Кириш Регистрация
20/06 00:00 Шотландия 1-1 Швейцария
20/06 18:00 Словения 1-1 Сербия
20/06 20:00 Насаф 1-0 Нефтчи
20/06 20:00 Навбаҳор 0-0 Қизилқум
20/06 21:00 Дания 1-1 Англия
21/06 00:00 Испания 1-0 Италия
21/06 05:00 Аргентина 2-0 Канада
21/06 18:00 Словакия - Украина
21/06 20:00 ОКМК - Пахтакор
21/06 20:00 Бунёдкор - Олимпик
21/06 21:00 Польша - Австрия
22/06 00:00 Нидерландия - Франция
22/06 05:00 Перу - Чили
22/06 18:00 Грузия - Чехия
22/06 20:00 Локомотив - Сўғдиёна
22/06 20:00 Динамо - Андижон
22/06 21:00 Туркия - Португалия
23/06 00:00 Бельгия - Руминия

Рене Жерар «Лестер»га ишонганди

Баҳо:
+ | -

Ҳа, мавсум-2011|2012да камтарингина «Монпелье»ни Франция чемпионати ғолиблигига етаклаган мураббий Рене Жирар ҳақ бўлиб чиқди - у АПЛ баҳслари айни қизиган вақт «Лестер»­нинг Англияда тахтга кўтарилишига шубҳа қилмаслигини баён этганди. Шунинг баробарида иштиёқи баланд камтарин клублар мураббийларига бир неча маслаҳатлар ҳам берганди, албатта, ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда. Агар таққослайдиган бўлсак, ўша мавсум «Монпелье»нинг бюджети атиги 33 млн. еврони ташкил этганди. Эътибор беринг, «ПСЖ» клуби худди ўша вақт биргина Хавьер Пасторе трансфери учун нақ 42 млн. евро сарфлаганди. Ўртадаги бундай катта фарқга парво қилмаган «Монпелье» нафақат Карло Анчелотти бошқарувида ўйнаган юлдузли «ПСЖ», балки яна «Марсель», «Лион» ва «Лилль» каби номдор рақобатчиларидан ҳам ўзиб кетишни уддалаб, чинакам шов-шув кўтарганди.

Демак, қуйида ўша «Монпелье» ижодкори - Рене Жирарнинг хориж матбуотига берган интервьюси, тўғрироғи, жамоасининг ақл бовар қилмас ютуғини эслаганча ўз ҳамкасбларига йўналтирган маслаҳатларига эътибор қаратамиз.

Менежерлар билан тафаккур ўйинига киришинг: «Мен доимий тарзда «ПСЖ» ва Карло Анчелоттига ўзига хос босим уюштиришга уринганман. Хусусан, ҳар бир матбуот анжуманига алоҳида ва пухта тайёрланардим. Шундай гапириш керакки, ўз шогирдларингиз эмас, балки рақибларга босим тушсин. Мисол учун, турнир жадвалида «ПСЖ»дан бир неча очко илгарилаб кетганимизда ҳам бир гапни такрорлашдан чарчамаганман: «Парижликлар фаворит, барибир, улар фаворит». Очиғи, буни фақат тилда айтардим, аслида уларни фаворит санамасдим. Чунончи, чемпионатда ғалаба қозонишга «ПСЖ» эмас, аксинса, ўз жамоам муносиб эканлигини ич-ичимдан теран ҳис қилардим. Бироқ менинг иш услубим ёлғон гапиришимни тақозо этарди. Хуллас, шундай  ёндашув билан ОАВдан ўзига хос устунликни таъминлаш йўлида фойдаланганман ва шогирдларим ҳам бунга амал қилишган. Навбатдаги ҳар бир матбуот анжуманида мени саволга тутишарди: «Энди унвонни юта оласизларми?» Ўйлайманки, «Йўқ, бир нарса дейишимга ҳали эрта» қабилидаги бир хил жавобим рақибларга маълум даражада босим юклаган».

Беҳуда хаёлларга чалғиманг ва футболдан шунчаки, роҳатланинг: «Биз чемпионат давомида соврин ҳақида ортиқча бош қотирган эмасмиз, шунингдек, «ПСЖ», «Марсель» ёки «Лилл»ни қандай чўлоқ қилишни ўйламаганмиз. Дейлик, Парижда буюк жамоа шакллантириш ишлари бошланган ва «ПСЖ» моҳиятан биздан анча устун эди. Тўғри, кейинчалик олтин медаль ютишга ишончимиз ўз-ўзидан ортиб борди. Жамоамга худди ҳозирги «Лестер»дек ёндашишар ва бизга мудом бир хил таъриф беришарди: «Ҳа, Жерар шогирдлари яхши ўйнаяптилар, бироқ тез орада ортга кетсалар керак». Мавсумнинг иккинчи қисмига келиб, бизга жамоавий руҳнинг баландлиги ёрдам берди. Оддий айтганда, ёш футболчиларимиз чемпионлик тахтига кўтарилишлари мумкинлигини тушунишди. Муҳими, бу англашлик мажбурий эмас, балки табиий эди. Мисол учун, биз йигитларнинг ортиқча ўй-хаёлларга берилишлари олдини олдик ва шунчаки, футболдан завқланишларига йўл очиб бердик. Хусусан, бирор ўйин арафасида натижа муҳим эканлиги ҳақида гап ҳам бўлмади. Худди «Лестер»га муносабат каби биздан ҳам қачондир суръатни пасайтиришимизни кутишди, бироқ бундай ҳолат рўй бергани йўқ».

