштирок этишни ҳам тақиқлаб қўйишганди. Хуллас, мазкур муаммо туфайли Ли ўта мураккаб аҳволга тушиб қолди. Агар унга терма жамоаси мунтазам ёрдам бериб, ўйин амалиёти билан таъминлаб турмаганида, эҳтимолки, футболчи ўсишдан бутунлай тўхтаб, ўртамиёна ўйинчилардан бирига айланиб қолиши ҳеч гап эмасди. Хайриятки, ФИФА тақиқни терма жамоага нисбатан қўлламади ва Ли худди шу йўл билан ўз спорт формасини бир маромда ушлаб турди. Жумладан, 2014 йилнинг сентябрида Син Ю ва ватандошлари U-16 тоифасидаги Осиё чемпионати финалига қадар етиб боришди. Жанубий кореяликларни сўнгги учрашувда шимоллик «қўшнилари» кутиб туришганди. Ли иштирок этолмаган бу баҳсда КХДР термасининг қўли баланд келди. Лекин қаҳрамонимиз мусобақанинг энг яхши футболчиси ва энг яхши тўпурарига аталган совринларни қўлга киритди.

Орадан бир йил ўтгач, 17 ёшли футболчилардан иборат Жанубий Корея терма жамоаси Чилида ўтган навбатдаги кичик мундиалга йўл олди. Мазкур турнирда Ли бирорта гол уролмади, терма жамоаси ҳам айтарли натижага эришмади. Лекин шуниси эътиборлики, корейслар Бразилия, Англия ва Гвинея ўсмирлари билан бир гуруҳдан жой олиб, илк босқични 1-ўринда якунлашди. Айниқса, гуруҳдошлари - бразилияликларнинг мағлубиятга учратишлари Ли ва унинг ватандошлари учун унутилмас воқеага айланди.

Бу орада 1098 кун шамолдек ўтиб кетди ва ФИФА санкцияси ўз кучини йўқотиб, Ли «Барселона»га қайтди. Эътиборлиси, «Барса»нинг U-19 жамоасига мураббийлик қилаётган Габри Гарсия корейс «жавоҳири»ни дарҳол шогирдлари сафига олди. Зеро, у Лининг нималарга қодирлигини яхши биларди. Таассуфки, қаҳрамонимизнинг қайтишдан кейинги илк ўйини ўзи ўйлаган даражада чиқмади ва «Барса» вакиллари «Корнелья» билан нурсиз дурангга имзо чекишди - 0:0. Аслида мураббийлар осиёлик футболчиларга катта умид боғлагандилар, лекин жамоадан айро ўтган 3 йиллик муддат уларга таъсир қилмай қолмасди, барибир. «Кореялик бу икки футболчи биз учун жуда муҳим, лекин уларда «Барса»га мослашув жараёни жуда тез ўтиб кетиши ҳақидаги тахминимиз хато бўлиб чиқди, - деди Габри ўйиндан кейин. - Уларга маром етишмаяпти, аммо биз бунинг устида ишлаяпмиз. Футболчилар шу муаммодан қутулсалар, яна бизнинг асосий қуролимизга айланишади».

Шубҳасиз, «Барселона» Ли мисолида «Камп Ноу»нинг бўлажак юлдузини кўрмоқда ва уни таркибда сақлаб қолиш ҳаракатида. Футболчининг ўзи эса ҳозиргача «Реал» ва Европанинг бошқа бир қатор катта клубларига рад жавоби беришга улгурди. «Ҳа, жуда кўп жамоалардан таклиф олдик, лекин ўғлимга уларнинг ҳеч бирида ўйин амалиёти ҳам, ривожланиш ҳам кафолатланмаган, - дейди футболчининг отаси. - Шундай экан, ўғлим «Барселона»да қолиб, келажагини шу клубга бағишлагани тўғрироқ  ва маъқул».

