Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой 1-3 Япония
19/11 17:00 Индонезия 2-0 Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР 0-1 Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин 1-1 Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон 2-3 Эрон
19/11 21:00 Уммон 0-1 Ироқ
19/11 21:00 БАА 5-0 Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн 2-2 Австралия
19/11 23:15 Кувайт 1-1 Иордания
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай

Штефан Лихтштайнер: «Ёшларнинг ўсаётганини кузатиш ёқимли»

Баҳо:
+ | -

«Ювентус» қаторасига 5-марта Италия чемпионлигини қўлга киритиб, 1930-1935 йиллар мавсумида қайд этилган натижани такрорлади. Бу кўрсаткич Штефан Лихтштайнерга ҳам тааллуқли. «Кекса синьора»нинг 32 ёшли швейцариялик легионери шу муддатни айнан туринликлар либосида ўтказганди. Яқинда маҳоратли ҳимоячи FIFA.com сайтига интервью бериш чоғида фаолияти ҳақида гапириб, ёшларга асқотадиган тавсиялари билан ўртоқлашди.

- Футбол ўйнашни бошлаганингизда, қачонлардир Швейцария термаси сардори сифатида майдонга тушиш ҳақида ўйлаганмисиз?

- Ҳозирда бу вазифани Инлер бажармоқда, у ўйнамаган пайтда сардорлик боғичини тақишим мумкин. Умуман, бундай бўлишини кутмагандим. Шунчаки, етакчи ва ғолибга айланиш учун ирода ва шижоатимни кўрсатишга интилардим. Ҳамиша зиммамдаги масъулиятни ҳис этиб тураман. Бунинг учун сардор сифатида ўйнашим шарт эмас. Ёшлигимда миллий жамоа либосида майдонга тушиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлаганман. Швейцария термаси аъзосиман ва бу билан фахрланаман.

- 2002 йили Цюрихнинг «Грассхоппер»   клуби сафида Blue Stars|FIFA Youth Cup тур-нирида иштирок этгансиз. Ўша мусобақадан қандайдир хотиралар қолганми?

- Мазкур турнир ёш футболчилар учун тажриба тўплаш имконини берарди. Зеро, турли давлатлардан ташриф буюрган иқтидорлар билан куч синашиш ажойиб эди. Шу тариқа, қандай даражага чиққанингизни аниқлаб олишингиз мумкин. Индивидуал ривожланиш учун бундай мусобақалар айни муддао. Ўшанда нималар содир бўлганини аниқ айтолмайман, чунки сўнгги босқичларгача етиб бормагандик.

- Кейинчалик мазкур мусобақада иштирок этган «Лацио» сафига қўшилдингиз. Нима деб ўйлайсиз, римликлар ўшандаёқ сизни кўз остиларига олиб қў-йишганмиди?

- Йўқ, бундай демаган бўлардим. Умуман, ҳар бир футболчига шуни тавсия қиламан - диққатни фақат футболга қаратиб, бу каби саволлардан узоқроқ туриш лозим. Мақсадга етиш учун ҳар куни астойдил меҳнат қилиш керак. Сифат ва самара вақти соати етиб, албатта, намоён бўлади.

- Blue Stars|FIFA Youth Cup турнирида иштирок этган аксарият футболчилар кейинчалик Италия, Англия ва Германия клубларида тўп суришди. Сиз билан бир мусобақада қатнашган Рикардо Родригес, Меҳмеди, Шакири, Жоао Моутинью ва Кака шулар жумласидан. Айтинг-чи, йирик клублар скаутлари сизни кузатиб боришаётганидан воқифмидингиз?

- Рости, хабарим йўқ эди. Умуман, бу мен учун у қадар аҳамият касб этмасди. Ўша кезлари Швейцариянинг энг яхши клубида тўп сурардим, жамоамизда ёшлар учун ажойиб шароитлар яратилганди. Бошқа клублар, ОАВ эътибори, пуллар... мен ва оилам учун муҳим эмасди. Фикру хаёлим фақат футбол билан банд эди. Майдондан ташқаридаги нарсалар ҳақида ўйладингизми, тамом, иштирокингизда салбий ўзгариш кузатилиши тайин.

- Бугунги кун ёшлари ҳақидаги фикрингиз...

- «Ювентус» машғулотларида ёшлар термаси вакилларининг ўйинларига гувоҳ бўламан. Болалар ва ўсмирлар футболини ҳамиша диққат билан кузатаман. Ўйинчиларнинг аста-секин ўсиб келаётганини кузатиш жуда қизиқ. Кўп янгиликлар айнан ёшлик чоғларида рўй беради. Асосийси, тажрибамни укаларим билан баҳам кўришга ҳамиша тайёрман.

- Сизнингча, Blue Stars|FIFA Youth Cup турнирининг муҳимлик даражаси қанчалик юқори?

- Мусобақа нуфузи ҳақида нимадир дея олмайман. Ундаги иштирок ҳар бир ёш ўйинчи учун катта тажриба майдонига айланади. Бу, албатта, энг муҳим жиҳатдир. Шу нуқтаи назардан турнир ёшлар учун ўта аҳамиятли. Ўйлашимча, бошқа масалалар - иккинчи даражали. Мусобақа ташкилотчилари буни инобатга олишади, деган умиддаман.

- Профессионаллик сари интилаётган ёшларга қандай маслаҳатлар берасиз?

- Ҳаммаси оддий: бутун диққат-эътиборни футболга қаратиб, ҳар бир кунни ниманидир ўрганишга сарфлаш лозим. Футбол билан яшаб, ўзингизни спортнинг ушбу турига бахш этишингиз керак. Ҳеч қачон таслим бўлмаслик, мағлубиятлардан тушкунликка тушмаслик, турли босимларга эътибор бермай, футболга бўлган меҳрни йўқотмасликка интилиш даркор.

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:48, 12.05.2016.
Ўқилди: 2515 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.