Шундай қилингки, асосий футболчиларингиз чарчоқ аломатини сезишмасин: «Лестер»да бўлгани каби бизнинг ихтиёримизда ҳам қуйи дивизионлар сўқмоқларидан ошиб ўтган ҳужумчи бор эди - Оливье Жиру. У ўша муваффақиятли мавсумда 20тадан кўп гол урганди. Аслида Жиру мавсумнинг старт қисмида барчани ҳайратлантирганди. Лекин вақт ўтиши билан бирин-кетин голлар ҳосил қилгач, омма Оливьега алоҳида эътибор қарата бошлади. Шунингдек, жамоамда Реми Кабелла ва Юнус Белханда каби дриблинг салоҳияти ривожланган савияли ижрочилар катта кўламда иш бажаришган. Мен учун энг муҳими, уларнинг чарчаб қолмасликлари эди. Шу боис, етакчиларга вақтида ҳордиқ бериш масаласига жиддий ёндашардим. Биласизми, футболчилар баъзан ўз оёқларига болта уришади. Яъни меъёрни унутиб, ўзларига жабр қилишади. Мисол учун, Кабелла ҳар бир ўйинда тўлиқ вақт ҳаракатланишга зўр бериб тиришарди. Ваҳоланки, 20 ёшли ўспирин эди. Ҳа, тўхтамаслик ва фақат олға интилиш фазилати таҳсинга лойиқ. Бироқ шунинг баробарида футболчи ўзининг жисмоний ҳолатига бепарво қарамаслиги лозим. Ахир инсон организми темирдан эмас. Футболчилар кўпинча буни тан олишмайди, айниқса, жамоалари ғалаба қозонаётган пайт. Демак, барчасини мураббий қатъий назорат остига олиши шарт. Акс ҳолда, энг муҳим паллада ишонган шогирди хизматларидан фойдаланолмай қолиши ёки у етарли наф келтиросмаслиги мумкин».

Трансферларга боғлиқ миш-мишларни индамай инкор этинг: «Бу ҳам яна бир муҳим жиҳат. Одатда агентлар мавсум бошланиши ва тугашига 2 ойча қолган вақтда турли гап-сўзларни тарқата бошлайдилар: «Фалончи мана бу клублар эътиборида турибди, писмадончи янги мавсумни бошқа жамоада бошлашга яқин...». Уларнинг мақсадлари тайин - ўз мижозларини реклама қилиш ва нархини имкон қадар ошириш. Хуллас, ўша мавсум Оливье Жиру, Юнус Белханда ва Мапу Янга-Мбива каби шогирдларимнинг трансфери ҳақидаги гаплар сира тинмаганди. Уларга асосан Англия клублари қизиқиш билдиришган. Натижада йигитларни бир жойга махсус тўплаб, охиригача «Монпелье»да қолсалар, янада кучайишлари ва таклифлар ўз-ўзидан кўпайиши мумкинлигини атрофлича тушунтиришимга тўғри келган. Ахир агар сен  чемпионлик мақомига эришсанг, меҳнат дафтарчангга катта плюс тушади. Бордию, яхшироқ таклифга учиб, мавсум ўртасида бошқа жамоага ўтсанг ёки шу ҳақда ўйлай бошласанг, унда эътиборни йўқотиб, аро йўлда қолиб кетишинг ҳеч гап эмас. Бунга «Лилл»да туппа-тузук ўйнаб турган ва «Ливерпуль» билан шартнома тузиб, ўзига ўхшамай қолган Дивок Ориги ёрқин мисол. Ҳа, айрим футболчиларни «осмонда учиш»дан сақлаб қолиш жуда мушкул. Мен уларга ҳар куни панд-насиҳат қилишдан эринмасдим: «Ҳушёр бўлинг! Бундай қилманг, ундай қилманг, эҳтиёткорликни унутманг!» Бир сўз билан айтганда, шогирдларимни худди боғча болалари каби назорат қилганман. Дейлик, муайян вақтда уларга ҳаттоки, интервью беришни тақиқлаб қўйгандим. Чунки айрим йигитлар ҳаддан ортиқ гапира бошлагандилар».

