Италиялик Николи Риццоли машҳур ҳакамлардан ҳисобланади ва бой тажрибага эга. У Чемпионлар Лигаси ва жаҳон чемпионати финалини бошқарган камсонли реферилардан биридир. Аммо сўнгги пайтларда Турин дербисидаги ҳолат учун унга тинчлик беришмаяпти. «Ювентус» ва «Торино» учрашуви пайтида «Кекса синьора» ҳимоячиси Леонардо Бонуччи Риццолининг қарорига жиддий эътироз билдирганди. Футболчининг ҳаракатларини телекамералар суратга олишган. Айни пайтда бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинмоқда. Риццолининг ўзи эса ушбу можарога жиддий эътибор қаратиш шарт эмаслигини таъкидлади. Яқинда у «Ла Газетта делло Спорт» нашрига берган интервьюсида бу борада гапириб ўтди.
- Мени бу борадаги миш-мишларнинг кўплиги жиғибийрон қилади,-дейди Риццоли. — Йўқ жойдан муаммо чиқаришди. Ижтимоий тармоқларда фақат битта расм бор. Изоҳлар эса турлича. Одамларнинг коммуникация янгиликларидан фойдаланишлари яхши. Лекин профессионал таҳлилчилар текширилган ахборотларга эътибор беришса яхши бўларди.
Тўғри, қайсидир бурчакдан Бонуччи мени боши билан ургандек туюлган бўлиши мумкин. Лекин бошқа суратларда орамизда масофа борлиги кўриниб турган. Шунингдек, видеоёзувда ҳам Бонуччи билан ўртамизда ҳеч нима бўлмагани акс этган.
Ушбу воқеадан сўнг ҳакам яна бир марта тушунарсиз вазиятга тушиб қолди. Унда «Лацио» вакили Кейта Бальде Диао Риццолига «ҳужум» қилган. Тажрибали реферининг айтишича, футболчилар ҳакамлар билан гаплашаётганда масофани сақлаб туришлари лозим экан.
- Футболчи ва ҳакам ўртасидаги масофани белгилаб берадиган бирор бир регламент йўқ. Лекин бу билан реферига нисбатан тажовуз қилиш ярамайди. Шу боис ҳам ёш ҳакамларга уларнинг ўзлари дистанция сақлашлари лозимлигини ўргатамиз. Шунга қарамай, футболчи ўз характерига мувофиқ тарзда вазиятга баҳо беради.
Айтганча, келгуси мавсумдан бошлаб «А» серияда ўйин пайтида видеотаҳлил ўтказилади. Бу эса учрашувлардаги можароли вазиятларга барҳам бериши мумкин. Лекин Риццолининг айтишича, бундай технологиялар 100 фоиз ишончли бўлиши лозим.
- Ҳеч биримиз технологияларга қарши эмасмиз. Улар кўп ҳолларда бизга ёрдам бериши мумкин. Бироқ улар голни аниқлайдиган технологиялар сингари ишончли бўлиши лозим. Чунки ўйиндан ташқари ҳолатларда кўпроқ муаммолар юзага келади.
44 ёшли ҳакам яқинда Европа Чемпионлар Лигасининг чорак финалидан ўрин олган «Атлетико»-«Барселона» учрашувини бошқарди. Ўшанда рефери мадридликлар дарвозасига 100 фоизлик пенальтини белгиламади.
- Ўша вазиятда замонавий технологиялар ҳақиқатан ҳам ёрдам бериши мумкин эди. Ҳозир ўша вазият ҳақида гапирадиган бўлсам, футболчининг қўли жарима майдони ичидами ёки ташқарисидами - аниқ англай олмагандим. Чиндан ҳам мен хато қилдим. Бироқ ўйиндан сўнг кийиниш хонасида нима бўлганини биласизми? «Барселона» футболчилари ва раҳбарлари хонамизга кириб, ишимиз учун миннатдорчилик билдиришди, арз қилишмади. Буни спорт маданияти, дейишади. Итальянлар ҳозирча бунинг нималигини тушунишмайди.
Шунингдек, Риццоли тез орада футболни ташлаши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни инкор этди. Ҳаттоки, ўзининг ҳисоблашича, ёши ўтгани сайин ишлаши яхшиланиб бормоқда.
- Нафақага қачон чиқишимни билмайман. Иштиёқим фаолиятимни бошлаган вақтимдагидан кам эмас. Аксинча, юқори. Бундан ташқари, жисмоний ҳолатим ҳам яхшиланди.
Лекин шошилишни ёқтирмайман. Барчасини аста-секин бажариш керак. Айни пайт бор эътиборим Италия чемпионатига қаратилган. Кейин Евро-2016 бошланади. 45 ёшга тўлганимдан сўнг ўрнимни ёшларга бўшатиб беришим кераклигини яхши биламан. Лекин энг яхши ҳакамларга имконият беришади.