Табиийки, Ли ҳам худди шундай ўйлайди. Айни сабаб боис, у клуб билан тузган шартномани 2018 йил июлига қадар узайтирди. Футболчининг келишувида белгиланган ҳозирги бадал пули 3 миллион еврога тенг. Агарда у «Барселона В» жамоасида ўйин ўтказса, сумма ўз-ўзидан 12 миллион еврога кўтарилади. Лекин бунинг учун Ли энг аввало, U-19да ўз ўрнини топиши, жамоа ҳужумчиси, яқин дўсти Карлес Аленья билан тезроқ тил топишиб олиши зарур. Ҳозир ана шу жараён ўтиб бормоқда. Масалан, «Барса» ёшлари яқиндагина «Лерида» билан куч синашишди ва ўйинда Аленья «хет-трик» қайд этди. Эътиборлиси, Карлеснинг 2та голига айнан Ли ўз ҳаммуаллифлик қилди. Қолаверса, кореялик футболчи ўсмирлар ўртасидаги ЕЧЛ 1|4 финали доирасида «Мидтъюлланд»га қарши кечган ўйиннинг сўнгги сонияларида ҳисобни 3:1 кўринишига келтириб, жамоасини кейинги босқичга олиб чиқди. Ли ўз келажаги борасида қуйидагиларни айтади: «Мақсадим - кейинги 2-3 йил мобайнида «Барселона»нинг асосий таркибидан жой олиш. Табиийки, бу тезда амалга ошадиган орзу эмас. Ниятга эришиш йўлида тинимсиз меҳнат қилишим лозим».

Клуб афсонаси Хави ҳам ана шундай фикрда: «Ли яна 1-2 йилдан сўнг биринчи жамоада ўзини кўрсатади». Аммо «Барселона» устози Луис Энрике ҳозирча аниқ муддат ҳақида индамаяпти. «Энг муҳими, у яна имкониятга эга бўлди - деди қисқа қилиб «кўк-анорранглилар» устози. - Энди шу имкониятдан фойдаланиб қолиши керак».

Бундан 3 йилгина муқаддам Лининг ҳаёти бутунлай остин-устин бўлиб кетганди. Бугунга келиб эса, унинг юзига яна ўша беғубор табассум югурган. Чунончи, нохуш ўй-хаёллар остида ўтган 3 йил ортда қолди. Эндиликда икки корейс йигитчаси ижтимоий тармоқларда ҳам секин-аста танилиб бормоқда. Айнан улар сабаб, «Барса» ёшлари ўйинларига мезбонлик қиладиган «Сьютат Эспортива» стадионида мухлислар сафи кенгайди. Албатта, томошабинларнинг кўплари Жанубий кореялик сайёҳлар. Демак, бу йигитчалар хизмати ўлароқ, «Барселона»нинг Осиёдаги машҳурлиги янада ортиб кетса, ажабмас. Зеро, Ли ва Бэк ўз юртларида чинакам юлдузча саналишади. Қолаверса, Лининг «Фейсбук»даги саҳифасида ҳозирнинг ўзида 233 мингдан ортиқ обуначи бор. Бунинг устига, «Барселона»нинг расмий сайтига Жанубий Кореяда яшовчи 30 минг киши аъзо бўлган. Энди ўйлаб кўринг, Ли ёки Бэк асосий таркибда дебют қилса, бу рақам нечоғли ортиши мумкин?!

La Gazzetta dello Sport нашрининг рейтинггига кўра, Ли айни пайт жаҳон миқёсида 20 ёшгача бўлган энг кучли футболчиларнинг топ-50талигига киради. Италиянинг мазкур газетаси Испанияда тўп сураётган иқтидорлар сафига корейс йигитидан ташқари, фақат Ален Халилович ва Антонио Санабриони киритган, холос. Daily Mail эса бундан бир йил аввал Лини Жанлуижи Доннарумма ва Анхель Корреа қатори дунёнинг энг кучли 10 нафар ёш футболчиси рўйхатида эътироф этди. Кўрайликчи, «Осиё аждари» нашрлар тахмин қилган савияга чиқа олармикан?

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:52, 27.04.2016.
Ўқилди: 9188 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.