Босимни енгиб ўтишни ўрганинг: «Дарҳақиқат, босим - катта синов. Аввалига ҳамма сиз бажараётган ишлар ҳақида гапиради ва бу феноменал даражада яхши. Бироқ кўп ўтмай, барчанинг фикри ўзгариб боради. Яъни эртами-кеч муваффақиятсизликка учрашингиз, юқори суръатга дош беролмаслигингиз, сиз учун мағлубиятга учраш вақти яқинлашаётганини тахмин қилувчилар сафи кенгаяди. Биз бундай босимдан ҳам наф чиқаришга ҳаракат қилганмиз. Бинобарин, ютқазадиган нарсамиз йўқ эди. Айтайлик, чемпионликни бой бериб қўйган тақдиримизда ҳам, биров бизни ортиқча айбламасди. Ахир  Лига 1нинг бирор топ-клуби бизни тан олмасди. Шунинг учун ҳам, турнир жадвалининг энг юқорисига чиққанимиздан кимдир безовта бўлмади ва бу жамоамизнинг асосий устунлиги саналарди. Шунда ўзимизга нидо қилдик: «Нега энди охиригача бормаслигимиз керак? Пешқадамлик сурурини узоқ давом эттиришимизга нима халақит беради?» Тан оламан, охирги турга келиб, босим мисли кўрилмаган даражада ортиб кетди («Мон-пелье» энг яқин таъқибчиси - «ПСЖ»дан 3 очко олдинда эди ва жамоаларнинг тўплар нисбати кўрсаткичи деярли тенг бўлиб, ўзаро ўйинлар бўйича парижликлар устунликка эга бўлишган. Хуллас, Жерар жамоасидан чемпионатда ғолиб чиқиш учун «Осер»га ютқазмаслик талаб этиларди). Вазият ўта қалтислигини эътиборга олиб, ўзимизни тоғ бўйлаб кетаётган велосипедчидек тутгандик. Яъни бошимизни рулга қўйганча бошқа велосипедчиларга мутлақо қарамаганмиз».

Ниҳоят, соврин ҳақида гапиринг: «Айтганимдек, бошида кескин баёнотлардан ўзимизни тийганмиз. Мен учун ҳали бажарилмаган иш тўғрисида оғиз кўпиртириш одобсизлик саналган. Қолаверса, «ПСЖ»дек тажрибали эмасдикки, соврин ютиш ҳақида баралла гапирсак... Барчаси «Монпелье» учун мутлақо янгилик эди ва шу боис, ҳар бурчакда чемпионлик хусусида сўз қотишни эп кўрмаганмиз. Лекин ҳар нарсанинг ўз вақти бўлади. Хуллас, финишга чамаси 5та тур қолган пайт натижа масаласида оғиз очишни лозим билдим. Зеро, «Мон-пелье» финишга 2 ёки 3-ўринда етиб келганида ҳам, бу жамоа учун ажойиб якун ҳисобланарди. Шуларни назарда тутиб, навбатдаги матбуот анжуманида ёлғонни йиғиштирдим-да, асл мақсадга кўчдим: «Чемпионлик? Нега энди йўқ?» Кейин йигитларга мурожаат этдим: «Келинглар, буқанинг шохидан маҳкам ушлайлик ва бошланган ишни маромига етказиб тугата олишимизни барчага исботлаб қўяйлик. Хуллас, охирги турдан олдинги ўйинда «Лилл»ни 89-дақиқада урилган ягона гол эвазига мағлубиятга учратдик. Шу билан бу рақибни чемпионлик пойгасидан чиқариб юбордик. «ПСЖ» эса  0:0 ҳисоби билан чекланди ва биз якунловчи тур олдидан яхшигина ҳолат ҳосил қилдик. Умуман, охирги баҳсга ҳам ўз кучимизга ишонган ҳолда киришдик ва ғалаба қозондик («Монпелье» биринчи бўлиб гол қўйиб юборганига қарамай, ўйинни 2:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал этганди)».

Ўзлигингизни йўқотманг: «Ишингиз бароридан келаётган вақт ниманидир ўзгартиришга ҳожат йўқ, шунчаки, барчасини бир маромда давом эттиринг. Бунда ўз салоҳиятингизга ишонишингиз ғоят муҳим. «Лестер»да  худди шундай иштиёқ яққол кўринди. Раньерини «Монако»да ишлаган вақтидан буён биламан ва уни қаттиқ ҳурмат қиламан. Клаудио қайси пайт қандай йўл тутиш ҳадисини ўзлаштирган. Хусусан, у футболда ўзликни йўқотмаслик ниҳоятда муҳимлигини ҳам яхши билади».

Football.ua, Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:52, 14.05.2016.
Ўқилди: 2158 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.